Home / МАҚОЛАЛАР / САОДАТГА ЭЛТУВЧИ ЙЎЛ

САОДАТГА ЭЛТУВЧИ ЙЎЛ

Ўзбекистонда COVID-19 коронавирус пандемиясига қарши кураш доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар таҳсинга сазовор. Аммо халқнинг бошига тушган бундай мураккаб вазият кимнинг ким эканлигини кўрсатган ҳақиқий синов бўлди, десак хато бўлмайди.

Ҳукумат томонидан эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган хайрли ишлар, меҳнат жамоалари ва саховатли фуқароларнинг ташаббуслари билан хайрия маблағлари коронавирусга қарши кураш мақсадида ташкил этилган “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” фондига ўтказилиши чинаккам фидойиликдир.

Аммо шундай бир мураккаб шароитда айрим фуқароларнинг ношукрлиги сабаб саховат тадбирларидан нолишлари, дўкон ва бозорларда озиқ-овқат маҳсулотларини ёппасига харид қилиб ваҳима тегирмонига сув қўйишлари, айрим “тадбиркорлар”нинг тиббий ниқоб, дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотларини нархини ошириб сотишлари оқибатида гуноҳга ботаётганлиги ҳам бор гап.

Ҳазрат Алишер Навоий ўзининг “Маҳбуб ул-қулуб” (Кўнгилларнинг севгани) асарида нафсни тийиш, тавба, шукр, қаноат, эҳсон қилишга оид қимматли панду-насиҳатларини айнан шундай тоифа кишиларига қарата айтилган десак, муболаға бўлмайди. Жумладан, “Нафсингдан сенга зулм етса, надомат эшигини оч ва Тангри паноҳига қоч. Ва тавба этагига қўл ургинда, шу тавба устида мардонавор тургин”, дея мутафаккир тийиқсиз нафс туфайли етадиган зулм-гуноҳдан киши чин кўнгилдан тавба қилиш ва шу тавбада собит туриш орқали фориғ бўлишига далолат қилади.

Шунингдек, “Агар нафси баддан (бировдан) – сенга зулм етса, сен шукрни вожиб бил ва Тангрига ҳамд айтгинки, золим сен эмассан. Мазлумликка мубтало бўлиш золимлик балосидан яхшироқдир” дейди. Шоир бу билан – агар баднафс кишидан сенга зулм етса, сени золим қилиб яратмагани учун Оллоҳга шукр қилиб, унга мақтовлар айтгин, чунки мазлумнинг ўзгалардан зулм чекиши, золим бўлиб бошқаларга зулм ўтказишдан кўра яхшироқдир, дейди.

Байт:

Киши минг зулм агар чекса, керакким бўлмаса қонеъ,

Вале бир зулмға минг навъ керакким англаса монеъ.

Шарҳи шуки, кишига агар минг зулм етса ҳам қаноат қилиб, шукрини бажо келтириши керак. Лекин ўзи бировга бир зулм етказмоқчи бўлса, буни қилмаслик учун ўзига мингта тўсиқ қўйиши яъни, зулм қилишдан чекланиши керак, дейилмоқда.

 Мутафаккир, “Қаноат – эҳтиёжсизлик белгиси ва шараф ва иззат зийнати. Қаноатли фақир бойдир ва шоҳу гадодан эҳтиёжсиздир. Тама – хор-зорликка далил ва тамагир бой эса хору зордир. Киши тама билан ё бирор нарса қўлга киритади ёки киритмайди. Лекин, тама қилмаслик ҳеч бир саховатдан қолишмайди”, деб қаноатни эҳтиёжсизлик, ҳурмат-иззат ва ҳақиқий бойликнинг манбаи эканлиги, тама қилмасликнинг ўзи эса саховатлилик эканлигини маълум қилади.

Эҳсон зикрида, “Бой киши тириклигида эҳсон қилиб кўнгилларни шод қилмас экан, вафотидан кейин ҳеч ким уни дуо билан ёдга олмайди. Эҳсон тириклик чоғида кишига яхши ном келтиради, вафотидан кейин эса унга дўзахдан нажотдир”, дея инсонларни эҳсон қилиш орқали  икки дунё саодатига эга бўлишга чақиради.  

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, улуғ аждодларимизнинг бой маънавий мероси асрлар оша инсониятга йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилмоқда. Уларнинг қимматли ўгитлари, панду-насиҳатларидан баҳраманд бўлиш ва ҳаётда уларга қатъий амал қилиш кишини маънан юксалтириб, уни саодатга чорлайди.

Зеро, ўзбек халқи азалдан ўзининг бағрикенглиги ва сахотватпешалиги билан дунёга танилган бўлиб, у ўзининг шонли тарихида бунданда оғир синовларни, қонли урушларни, қаҳатчилигу-ўлатларни, даҳшатли очарчиликларни, қатағонларни кўрган ва улардан сарбаланд ўтган халқдир. Кўпга келган ушбу синовдан ҳам халқимизнинг муваффақиятли ўтишига асло шубҳа йўқ. Бунинг учун ҳар биримиздан инсонийлик тамойилларига садоқат ва ҳамжиҳатлик талаб этилади.

Бахтиёр Турсунов,
Имом Бухорий халқаро илмий-
тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …