IХ-ХII асрларда Ўрта Осиёда тараққий этган илм-фанни шартли равишда икки қисмга ажратиш мумкин. Булар: диний илмлар ва дунёвий илмлар. Инсон ахлоқи ва ахлоқий тарбия борасида ҳам бу ҳол ўз аксини топди. Шу сабабдан муаммони ҳар томонлама ва мукаммал ўрганиб чиқиш учун IХ-ХII асрларда яшаган, инсон ахлоқи ҳақида кўп қимматли фикрлар билдирган бутун дунёга машҳур ва етук олим Абу Наср Форобий мероси олимларимиз томонидан чуқур изланишлар олиб борилмоқда. Ушбу муаммоларни ҳал этиш интеллектуал салоҳиятнинг ҳар томонлама ўсишини, кўп асрлар мобайнида вужудга келган қонунларни қайта идрок этиш ва янгича баҳолашни, бизни қуршаб турган борлиқни кенг миқёсда ўрганиш бўйича чуқур илмий тадқиқот ва тажрибалар олиб боришни тақозо этиши мумкин. Шу боисдан ҳам талабаларга Абу Наср Форобий мероси ва таълим-тарбияга оид фикрларни ўрганиш долзарб педагогик муаммо ҳисобланади. Мамлакатни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамиятни барпо этиш йўлидан жадал ҳамда самарали одимлаётган Республикамизнинг ҳозирги тараққиёт босқичида маънавият, маърифат соҳасидаги ишларни янада ривожлантириш мамлакатимиз келажагини барпо этувчи ёшларни ҳар томонлама баркамол шахс қилиб тарбиялашни тақозо этади.
Ўзбек халқи жуда бой ва мураккаб тарихга эга бўлиб, нафақат ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди, балки бутун Ўрта Осиё тарихи билан чамбарчас боғлиқдир. Айниқса, IХ-ХII асрлар тарихи жаҳон маданияти, илм-фан тараққиёти тарихидаги ҳиссасининг аҳамияти билан ажралиб туради [6: 96]. Шу даврда бу ўлканинг бутун жаҳонга машҳур алломалари, қомусий билим соҳиблари бўлмиш мутафаккирлари: Имом Бухорий, Фарғоний, Термизий, Форобий, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино ва бошқалар яшаб илм -фан, маданият ривожига салмоқли ҳисса қўшдилар.
Шу даврнинг буюк қомусий олимларидан бири Абу Наср Форобий (873-950)дир. Форобий бошланғич таълимни ўз ватанида олди, аммо шу даврда бу ҳудудда йирик олимлар бўлмаганлиги сабабли ўқишни давом эттириш мақсадида Дамашққа боради. Бу ерда у қадимги юнон муаллифлари асарларининг арабча таржималарини ўрганган. Аммо кейинчалик Форобий ота-онаси билан бирга Бағдод шаҳрига кўчиб кетган. Чунки бу даврда араб халифалигининг пойтахти бўлган Бағдод бутун Шарқнинг иқтисодий, илм-фани ва маданияти маркази ҳисобланган. Форобий бу ерда араб ва христиан олимлари ёрдамида нафақат илмни, балки кўпгина тилларни ҳам ўрганади.[3: 110]. Мутафаккир ҳаётининг сўнгги йилларини илмий ишга бағишлаб, Бағдодда машҳур бўлиб кетган.
Форобий илмий ижодида фалсафа тарихини ўз нуқтаи назарича баён қилади. Унинг фикрича, қадимги юнон фанининг сўнгги ўчоғи Александрия бўлган. Александрия мактаби файласуфлар билан бевосита шуғулланган ва турли таълимотларни тадқиқ этган. Мусулмон файласуфларининг фикрича, – деб ёзади, – С.Н. Григорян, – Александрия мактаби вакилларининг шарҳлари Аристотел таълимотига қўшимча ҳисобланади [5: 84]. Бу ерда христианлик ўрнатилгандан кейин, фаннинг ривожланиши тўхтади. Епископлар барча қадимги фанлардан фақат мантиқни тан олдилар, чунки бу уларга кескин мубоҳасалар учун керак эди. Аниқ фанлар, шу жумладан, метафизикани нафақат кераксиз, деб ҳисобладилар, балки ундан тийилишни маслаҳат бердилар. Уларнинг фикрича метафизика эътиқод софлигига зарар етказиши мумкин. Шунинг учун фалсафа билимдонлари Александриядан кетдилар.
Форобийнинг мероси ғайриоддий улкан ва турли-тумандир. У ўз даврида маълум илм соҳалари бўлган этика, сиёсат, психология, табиатшунослик ва мусиқани ўрганди. Аммо албатта унинг илмий ижодида биринчи ўринда фалсафа турган. У энг аввало Арастунинг шаҳрловчиси сифатида машҳур эди. Шунинг учун “Иккинчи муаллим” номли нуфузли тахаллусни олган. Шуни эътироф этиш жоизки, – деб ёзади Е.Э. Бертельс, – Форобийнинг бу ишини аслиятдан узоқ ва тақлид қилиш, деб қараш керак эмас [2: 112].
Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” (“Рисола фи ара аҳл ал-мадинат ал-фадила”) номли асари эътиборга моликдир. Форобий бу асарда Афлотун ва Аристотелнинг жамият ва давлат тўғрисидаги фикрларига ўз муносабатини билдиради. Афлотун жамият одамларнинг эҳтиёжи туфайли пайдо бўлади, деб ҳисоблайди. Унинг нуқтаи назарича, ҳокимлар ва бўйсунувчилар бўлган тақдирдагина у ерда қонунлаштиришнинг баркамол бўлиши мумкин. Ҳокимлар асл олижаноб оқсоқолларга ўхшаб ҳаётий тажрибага эга бўлишлари керак. Арасту фикрича эса, жамият “табиатнинг ҳосиласи”дир. Форобий жамиятнинг пайдо бўлишини телеология (олдиндан белгиланган мақсадга мувофиқлик) нуқтаи назаридан тушунтиради – жамият одамларнинг комилликка эришиши учун зарур, деб ҳисоблайди [4: 251]. Бу асар давлат тўғрисидаги антик трактатлар таъсирида ёзилган бўлишига қарамасдан, оригиналлиги (асллиги) билан ажралиб туради. Форобий бу асарида давлатнинг келиб чиқиши, ижтимоий тенгсизлик сабаблари каби бир қанча муҳим саволларга жавоб беришга ҳаракат қилган [1: 159-173].
Марказий Осиёда жамият ҳақидаги таълимотни биринчи бўлиб қомусий олим Форобий ишлаб чиқди. У шаҳар-давлатларни фозил ва жоҳилга бўлади. Фозил шаҳар аҳолининг ўзаро ҳамкорлигига асосланади. Жамиятнинг ва давлатнинг асосий мақсади умумий бахт-саодатга эришишдир, деб ҳисоблайди Форобий. Илм-фан ва таълим-тарбия умумий бахт-саодатга эришиш йўлидир. Зеро, таълим-тарбия жараёнида ҳар бир талаба шахсининг ўзи таълим олиш ёки тарбияланишга интиладиган руҳий ҳолат яратилиши муҳимдир. Миллий педагогика тарихининг бугунги кундаги долзарб вазифаларидан бири-республикада яшовчи турли миллат ва эллатларнинг орзу-истакларига монанд таълим-тарбиянинг ҳам назарий, ҳам амалий муаммоларини педагогик меросимиз ва миллий қадриятлар асосида тўғри ҳал этиб беришдан иборатдир. Жамият тараққиёти тарихи шуни исботлайдики, жамият аъзоларининг таълим даражаси қанчалик юқори бўлса, ижтимоий-иқтисодий ривожи ҳам, инсон маънавий-маданий тараққиётининг ривожи ҳам, унинг кўп тиллик, кўп миллатлилик, толерантлик, яъни бағрикенглиги ҳам шунчалар юқори бўлади. Бунинг учун ёшларимиз дунёқарашини ўзгартириш, уларнинг билим ва маънавиятларини жаҳон андозалари даражасига кўтариш зарур.
Олимнинг фикрича, инсоний фазилатларни эгаллашдан мақсад етук камолот ва бахт-саодатга эришишдир. “Ҳақиқатда ҳар бир борлиқ ҳеч сўзсиз ўз вужудига ўзига хос бўлган мартаба-энг юксак камолотга эришиш учун борлиққа келган. Инсон учун хос бўлган бу камолотнинг номини энг етук бахт-саодат деб аталади. Бу бахт-саодат шу юксак камолотга эришиш йўлида бўлган ҳар турли жузъийларни ўзида бирлаштиради: бу жузъийлар шу энг етук бахт-саодатга олиб борувчи фазилатли санъат (касб-ҳунар)лардир.. Халқларни ва шаҳар аҳлларини тарбиялаш учун касб-ҳунарни эгаллаш ва камолотга эришишга ўз ихтиёрларича ҳавас билан интилган кишилар ҳақиқий фазилат эгалари ва ҳақиқий санъат аҳлларидир,” – дейди мутафаккир.
Дарҳақиқат, буюк файласуф кишиларни одамийлик ва инсонпарварликка чақирди, виждонийлик, адолатлилик, шижоаткорлик, яхшилик ва эзгулик, билимдонлик, қатъийлик, бойликка ружу қўймаслик ва бошқа инсоний фазилатларни эгаллаш ва салбий иллатлардан халос бўлиш усулларини кўрсатди. “Форобий, – деган эди академик М.Хайруллаев, – таълим-тарбия тўғрисидаги фикрларида ҳам замонасининг энг илғор позициясида турди, у ҳар томонлама етук инсонни тарбиялаш соҳасида қимматли фикрларни олға сурди, таълим-тарбиянинг мақсади ва барча воситалари инсонни бахт-саодатли қилишга қаратилмоғи лозимлигини бор кучи билан таъкидлади. Шу билан бирга, бу бахт-саодат инсонлар бирлашмасида, жамоасида амалга ошиши мумкинлигини кўрсатди. У бутун жаҳон миқёсида урушсиз, тинчликка, адолатга, ўзаро ҳурмат ва ёрдамга асосланган ягона инсоният жамоаси барпо этилишини орзу қилди”.
Форобийнинг умуминсоний қадриятлар, ахлоқ ва хулқ-одоб қоидалари илм-фан ва касб ҳунарни эгаллаш ва бошқа инсоний хислатлар тўғрисида илгари сурган фикрлари ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмасдан келмоқда, улар баркамол авлодни тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Умуман олганда, Форобий нафақат ўзининг “Бахт-саодатга эришув ҳақида” асарида, балки “Идеал шаҳар аҳолисининг фикрлари”, “Ақл маънолари ҳақида”, “Ихсо ал-улум”, “Илмларнинг келиб чиқиши тўғрисида”, “Илмлар ва санъатлар фазилати” ва бошқа рисолаларида инсоний фазилатлар, ақлий ва хулқий тарбия ҳақида фикр юритади.
Хулоса қилиб айтганда Форобий педагогик таълимотининг асосида комил инсонни шакллантириш, инсонни ўз моҳияти билан ижтимоий, яъни фақат жамиятда, ўзаро муносабатлар жараёнида комилликка эришади, деган фалсафий қараши ётади.
Инсоннинг камолга этишида ҳам ақли, ҳам ахлоқий тарбиянинг ўзаро алоқаси муҳим аҳамият касб этади. Бунда Форобий тавсия этган таълим – тарбия усуллари ҳозирги даврда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганлиги билан диққатга сазовордир.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Абу Наср Форобий. Фозил одамлар шаҳри. –Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1993.
- Ахмедова М.А. умумий муҳаррирлиги остида. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан олий ўқув юртлари учун дарслик сифатида тавсия қилинган. –Т., 2005.
- Бертельс. Е.Э. История персидско-таджикской литературы.. Отв.ред. И.С. Брагинский. Избранные труды. Том.1. –М.: Восточная литература.
- Григорян С.Н. Средневековая философия народов Ближнего и Среднего Востока. –М., 1966.
- Жаҳон фалсафаси тарихидан лавҳалар. 1-китоб. –Т.: Файласуфлар миллий жамияти, 2004.
- Ўзбек педагогикаси тарихи. Проф. А.Зуннунов таҳрири остида. –Т., 1997.