Англашимиз керакки, жаҳолатдан ёмонроқ фақирлик бўлмагани каби, ақлдан яхши бойлик топилмайди. Яна маслаҳатли бўлиш яхши суянч эканлиги, тадбирли бўлиб ҳаракат қилиш ақл соҳибларининг фазилати – гўзал ахлоқли, шубҳали нарсалардан йироқ бўлиш, ҳаёли ва сабр-тоқатли бўлиш имконияти бизга инъом этилган.
Тарихдан маълумки, жонажон диёримиз бағрида яшаб, фаолият олиб борган аждодларимиз, ўз даврларида не-не машаққатларни ўта сабр билан, вазмин ҳолда, матонат билан енгиб ўтган. Бу эса, бизга ибрат мактабидир.
Иброҳим Адҳам ўзларининг яшаш ҳолатларини таърифлаб айтганларидек, «Бори (бергани)га шукр қилиб, йўғида сабр қилиб», қаноат билан истиқоматда бўлсак айни мақсадларимиз, муддаоларимиз ҳосил бўлишига сабаб бўлади.
Чунончи, «сабр баракотлар калитидур» унинг соҳиби бўлсак, қаерга борсакда йўлимиз, ишимиз баракали бўлади.
Бугунги кунда дунё ҳамжамиятини ларзага келтирган миттигина вирус, барчани огоҳликка даъват этаётгани, жумладан, юртимизга ҳам бу иллатнинг кириб келиши халқимизнинг саломатлиги йўлида кишилар ҳаёт тарзини бироз бўлсада чекловларига сабаб бўлди.
Бунга жиддий ёндашиб, мутасадди-фидойиларимиз, жонкуяр раҳбарларимиз, дуогўй уламоларимиз берган кўрсатмаларига қатъий амал қилиб, шижоат билан, баҳорий кўтаринки кайфият билан, ўзимизни турли нохуш ҳолатларга ташламасдан, турли кўнгилхираликларга эргашмасдан, уларнинг фитнаю фасодларига учмасдан ҳаракатда бардавом бўлсак, албатта, сабримизнинг мукофотини Яратганнинг Ўзи кенг даргоҳидан шифо эшикларини очиб қўяжак.
Нуҳ алайҳиссалом кемадан тушганларида бутун ҳудудни вабо касали чулғаб олади. Шунда ул зот билан бирга келган уч ўғиллари ва завжаларидан ташқари қолган инсонлар мазкур касалликдан ҳалок бўлади. Фақатгина Нуҳ алайҳиссалом тадбирли бўлиб, ақл билан иш кўрганликлари сабаб омон қолганликлари ибратдир.
Қарангки, юртимизда COVID-19 инфекцияси тарқалишини олдини олиш ва унинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида ўз вақтида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Айни кунларда ёш болалар, мактаб ўқувчилари ва талабалар ҳамда ишчи фуқаролар ўз уйларида ўтиришлари, турли тадбир ва кечалар, йиғинлар ўтказмаслик таъкидланиши бу – иллатнинг олдини олишнинг энг самарали ечимларидан эканлиги ҳақиқатдир.
Шунингдек, фуқароларга бир қатор шарт-шароит ва имкониятлар ҳам яратиб берилаётгани ҳам бизнинг манфаатимиз учунлигини ҳис қилмоғимиз зарур.
Мазкур карантин даврида уйда қолиб оёқни чўзиб ётиш эмас, балки, юрт, халқ бошига ташвиш тушганда, жиддий эътибор билан, бунинг олдини олиш борасида ўз ҳиссамизни қўшиш ҳақида ҳамфикр бўлиб мулоҳаза қилсак, ҳеч бўлмаганда турли солиқлардан қарздорлигимиз (ёки олдиндан тўлов) бўлса ҳам имкон топиб онлайн тўловни амалга оширсак, қарздорлигимиз гардандан соқит бўлади. Энди «мана айтишди, карантин даврида солиқларни тўламаса ҳам бўларкан, кредитларни бермасак ҳам бўларкан», деб қараб турмаслик керак, аксинча, имкон топиб ҳимматли бўлиб қарзларни ўз вақтида тўлашлик – яхши кишиларнинг фазилатидир.
“Имкон топган қир ошар” деганларидек, бундай пайтда муҳтожларга ҳиммат қилсак, ён атрофимиздаги кишиларга ўзимизга раво кўрган яхши нарсаларни улашсак эртага натижаси, мукофоти бўлади, албатта. Эл орасида иззатимиз, ҳурматимиз ҳам шу қадар баланд бўлади.
Бугун маълум муддат сукут сақласак – саломатликни топамиз, яхшилик қилсак – тинч-тотувлигимиз мустаҳкам бўлади, муҳтожларга саҳоват қилсак – буюкликни топамиз, қаноату сабр қилсак – ризқу рўзимиз янада зиёда бўлади инша Аллоҳ.
Оғир кунларда халқнинг дардига дармон бўлмоқ вазифамиз эканлигини тушуниб, моҳиятини англасак, четда қараб турмасдан қувватимиз етса хизмат қилсак, мутахассисларнинг кўрсатмаларига қатъий роия қилсак тез кунларда бу бало юртимиздан даф бўлади. Азизлар, уйда қолиб ҳимматли бўлинг!