Ўзбек халқида қадимдан етти авлодини билиши, нафақат исмларини, балки улар босиб ўтган ҳаёт йўлларини, атрофидаги яқин кишилари, қавми-қариндошлари тўғрисида маълумотларга эга бўлиши табиий ҳолат деб қаралади. Қадимий бундай ёндашув аждодларга бўлган ҳурмат ва эътибор, бугунги ўсиб келаётган ёш авлодлар тарбиясида ҳам муҳим ўрин тутади.
Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандда Бунжикат, Шовдор, Маймурғ, Варағсар, Санжарфағн, Дарғом ва Абғар номли рустоқлар бўлган[1].
Бунжикат (XVI асрдан Панжикат, кейинги даврларда Панжикент) – дарахтлари серҳосил ва меваларга мўл, оқар сувлари кўп бўлган. Ўзи катта бўлмаса ҳам, ундаги ғаллаларнинг (олий) сифати билан (ҳавоси) қуруқ ва нам бўлган рустоқлардан устун турган.
Самарқанднинг барча рустоқлари ичида дарахтзорларнинг зичлиги, қишлоқларнинг кўплиги, қасрлари ва ариқларининг кетма-кетлиги билан Маймурғга ўхшаши, бўлмаган.
Маймурғ – Самарқанддан 3 фарсах масофада Шовдор ва Варағсар орасида Дарғом ёнида жойлашган рустоқ. Исломдан олдин бу катта рустоқнинг маркази Самарқанддан 35 км масофада Дарғам даштида, Жумабозор қишлоғининг жануби-ғарбидаги Бахрин қишлоғи ёнида жойлашган Қулдортепа харобалари ўрнида бўлган.
Маймурғ ҳокимлигининг маркази Босидэ шаҳри, юқоридаги Қулдортепа ўрнида бўлган. Маймурғ сўғда тилида mayn – «қишлоқ» ва murg’ – «ўт-ўланли жойдаги қишлоқ, яйловда жойлашган овул, баҳор ва ёзда яшайдиган қишлоқ» маъноларини билдиради[2].
Бу шаҳарда ҳаёт III-XII асрларда давом этган, лекин VIII асрдан[3] кейин у таназзулга учраб, оддий бир қишлоққа айланган. Бу рустоқ ҳудудида Самарқанддан 1 фарсах масофада жойлашган яна бир шаҳар Ривдад, деб аталган бўлиб, унда ихшидларнинг саройлари бўлган. Бу рустоқнинг номи Авестода m’y(a) – «шодлик», «яхшилик» ва сўғдча mry – «ўрмон», «ўтлоқ» сўзларидан ясалган. Маймурғ туманида Ғурминаво қишлоқ бўлган[4], деб маълумот беради, тарих фанлари доктори, профессор Ш.С. Камолиддин.
Самарқанддан 1 фарсах масофада жойлашган Ривдад номли қишлоқ, Исломдан олдин Маймурғ рустоқининг маъмурий маркази, араблар истилосидан кейин эса Сўғд ихшидларининг қароргоҳи бўлган[5].
«Тан шу» солномасига кўра, У-лэ-га – Ғуракнинг икки ўғли бўлиб, До-гэ (Турғар) Цао – Иштихонни, Мо-чжо (Баничур) эса Ми – Маймурғ мулкларини бошқарган. Илк ўрта асрлардаги Сўғд конфедерацияси мулклари сони Сюань-Цзан (629-630)га кўра, марказ Кан (Самарқанд) Мимокия/Мимохэ (Маймурғ), Цзебудана (Кабудан), Цюйшуанницзя (Кушония), Бухэ (Бухоро), Цзешуанна (Кеш) кабилардан иборат бўлган.
VIII аср бошларида ҳам Хой Чао (726) бўйича «Ху мамлакати» – Ан (Бухоро), Цао (Иштихон), Ши (Кеш), Ши-ло (Чоч ва Илоқ), Ми (Маймурғ) ва Кан (Самарқанд) мулкларини ўзида мужассамлаштирган[6].
Сўғд конфедерациясидаги Маймурғ мулки Самарқанд жанубий шарқида жойлашган бўлиб, уни Сюань Цзян «Мимокия» ёки «Мимохэ», Хой Чао эса «Ми»[7], деб келтирган. Маймурғ[8] бевосита Самарқандга тобе бўлиб, уни ҳукмрон хонадон вакиллари бошқарган. 720-740 йилларда Маймурғ Ғуракнинг кичик ўғли Манчжо (Маничўр-Баничўр) томонидан бошқарилган[9]. 712 йилги «Самарқанд шартномаси»да ҳам Маймурғ Сўғд таркибида кўрсатилади[10].
Маймурғда деҳқончилик, ҳунармандчилик ривожланиб, унинг тоғларидан олтин, темир, палахса тошлар қазиб олинган. Мулкдорлари эса ҳашаматли сарой ва қасрлар қуришган. Шунингдек, Сўғд мулклари орасида Маймурғ энг кўкаламзор, қишлоқлари ва саройлари кўп жойлардан бири бўлган[11].
Маймурғ савдогарлари ташқи савдо борасида VII-VIII аср ўрталарида Самарқанд, Бухоро, Кеш ва Хитойга зотдор отлар ва зотли қўчқорлар олиб борган.
Маймурғ (ҳозирги Ургут тумани Бахрин қишлоғи ҳудуди)даги “Оқмасжид бобо” номи билан аталувчи зиёратгоҳ маҳаллий аҳоли томонидан бугунги кунда ҳам зиёрат қилинади.
Мазкур маскан тўғрисида халқ орасида турли ривоятлар бўлса-да, аммо зиёратгоҳда унинг тарихини акс эттирувчи бирон-бир тарихий манба (қабртош), унинг тарихини англатувчи белги, ишора мавжуд эмаслиги, зиёратгоҳ ҳақида батафсил маълумот берувчи қўлёзма манба ва хужжатлар ҳали хануз топилмаганлиги, унинг тарихини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.
“Оқмасжид бобо” қабристони атрофида хизмат қилиб юрган Қосим ака бизларни мазкур зиёратгоҳ ҳақида халқ орасида юрган қуйидаги ривоятларни айтиб бердилар. Бир ривоятга кўра, бу улуғ инсон Шоҳи Зинда (Қусам ибн Аббос) билан ҳамроҳликда мазкур ҳудудларга ислом дини тарғиботи билан келиб, шу жойда вафот этган, дейилса, бошқасида, бир вақтлар халқ қўзғолонларидан бирида бир Азиз авлиё вафот этганда шу жойда дафн этилганлиги айтилади.
Яна бирида, замонасининг машойихларидан бири вафот этгач, шу ерга олиб келиб дафн этилган экан. Мазкур қишлоқдан бир киши ҳаж сафарига боргач, ундан: ушбу машойих исмини айтиб, «унинг қабрини зиёрат қилдингизми», деб сўраган экан, каби мазмундаги турли ривоятлар айтилиб келинади”[12], дедилар.
Тарихдан маълумки, бу ерлар қадимда Маймурғ, деб юритилган.
«Ал-Ансоб» асарини варақлаб «Маймурғ» ва бу ерда яшаган алломлар тўғрисида қимматли маълумотлар олишга муяссар бўлдик.
«Маймурғ[13] – Самарқанддан икки-уч фарсах узоқликдаги қишлоқ бўлиб, Насафда ҳам шу номда қишлоқ бўлган.
Фақиҳ Муҳаммад ибн Абу Абдуллоҳ Маймурғий Самарқанднинг Маймурғ қишлоғидан бўлиб, Бухоро машойихларидан таълим олганлар. 396/1006 йил жумодул аввал ойининг ўнинчи куни Бухорода вафот этиб, тобутлари Маймурғ қишлоғига кўтариб олиб борилиб, шу ерда дафн қилинганлар»[14], деб қайд этилган.
Энди, юқоридаги ривоятлардан бирида келганидек, бу улуғ муҳтарам зот «фақиҳ»лардан эканлиги айтилмоқда. «Фақиҳ» (арабча – тушунувчи, англовчи, идрок қилувчи) – шариат ҳукмларини мукаммал билган, фиқҳ фани билан шуғулланувчи одам. Фақиҳнинг бир неча даражалари бўлган. Энг олий даражадаги Фақиҳлар – мужтаҳидлар фиқҳ бўйича шу қадар чуқур билимга эга бўлишганки, манбаларни шарҳлаш йўли билан мустақил ҳолда одоб-ахлоқ қоидаларини ишлаб чиққанлар[15].
Шунингдек, Муҳаммад ибн Абу Абдуллоҳ ушбу қишлоқ фарзанди бўлганлиги ва шу ерда дафн этилганлиги сабабидан «ал-Маймурғий», Бухоро машойихларидан таълим олиб, замонасининг «Фақиҳ»ларидан бири бўлганлигидан унга «Фақиҳ», дея эътироф этилиши ва Бухородан Маймурғ қишлоғига кўтариб олиб келиб, шу ерда дафн қилинганлиги, юқоридаги ривоятлардан бири ҳақиқатга яқинроқ эканлигини инобатга олган ҳолда, бу ерда замонасининг машҳур уламоларидан бири – Фақиҳ Муҳаммад ибн Абу Абдуллоҳ Маймурғий қўним топган, дейишимизга кўрилган манбалар ижозат бермоқда.
Шу аснода яна бир эътиборли жиҳати борки, бу маскан «Оқмасжид», деб номланган. Юртимизда, бу ном билан аталувчи саноқли жойлар мавжуд бўлиб, «Оқмасжид» – марказий шаҳарга тегишли маъносида ва мазкур уламо шарофати билан ҳам «Оқмасжид», деб қўйилган кўринади[16].
Сўз кетганда яна бир маймурғлик муҳаддис тўғрисида Нажмуддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Насафий ўзининг «Ал-қанд фий зикри уламои Самарқанд (Самарқанд уламолари хотирасига доир қанд (дек ширин китоб)» номли китобида: «Абулаббос ал-Фазл ибн Наср ал-Маймурғий ас-Самарқандий – Самарқанддан уч фарсах нарида жойлашган «Маймурғ» (рустоқ) аҳлидан бўлиб, у қуйидаги ҳадисни Аббос ибн Абдуллоҳ ибн Усома Алавий Ироқийдан ривоят қилган:
«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бундай дейдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, агар жаноза ўқисалар, биринчи такбирда қўлларини юқори кўтарар, сўнг ўнг қўлларини чап қўллари устига қўяр (қўл боғлар) эдилар»[17], деган маълумотлар қайд этилган. Бундан маълум бўладики, қадимий Маймурғ илм-маърифат ўчоқларидан бири эканлиги ва мазкур ҳудуддан кўплаб мутафаккир алломалар етишиб чиққанлигини алоҳида фахр билан эътироф этиш жоиз бўлади.
Мазкур зиёратгоҳ тарихини ўрганиш борасида мажмуа атрофини кўздан кечирганимизда бир неча қабр тошлар мавжудлиги кўзга ташланди. Ва ушбу тошларни дафтаримизга ёзиб олдик.
УБ-1: Оқ мармар қабр тош.
بسم الله الرحمن الرحيم .1
2. لااله الاالله محمد رسول لله
3. هذامرقدالمنورالمعظم المغفورالمرحوم
4. ذكريا خواجه بن يحيا خواجه بن حسن خواجه
5. بن عوض خواجه بن فيض الله خواجه بن عبدالله
6. خواجه بن خواجه يحي بن محمد سيد خواجه بن قطب الدين
7. خواجه بن حضرت خواجه اسحاق بن حضرت مولانا خواجه كاساني ملقب بحضرت
8. مخدوم اعظم مات في عزة ماشهر شعبان
9. سنه ١٣٣٨
Таржимаси:
- «Меҳрибон ва раҳмдил Аллоҳ номи билан! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ,
- Унинг расули Муҳаммад
- Ушбу қабр мағфиратли марҳум
- Закариё хожа, унинг отаси Яҳё хожа, унинг отаси Ҳасан хожа
- унинг отаси Аваз хожа, унинг отаси Файзуллоҳ хожа, унинг отаси Абдуллоҳ
- хожа, унинг отаси хожа Яҳё, унинг отаси Муҳаммад Саййид хожа, унинг отаси Қутбиддин
- хожа, унинг отаси Ҳазрат хожа Исҳоқ, унинг отаси Ҳазрат Мавлоно хожа Косоний лақаблари Ҳазрат
- Махдум Аъзам. Шаъбон ойида
- Сана 1338 (/1926 йилда вафот этди).
УБ-2: Қора мармартош бўлиб, нисбатан кичикроқ унда: “Жумонбой Эрназарбой ўғли 1342”
“Ман бир мискин хокдурман,
Зиёрат қилувчилардан дуо умидворман”.
УБ-3: Кичикроқ гаҳвара шаклдаги мармартош: “Мазкур қабрни Ўзинг мунаввар қилгин. Ҳижон бинти Самандар. Сана 1332”/1913 йил.
УБ-4: “Ҳолбобо ибн Жўра полвон. Сана 1331”/1912 йил.
УБ-5: “Худойбердибой Шукурбой ўғли. Сана 1334” /1915 йил.
УБ-6: “… Нарзуллоҳ … . сана 1331” /1912 йил.
Яъни мазкур эпиграфик ёдгорликларда келтирилган ёзувларда яқин ўтмишда ўтган авждодларимиз номи қайд этилган. Бу орқали биз боболаримиз номини қайта варақлашга, уларнинг вафоти саналари ва бошқа қимматли маълумотларни олишимиз мумкин бўлади. Аммо фақиҳ Муҳаммад ибн Абу Абдуллоҳ Маймурғийга тегишли қабр тош учрамаган бўлсада, аммо ушбу тошларда ҳам бизнинг боболаримиз тарихи мужассам эканлиги киши эътиборини тортади.
Эътиборимизни УБ-1: Оқ мармар қабр тошда келган ёзувларга қаратадиган бўлсак, мазкур манбага кўра, ушбу қабр тоши машҳур тасаввуф олими, нақшбандия-аҳрория-косония тариқати муршиди Маҳдуми Аъзам Даҳбедийнинг (1464-1542) авлодларидан бири Закариё хожага тегишли бўлиб, қабр тош қарийиб юз йиллик давр ўтган бўлсада жуда яхши сақланган.
Закариё хожа Маҳдуми Аъзам Даҳбедийнинг хожа Исҳоқ исмли ўғлидан тарқалган, яъни даҳбедийлар насабномасига кўра “Хожа Исҳоқийлар” авлодлари вакилларидан бири эканлиги ва бунга кўра Даҳбедийлар авлоди саналган Закариё хожа умрининг охирларини Ургут тумани Бахрин қишлоғида ўтказиб, шу ерда 1919 йилда вафот этганлиги маълум бўлди.
Закариё хожанинг авлодлари ҳақидаги дастлабки маълумот (Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат Архиви фондида И-18, I-рўйхат, 6252-иш рақам остида сақланаётган 1905 йилга тегишли ҳужжатда ўттиз учта муҳр қаторида) “Сулаймон хожа ибн Закариё хожа”, деб ёзилган муҳридан кўриш мумкин бўлади.
Демак хожа Исҳоқийлар Даҳбеддан, тўғрироғи, Даҳбед-Ёркент-Даҳбед орқали XIX аср ўрталарида Ургут ҳудудларига келиб муқим яшаб қолишган кўринади. Чунки хожа Исҳоқийлар авлодидан бўлган Бузург хожа ибн Саййид Малла хожага тегишли қабр тошни Ургут туманининг “Занжи боғ ота” номи аталувчи зиёратгоҳида ҳам учратган эдик[18].
Мазкур маълумотлар сўнгида Хожа Исҳоқи Вали авлодлари шажараси ва юқорида биз танишиб чиққан Закариё хожага тегишли қабртошдаги шажарага кўра Файзуллоҳ хожанинг Хожи хожа (унинг ўғли Азим хожа, унинг ўғли Сулаймон хожа, унинг ўғли Шукруллоҳ хожа, унинг ўғли Музаффархон, унинг ўғли ҳурматли ва марҳум устозимиз Мухторхонтўра (1960-2010)дир), Шариф хожа (унинг ўғли Муҳиддинхожа, унинг ўғли Абулфайзхожа) ва Аваз хожа исмли фарзандлари бўлганлигини айтиб ўтиш жоиздир.
Аваз хожанинг ўғли Маллахон, у кишининг ўғли ҳожи Икромхон, у кишининг ўғиллари: Мадихон, Ҳамзахон, шайх Музробхон, Баёзхон, Аббосхон, Акобирхон, Исохон (у кишининг ўғли Мусахон, у кишининг ўғли Йўлдошхон), Исматуллахон, Сиддиқхон каби фарзандлари бўлганлиги, ўз навбатида юқорида номлари келтирилган авлоднинг зурриётлари ҳам бугунги кунда юртимизнинг турли ҳудудларида ўз касблари, меҳнатлари билан хизмат қилиб келишмоқда.
Мазкур авлод вакиллари шажарасининг кўплаб тармоқлари мавжуд бўлиб, биз Ургут ҳудуди доирасида, аниқроғи юқорида баён этилган иккита асосий эпиграфик ёдгорликларда келган маълумотлар асосида авлод вакиллари тўғрисида маълумот беришга имкон бўлди.
Келгусида Маймурғ ҳудудида яшаб ижод этган аждодларимиз тарихини ўрганиш борасидаги изланишларимиз давом эттирилса, янгидан-янги манбалар топилиб кенг жамоатчиликка етказиб беришдик шарафли ишда, албатта улкан маънавий юксаклик, авлодларга бўлган ҳурмат, эътиборимиз қаторида ўсиб келаётган ёш авлодга аждодлари тўғрисида билишлари керак бўлган маълумотлар мужассамлашади, манбашунослик, шажарашунослик борасидаги илмий-тадқиқот ишлари учун зарурий қўлланмалар бўлади.
Ургут
Аждодлар номин эслаб, ургутни зиёрат этай деб.
Кўҳи қофдек сарви қомат тоғларини кўрай деб.
Ўтмиш зарварақларидин, бир нишона битай деб.
Урухсий, Изухий, Возизу Тавзий Хохсарий.
Малла хожа, Ҳасан хожа Махдуми Аъзам Даҳбедий.
Чорчинорда Валихон, Хожа Абу Толиб Сармастий.
Почвон ота, Ғойиб ота, Хожа Варағсарий андадур.
Билсангиз Мирзо Полвон Ургутий ҳам андадур.
Баҳраманд бўлинг дўстлар, келиб Ургут шаҳрига.
Асранг обод юртимни, қилинглар энди гулзор.