Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ЎЗБЕК МИЛЛИЙ ИДЕНТИКЛИГИНИНГ АКСЕОЛОГИК ЖИҲАТДАН ШАКЛЛАНИШИДАГИ РОЛИ

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ЎЗБЕК МИЛЛИЙ ИДЕНТИКЛИГИНИНГ АКСЕОЛОГИК ЖИҲАТДАН ШАКЛЛАНИШИДАГИ РОЛИ

Бугун бутун дунёда ўз мустақиллигини қўлга киритган давлатлар қатори Ўзбекистон Республикасида ҳам ҳукм сураётган ўзгаришлар инсон қалбида янгича қараш, янгича яшаш жараёнларини жадаллашаётганлигини ҳис этиши мумкин. Жаҳонда юз бераётган глобаллашув жараёнлари, оммавий маданиятнинг авж олишига қарамасдан ўзбек халқи ва миллати ўз миллий ўзлигини қайта тиклашга ва уни асраб авайлашга бўлган эҳтиёжини ортиб бораётганлиги бу, энг авввало, унинг миллий идентлигининг намоён бўлишига хизмат этади. Миллий идентиклик ва идентификация масаласи 1980 йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб юзага чиқа бошлади. Айниқса, собиқ иттифоқ парчаланиш арафасида, Европадаги айрим миллатларнинг мустақилликка, ўзлигини англашга интилиши дунёдаги сиёсий жараёнларга қам таъсир кўрсатмай қолмади. Идентификация муаммосига бўлган қизиқишнинг ортиб бориши глобал ўзгаришларнинг одамлар онги, уларнинг ўзаро, давлат ва жамиятга бўлган муносабатини белгилайдиган сиёсий мехназимларга таъсир кўрсатиши билан боқлиқ. Ушбу жараёнлар сиёсий институтлар ва жараёнларнинг характерининг ўзгариши, сиёсий мафкураларнинг трансформацияси ва миллатларнинг ўзлигини англашда этник компонентнинг ортиб бориши билан ҳам боғлиқ. Миллий идентификация жараёнлари ва унинг мазмун-моҳияти шахс ўзлигини англаши ҳамда миллий, фуқаровий ўзликни англаш билан узвий боғлиқ ҳодисадир.

Маълумки, миллий ўзликни англаш шахснинг ўз халқи, миллатига оид типологик миллий-маданий белгиларни билишида, яъни халқ ҳаёти, менталитетининг ўзаги, ядросига айланган тил, дин, психология, “халқ қалби”, “халқ руҳи”, ахлоқий қадриятлар кабиларда акс этади. Ҳеч бир шахс, инсон ушбу типологик белгиларсиз ўзини у ёки бу миллат, халқ вакили ҳисоблай олмайди. Бугун кишилар ўзининг осойишта ва фаровон яшашини маълум бир халқ, миллат билан боғламоқдаларки, бу омил уларни ўз этноси атрофида янада кучлироқ жипслашишга ундамоқда. Шунинг учун ўзини халқи, миллати билан айнанлаштириш, идентификациялаш миллий хусусиятлардан ҳисобланади. Шу маънода ўзбек миллий идентификацияси ўзининг узоқ тарихи давомида шаклланиб ривожланиб келган. Юқорида санаб ўтганимиздек, миллий идентикликнинг асосини ташкил этувчи жарён (миллий идентификация) бу – энг аввало миллатнинг тили ва дини билан боғлиқдир.

Ҳеч биримизга сир эмаски, 74 йил мобайнида “Қуръон” қораланиб, ислом дини халқ учун афюн деб келинди. Диндорлар маънавий зўрланди, ҳуқуқлари чеклаб қўйилди. Ота-она, қавм-қариндошларнинг дафн маросимида қатнашишга эскилик сарқити деб қаралди, раҳбарларга нисбатан тазйиқ ўтказилди. Энг ажабланарлиси шундаки, диний китобларни нашр этиш тақиқланди, борлари ҳам тортиб олинди. Ўзимизни бутун дунёга дахрийлар мамлакати деб эълон қилдик. Диний адабиётларни чоп этиш ман қилинди. Баҳовуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Суфи Аллоҳёр сингари мусулмон оламида аллақачонлардан бери маълум ва машҳур бўлган олимларнинг асарлари “диний ғоялар билан суғорилганлиги” бахонасида таъқибга учради.

Инсон тафаккури ва меҳнатининг самараси бўлган юзлаб масжид ва мадрасалар, қанчадан-қанча маърифат масканлари, тарихий ёдгорликлар ўйламай нетмай бузиб ташланди. Масжид ва мадрасаларнинг бузиб ташланганлиги динга садоқатли кишиларнинг энг нозик инсоний ҳис туйғуларини оёқ ости қилинишига сабаб бўлди. Яксон қилинган масжид, мадрасалар билан бир қаторда халқнинг тарихини ҳам, меъморчилигини ҳам, маданиятини ҳам вайрон қилишди.

Ислом динига қарши узоқ йиллар давомида олиб борилган кўр-кўрона кураш, ўзбекларни миллий қадриятлардан маҳрум этишга уриниш бу тарихимизга, маданиятимизга нисбатан қилинган ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас.

Жамиятимизда рўй берган ва ҳаётда чуқур илдиз отиб кетган салбий ҳодисалар, ярамас иллатлар ва нуқсонлар одоб-ахлоқ таълим тарбия масаласида узоқ йиллар давомида йўл қўйилган камчиликлар билан ҳам маълум даражада боғлиқ, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Буларнинг ҳаммасига мустақилликка эришганимиздан кейин аста секин чек қўйила бошланди.

Шу сабаб мустақиллик йилларида миллий қадриятларимизга эътибор қаратилди, юртимиздан етишиб чиққан ўнлаб улуғ олимлар қаторида ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратларининг ҳаётлари ва бой илмий меросларини ўрганишга киришилди. У кишининг “ Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”, “Ал-адаб ал-муфрад” каби асарлари ўзбек тилига ўгирилиб, катта нусхада нашр қилинди. Айниқса, 1998 йили Имом Бухорий таваллудининг 1225 йиллик тўйи кенг нишонланиши муносабати билан у зотга бўлган улкан эҳтиром сифатида Имом Бухорий дафн этилган гўшада муҳташам мажмуа барпо этилди. Мажмуа таркибида Имом Бухорийнинг мақбаралари, катта жоме масжиди, музей ва бошқа иншоотлар барпо этилди. Бир вақтлар бировга кўрсатишга ҳам хижолат бўлинган ҳароба жойлар бугун бутун Ислом оламининг машҳур зиёратгоҳига айланди. Буларнинг ҳаммаси буюк аждодларимизга нисбатан раҳбариятимизнинг эҳтироми ва муҳаббати самарасидир.

2017 йилда Имом Бухорий мажмуаси ёнида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази қурилиши бошланди. 6 гектар майдонни эгаллаган марказ биносида ҳадис, калом ва қироат илмини ўрганишга мўлжалланган хоналар, қўлёзмалар кутубхонаси, музей ташкил этилди.

2017 йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлаб, жумладан, шундай деди: “Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман. Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги энг мўътабар китоб ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий”нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган. Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Тошкентда ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳам шу мақсадга хизмат қилади”. Ўз навбатида муҳтарам юртбошимизнинг бу чиқишларини барча мусулмон аҳолиси диққат билан кузатди ва катта қизиқиш билдирди.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий Бухорода таваллуд топди. Отаси шайх Исмоил ибн Иброҳим аҳли ҳадислардан бўлиб, бир оз тижорат ишлари билан ҳам шуғулланган. Имом Бухорий ёшлигида отадан етим қолди. 10 ёшларида араб тили ва ҳадис илмини қунт билан ўрганишга киришди. Бухоролик муҳаддислар Муҳаммад ибн Салом Пойкандий (777-839), Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Маснадий Жуъфий (ваф. 843 й.)лардан Ҳадис илмини ўрганиб, кўп ҳадисларни ёд олди. 16 ёшида акаси Аҳмад ва онаси билан ҳаж сафарида бўлди. Зиёрат асносида Балх, Бағдод, Куфа, Басра, Дамашқ, Маккаю Мадина шаҳарларида ҳам бўлди.

Имом Бухорий ўта истеъдодли, муҳофазаси ўткир олим эди. Ривоят қилишларича, қайси бир китобни қўлга олиб, бир мартаба мутолаа қилсалар, ҳаммаси ёд бўлиб қолаверарди.

Имом Бухорийнинг ўз сўзига кўра, юз минг саҳиҳ (ишончли) ва икки юз минг ғайри саҳиҳ (ишончсиз) ҳадисни ёд билар экан. Унинг шогирдларидан Амр ибн Фаллос: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга маълум бўлмаган ҳадис, албатта, ишончли ҳадис эмасдир” деган. Устозларидан Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Марвазий (780-855)нинг айтишича, “бутун Хуросондан Муҳаммад ибн Исмоил каби олим чиққан эмас”.

Бухорий 20 ёшидаёқ бир неча китоблар муаллифи сифатида машҳур бўлди. Алломанинг “Ал-адаб ал-муфрад” (“Адаб дурдоналари”), “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”дан ташқари яна йигирмага яқин китоблари бўлиб, кўплари бизгача етиб келмаган.

Имом Бухорий ўз ватани Бухорога қайтгач, бир мунча вақт толиби илмларга ҳадисдан дарс берган. 870 йили вафот этгач, Самарқанд яқинидаги Ҳартанг қишлоғида дафн этилган.

Муҳаддислар султони, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг саҳиҳларини ажратиб, Қуръони каримдан кейинги иккинчи ишончли манба саналмиш “Саҳиҳи Бухорий” номли ҳадислар тўпламини тузган “улуғ аллома”, “имомуд дунё”, “олимлар пешвоси”нинг номи бутун дунёда машҳур ва маълум Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳнаф ибн Бардизбаҳ Жўъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийниг ҳаёти давомида бизга қолдирган беҳисоб хизматлари ҳақида қанча гапирсак ҳам оздир. Яъни ўзбек халқининг бутун қон-қонига сингиб кетган, унинг миллат тарбиясида асос бўла олган ахлоқ-одоб, таълим-тарбия масалаларини сингдира оладиган миллий-диний қадрияти ислом дини асосида юзага келган бўлиб, ислом динининг бой маънавий моҳиятини очиб берган буюк алломамиз Имом Бухорий ҳазратларидир. Зеро, ўзбек миллий идентиклигининг аксеологик жиҳатдан шаклланишида ислом дини ва ушбу диннинг асл моҳиятини ҳеч қандай ўзгаришларсиз бир эшитишда ёд олиб авлодларга ёзиб қолдирган Имом Бухорийнинг роли беқиёсдир.

Зебинисо ОДИНАЕВА
Ўзбекистон Миллий университети таянч докторанти
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Дунёвийлик ва динийлик ўрта асрлар Марказий Осиё уламолари талқинида // Ислом ва дунёвий-маърифий давлат. З.И. Мунавваров ва В. Шнайдер-Детерснинг умумий таҳрири остида. – Т.: Имом ал-Бухорий халқаро жамғармаси, Фридрих Эберт жамғармаси, 2003. сс. 88-93
  2. Икки муҳим матн // Имом ал-Бухорий сабоқлари. № 4 (2003), сс. 192-193 с Н.Маматохунов.
  3. Каримов И. Маънавият, фалсафа ва ҳаёт. – Т.: Фан, 2007.16-бет
  4. Каримов И. Хушёрликка даъват // Озод ва Обод Ватан, эркин фаровон ҳаёт-пировард мақсадимиз. – Т.: Ўзбекистон, 2000. 8.-б.
  5. Назаров Қ. Қадриятлар фалсафаси. – Т.: Ўзбекистон файласуфлар жамияти, 2004. 15-бет.
  6. Отамуратов С. Глобаллашув ва миллат. – Т.: Янги аср авлоди, 2008.
  7. Ўзбекистонда ижтимоий фалсафий-фикрлар тарихидан. – Т.: Ўзбекистон, 1995. 6-бет.
  8. http://e-adabiyot.uz/kitoblar/qollanmalar/tasavvuf-nazariyasi-tarixi/873-qollanma.html
  9. http://uza.uz/ru/politics/prezident-uzbekistana-shavkat-mirziyeev-vystupil-na-72-y-ses-20-09-2017

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …