Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ҲАДИС ҚАБУЛ ҚИЛИШДАГИ ШАРТЛАРИ

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ҲАДИС ҚАБУЛ ҚИЛИШДАГИ ШАРТЛАРИ

Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини жамлаш ва китоб ҳолига келтириш ишлари, У кишининг замонларидан кейин халифа Умар ибн Абдулазиз даврида кенг кўламда амалга оширилди.

Умар ибн Абдулазиз Муҳаммад ибн Шиҳоб Зуҳрий ва бошқа муҳаддислардан омма учун ҳадис китоби ёзишни сўради. Ибн Шиҳоб Зуҳрий содда қилиб бир муснад китоб таълиф этди. Бошқа муҳаддислар ҳам у кишига эргашиб, ўз муснадларини ёзишди. Расмий равишда ҳадис китобларни ёзиш шундан бошланди[1].

Аммо, ўша тузилган китоблар айнан саҳиҳ ҳадислар билан кифояланмади, балки улар саҳиҳ, заиф ва иллатланган ҳадисларни ўз ичига қамраб олган эди. Ҳижрий учинчи асрнинг биринчи ярмида Имом Бухорий каби муҳаддислар ўзларининг замонларигача тўпланган муснадлардан саҳиҳ ҳадисларни ажратиб олиш устида иш олиб бориб, ўзларининг “Саҳиҳ” тўпламларини туздилар. Лекин бу даврга келиб саҳиҳ ҳадисларни тўплаш анча мушкул иш эди. Бунга сабаб, ровийлар санади узайиб, улар кўпайиб кетган ва ҳадис ривоят қилиш йўллари ҳам бир неча тармоқларга бўлинган эди[2].

Имом Бухорий яшаган замонда ҳам кўпгина ҳадис тўпламлари бўлган. Бунга мисол қилиб, “Абу Валид Абдулмалик ибн Абдулазиз ибн Журайҳнинг сунани”, “Саид ибн Мансурнинг сунани”, “Муҳаммад ибн Сабоҳнинг сунани” ва “Имом Доримийнинг сунани” каби ҳадис тўпламлари ёзилиб, китоб холига келган эди. Аммо Имом Бухорий ҳадис тўпламининг бу тўпламлардан фарқи шундаки, у киши ҳадис қабул қилишда бошқа муҳаддислардан фарқли ўлароқ жуда қаттиқ шартлар қўйган. Бу шартларнинг кучлилик даражасини Имом Бухорийнинг: “Мен китобимга фақатгина саҳиҳ ҳадисларни киритдим. Китоб чўзилиб кетмаслиги учун баъзи ўринларда саҳиҳ ҳадисларни ҳам тарк қилдим”[3] деган сўзидан билса ҳам бўлади. У киши ҳар бир қидириб ва суриштириб топган ҳадисини бу шартлар асосида ўрганиб, кейин саҳиҳ тўпламига киритган.

Бироқ, барча муҳаддисларнинг ўзларидан саҳиҳ тўпламларини тузишда аниқ шартлари бўйича очиқ далил нақл қилинмаган. Шулар қатори Имом Бухорий ҳам ҳадис қабул қилишдаги шартларини очиқ-ойдин баён қилмади. Аммо, уларнинг китобларини диққат билан ўқиб ўрганиш давомида, ҳар бирининг ҳадисни қабул қилишдаги шартларига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Муҳаддис олимларнинг ҳадисларни саҳиҳ деб эътироф этилишида асосан бешта шартлари мавжуд бўлиб, улар қуйидагилар:

  1. Саҳиҳ ҳадисни ривоят қилган ровийларнинг барчаси санаднинг аввалидан охиригача ишончли ва адолатли бўлиши. Адолатли киши шундайки, у тақволи, адолатли ва кўриниб турган ҳаром ишлардан йироқда бўлган кишидир.
  2. Ровийнинг ўткир зеҳн ва мустаҳкам хотирага эга бўлиши. Яъни, эшитган нарсасини ёдида сақлаши ва кейинчалик уни шундайлигича ривоят қилиши. 
  3. Ҳадисдаги ровийлар санади узилмасдан, орқама-орқа келиши. Яъни, ривоят қилинган ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан то муҳаддисгача бўлган ровийлар силсиласи узилмаслиги керак. Санаднинг халқасидан бирорта ровий тушиб қолмаслиги.
  4. Ҳадис ровийларининг қайси бири ишончлироқ эканини ажрата билиши.
  5. Ҳадисни ривоят қилувчи ёмон иллатдан холи бўлиши[4].

Имом Бухорий ҳадисни қабул қилишда бошқа ҳадис уламоларидан кўра кўпроқ шартларни қўллаган. Буларнинг асосийлари қуйидагилардир:

  1. Бир-биридан ҳадис ривоят қилаётган ровийлар бир шаҳарда замондош бўлиши, агар бир шаҳарда замондош бўлиб истиқомат қилмаган бўлса ҳадис муттасил ҳадис деб қаралмаган.
  2. Бир-биридан ҳадис ривоят қилаётган ровийлар бир марта бўлса ҳам учрашган бўлиши, агар бир шаҳарда истиқомат қилиб учрашмаган бўлса уларнинг бир-биридан ҳадис ривоят қилиши муттасил санад деб қаралмаган.
  3. Санаддаги ровий ўзидан олдинги ривоят қилувчининг олдида туриб, юзма-юз ҳолатда унинг оғзидан эшитиб ҳадисни олишлиги. Бунга мисол қилиб, Моликнинг Нофеъдан, унинг Ибн Умардан ривоят қилган ҳадис санадини олиш мумкин. Бу санад Имом Бухорий наздида ровийларнинг бир-бирлари билан замондош бўлгани сабабли “Олтин силсила ” деб эътибор қилинади. Шу билан бирга бу ровийлар бир-бирларидан ҳадисни юзма-юз гаплашиб ривоят қилишган. Шу сабабли Имом Бухорий бу санадда Моликка ҳадисни “Бизларга ҳадис айтиб берди” ё “Ундан эшитдим” ёки “Менга айтди” ёхуд ундан бошқа йўлиқиб эшитишни ифодалайдиган лафзлар билан ривоят қилишини шарт қилиб қўйди[5].
  4. Ровий мусулмон бўлиши, динсиз ва ғайридин кишидан ҳадис қабул қилинмаган.
  5. Ровий балоғат ёшига етган бўлиши, яъни ҳадисни ёд олиб бошқаларга етказишда масъулиятни англаб етадиган ёшда бўлиши.
  6. Ровий ақлли бўлиши, ақли заифдан ҳадис ривоят қилинмайди.
  7. Ровий фосиқ бўлмаслиги, фосиқ кишининг ҳадиси қабул қилинмайди.
  8. Ровийларнинг энг ишончлиси, ростгўйи ва одамийлиги каби сифатлар билан сифатланган бўлиши.
  9. Ровий хотирасининг кучли бўлиши, яъни эшитган ҳадисини асл ҳолида ёдида қолмоғи.
  10. Ровий хотираси суст бўлса эшитганини ёдлаш билан бирга ёзиб ҳам қўйиши.
  11. Ҳадис санади ва матни ихтилофдан холи бўлиши.
  12. Ҳадис санади ва матни зарар етказувчи сабаблардан холи бўлиши[6].

Демак, юқоридаги шартлар ҳадиси шариф уламолари “Саҳиҳул Бухорий”да келган ҳадисларни диққат билан ўрганганда, “Бу Имом Бухорийнинг шартига кўра” деб айтган гапларидан юзага келди. Имом Бухорийнинг ҳадисни қабул қилишдаги шартларидан мақсади, ҳадиснинг санади, матни ва ровийларини ҳар хил чалкашликлардан сақлаб йиғиш бўлган. Натижада, Имом Бухорийнинг “ал-Жомиъ”да жорий қилган шартлари туфайли бу асар дунё мусулмонлари тарафидан “Ҳадис китобларининг энг саҳиҳи” деган номга сазовар бўлди ҳамда бу шартлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳиҳ ҳадислари тўқима гапларнинг аралашиб кетишидан сақланиб, бизларгача етиб келишига хизмат қилган.

Отабек БАХРИЕВ, 
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1] М. Аҳмаджонов ва бошқалар. Олтин силсила. – Т.: Ҳилол нашр, 2012. 81 б.
[2] Бужумъа Маҳфуз. Оҳадисул Мукарророту фи “Саҳиҳул Бухориййи”. Жазоир: Баҳсул илм, 2013. 26 б
[3] Заҳабий. Сияру аъламун нубалаи. 10/96.
[4] Муборак Фурий. Сийрату Имомил Бухорий. – Макка: Дару аъламил фавоид.
[5] /mawdoo3.com/شروط_البخاري
[6] Ш. Умаров, Н. Қобилов. IMOM BUXORIY SABOQLARI. – Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази, 2020. 1/13 Б.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …