Ўрта асрлар мусулмон Шарқидаги илмий муҳитини ўрганишда тарихий-биографик адабиётлар муҳим манба ҳисобланади. Ислом тарихшунослиги тараққиётида ушбу жанрдаги асарлар эрта пайдо бўла бошлаган. Сақланиб қолган асарларнинг асосий қисми ҳижрий III асрнинг ўрталарига тўғри келади. Ундан аввал асосан соф исломий илмларининг ўзига эътибор қаратилган ва олимларнинг биографияси чуқур ўрганилмаган. Кейинчалик биографик жанрда ҳам кўплаб асарлар ёзила бошлади ва уларни умумий номда “табақот” (табақалар) деб номланди. Бу ҳақда Ҳожи Халифа ўзининг “Кашф аз-зунун” асарида кўплаб маълумотлар келтирган. Масалан, “Табақот ал-удабо” (Адиблар табақалари), “Табақот аш-шуаро” (Шоирлар табақалари), “Табақот ал-атиббо” (Табиблар табақалари), “Табақот ал-авлиё” (Авлиёлар табақалари), “Табақот ал-ҳуффоз” (Ҳофизлар табақалари), “Табақот ал-ҳукамо” (Ҳокимлар табақалари), “Табақот ал-хаттот” (Хаттотлар табақалари), “Табақот ал-луғавиййин ва ал-нуҳат” (Тилшунослар ва грамматикачилар табақалари) ва бошқа соҳага оид кишиларнинг табақаларига бағишланган асарлар мавжуд.
Табақот асарлари орасида муайян соҳа олимларининг ҳаётини ёритиб берувчи асарлар ҳам мавжуд. Масалан, Жалолиддин Суютийнинг “Табақот ал-усулийин” (Усул ал-фиқҳ олимларининг табақалари), Шамсуддин аз-Заҳабийнинг “Табақот ал-ҳуффоз” (Ҳофизлар табақалари), Халифа ибн Хаййот, Муслим ибн Ҳажжож ва Муҳаммад ибн Саъдларнинг “Табақот ар-рувот” (Ровийлар табақалари), Муҳаммад ибн Саъднинг “Табақот ас-саҳоба ва ат-тобеин” (Саҳобий ва тобеъийларнинг табақалари), Муҳаммад ибн Абдулмалик (ваф. 521/1127 й.), Абу Исҳоқ Шерозий (ваф. 476/1083 й.), Абу Али Бағдодий (ваф. 471/1078 й.), Абу Марвон Моликий (ваф. 339/950 й.), Абдуллоҳ ибн Юсуф Шофеийларнинг (ваф. 489/1096 й.) “Табақот ал-фуқаҳо” (Фақиҳлар табақалари), Ҳайсам ибн Адийнинг (ваф. 207/822 й.) “Табақот ал-фуқаҳо ва-л-муҳаддисин” (Фақиҳлар ва муҳаддислар табақлари), Умар ибн Али Шофиъий (ваф. 804/1401 й.), Абул Қосим Андалусийларнинг (ваф. 353/964 й.) “Табақот ал-муҳаддисин” (муҳаддислар табақалари), Жалолиддин Суютийнинг “Табақот ал-муфассирин” (Муфассирлар табақалари) каби асарларни келтириш мумкин.
Суннийликнинг ҳанбалий, моликий мазҳабларида фақиҳлар биографияси тўғрисидаги асарларни таълиф қилиш ҳижрий IV-V асрлардан бошлаб кенг йўлга қўйилган эди. Ҳанафий фақиҳлари биографиясига оид асарлар эса анча кечроқ ёзила бошлаган. Аллома Мақдисийнинг таъкидлашича, бунга сабаб ҳанафийлик муҳитида то VIII ҳижрий асргача сақланиб келган мўътадил ва кескин фикр тарафдорлари орасидаги кўзга кўринмас, бироқ шиддатли кураш сабаб бўлган. Унинг фикрича, мўътазилийларнинг ҳанафийлик муҳитидан йўқолиб бориши илк биографик асарларни вужудга келишга туртки бўлган
Моликий мазҳабида Иброҳим ибн Али Маданийнинг (ваф. 799/1396 й.) “ад-Дебож ал-музаҳҳаб фи уламо ал-мазҳаб” ҳамда бу асарга Бадруддин Муҳаммад (ваф. 801/1398 й.) томонидан ёзилган “Зайл”ни айтиб ўтиш мумкин.
Шофиъий мазҳабида ҳам талай ишлар амалга оширилган бўлиб улардан қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин: Тожиддин Субкийнинг “Табақот аш-Шофиъиййа ал-кубро” (Шофиъий мазҳабидаги энг катта табақот), Саҳл ибн Муҳаммад (ваф. 404/1013 й.) “ал-Мазҳаб фи зикр шуйух ал-мазҳаб” (Мазҳаб шайхлари ҳақида йўналиш), Тоҳир ибн Абдуллоҳ Табарий (ваф. 405/1014 й.), Абу Амр ибн Салоҳ (ваф. 643/1245 й.), Муҳаммад ибн Аҳмад (ваф. 458/1066 й.), Иброҳим ибн Али аш-Шерозий (ваф. 476/1083 й.), Абдуллоҳ ибн Юсуф Журжоний (ваф. 489/1096 й.), Абдулваҳҳоб ибн Муҳаммад Шерозий (ваф. 500/1106 й.), Али ибн Абул Қосим Байҳақий (ваф. 565/1169 й.), Абдулқоҳир Ҳарурий (ваф. 563/1167 й.), Сирожиддин Умар ибн Али (ваф. 804/1401 й.), Абу Бакр ибн Аҳмад Димашқий (ваф. 851/1447 й.) ва бошқа ўндан ошиқ тарихчиларнинг асарларини санаб ўтиш мумкин.
Ҳанбалий мазҳабида ҳам бундай ишлар амалга оширилган. Улардан Абул Ҳусайн Муҳаммад ибн Муҳаммад Ҳанбалий (ваф. 526/1132 й.), Абдураҳмон ибн Аҳмад Ҳанбалий (ваф. 795/1393 й.), Абдураҳмон ибн Аҳмад (ваф. 750/1349 й.), Юсуф ибн Ҳасан ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин.
Илк даврда табақот жанрида ёзилган асарларнинг аксарияти шофиъий, моликий ва ханбалий мазҳабига оид бўлганига қарамай, ҳанафий мазҳаби олимлари кейинги йиллар давомида мазур жанрда кўп асарлар ёзганлар. Шундан келиб чиқиб, ҳанафий уламолори ҳақидаги маълумотларни жамловчи тарихий-биографик адабиётларни уч гуруҳга бўлсак бўлади:
Абу Ҳанифа биографиясига оид (Маноқиб);
Табақот жанрида тузилган “Табақот ал-ҳанафиййа” асарлари;
“Улум ул-ҳадис” доирасида жамланаган муҳаддислар биографияси.
Улардан энг биринчи ёзилган ва бизгача сақланиб қолган асар Абдулқодир ибн Муҳаммад Қурашийга (ваф. 775/1373 й.) тегишли “ал-Жавоҳир ал-мудиййа фи табақот ал-ҳанафиййа” (Ҳанафийлар табақалари борасида нурафшон жавоҳир) асаридир.
Асар муаллифининг тўлиқ исми Муҳйиддин Абу Муҳаммад Абдулқодир ибн Муҳаммад ибн Абдулвафо ибн Қураший Ҳанафий бўлган. У ҳижрий 696 йил Шаъбон ойининг 20 кунида Мисрда дунёга келган [2: 518- 524]. Бу давр Мисрда туркий мамлуклар сулоласи ҳукмронлигининг сиёсий ва иқтисодий танглик палласига тўғри келди. Aвом халқ султон ва амирларидан умидини узиб бўлган ва ўзаро келиша ололмаётган бўлсада, аҳолининг зиёли қатлами ўз эътиборини илм олиш ва маърифатга каратдилар [4: 5-6]. Натижада ҳижрий VIII асрда мамлакатда кутубхоналар барча фанларга оид турли энциклопедик асарлар билан бойиди. Мазкур даврда олимлар диний илмлар билан бир қаторда тил, адабиёт, тарих, география ва бошқа кўпгина фанларни мукаммал эгаллашда беллаша бошлаган [3: 30-31].
Айни муҳитда улғайган Абдулқодир Қураший ёшлигиданоқ отасига эргашиб илм халқаларига қатнай бошлаган ва дастлабки таянч билимни Қуръон қироатидан бошлаган. Отаси қори ва ҳуснихат эгаси бўлиб, фиқҳ илмидан хабардор бўлган ҳамда “Мухтасар ал-Қудурий”ни ёддан билган [4: 26-27]. Абдулқодир Қураший муҳаддис Ибн Ҳажардан “Саҳиҳ ал-Бухорий”ни эшитган ва бир қатор муҳаддислар жамоаси унга ҳадис ривоят қилишга ижозат берган. Шундай бўлсада, унга устозлик қилган машҳур Ибн Ҳажар Асқалоний Абдулқодир кўп савол бергани учун “ўз ишида моҳир эмас”, дея таърифлаган. Бироқ бошқа ҳеч бир биограф у ҳақда бундай маълумот бермайди, аксинча у фиқҳда моҳир, билимдон, бир неча илмдан иқтидори бор, фарзандлари ҳам фозил, ўз аждоди йўлида бўлгани айтилади. Шунингдек, тарихчи Самъонийнинг “ал-Ансоб” асаридан янги нусха кўчиргани ҳуснихат соҳиби экани эътироф этилган.
Абдулқодир Қурашийнинг биографиясини ёзганлар унинг устозлари кўп бўлган, дея иттифоқ қилганлар бироқ ҳаммасини келтирмаганлар. Доктор Абдулфаттоҳ Муҳаммад Ҳулув эса олимнинг асарларини ўрганиб, унинг 52 устозини аниқлаган ва устозларининг вафот этган йиллари, мавқелари, қаерда ва қайси дарс халқаларида учрашганлари ёзиб ўтган. Барча устозлари ҳадис, фиқҳ, калом илми, тарих, сийрат, грамматика ва тил бўйича етук мутахасис бўлганларини таъкидлаган [4: 15-16].
Ҳадис илмини “Саҳиҳ ал-Бухорий”, “Сулосиёт ал-Бухорий”, “ал-Муватто”, “Сунан Абу Довуд”, “Сунан Насоий”, “аш-Шамоил”, “Жузъ Аби Ҳанифа”, “Машихату Ибн ал-Жумайзий”, “Китоб аз-Зуҳд ал-кабир”, “ал-Жавҳар ан-нақий фи радди ала ал-Байҳақий”, “Ҳадис ал-Қудурий” каби китоблар орқали ўрганган. Ҳижозда унга Рашидуддин ибн Муаллим, Муҳиддин ибн Маҳлуф, Наср Манбижий, Алоуддин Туркмоний, Иззуддин Мусавий, Абу Али Қурдий, Хутаний, Нуруддин Қураший, Фатҳуддин Абдулваҳҳоб Ҳалабий, Имодуддин ибн Суккарий, Байҳақий, Абу Қосим Саъдий Шофиъий, Абу Маҳосин Маъдиний Ҳанбалий каби устозлар дарс берган.
Фиқҳ илмини эса Фахруддин, Тожуддин ва Алоуддин Туркмонийлар, Муҳйиддин Танухийлар хузурида “ал-Ҳидойа”, “ал-Хулоса”, “ал-Манор” каби асарлардан ўзлаштирган. Булардан ташқари у калом илми, сарф ва наҳв, тарих каби кўпгина илмларни эгаллаган. 52 та устозидан 30 таси шофеий, моликий ва ханбалий мазҳабидаги муҳаддислар бўлган. Фиқҳ бўйича ўн иккита ҳанафий фақиҳдан дарс олган. 731/1331 йилнинг шаввол ойида “ас-Сувуфиййа” мадрасасида таълим берган. Айнан ўша вақтларда фиқҳий манбаларда учрайдиган фақиҳлар исмини аниқлашда талабалар қийинчиликка учраётганлиги пайқайди. Шу боис, 737/1336 йилда Бурхониддин Марғилонийнинг “ал-Ҳидоя” ва Ҳусомиддин Али ибн Аҳмад ибн Маккий Розийнинг “Хулосот ад-далоил фий танҳийқ ал-масоил” асарларига “Таҳзибул асма ал-воқиа фи ал-ҳидая ва ал-хуласа” номли луғат сўзлигини ёзади. Бугунга келиб унинг ҳадисга оид 21 та, фиқҳга оид 6 та ва яна қўшимча 3та асарлари топилиб номлари аниқлаган [1: 25-26].
Ушбу асарлар орасида “ал-Жавоҳир ал-музиййа фи табақот ал-ҳанафиййа” асари олимга шуҳрат келтириб ислом оламида танилишига сабаб бўлган. У бу асарини устозларининг ёрдами билан аниқ манбаларга таяниб ёза бошлаган. Ҳеч кимдан нусха олмаган ва тақлид қилмаган ҳолда мустақил иш олиб борган. Муаллиф асарни ёзишда 168 ёзма манбадан фойдаланилган. Абдулқодир Қураший ўз асарида мазкур китобни ёзишга ундаган устозлари Қутбуддин Абдулкарим ва Тақийуддин Субкий Шофиъийларни улуғлаб ўтган ва эришган ютуқларида устозларидан миннатдор бўлган.
Бир вақтнинг ўзида муаллиф бошқа асар устида ҳам ишлаган. Бу асар “ал Вафайот аз-зайл аъла зайл ал-вафайот ли Шиҳобиддин Абил Ҳуссайн Аҳмад ибн Айбак Димятий” асари бўлиб, унда олимларнинг вафот санасига кўра жамланган.
Айтиш жоизки, Курашийдан сўнг ушбу жанр ривожланди ва изланишлар олиб борилиши натижасида кўплаб асарлар ёзилади. Қосим ибн Қутлубғо (ваф. 879/1474 й.) “Тож ат-тарожим”, Тарихчи Ибн Дуқмон (ваф. 709/1309 й.) “Назм ал-Жумон”, Абу Тоҳир Муҳаммад ибн Яъқуб Ферузабодий (ваф. 817/1414 й.) “Мирқот ал-вафиййа”, Қози Бадриддин Маҳмуд ибн Аҳмад Айний (ваф. 855/1451 й.), Нажмиддин Иброҳим ибн Али Тарасусий (ваф. 758/1357 й.) “Вафайот ал-аъйан фи мазҳаб ан-Нўъман”, Ибн Тулун Исҳоқ ибн Ҳасан Шомий “Ғураф ал-олиййа фи тарожум ал-ҳанафиййа”, Тақийуддин ибн Абдулқодир Тамимий (ваф. 1005/1596 й.) “Табақот ас-суннийа фи тарожим ал-ҳанафиййа” ҳамда Абдулҳай Лакнавий (ваф. 1304/1887 й.) “ал-Фавоид ал-баҳиййа” асарларини ёзганлар.
Абдулқодир Қураший ўз замонасини етук олимларидан бўлган унинг илмий мероси бўлмиш “ал-Жавоҳир ал-музиййа фий табақот ал-ҳанафиййа” асари эса ҳанафий олимлари ҳақида маълумот берувчи муҳим манба ҳисобланиб, ундан турли соҳаларда фаолият олиб борган мовароуннаҳрлик ҳанафий олимларнинг автобиографиясини билиб олишда фойдаланса бўлади. “Ал-Жавоҳир ал-музиййа” асари VIII асрда, яъни Мовароуннаҳрда ҳанафийлик мазҳаби ривожланиб улгурган даврда ёзилган бўлсада, келажакда ҳанафийликдаги “табақот” асарлари ёзилишига асосий пойдевор вазифасини ўтади.
Ҳозирда бу каби асарларни ўрганиш ва тадқиқ қилиш орқали биз юртимиз олимлари ва уларнинг фаолиятлари ҳақида қимматли маълумотларга эга бўламиз ҳамда ислом илмларининг минтақамизга кириб келиш йўлларини аниқлаб тарихий манбалар ва саналарга янада ойдинлик киритиш мумкин. Бундан ташқари ҳанафий мазҳаби ва унинг кириб келишини ўрганиш орқали тарихнинг очилмаган қирраларини кўрсатиш имкониятига эга бўламиз.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Абул Муъаййад Имом Муваффақ ибн Аҳмад Маккий. Маноқиб Имом Аъзам Абу Ҳанифа. Ҳайдаробод. 1993.
- История Востока II. Восток в средние века. “Восточная литература” Москва. РАН, 1999.
- История стран Азии и Африки в средние века. II том. Издательство Московского университета, 1987.
- Муҳийиддин Абдулқодир Қураший. Ал-Жавоҳир ал-мудиййа фий табақот ал-Ҳанафиййа”. Қоҳира. Ҳижр, 1993.