Home / МАҚОЛАЛАР / “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРИНИНГ ЗАМОНАВИЙ-ТАНҚИДИЙ НАШРЛАРИ

“ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРИНИНГ ЗАМОНАВИЙ-ТАНҚИДИЙ НАШРЛАРИ

“Таъвилот ал-Қуръон” асарининг бугунги кунгача 40га яқин қўлёзма нусхаси сақланиб қолган. Тошкентда, Дамашқ, Қоҳира, Берлин, Лондон ва Туркиянинг қатор шаҳарларидаги фондларда сақланаётган ушбу нусхалар ярим асрдан ошиқ вақтдан буюн тадқиқотчиларни ўзига жалб этиб келади.

Асарни тадқиқ этиш ўтган асрнинг 70-йилларидан бошланган. Дастлаб, мисрлик икки олим: Иброҳим Авзин ва Саййид Авзин томонидан “Фотиҳа” сураси ва “Бақара” сурасининг 142 оятигача таҳқиқ этилган[1]. Ушбу таҳқиқ 1971 йилда Миср пойтахти Қоҳирада Исломий ишлар бўйича Олий Кенгаш томонидан нашр қилинган.

Кейинги таҳқиқ 1983 йил Ироқда, доктор Муҳаммад Мустафиз ар-Раҳмоннинг тадқиқоти асосида нашр қилинган. Унда “Фотиҳа” ва “Бақара” сураси тўлиғича таҳқиқ этилганини кўрамиз[2].

Юқоридаги икки таҳқиқ, кўриб турганимиздек, тўлиқ эмас. Шунингдек, бу ишда айнан қайси қўлёзмалардан фойдаланилгани ҳақида маълумот учрамайди. Тўлиқ таҳқиқ ишлари 2000-йилдан кейин амалга оширилган.

Бу борадаги илк таҳқиқ натижалари 2004 йилда дунё юзини кўрган. Ушбу таҳқиқ Фотима Юсуф Хоймийга тегишлидир. У Ливан пойтахти Байрутдаги “Рисола” нашриётида 5 жилдда чоп этилган. Тадқиқотчи бу ишида иккита қўлёзманинг электрон нусхасидан фойдаланган. Булар:

– Сурия пойтахти Дамашқнинг “Ал-Асад” халқ кутубхонасидаги №395 inv рақам остида сақланаётган “Зоҳирийя” нусхаси;

– Миср пойтахти Қоҳирадаги “Дору-л-кутуби-л-Мисрия”да №6 inv рақам остида сақланаётган нусха.

Ушбу тадқиқот иши кўп машаққатлар эвазига амалга оширилган бўлсада, олимлар томонидан танқид қилиб келинади. Негаки? 40га яқин қўлёзмалар бўла туриб, атига иккита нусхадан фойдаланиш илмий мезон талабларига жавоб бермайди, деб топилган[3].

Навбатдаги тўлиқ таҳқиқ Доктор Маждий Босаллумга тегишлидир. Унинг меҳнати маҳсули 2005 йил 10 жилдда Байрутда “Дору-л-кутуби-л-илмия” нашриётида чоп этилган. Олим бунда қуйидаги 1та тўлиқ, 2та тўлиқ бўлмаган қўлёзмадан фойдаланган:

– Миср пойтахти Қоҳирадаги “Дору-л-кутуби-л-Мисрия” фондида №6 inv рақам остида сақланаётган қўлёзма нусхасининг факсимилеси;

– Туркиядаги Кўпрули кутубхонасининг Фозил Аҳмад Пошо бўлимида сақланаётган №48 inv рақамли қўлёзма нусхаси. Бу факсимиле нусха Қоҳирадаги “Дору-л-кутуби-л-Мисрия” фондида №873 inv рақам билан сақланади. Таъкидлаш лозимки, бу тўлиқ нусха эмас. У “Аъроф” сурасидан бошланиб, “Раъд” сураси таъвили билан тугайди;

– Қоҳирадаги “Дору-л-кутуби-л-Мисрия” фондида сақланаётган яна бир нусха. Бу нусха Фозил Аҳмад Пошо бўлимида сақланаётган №48 inv рақамли қўлёзма асосида тайёрланган факсимиленинг охирига қўшиб муқоваланган қўлёзмадир.

