Муқаддас динимиз ва миллий қадриятларимизда қарияларни, хизматларини қилишга, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг ҳузурларида одоб сақлашга буюради. Аллоҳ таоло ҳикмати илоҳийси билан инсонларга турли хил, кимгадир қисқа, кимгадир узоқ умр ато этган.
Инсон дунёга келганда жуда заиф ва нимжон бўлади ва аста-секин қувватга тўлиб, йиллар ўтиб кексайган сари яна қуввати кетиб, заиф бўлиб қолади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай дейилган: “Аллоҳ шундай зотдирки, сизларни заиф нарсадан (бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизлар учун) заифликдан кейин (қувват пайдо) қилди. Сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни (пайдо) қилди. У ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У билимдон ва қудратлидир”[1: 54].
Дарҳақиқат, одам боласининг умри ўтиб боргани сари унинг жисми заифлашиб боради, аммо ҳаёт синовларида тобланган, ҳаётнинг турли синовларини бошидан кечирган кекса ёшдаги кишиларнинг борлиги, Аллоҳнинг берган улуғ неъматидир. Бу ҳақида жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган чорва ҳайвонлари ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келган бўлар эди”. Аллоҳ таоло бизларга кексалар туфайли шунчалар кўп марҳамат кўрсатар экан, ўз навбатида, бизлар ҳам уларнинг ҳурматларини жойига қўйишимиз, иззат-икром кўрсатишимиз лозим. Қайси хонадонда ота-она ёки улардан бирлари ҳаёт бўлса, ўша хонадонни бағри бутун оила дейишган. Биз фарзандларимизга яхши тарбия бериш орқали келажагимизда ҳосил берадиган меванинг уруғини ерга қадаётгандек бўламиз. Кексаларимиз ёшларнинг таълим тарбияси, ахлоқ-одобини назорат қилиб, ўз ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқиб, панд-насиҳат қиладилар. Унга риоя қилган ёшлар ҳаётида турли тўсиқларни енгиб ўтишда ва жамиятда ўз ўринларини топишлари осон бўлади. Халқимизда яна “қари билганни пари билмас” деган ажойиб нақл ҳам бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Катта ёшдагилар билан ҳам суҳбатда бўлинглар, уламолардан масалалар сўранглар ва донолар билан аралашиб туринглар” деганлар.[2 ].
Аллоҳ таоло Қуръони каримда кексаларга ҳурмат, хусусан, ота-она қариганда уларнинг хизматида ҳозир бўлиш ҳақида бир неча оятлар ҳам нозил қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар. “Мўйсафид кишини ҳурмат қилиш, Аллоҳ таолони улуғлаш демакдир” деганлар. Чунки кексаларга яхшилик қилишни, уларга ҳурмат-иззат кўрсатишни Аллоҳ буюрган. Аллоҳнинг амрига итоат этиш эса, Уни улуғлашдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичикларимизга раҳм шафқатда, катталаримизга ҳурмат-иззатда бўлмаган киши биздан эмасдир” деганлар (Имом Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Дунёдаги турли миллатларнинг умуминсоний қадриятларининг негизига аҳамият берсангиз, азал-азалдан ота-онага ҳурмат, уларни доим эъзозлаш қайта-қайта таъкидланган. Аммо гуруч кўрмаксиз бўлмаганидек, бугунги кунда кексайиб қолган ота-оналарининг ҳолидан хабар олмай, ташлаб қўйган бемеҳр кишилар оз бўлса-да, учраб туради. Эртага ёш фарзандлари катта бўлгандан сўнг шу ҳолат такрорланмайди деб ким айта олади. Бу дунёни қайтар дунё дейдилар. Нимани эксанг, шуни ўрасан. Афсуски, бу ҳолатларини ўзлари ҳам кексалик ёшига етганларида тушуниб етадилар, ваҳоланки, унда кеч бўлади.
Имом Абу Ҳомид Ғаззолий “Эй фарзанд” номли асарида шундай деб уқтирадилар:
“Эй фарзанд, кексалар ҳимматидан баҳраманд бўлиш лозим. Улар олдиларида маҳмадоналик қилиб, сўзларини бўлиб, фикрлари туфайли уларни уялтириб, ҳижолат этиш одобдан эмас. Ёши ва мавқеи сендан улуғларга ақл ўргатма. Сўраганларига билганингча жавоб бер. Билмаганингни гапираман деб ўзингни машаққатга қўйма, билмаганини сўзлаган охири уятли аҳволга тушиб қолади. Икки киши билан суҳбатлашаётганда орасига суқилма, суҳбатлашаётганда холис бўлишга ҳаракат қил. Бир киши билан юзма-юз туриб сўзлашаётганда маҳмадоналик, олифталик қилиб ўнга, чапга қарайвериш уни менсимаслик саналади ва суҳбатдош бундан қаттиқ ранжиши мумкин. Йўлда кексаларга дуч келганда саломлашиш, таниш бўлса ҳол-аҳвол сўраш лозим. Кексаларга қўлдан келганича ёрдам қилиб, дуоларини олиш керак. Қўлларида юк бўлса, албатта кўтаришга ёрдам қилиш керак. Кексалар билан йўлдош бўлганингизда, бир жойга тез етиб бормоқчи бўлсангиз, рухсат олиб, узр сўраб, шундан сўнггина жадал қадам ташлаш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар: “Кичикларни яхши кўриб, меҳр–шафқат билан бағрига босмаган, катталарни, улуғларни ҳурмат қилишда қусурга йўл қўйган биздан эмасдир”. [3: 62].
Инсон ҳамиша эзгу ниятлар, орзу-умидлар билан яшайди. Бахтли ҳаётга эришиш ҳар бир инсоннинг орзусидир. Халқимиз ана шу бахтни ота-онада, умр йўлдошида, фарзанларида, бир сўз билан айтганда, оиласининг мустаҳкамлиги, тинчлиги, аҳил-иноқлигида кўради. Инсоннинг руҳиятида нозик туйғу борки, доим ота-онаси ёки улуғ кишиларига суяниб маслаҳат билан иш қилади. Чунки, оиладаги ота-онанинг аввало бир-бирларига бўлган муносабатлари, айниқса, фарзанд тарбиясидаги қарашларининг муштараклиги аҳамиятидандир.
Хулоса қиладиган бўлсак, янги туғилган гўдакка ҳамма парвона бўлиб, асраб, мулойимлик билан парвариш қилишади. Агар кексаларимизга ҳам мана шундай қилинган мулойимлик бўлса, улар руҳан, жисмонан тетиклашади. Фарзандларидан кўрган бахтдан масрур яшайди. Агар фарзандларидан номаъқул ҳаракатларни кўрса, “кўп яшаб юбордим” деган фикр келиб, кўнглини ранжитиб қўйиши мумкин.
-
Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Мансуров А. –Т.: Шарқ, 2009. Рум сураси: 54-оят. мазмуни.
-
Жума мавъизалари “Мовароуннаҳр” – Т.:
-
Абу Ҳомид Ғаззолий –Т.: Мовароуннаҳр. 2005.