Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. Заминимизда туғилиб, камол топган мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган ҳиссаси неча асрларки эътироф этилиб, чуқур тадқиқ этилмоқда.
Бинобарин, бу табаррук заминдан не-не буюк зотлар, олиму уламолар, сиёсатчи ва саркардалар етишиб чиққани. Умумбашарий цивилизация ва маданиятнинг узвий қисмига айланиб кетган. Дунёвий ва диний илмларнинг, айниқса, ислом дини билан боғлиқ билимларнинг тарихан энг юқори босқичга кўтарилишида, она юртимизда туғилиб, камолга етган улуғ алломаларнинг хизматлари беқиёс. Бу, бизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳанафий Мотуридий Самарқандий милодий 870 йилда Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида туғилган. “Самарқандия” асарида унинг насаби Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) байроқдорлари Абу Айюб Ансорийга бориб етиши зикр этилган. Абу Мансур ёшлигидан илм олишга интилади, Самарқандда ҳанафий мазҳаби фиқҳини чуқур ўрганди. Насафий ҳам, Паздавий ҳам унинг устозлари икки киши: йирик қомусий олим, Самарқанд ҳанафий фиқҳи мактаби асосчиси Абу Бакр Жузжоний ва калом илмининг атоқли олими Абу Наср Иёзий бўлганини ёзишади. Профессор Исматулла Абдуллаев эса у самарқандлик олим Муҳаммад ибн Фазлга ҳам шогирд бўлганини келтиради.
Нажмуддин Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг “Ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд” китобида қуйидаги ривоят келтирилган: “Мен Абулҳасан Али ибн Саъид Рустағфонийнинг бундай сўзларини эшитдим: “Солиҳ кишилардан бири тушида Абу Наср Иёзийни кўрди, ул кишининг олдиларида бир лаганда гул ва бир лаганда шакар (ёки қанд) бўлиб, гул тўла лаганни Абулқосим Ҳакимга, шакар тўла лаганни Абу Мансур Мотуридийга узатдилар. Иккалалари Абу Наср Иёзийнинг шогирдлари бўлиб, (келажакда) Абу Мансур Мотуридий илми ҳақиқат (илмул-калом) ва Абулқосим Ҳаким илми ҳикмат билимдони бўлиб етишишди”.
Имом Мотуридий ҳанафий фиқҳи, калом илмига бағишланган кўплаб асарлар ёзди. Аммо улардан айримлари, масалан, ақидада адашган мўътазилийлар, қарматийлар, рофизийлар ва бошқалар танқид қилинган “Китоб баён ваҳм ал-мўътазила”, “Раддул усулул-хамса”, “Китаби радди авоилул-адилла лил Каъбий”, “Китаби радди имома ли баъд ур-равофиз”, “Китабул мақолот” кабилар бизгача етиб келмаган. Усулга оид “Китабул-жадал” ва фиқҳга доир “Маъхаз аш-шариа” асарлари эса унинг номини машҳур қилиб юборди ва у Хуросон ўлкасининг мазҳаб соҳибига айланди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда буюк неъматларини кимга беришлигини ҳамда унинг мақоми нақадар юксак эканлиги ҳақида марҳамат қилади: “Аллоҳ кимни ҳидоятга йўллашни ирода этса, унинг кўкси (қалби)ни Ислом учун (кенг) очиб қўяди. Кимни адаштиришни ирода қилса, кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва сиқиқ қилиб қўяди. Шундай қилиб, Аллоҳ имон келтирмайдиганларга (лойиқ) жазони раво кўргай”[1].
Бу борада Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта Аллоҳ таоло умматимни залолатда бирлаштирмайди”[2] деб, айтадилар”.
Шунингдек, Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида: “Аллоҳ бир кишига яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”[3] деб, айтадилар”.
Аллоҳ таоло илмнинг фазилатлари ва унинг мартабаси тўғрисида Қуръони каримда марҳамат қилади: “У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илми) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар”[4].
Мазкур оят тафсири тўғрисида буюк муфассир Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо фикр ва мулоҳазалар билдириб: “Ушбу оятдаги ҳикмат сўзидан мурод, ҳалол ва ҳаром илмини билишликдир”, деганлар.
Тарихдан маълумки, ҳар бир замон ва жамиятнинг қудрати, салоҳияти ва равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанган. Шу сабабли бизнинг юртимизда қадимдан илму маърифатга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Ислом оламида IX-XII асрларни илм-фаннинг олтин даври деб эътироф этилган.
Дарҳақиқат, сунний эътиқоднинг бир йўналиши бу мотуридия-ҳанафия таълимоти бўлиб, унинг асосчиси ватандошимиз, калом ва ақида илмининг улуғ олими Имом Абу Мансур Мотуридийдир. Буюк аллома Имом Абу Мансур Мотуридий ҳазратларига Ислом уммати уламолари томонидан ҳақли равишда “Аҳли сунна вал жамоа ақидасининг тузувчиси” деган лақаб берилган. Шунингдек, мусулмон дунёси олимлари ичида “Имамул-ҳуда” (Ҳидоят йўли имоми) ва “Имомул-мутакаллимин” (Калом аҳлининг имоми) каби унвонлар билан улуғланган. Имом Мотуридий ҳамда унинг етук шогирдларидан Абул Ҳасан Рустуғфаний (ваф. 961 й.), Исҳоқ ибн Муҳаммад Самарқандий ва Абдул Карим Паздавий (ваф. 999 й.), Абу Аҳмал Ийжий ва бошқалар ҳанафий мазҳаби ақидаси асосларини ишлаб чиқишди.
Имом Мотуридийнинг “Китаб тавҳид” номли китоблари ақида бобида энг мўътабар китоблардан бири деб эътироф этилган. Шунингдек, у зотнинг Қуръони каримини аҳли сунна вал жамоа мазҳабига мувофиқ қилган тафсирлари “Таъвилоту аҳлис-сунна” (“Таъвилотул Қуръан”) асари деб номланади. Мазкур асарлар мотуридия мазҳабининг асосий китобларидан саналади. Бинобарин, юртимиз мусулмонлари ақида борасида ана шу мотуридия мазҳабига амал қиладилар. Аҳли сунна вал жамоа мазҳабидаги бош йўналишлардан бири – у кишининг номлари билан “Мотуридия” деб аталади[5].
Самарқандлик улуғ олим, ҳанафий фиқҳининг билимдони Абу-л-Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла” ҳамда Абул Йуср Паздавийнинг “Усулид-дин” асарларида Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий мероси тўғрисида бирмунча маълумот келтирилган.
Буюк ватандошимиз Имом Мотуридийнинг икки машҳур асари мавжуд бўлиб, улардан бири “Китаб таъвилот аҳлус-сунна” ёки “Таъвилотил Қуръон” номли асаридир. Аллома унда калом уламолари йўлидан бориб, Қуръони карим оятларини ақидада “Аҳли сунна вал-жамоа” мазҳабини қўллаб тафсир қилади. Бу тўғрисида мутакаллим алломаларидан бири – Абу-л-Муин Насафий шундай деди: “Таъвилот” ўз соҳасида мисли йўқ асардир, зеро, аввалги муаллифлар қалами билан шу пайтга қадар бу соҳада тасниф этилган биронта бошқа асар бунинг даражасига ета олмайди. Бу асарга кейинчалик самарқандлик машҳур фақиҳ Алоуддин Самарқандий катта шарҳ ҳам ёзади”.
Имом Мотуридийнинг “Тавҳид” асари тўғрисида тўхталадиган бўлсак, тавҳид илмининг истилоҳий маъноси тўғрисида бир қанча ажойиб таърифлар келган. Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ тавҳидни шундай таърифлаган:
هُوَ إِثْبَاتُ الْوَحْدَانِيَّةِ لِلذَّاتِ الصَّمَدَانيَّةِ
“Абадий барҳаёт Зотнинг яккаю ягоналигини тасдиқлаш, тавҳид деб аталади”.