Ушбу таҳқиқ борасида ҳам эътирозлар мавжуд. Чунки, олим 1та тўлиқ ва 2та тўлиқ бўлмаган нусхаларни қандай таққослаган, камчиликларни қандай тўлдиргани борасида очиқ қолаётган саволлар тадқиқот ишини мукаммал дейишга тўсқинлик қилади[4].

Кейинги таҳқиқ туркиялик олимлар: Бакр Тўпол ўғли ва Аҳмад Вонли ўғлига тегишли. 2005 йилда Истанбулда “Мизон” нашриётида чоп этилган бу таҳқиқ 18 жилддан иборат. Тадқиқотчилар ушбу изланишларида бошқа маслакдошларига нисбатан кенг имкониятга эга бўлганлар. Чунки уларнинг ихтиёрида Туркияда сақланаётган 32та қўлёзма мавжуд бўлган.

Ушбу тадқиқот ишида қуйидаги 4та тўлиқ ва 1та тўлиқ бўлмаган нусхага таянилган:

– Сулаймония кутубхонасида №8 inv рақам остида сақланаётган Меҳршоҳ нусхаси. Ушбу 930 варақдан иборат тўлиқ нусха тадқиқот ишининг бош таянч манбасидир;

– Отиф Афанди фондидаги №76 inv ва №77 inv рақамли қўлёзмалар;

– Нур Усмония кутубхонасидаги №98/124 inv рақамли қўлёзма;

– Рашид Афанди (Қайсари) фондидаги №47 inv рақамли қўлёзма;

– Кўпрули кутубхонасининг Фозил Аҳмад Пошо бўлимида сақланаётган №47 рақамли қўлёзма. Ушбу нусха тўлиқ эмас[5].

Гувоҳи бўлганимиздек, мазкур замонавий нашрлар ичида Бакр Тўпол ўғли ва Аҳмад Вонли ўғли таҳқиқи бошқаларига нисбатан мукаммалроқдир. Чунки бу таҳқиқда 5та қўлёзмадан фойдаланилган. Юсуф Хоймий эса 2та, Маждий Босаллум 3та, шундан иккитаси тўлиқ бўлмаган нусхага таянган. Ўқиш жараёнида ҳам Бакр Тўпол ўғли таҳқиқида қолган иккита таҳқиқда бўлмаган кўплаб матнлар киритилганини ёки нотўғри ўринга тушган матнлар асл ўрнига келтириб қўйилганини кўрамиз.

Замонавий нашрларга доир маълумотлардан шуни хулоса қилиш мумкинки, “Таъвилот ал-Қуръон” асарини ўқиш, таржима қилиш учун Бакр Тўпол ўғли ҳамда Аҳмад Вонли ўғли таҳқиқини бош манба қилиб олиш ва қолган таҳқиқлардан ёрдамчи манба сифатида фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Усмонхон Муҳаммадиев
Имом Бухорий халқаро илмий
тадқиқот маркази бўлим бошлиғи
[1] Имом Мотуридий. Тавҳид / Д-р Бакир Тўпол ўғли ва д-р Муҳаммад Оруший таҳқиқи остида / – Туркия: Истанбул, Иршод нашриёти, 2000. –Б.: 24.
[2] Имом Мотуридий. Таъвилот ал-Қуръон / Фотима Юсуф Хоймий таҳқиқи остида/ – Ливан: Байрут, Рисола нашриёти, 2005. – Б.:17.
[3] Имом Мотуридий. Тавҳид / Д-р Бакир Тўпол ўғли ва д-р Муҳаммад Оруший таҳқиқи остида / – Туркия: Истанбул, Иршод нашриёти, 2000. –Б.: 26.
[4] Ўша манба. – Б:. 25.
[5] Имом Мотуридий. Таъвилот ал-Қуръон / Бакир Тўпол ўғли ҳамда Аҳмад Вонли ўғли таҳқиқи остида / – Туркия: Истанбул, Мизон нашриёти, 2005. –Б.: 52.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …