Home / МАҚОЛАЛАР / СУВ – ҲАЁТ МАНБАИ, УНИ ИСРОФ ЭТИШ ЭСА ОҒИР ГУНОҲ

СУВ – ҲАЁТ МАНБАИ, УНИ ИСРОФ ЭТИШ ЭСА ОҒИР ГУНОҲ

Аллоҳ таоло бутун инсониятга санаб саноғига етиб бўлмайдиган даражада неъматлар ато этиб, уларни берилган неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, исрофга йўл қўймасликка чақирди. Бу ҳақда Қуръони каримда: “… еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”.[1] деб инсониятни исрофдан қатъий буйруқ билан қайтарган.

Ҳадиси шарифда ҳам: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга берилманглар” деб марҳамат қилинган. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунга келиб аксарият ҳолларда исрофдан сақланиш эътибордан четда қолмоқда.

Кундалик ҳаётимизда баъзи ҳолларда турли исрофгарчиликларга гувоҳ бўламиз. Ана шундай ҳолатлардан бири сув билан боғлиқ исрофгарчиликдир. Айниқса, кунлар исиб, сувга эҳтиёж ортган вақтда ичимлик сувининг исроф қилиниши инсон дилини оғритади. Барчамиз сувни ҳаётимиз учун энг муҳим неъмат эканини яхши биламиз. Аммо, уни тежашга келганда ҳаммамиз ҳам бир хил муносабатда бўлмаймиз. Ҳаётимиз учун энг зарур неъмат бўлган сувнинг исрофи динимизда жуда қаттиқ қораланган.

Дарҳақиқат, исрофнинг гуноҳи ва унинг сўрови оғир, сувни исроф қилишнинг гуноҳи эса исрофлар ичида энг оғиридир. Чунки, ушбу неъмат исрофи оқибатидан жуда катта зарарлар келиб чиқиши мумкин. Ҳатто, унинг замирида жонга шикаст етказишдек салбий ҳолатлар ётади. Бир инсон сувни ўз эҳтиёжидан ортиқча ишлатиши оқибатида зарар кўрган бошқа жон эгаси ва сувсизликдан қуриган ҳар қандай гиёҳ учун исрофга йўл қўяётган жавобгардир.

Шу сабабли динимизда “Ариқ бўйида таҳорат қилмоқчи бўлсанг ҳам сувни бир идишга олиб сўнг ундан тежаб таҳорат қилгин”, деб мутлақ ўринда сув озми, кўпми, эҳтиёж кучлими кучсизми фарқи йўқ, ҳар қандай ҳолатда сувни исроф қилишдан сақланишга буюрилган. Шунинг учун ота-боболаримиз сувни исроф қилишдан ниҳоята эҳтиёт бўлишган, ҳатто, сувга тупуришдан ҳам сақланишган. Чунки, улар бу ишнинг гуноҳи қанчалик оғирлигини, сувни тежаш ва бировга улашишнинг савоби жуда улкан эканлигини яхши билишган.

Ҳозирда баъзи ҳолларда тоза ичимлик суви билан экинлар суғорилаётгани, автомашиналар ювилаётгани, салқинлатиш учун ҳовлиларга, кўчаларга сепилаётгани ҳақида эшитмоқдамиз, кўриб гувоҳи бўлмоқдамиз. Сув етимовчилиги глобаллашиб бораётган бугунги даврда, билиб туриб ҳам ўзимизга хулоса қилишни эп кўрмаётгандекмиз. Сувни тежаб ишлатиш ҳақида сўз очсанг, эҳтиёжимга яраша ишлатаяман деган жавобни беришади. Аслида, сувни эҳтиёждан кўра кўпроқ ишлатаётганимизни тан олгимиз келмайди.

Ҳовли жойларни салқинлатиш мақсадида, автомашиналар ювиш, ҳаттоки истеъмол қилётганимизда ва экинзорларни суғораётганимизда ҳам сувдан тежамкорлик билан фойдаланишимиз лозим. Ана шундай паллада дунёнинг айрим минтақа ва мамлакатларида сувсизликдан азият чекаётган инсонлар, ҳайвонот ва набодот оламини кўз олдимизга келтирсак ва ундан хулоса қилсак, ушбу неъматнинг нақадар қадрли эканини тушуниб етамиз.

Ҳар бир қимирлаган жон борки, унинг ҳаёти сув биландир. Ёз фасли келиши билан маҳаллаларда баъзи ҳолларда ўзидан кейингиларга сув ўтказмай томорқасини захлатиб суғорадиганлар, ҳовлисини салқинлатадиганлар ҳақида гаплар урчий бошлайди. Ана шундай инсонлар билишлари лозим, сув етишмовчилигидан жонига озор етган ҳар бир жонзот ҳаёти учун сабабчи бўлган киши охиратда қаттиқ савол-жавоб қилинади. Сув етишмовчилигидан халқ орасида жанжал юзага келса, унга сабабчи бўлганларнинг гуноҳи янада оғирлашади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Бир фоҳиша аёл чўлда қудуқ ёнида ҳансираб сувсизликдан ўлар ҳолга келган ит ёнидан ўтиб қолди. Унга раҳми келиб оёқ кийимини ечиб, уни рўмолига боғлаб қудуқдан сув тортиб олиб уни суғорди. Аллоҳ таоло унинг мана шу иши учун гуноҳларини кечирди”.[2]

Сув бериб бир жонни ҳаётини сақлаб қолгани учун фоҳишанинг гуноҳини кечириб юборган Аллоҳ таоло махлуқотларини сувдан маҳрум қилаётган кишини қандай азобларга гирифтор қилиши мумкинлиги ҳақида хулоса қилиш лозим. Фақат ўзини ўйлаб сувни исроф қилиб, бошқаларни ундан маҳрум қилаётган киши, гарчи у жуда ибодатли бўлса ҳам, Аллоҳ таолонинг махлуқотларига раҳм шафқат қилмай, уларни сувдан маҳрум қилгани учун охиратда Унинг раҳматидан қуруқ қолади.

Илм аҳли сувни тежаб ишлатиш лозимлиги, унинг нақадар қадрли неъмат экани ва исрофга йўл қўймаслик ҳақида, маҳалла-кўй, ёшлар ўртасида тушунтириш беришдан ўзларини олиб қочмасликлари лозим. Токи улар билишсин ва сувни эҳтиёждан ташқари ишлатмасдан, унинг қадрига етсинлар.

Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
[1] Аъроф, 31.
[2] Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. 3321-ҳадис.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …