Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “БИРРУЛ‑ВОЛИДАЙН” АСАРИ ҚЎЛЁЗМА НУСХАСИ

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “БИРРУЛ‑ВОЛИДАЙН” АСАРИ ҚЎЛЁЗМА НУСХАСИ

Имом Бухорий ҳаёти ва илмий мероси дунё мусулмонлари – олимлар, тадқиқотчилар ва шарқшунослар томонидан кенг ўрганиб келинмоқда. Юртимизда ҳам буюк муҳаддиснинг маънавий мероси ва ибратли ҳаёти жадаллик билан тадқиқ этилмоқда. Буюк ватандошимиз ҳадис илмининг султони Имом Бухорийнинг ҳаёти ва бой илмий-маънавий меросини ўрганар эканмиз, унинг дунё қараши, ички олами ғоятда ибратли ва кўп жиҳатлари билан ҳар қандай давр учун ҳам катта аҳамият касб этишини кўришимиз.

Имом Бухорий авлодларга бой ва қимматли илмий мерос қолдирган бўлиб, ижодий фаолияти давомида ёзган асарларнинг сони бизга маълум бўлгани, йигирма тўрттани ташкил этади. Манбаларда “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”, “Ал-адаб ал-муфрад”, “Ат-таърих ас-сағийр”, “Ат-таърих ал-авсaт”, “Ат-таърих ал-кабир”, “Китоб ал-илал”, “Бирр ул-волидайн”, “Асоми ус-саҳоба”, “Китоб ал-куна” каби асарлар Имом Бухорийнинг қаламига мансублиги таъкидланади.

Барчамизга маълумки, Имом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” китоби бутун ислом умматининг иттифоқи ила Аллоҳнинг китоби Қуръони каримдан кейинги энг тўғри, энг саҳиҳ китоб деб эътироф этилган. Имом Бухорийнинг ҳадислар тўплами “Саҳиҳул Бухорий” ва “Ал-адаб ал-муфрад” асари мусулмонлар ахлоқ-одоби, ибодати, ижтимоий мезонларини белгиловчи манба ва умуминсоний қадриятлар намунасидир.

Дарҳақиқат, ота-онага яхшилик қилиш мавзуси башарият ҳаётидаги энг асосий мавзулардан бири ҳисобланади. Чунки, ўз ота-онасига яхшилик қилмаган киши қолган одамларга ҳам яхшилик қилмайди. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифга оид барча адабиётларда ана шу мавзуга атаб алоҳида боблар ажратилганини ёки алоҳида бир асарлар ёзилганини кўрамиз. Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ҳам ота-онага яхшилик қилиш мавзусига атаб “Биррул волидайн” номли китоб ёзган. “Биррул волидайн” китобида ота-онага яхшилик қилиш, уларни эъзозлаш, дуоларини олиш, хизматларида қоим бўлиш, ота-онасига яхшилик қилган кишининг дуоси ижобат бўлиши, ота-она мусулмон бўлмасада силаи раҳм қилиш, киши ўз ота-онасини ҳақорат қилмаслиги, кўзларига тик боқмаслик, гап қайтармаслик, улар ҳузурида “уфф” тортмаслик, ота-онага оқ бўлиш гуноҳи кабиралардан бири эканлиги ҳамда уларга осий бўлишнинг салбий оқибатлари шунингдек, Ота-онанинг фарзанд олидидаги бурчлари ва фарзанднинг ота-она олидидаги вазифалари каби масалаларни ёритиб берувчи ҳадиси шарифлар келтирилган. Ушбу китоб кам варақли бир мўжаз китоб бўлиб, уни шогирди Ибн Диллуяҳ[1] Имом Бухорийдан ривоят қилган. Сўнгра бир неча асрлар давомида бу асар Ибн Диллуяҳдан нақл ўлароқ одамлар орасида кенг тарқалиб кетган. Сўнгги асрларга келиб ҳадислар ривоят қилинадиган илм мажлисларида бу асар аста-секинлик билан йўқола борган ва натижада у бизга қадар етиб келмаган асарлар қаторига кириб қолган эди.

Тадқиқотчи Бассам ибн Абдулкарим Ҳамзавийнинг таъкидлашича[2], Имом Бухорийнинг мазкур “Биррул волидайн” асарини ўзида сақлаб қўйган, ҳатто, уни шогирдларига ўқитган мутааххирийн уламолардан бири – бу, имом, ҳофиз ва саййид Муҳаммад Абдулҳай Каттоний раҳимаҳуллоҳдир.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ота-онага яхшилик қилиш мавзусида кўплаб ҳадисларни ривоят қилган. Бу нусхада мазкур мавзудан бошқа силаи раҳм, фарзанд тарбияси ҳамда одоб-ахлоқ масаларига доир ҳадислар ҳам келтирилган. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ “Биррул волидайн” китобидан бошқа “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” ва “Ал-Адаб ал-муфрад” китобларида ҳам ота-онага яхшилик қилиш мавзусига доир ҳадисларни ривоят қилган.

Ота-онага яхшилик қилиш мавзусига доир Имом Бухорийдан бошқа кўплаб уламолар – Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Исҳоқ Ҳарбий Бағдодий Шофеий (ваф. 285/898), Абу Муҳаммад Қосим ибн Асбағ Қуртубий Моликий (ваф. 340/952), Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ҳайён (ваф. 369/980), Абу Мусо Юмн ибн Аҳмад ибн Ямн Тужибий Тулайтилий (ваф. 390/1000), Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Муҳаммад Халлол Бағдодий (ваф. 439/1048), Абу Бакр Муҳаммад ибн Валид Туртуший Моликий Андалусий (ваф. 520/1126), Жамолиддин Абулфараж Абдураҳмон ибн Али ибн Муҳаммад ибн Жавзий (ваф. 597/1200), Тақийуддин Али ибн Абдул Кофий Субукий (ваф. 756/1355), Жамолуддин Муҳаммад ибн Абдуссалом Ноширий Зубайдий (ваф. 906/1501), Абул Футуҳ Аҳмад ибн Муҳаммад Ҳалабий Ҳалавий (ваф. 1195/1781), Қутбиддин Абулвафо Умар ибн Муҳаммад Ёфий (ваф. 1233/1818), Аҳмад ибн Муҳаммад (ваф. 1380/1960) кабилар томонидан “Биррул волидайн” номли асарлар ёзилган[3].

Уларнинг ичида Имом Бухорийнинг “Биррул волидайн” китоби айнан унинг ўзига мансублиги билан ажралибгина қолмай, ўзига хослиги билан ҳам муҳим ўрин тутади.

Имом Бухорий ёзган асарлар ичида унинг ўзи “Биррул волидайн” деб номлаган кам варақли ҳадис китоби борлигида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир. Чунки, бу китоб унинг қаламига мансублигига далолат қиладиган бир нечта далиллар (сабаблари) бор. Жумладан:

–Имом Бухорийнинг “Биррул волидайн” китобини Ибн Диллуяҳ раҳимаҳуллоҳ нақл қилганлиги,

– Имом Бухорийдан ҳадис ривоят қиладиган бир гуруҳ ровийларнинг ўз силсилалари ва шайхлари ҳақида сўз юритганларида уни ҳам тилга олганликлари ҳамда уларнинг Имом Бухорийга қадар етиб борадиган муттасил санадлари мавжудлиги,

– Бир қанча уламолар томонидан Имом Бухорийга ёзган таржимаи ҳолларида мазкур китоб унга мансублиги ҳам зикр қилиниши,

– Уламолар тарафидан ёзилган асарларга тегишли китобларнинг муаллифлари бу асарни Имом Бухорийга нисбат бериб таъкидлашлари.

Ҳадис уламоларининг иттифоқ қилишларича, “Биррул волидайн” асарини Имом Бухорийдан нақл қилган шахс – бу, Ибн Диллуяҳдир. Зеро, улар мана шу асардаги иснодларини айнан у орқали китобнинг ўзига қадар олиб борадилар ва уни ривоят қилгувчи шахс сифатида Диллуяҳни тилга оладилар.

Имом Бухорийнинг мазкур “Биррул волидайн” асари жорий XXI асрнинг 14-йилида нашр юзини кўрган қадимий қўлёзмалардан ҳисобланади. Бассам ибн Абдулкарим Ҳамзавий ва Абдулъатий Муҳйи Шарқовийлар томонидан таҳқиқ ва тадқиқ қилиниб 1435/2014 йилда “Биррул волидайн” номи билан нашр этилган. Бу китобларни нашр қилишда жаҳон кутубхоналарида сақланаётган асл қўлёзмага асосланганлигини таъкидлайдилар[4].

Бассам ибн Абдулкарим Ҳамзавий ва Абдулъатий Муҳйи Шарқовий ҳар иккиси ҳам бу китобнинг қўлёзма нусхаси тўғрисида фикр юритганда улар Муҳаммад Абдул Ҳай Каттоний раҳимаҳуллоҳга тегишли Каттоний кутубхонасида сақланаётган қўлёзма ягона нусха эканлигини айтиб китобни нашр этишда унга асасланганлигини таъкидлашган. Абдулъатий Муҳйи Шарқовий бунга қўшимча қилиб, бу ягона нусха эмас, Ливиядаги “Илмий тадқиқот ҳаракатлари маркази” да ҳам 1545-рақам остида сақланишини ва уни ҳали тадқиқ қилиш имкониятига эришолмагинини айтади[5].

Ушбу қўлёзманинг илк варағида

كتاب بر الوالدين تأليف الإمام
 أبي عبد لله كتب إسماعيل إبراهيم البخاري
رواية أبي بكر محمد بن أحمد دلويه عنه
رواية أبي يعلى حمزة بن عبد العزيز المهلبي عنه
 المكتبة الكتانية لمالكها محمد عبد الحي الكتاني بفاس

“Биррул волидайн” китоби Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳимнинг асари

Бу китобни ундан Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Диллуяҳ ривоят қилган.

Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Диллуяҳдан Абу Яъло Ҳамза ибн Абдулазиз Муҳаллабий[6] ривоят қилган.

Муҳаммад Абдулҳай Каттонийга тегишли Фос шаҳридаги Каттонийя кутубхонаси

Қўлёзманинг биринчи саҳифаси

Қўлёзманинг биринчи саҳифаси “Биррул волидайн” китобидаги ҳадисларни Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий Абу Абдуллоҳ Жуъфийдан 328/940 йилда Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Диллуяҳ Даққоқ раҳимаҳуллоҳ, у кишидан Абу Яъло Ҳамза ибн Абдулазиз Муҳаллабий ривоят қилганилиги тўғрисидаги маълумот билан бошланган.

Бу нусха имом ҳофиз саййид Муҳаммад Абдул Ҳай Каттоний раҳимаҳуллоҳга тегишли Каттоний кутубхонасида сақланаётган асарлардан биридир. Ҳозирда бу китоб Марокашдаги “Ал-қасрул-маликийа-л-омир” номли китоблар хазинасининг 452-бўлимда сақланмоқда.

Бу асарнинг асли Дамашқда бўлиб, саййид Абдул Ҳай Каттоний уни саййид Муҳаммад ибн Муҳаммад Муборак Ҳасаний Жазоирий Дамашқий[7]дан қўлга киритган. Асарнинг нусха кўчирувчиси Муҳаммад ибн Муҳаммад Ҳусайний Ҳалабий[8] бўлиб, нусханинг охирида ёзилганидек, ҳижрий 887/1482 йили шу нусхани ёзиб тугатган.

Қўлёзма нусханинг сўнги саҳифаси

Қўлёзма нусханинг сўнги саҳифаси қуйидаги
“Бу (нусха)ни ожиз банда Муҳаммад ибн Муҳаммад Мансур ибн Али Ҳусайний Ҳалабий 887/1482 йилнинг 28 шавволида Қоҳирадаги Ал-Азҳар жомесининг тепасида ўзи учун олиб қўйди. Аллоҳ бу юртни ҳимоясига олсин. Аллоҳим, саййидимиз Муҳаммадга, у зотнинг олу асҳобларига салавотлар юборгин” мазмунидаги ёзувлар билан ниҳояланган.