Муҳамммад Анвар Бадахшоний эса “Ақидатут-Таҳовий”нинг шарҳида тавҳидга шундай таъриф берган:
أَنْ يَتَبَرَّأَ الاِنْسَانُ عَنْ جَمِيعِ وُجُوهِ الاِشْرَاكِ بِاللهِ وَيَعْتَقِدَ أَنَّ اللهَ سُبْحَانَهُ وَتَعَالَى وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ لَا فِى ذَاتِهِ وَلَا فِى صِفَاتِهِ وَلَا فِى اَفْعَالِهِ وَلَا فِى اَسْمَائِهِ وَلَا فِي أَحْكَامِهِ
“Инсон Аллоҳ таолога ширк келтиришнинг барча кўринишларидан ўзини сақлаб, Аллоҳ таолони зотида ҳам, сифатларида ҳам, феълларида ҳам, исмларида ҳам ҳукмларида ҳам шериги йўқ, яккаю ёлғиз эканлигига эътиқод қилиши тавҳид деб аталади”.
Ушбу маълумотлардан келиб чиқадиган нарса шуки, динимизни пок сақлашда, бегона ёт ақидалардан тозалашда мужтаҳид уламоларимиз, хусусан, буюк ватандошимиз Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳ кўп жонкуярлик билан умрларини ҳамда вақтларини ушбу масалага бағишлаганлиги барчага маълум.
Шунингдек, Имом Мотуридийнинг “Тавҳид асари” ҳажми, фикр бойлиги ва услубига кўра Мовароуннаҳр ўлкаларида ўзидан аввалги ақида соҳасида ёзилган жами асарлардан устун туради. Бу асар имоннинг асосий моҳиятларини жамлаб, уларга мос таърифлар бериш билан чекланмайди. Балки бутун Ислом ақидасини тафтиш этади, адашган сохта фирқаларнинг ақидасини кескин рад қилади ва уни инкор этиб бўлмас далиллардан ташкил топган яхлит тизим сифатида тан олиш лозимлигини кўрсатиб беради.
Мазкур асарда ҳанафий фиқҳи мухолифларига қарши ўлароқ инсон диний маърифатга эришишнинг қуйидаги уч воситасига: сезги, нақл, ақлга эгалиги; Аллоҳнинг зотий ва яратувчилик сифатлари; бу борада мусулмон ва ғайримуслим мухолифлар билан мунозара; кофирларга раддия; Аллоҳ ҳамда инсоннинг амаллари; имоннинг моҳияти ва яратилгани каби ўта муҳим мавзулар қамраб олинган.
Бинобарин, кўпгина уламолар Имом Мотуридийнинг бу асарида олис Куфада туриб жорий қилинган ҳанафий фиқҳи ва ақидаси Мовароуннаҳрда туриб турли мухолифлар, адашувлар, йўлдан оғишлар таъсиридан “тозалангани” ва ҳимоя қилингани тўғрисидаги таҳсинларни ёзишади.
Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш лозимки, Имом Мотуридий ҳам Имом Ашъарий ҳам бир даврда яшагани, улар ўртасида маълум бир ўхшашликлар ва фарқлар бўлганига қарамасдан, ҳар иккалалари дунёнинг икки бурчида ақида мазҳаблари соҳиби сифатида эътироф этилди.
Аммо Имом Ашъарий аввал мўътазилий олим бўлган, кейинчалик намойишкорона, ҳатто итоаткорона ҳанбалийлар тарафига ўтишга интилган. Имом Мотуридий эса шарқий ҳанафий сифатида шаклланди ва ҳаётининг охиригача шу мазҳабга содиқ қолди.
Уларнинг ақидавий мазҳабидаги фарқлар тўғрисида ҳам кўпчилик уламолар тарафидан тадқиқот ишлари амалга оширилди. Тожиддин Субкий (ваф. 771/1370) ва Муҳаммад Абду (1849-1905) бу фарқларни ўттизта санашган. Камолиддин Баёзий (ваф. 1078/1687) эса, фарқлар сонини элликтагача олиб боради. Қизиқарли жойи шундаки, олимлар бу ихтилофлар фақат лафзда, жавҳар эса тамоман бир-бирига ўхшаш, дейишган.
Имом Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳумуллоҳ ҳижрий 333 ва милодий 944/945 санада Ашъарийдан ўн йил кейин Самарқандда вафот этди ва у Самарқанд шаҳридаги Чокардиза қабристонига дафн қилинди.