Биз Мажидхон ака билан дўстмиз. Иккимизга Қуръон, Тафсир, Девони Ҳикмат, Чаҳор китоб, Шамоили Муҳаммадия, Девони Навоий, Девони Фузулий сингари китобларни ўқитган устозларимиз бир. Кўп йиллар бир жамоада худди устоз-шогирд каби, дўст-биродар бўлиб, бирга ишлаганмиз. У кишини кўп одам танийди…
Мустақиллигимизнинг арафаси ва ундан кейинги йилларда Алихонтўра Соғуний ҳақида кенг жамоатчилигимиз орасида кўп хотиралар уйғонган, ул ҳазратнинг дастлабки китоблари чоп қилиниб, одамлар орасида овоза бўлаётган пайтлар эди.
Бир куни суҳбатларимиздан бирида Мажидхон ака беихтиёр болалигида Алихонтўра Соғуний ҳазратлари билан учрашганларини, у кишининг нақадар улуғ, бемисл ва ажойиб киши бўлганликларини ва бу нарсани фақат энди қайтадан англаб етаётганларини айтиб қолдилар. Албатта, турган гапки бизни бу учрашув қандай кечганлиги жуда қизиқтириб қўйди. У киши болалик дамларини эслаб шундай гап бошладилар:
“Мен отам раҳматлик билан у киши бирон жойга борадиган бўлсалар кўпинча бирга борар эдим. Ўша пайтлари тахминан етти-саккиз ёшлар атрофида бўлсам керак. Бир куни отам мени Тошкентга олиб бордилар. Тошкентга етиб келганимизда чамаси вақт туш пайтига етай деб қолган, бироқ ҳали пешин вақти бўлмаган эди. Шунда отам менга “Ўғлим, менинг бу ерда бир эски дўстим бор, уни бир йўқлаб борсак, қандай бўлар экан”- деб қолдилар. Ота-бола иккаламиз ўша кишининг зиёратига борадиган бўлдик.
Самарқанд томондан Тошкент шаҳрига кириб боришда ҳозирги Абу Сахий бозорига етганда чап қўлга шундай қайрилсангиз, Назарбек деган баҳаво, яшилликларга бурканган бир қишлоқ ястланиб турибди. Биз отам билан пиёда, аста-аста сўраб, излаб, у кишининг ҳовли уйларини топиб бордик. У кишини йўқлаб, сўраганимиздан кейин, катта-катта мевали дарахтлар, ток сўриларига тўла ҳовлига бизни таклиф қилишди. Ичкаридан узун бўйли, соч соқоли анча оқариб қолган, бошига салланинг ичидан кийиладиган думалоқ оқ дўппига ўхшаган бир нима кийиб олган, кийган кийимлари ҳам нисбатан оқиш бўлган, ўзи ҳам оққовадан келган, бутун сурати билан кишида ҳурмат ва муҳаббат пайдо қиладиган бир киши чиқиб келдилар.
Отам ҳам, у киши ҳам бир-бирларини кўрганда салом бердилар, мен ҳам улардан қолишмай икки қўлимни қовуштириб, бироз эгилгандай бўлиб, салом бердим. У киши отам билан қучоқлашиб кўришдилар, сўнг мен билан ҳам кўришиб, бошимни силаб қўйдилар. Ушбу нуроний қария, бизни хонтахта қўйилган чорпоя устига қўярда-қўймай таклиф қилиб чиқарди. Отам ён чўнтакларидан бир сиқим пул олиб у кишига ҳадя деб узатдилар. Лекин ушбу нуроний киши пулни олмайман деди, ҳеч кўнмади, отам эса ҳадяларини олишларини истаб, ўз сўзларида қаттиқ туриб олдилар. Шундан сўнг у киши ноилож ҳадяни қабул қилдилар. Ушбу нуроний қария отамга анча тикилиб қолди, бироздан сўнг эса “Мен сизни бироз танигандай бўлаяпман-у, лекин эслолмай турибман, дедилар.” Шундан сўнг отам: “Ўттизинчи йиллар бўлса керак, Даҳбед кенгликларида от чоптириб, от қувишиб юрган кезларимизни эслайсизми? – дедилар.” Бу сўзлардан кейин ушбу нуроний қария бехосдан жилмайдилар, худди ёшариб кетгандай бўлдилар. “Э-э, бўлди, бўлди, эсладим.”- дедилар-да, ўрниларидан туриб кетдилар. Отам билан бошқатдан қучоқ очиб, бир-бирларини бағриларига босиб кўриша кетишди. Мен ҳам беихтиёр ўрнимдан туриб кетдим. Иккаласининг ҳам кўзларига ёш келди. Ҳар қайсиси ҳам ён чўнтакларидан дастрўмолчаларини олиб ўзларининг юз-кўзларини артишди, яна жойларига ўтиришди. Мен ҳам қўшилишиб ўтирдим. Суҳбат яна давом этди. “Ўғлингизми, неварангизми, ўзингизга ўхшаб турибди”- дедилар мени кўрсатиб, шунда отам, “ўғлим, ўғлим Мажидхон”- деб қўйдилар секингина. У киши отамдан сўрадилар: “Нима таом буюрасиз, меҳмон, айтинг”- дедилар. Шунда отам бироз ўнғайсизлангандай бўлдилар, бироздан сўнг ноилож “чўп билан ейиладиган, уйғурча хамир овқат бўлар эди-ку, шундан айтасизми”- дедилар. Шу тариқа икки қария суҳбатлашиб кетишди, анча вақтдан сўнг эса пешин намозини ўқиш учун қўзғалишди. Намоздан кейин ҳам суҳбатлари тугамади. Зиёфат устига зиёфат. Фақат кейинги ибодат вақти бўлгандагина яна намоз ўқиш учун ўринларидан қўзғалар ва суҳбатларини тўхтатар эдилар. Кеч кириб, ухлайдиган вақт бўлганда ҳам уларнинг қизғин суҳбатлари давом этар эди. Мен ухлаб қолибман. Биз шу ерда бир кеча меҳмон бўлиб қолдик.
Эртаси куни нонуштадан сўнг, бу нуроний киши халтачада бир даста пул кўтариб келдилар-да, бир қисмини олиб отамнинг олдига қўйдилар ва бизнинг ҳадямизни ҳам олинг дедилар. Отам олмайман, қўйинг деб, ҳар қанча уринмасин, улар ўз қистовини қўймадилар, қўлларига бир гала пул олиб отамга бердилар. Шундан сўнг шу нуроний қария менинг иқболимни тилаб, дуо қилдилар. Кейин дасдурхонга дуо ўқилди. Икки дўст бир-бирларига кўп яхши ниятлар тиладилар, сўнг биз хайрлашдик. Биз Назарбекдан қайтаётганимизда отам: Алихонтўра Соғуний бобонгиз мана шу киши бўлади, ўғлим деб қўйдилар.
Мана ўша суҳбатлардан бери кўп йиллар ҳам ўтиб кетди. Отамнинг ҳам дўстларининг ҳам охиратлари обод бўлсин. Ўша унутилмас суҳбатдаги мен кўрган нуроний кишининг “бизнинг ўзимиздан ҳам подшо чиқиши керак” – деб айтган сўзларининг маъноси мен учун энди аён бўлди. Бу бизнинг келаётган буюк миллий истиқлолимиз, қурилажак мустақил давлатчилигимиз тўғрисидаги сўзлар, қалб тубидаги орзулар экан. Яратганга беадад шукурлар келтирамиз, оталаримиз етолмаган миллий истиқлолимизни, мустақил давлатимизни кўриш бизларга насиб этди”.
Мажидхон ака Усмоновни кўп одам танийди деган эдим. Дарҳақиқат, Мажидхон ака икки маротаба мамлакатимиз Олий мажлиси депутати бўлдилар, ҳозир ҳам элу – халқнинг иззатида бўлиб юрибдилар. Балки бу аввало яратганнинг инояти, шунингдек, Алихонтўра Соғуний ҳазратлари қилган дуоларининг баракотидан ҳам бўлса ажаб эмас.