Шунингдек, Имом ҳофиз саййид Муҳаммад Абдулҳай Каттоний нусханинг сўнггида ўз қўли билан ушбу ибораларни ёзган:

“Бу китобни фозил аллома Муҳаммад ибн Аҳмад Исмоилий Зарҳуний[9] камина Муҳаммад Абдулҳай Каттонийнинг қўлида Каттома[10] қасрида эшитиб чиқди. Бу иш 1324/1906 йилнинг Рабиус соний ойида, ҳаждан қайтаётганимда мен билан кўришиш учун ўша ерга келган вақтида бўлди”.

Юқоридаги маълумотларга асосланиб шуни айтиш мумкинки, Бу нусха камёб нусхалардан бири бўлиб, эҳтимол, у бугунги кунда ислом оламидаги ягона нусхадир. ушбу китобда келган ҳадисларнинг айримлари Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳнинг нусхасида ҳам мавжуд бўлиб, бу нарса мана шу нусханинг аниқлигини қувватлайди.

Асарнинг мусаннифи, ундан нусха кўчирувчиси ҳамда бу асар ўқиб берилган шахсларнинг тарихлари орасида тафовутлар бор. Бу борада Бассам ибн Абдулкарим Ҳамзавий асарида “Мен бу нусхани ўқиб чиққанимда шуни англаб етдимки, ундаги иборалар бир-биридан фарқ қилади. Масалан, тахминан унинг биринчи ярми асарнинг номига уйғун ва алоқадордир. Чунки, уларда ота-онага яхшилик қилиш ҳақида гап кетган. Иккинчи ярмига келадиган бўлсак, гарчи унда келган ибораларнинг кўпчилик қисмини шу мавзуга алоқадор деб тушуниш учун бир оз таъвил қилиш мумкин бўлса-да, ота-онага яхшилик қилиш мавзусидан жуда ҳам олисдадир. Бу нарса, айниқса, ундан нусха кўчирувчининг вафот этган санаси жуда ҳам кейинга тўғри келаётгани мени мана шу нусханинг собитлиги ҳақида шак-шубҳага боришимга ундади. Кейинчалик мен асарнинг биринчи ва иккинчи ярмида Имом Бухорийнинг “Биррул волидайн” китобида келган ибораларни айрим имомлар ривоят ва нақл қилганликларини кўрдим. Мана шу нақллар бу нусхадаги ибораларга мувофиқ келишини кўриб, кўнглим ундан таскин топди ва бу нусханинг собитлигига ишончим комил бўлди”[11].

“Биррул волидайн” китоби бир неча йўллар билан ривоят қилинган бўлсада, уларнинг барчаси Ибн Диллуяҳга бориб тақалади. Ибн Диллуяҳдан бир гуруҳ ровийлар, жумладан, биринчилардан бўлиб Муҳаллабий “Биррул волидайн” китобини ривоят қилган. Муҳаллабийдан эса шайх аллома, наҳв олими Абу Бакр Аҳмад ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Халаф Шерозий Нишопурий (туғ.398/1105), Абу Абдуллоҳ Ҳоким, Ҳамза Муҳаллабий, Абу Бакр ибн Фаврак, Абу Абдурраҳмон Суламий ва уларнинг табақаларида бўлган кишилардан ҳадис эшитган. Абу Бакр Шерозийдан Ибн Тоҳир Мақдисий, Важиҳуш-Шаҳҳомий ва Умар Саффорлар ривоят қилишган.

Имом Бухорийнинг “Биррул волидайн” китоби бугунги кунда Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази таржимонлари томонидан таржима қилинган бўлиб, яқин кунларда нашр этиб китобхон эътиборига ҳавола қилиниши режалаштирилмоқда. Дарҳақиқат, ушбу китобда ривоят қилинган ҳадислар мазмунан ҳар бир китобхонни ишончини, эътиқодини мустаҳкамлайди ва шу билан бирга инсонни маънавий камолотга даъват этади. Шундай экан, ҳадислар ёшларимизни комил инсон бўлиб шаклланишида муҳим манба ҳисобланади. Шунингдек, ундан оиладаги муҳитни соғломлаштириш, ота-оналарнинг ҳақ-ҳуқуларини англаш, ёшлар тарбияси ҳамда жамиятимизда ота-она ва фарзанд муносабатларини тўғри йўлга солиш мақсадида фойдаланиш муҳим аҳамит касб этади.

