Ислом дунёсида “Ҳадис илмининг султони” дея шуҳрат топган Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси даврлар оша ўз қадру қийматига эга бўлган ҳолда, китобхонлар томонидан катта қизиқиш билан мутолаа қилиниб, тадқиқотчилар томонидан илмий изланишлар олиб борилмоқда. Зеро, инсоният тараққиёти тарихида ўчмас из қолдирган мўътабар зотларнинг асарлари ҳозирги кунга қадар ўз аҳамиятини йўқотмаган. Шубҳасиз, Имом Бухорийнинг таржимаи ҳоли ва фазилатлари ҳақидаги энг муҳим ва ишончли манбалардан бири ўзининг хос шогирди ва котиби Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг “Шамоили Бухорий” номли рисоласидир.
Наҳвшунос олим Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий Имом Бухорийнинг хос шогирди, котиби, ходими ва асарларини сақловчиси бўлган. Абу Абдуллоҳ Фирабрий ҳам ундан Имом Бухорий ҳақида кўплаб фойдали маълумотларни ривоят қилган. Абу Абдуллоҳ Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий” китобининг бир неча жойида Абу Жаъфар Варроқ Бухорийни зикр қилган. У киши шаҳарларда ва сафарларда ҳар доим Имом Бухорий билан бирга бўлган ва унинг китобларини ёзган. Абу Жаъфар Варроқ Бухорий ўзи яшаган даврдаги катта уламолар ва муҳаддислар билан учрашган ва улардан ҳадис эшитган. Лекин у кишининг улардан ҳадис ривоят қилгани маълум эмас.
Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг Имом Бухорийга хизмат қилиши “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарини ёзиш вақтида бошланган. У Имом Бухорийнинг хизматига келган пайтида энди ақлини таниган бола ёки ўсмирлик ёшида бўлган. Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг Имом Бухорий билан ҳамроҳлиги йигирма йилдан ўттиз йилгача давом этган.
Имом Бухорийнинг котиби Абу Жаъфар Варроқ Бухорий Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг таржимаи ҳоли ҳақида катта рисола таълиф этган. Албатта бу иш, у кишининг ўз шайхига бўлган гўзал муҳаббати натижасидир. Бу рисола – Имом Бухорийнинг таржимаи ҳоли, фазилатлари, улуғ амаллари ва сифатларини билишда инсонлар мурожаат қиладиган муҳим манбага айланган. Абу Жаъфар Варроқ Бухорий ўз устози ҳақида келтирган хабарлар ишончлилиги ва аҳамиятлилиги учун, уламолар бу рисолани ривоят қилишга катта эътибор беришган ва нусхаларини қўлма-қўл қилишган. Бу рисола, Имом Заҳабий (ваф. 748 ҳ.)нинг “Сияру аъломи-н-нубало” асарида ҳикоя қилинганидек, “Шамоили Бухорий” деб номланган.
Имом Саховий (ваф. 902 ҳ.) ўзининг “Ал-Жавоҳир ва-д-дурар” номли асарида: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг котиби Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий учун икки дафтар ҳажмида “Шамоили Бухорий” рисоласи бор. Буни Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий, бобоси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан, у эса шу асарнинг муаллифидан ривоят қилган”, деди. Муҳаққиқ Абдусалом Ҳорун бир дафтарни 10 варақ деб ҳисоблаган.
Баъзи кишилар бу асарни “Маноқиби Бухорий” деб ҳам номлашган. Улардан бири – Имом Самъоний (ваф. 562 ҳ.)дир. У “Мўъжаму шуйухи-с-Самъоний” асарида ўз шайхи – Абу Бакр Бастомий (ваф. 537 ҳ.)нинг таржимаи ҳоли ҳақида: “Мен Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий тузган “Маноқиби Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий” рисоласини Нишопурда устозим Абу Бакр Бастомийдан, у Ибн Халаф Шерозийдан, у Абу Тоҳир ибн Миҳравайҳдан, у Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан, у бобоси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан, у эса шу асарнинг муаллифидан қилган ривояти ила ёзиб олдим”, деган.
Ибн Ҳажар (ваф. 852 ҳ.) ҳам уни “Ҳадю ас-сарий” номли асарида худди шундай номлаган.
Аҳмад ибн Али ибн Халаф Шерозийнинг устоз Абу Тоҳир Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Миҳравайҳ Форсийдан, у Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор Фирабрийдан, у бобоси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор Фирабрийдан, у шу асарнинг муаллифи Абу Жаъфар Варроқ Бухорийдан ривоят қилган йўлга кўра, ушбу рисоланинг ривояти машҳур бўлган. Лекин, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийнинг Абу Жаъфар Варроқ Бухорийдан ривоят қилгани ҳақида бошқа ривоятлар ҳам келган. Улардан:
– “Саҳиҳул Бухорий” китобини Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан ривоят қилган ва Самарқандда Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг “Шамоили Бухорий” номли рисоласини ҳам Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан ривоят қилган кишиларнинг биттаси Абу Бакр Саффор Муҳаммад ибн Ҳом ибн Ноқиб Бухорий (ваф. 381 ҳ.)нинг ривояти. Унинг таржимаи ҳоли “Сияру аъломи-н-нубало” асарида келган.
– Абу Наср Муҳаммад ибн Саид ибн Аҳмад ибн Саид Тожирнинг ривояти. Бу шундай ривоятки, Хатиб Бағдодий ва Ибн Асокир ўзларининг тарихий асарларида Абу Наср ривояти ҳақида баъзи маълумотларни келтирган. “Шамоили Бухорий” рисоласининг тўпловчиси Байрутлик Абу Муовия Мозин ибн Абдураҳмон Буҳсалий Байрутий: “Мен Абу Насрнинг таржимаи ҳолини тополмадим”, деган.
Демак, бу рисоланинг ривояти “Саҳиҳул Бухорий” китобининг машҳур ровийси ва Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг машҳур шогирди Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг йўлига кўра машҳур бўлган. Дарҳақиқат, бу рисола Абу Абдуллоҳ Фирабрий, Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳамдавайҳ ибн Ҳакам ибн Варроқ ибн Хозинка Шамохий (ваф. 319 ҳ.) ва Абу Амр Абдураҳмон ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абу Ҳошим Солиҳ ибн Руфайд (253-325 ҳ.)лардан ривоят қилинган.
Абу Жаъфар Варроқ Бухорий ўзининг “Шамоили Бухорий” рисоласини ривоят қилганидан кейин унга яна бир қанча қўшимчалар қўшган. Имом Заҳабий ўзининг “Сияру аъломи-н-нубало” асарида айтади: “Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий: “Мен Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорийнинг “Шамоили Абу Абдуллоҳ” рисоласига илова қилинган қўшимчалар ҳақида гапирганини эшитдим”, деди”. Имом Заҳабий: “Бу қўшимчалар Ибн Халаф Шерозийнинг ривоятига кирмайди”, деди.
Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг “Шамоили Бухорий” номли рисоласида Имом Бухорийнинг таржимаи ҳоли ҳақида жуда кўплаб фойдали маълумотлар келтирилган. Бу рисола ҳақида Имом Самъоний, Имом Заҳабий, Ибн Ҳажар ва Имом Саховийлар ўзларининг асарларида зикр қилган. Абу Муовия Байрутий толиби илмларга ушбу фойдали рисолани тақдим қилиш учун “Сияру аъломи-н-нубало” ва ундан бошқа асарлардан ушбу матнларни жамлаган. Натижада бизларга Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг “Шамоили Бухорий” номли катта рисоласи ҳосил бўлган. Лекин бу рисола муаллиф тузгандек эмас. Аммо бу матнларни тўплаб бир рисола шаклига келтириш, унинг қадрини туширмайди.
Абу Муовия Байрутий ушбу рисолани тўплашда асосан ушбу маълумотларга эътибор қаратган:
– “Сияру аъломи-н-нубало” асаридан Имом Бухорийнинг таржимаи ҳоли ҳақидаги Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг ривоятларини жамлаган ва эҳтиёж бўлган жойларини шакллантирган. Китобнинг охирида Имом Заҳабий ўзининг “Сияру аъломи-н-нубало” асарида зикр қилмаган Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг ривоятларини алоҳида бир фасл қилиб келтирган.
– Хатоларни тўғрилаш ёки камчиликларни тўлдириш учун “Сияру аъломи-н-нубало” асаридаги ривоятлар билан бошқа манбалардаги ривоятларнинг орасини яқинлаштирган. Баъзиларини ҳошияларга қўйган.
– Мубҳам бўлган баъзи нарсалар учун шарҳлар ва матнларни баён қиладиган изоҳлар ва қўшимчалар қўшган.
Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг “Шамоили Бухорий” номли рисоласини Хатиб Бағдодий ўзининг “Бағдод тарихи”, Ибн Асокир ўзининг “Дамашқ тарихи”, Имом Заҳабий ўзининг “Сияру аъломи-н-нубало” ва Ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг “Ҳадю ас-сарий” номли асарларида келтирган. Буларнинг барчаси ушбу рисолани Абу Жаъфар Варроқ Бухорийга боғланган санад билан ривоят қилишган. Ушбу асарларнинг ичидан Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг “Шамоили Бухорий” номли рисоласи ўрин эгаллаган. Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг “Шамоили Бухорий” номли рисоласи Имом Бухорийнинг таржимаи ҳоли ва илмий фаолияти ҳақидаги муҳим манба ҳисобланади.
Бу рисола Абу Муовия Байрутий томонидан жамланиб ва ҳошиядаги тушунтирувчи изоҳлар ёзилиб милодий 2018 йил, ҳижрий 1440 йил Рамазон ойида нашр этилган. Абу Муовия Байрутий бу рисолага беш бетдан иборат муқаддима ёзган. Ушбу муқаддимада рисоланинг номи ва ривоятлари ҳақида маълумот бериб ўтган. Бу муқаддимани Абу Муовия Байрутий ҳижрий 1440 йил Шаъбон ойининг ўн саккизинчи куни ёзган. Сўнг ушбу рисоланинг муаллифи Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг таржимаи ҳоли ҳақида маълумот берган. Шундан сўнг “Шамоили Бухорий” рисоласининг матнини келтирган. Ушбу рисолани охирида Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг Имом Заҳабийни “Сияру аъломи-н-нубало” асарида келмаган ривоятларини алоҳида бир фасл қилиб келтирган. Имом Бухорийнинг илм талаб қилиш учун босиб ўтган йўллари ҳақидаги харитани келтириш билан рисолани тугатган.
Ушбу рисолада Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида жуда кўплаб қимматли маълумотлар берилган. Шу сабабли, бу рисолани ўз она-тилимизга таржима қилишимиз ва ўрганишимиз бугунги куннинг асосий талабидир. Халқимизни Имом Бухорийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги асосий манбадан баҳраманд қилиш, олдимиздаги муҳим вазифалардан ҳисобланади.