Барот АМОНОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

  1. Абдулъатий Муҳйи Шарқовий. “Биррул волидайн”. Миср. Дарул кутуб мисрийя.2014.
  2. Бассам ибн Абдулкарим Ҳамзавий.“Биррул волидайн”. Мағриб. Дарул ҳадис ал-каттонийя. 2014.
  3. https://ar.wikipedia.org/
  4. https://www.ahlalhdeeth.com/vb/showthread.php?t=123772
  5. https://kfnl.gov.sa/Ar/RecentlyShelvedBooks/Pages/20180514-1.aspx
[1] Ибн Диллуяҳ – Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Диллуяҳ Даққоқ Нишопурий бўлиб, у киши Абу Али Аҳмад ибн Ҳафс ибн Абдуллоҳ Суламий, Абул Азҳар Аҳмад ибн Азҳар ибн Маниъ ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан ҳадис эшитган. Имом Бухорийдан “Биррул волидайн” асарини ва у ривоят қилган бошқа ҳадисларни ҳам ривоят қилган. Шунингдек, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ибн Абдуллоҳ Суламий, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Яҳё ибн Абдуллоҳ Деҳлавий ва Зоҳид Яҳё ибн Муоз Розийлардан ҳам ҳадис эшитган. Ибн Диллуяҳ ҳижрий 329/941 йилда вафот этган.
[2] Бассам ибн Абдулкарим Ҳамзавий.“Биррул волидайн”. Мағриб. Дарул ҳадис ал-каттонийя. 2014. Б.35.
[3] Ўша асар. Б.28.
[4] Абдулъатий Муҳйи Шарқовий. “Биррул волидайн”. Миср. Дарул кутуб мисрийя.2014.Б.21. // Бассам ибн Абдулкарим Ҳамзавий.“Биррул волидайн”. Мағриб. Дарул ҳадис ал-каттонийя. 2014. Б.35.
[5] Абдулъатий Муҳйи Шарқовий. “Биррул волидайн”. Миср. Дарул кутуб мисрийя.2014. Б.21.
[6] Муҳаллабий – ишончли олим, Абу Яъло Ҳамза ибн Абдулазиз Муҳаллабий Нишопурий бўлиб, у киши Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Диллуяҳдан ҳадис эшитган. Хусусан, Имом Бухорийнинг “Биррул волидайн” китобини кўпроқ тахминларга кўра, 328/1008 йили Нишопур шаҳрида эшитган. Муҳаллабийдан Абу Абдуллоҳ Ҳоким, Абу Бакр Байҳақий, Муҳаммад ибн Исмоил Тафлисий, Абу Бакр ибн Халаф ва бошқалар ҳадис ривоят қилганлар. Муҳаллабий ҳижрий 406/1015 йилда вафот этган.
[7] Ҳижрий 1263 йили Байрутда таваллуд топган ва ҳижрий 1330 йили Дамашқда вафот этган.
[8] Ушбу “Биррул волидайн” қўлёзмасининг нусха кўчирувчиси – Саййид Шариф Розиюддин Абу Бакр ва Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳошим ибн Мансур Ҳусайний, Мувсавий, Ҳалабий, Ҳанбалий бўлиб, Ўзининг отасига ўхшаб Ибн Мансур номи билан машҳур бўлган. 863/1459 йили таваллуд топган. 895/1490 йилларда ҳаёт бўлган.
[9] У – буюк аллома Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Идрис Алавий Зарҳуний бўлиб, ҳижрий 1288/1871 йилнинг Сафар ойида Зарҳунда таваллуд топган. Унга саййид Жаъфар, унинг ўғли саййид Муҳаммад, саййид Абдулкабир ва унинг ўғли саййид Абдулҳай Каттонийлар, Ҳабиб Ҳусайн Ҳабаший, Таҳомий Канун ва бошқалар  “Биррул волидайн” китобини ривоят қилишга ижозат беришган.
[10] Ҳозирда бу жой “Катта қаср” номи билан машҳурдир.
[11] Бассам ибн Абдулкарим Ҳамзавий.“Биррул волидайн”. Мағриб. Дарул ҳадис ал-каттонийя. 2014. Б.36.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …