Home / МАҚОЛАЛАР / Марказнинг манбалар хазинасида сақланаётган “Усмон мусҳафи”

Марказнинг манбалар хазинасида сақланаётган “Усмон мусҳафи”

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар хазинасида “Усмон мусҳафи”нинг ажойиб китоб-альбоми сақланмоқда. ИҲТнинг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини ўрганиш маркази (ИРСИКА) томонидан тақдим этилган ушбу китоб Тошкентда сақланаётган “Усмон мусҳафи” сингари Қуръони қаримнинг қадим нусхаси асосида тайёрланган.

Мазкур китоб-альбомни тайёрлашда Туркиядаги “Тўпқопи” саройи музейида сақланаётган қадимги мусҳаф нусхаси асос қилиб олинган. “Тўпқопи мусҳафи” номи билан аталадиган ушбу нусха бугунги кунда дунё бўйича мавжуд “Усмон мусҳаф”ларининг энг қадимгиларидан биридир. Кийик терисига ёзилган мусҳаф музейда 44/32 рақам остида сақланади ва 408 варақдан иборат[1].

Мусҳафнинг тарихи ҳақидаги дастлабки маълумотларни унинг аввалига қўшилган варақдан олишимиз мумкин. Унда мусҳаф Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврларида ёзилгани ва йиллар давомида Миср пойтахти Қоҳирада сақлангани, 1226 ҳижрий санада (1881 йил) Миср ҳокими Муҳаммад Али Пошо Усмонли турклар империяси султони Султон Маҳмуд II га ҳадя тариқасида юборгани қайд этилган.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, 1226 ҳижрий йилнинг 20 Жумодул аввал ойида (1811 йил, 12 июнь) ёзилган ушбу бир бетлик маълумот шу даврларда бизнинг диёрда истеъмолда бўлган туркий тилга жуда ҳам яқин ва ўқиганимизда қийинчиликсиз тушуна оламиз. Жумладан, саҳифада қуйидагиларни ўқишимиз мумкин: “Ҳазрат Муҳаммад алайҳи афзалут таҳийёт ваттаслим афандим ҳазратларининг саҳобаи чори арконилари, унвон ва шонлари, халифаи солис, жомиъул Қуръон Усмон ибн Аффон номи ила маъруфи жаҳон ва маълуми замину осмон, кони ҳаё, маъдани ҳилм, котиби ваҳйи само ҳазрат Зиннурайн розияллоҳу анҳу зоти шарифларининг муборак хомаи ва фасоҳати жомалари ила имло буюрил(г)он. ….муддати мадийда ва синийни адида хазинаи Қоираи Мисрда макнун ва маҳфуздур”. Бу бизга шундай кичик хулоса бериши мумкинки, икки аср олдин Турк султонлиги ва Мовароуннаҳр халқлари тили бир бирига жуда яқин бўлган ёки бўлмаса бу ёзув котиби асли бизнинг диёрдан бўлиб, мусҳафи шариф аввалига ўз она тилида мазкур маълумотни ёзиб қолдирган.

  Мусҳаф бўйича олиб борилган тадқиқотлар китоб-альбомнинг аввалида батафсил келтирилган. Турк тадқиқотчилари мазкур маълумот ва умуман мусҳаф устида изланиш олиб бориб, нусханинг илк “Усмон мусҳафи” билан боғлиқлиги ҳақида қуйидагиларни айтганлар:

Маълумки, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврида ёзилган мусҳафларга ҳеч қандай нуқта ва белгилар қўйилмаган. Бу иш бироз кейин, Қуръонни тўғри ўқишга кишилар, хусусан, араб бўлмаган мусулмонлар қийнала бошлагач, Абул Асвад Дуалий[2] томонидан қўйилиб бошланган ва бу жараён янги мусҳафлар устида олиб борилган. “Тўпқопи мусҳафи”га эътибор қаратилса, нуқталарга ишора қилувчи қия чизиқлар ва қора нуқталар, ҳаракатларни билдирадиган қизил нуқталар қўйилганига гувоҳ бўламиз. Яна тўпқопи мусҳафида оятлар тугаган жойларда, ҳар бешта, ҳар ўнта, ҳар юзта оятдан кейин махсус белгилар қўйилган.

Шу ва бошқа жиҳатларни инобатга олиб, тадқиқотчилар бу мусҳаф Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг давридан анча кейин, мусҳафларга белгилар қўйиш бошланган даврда, тахминан биринчи ёки иккинчи ҳижрий асрда ёзилган деган хулосага келганлар[3]. Лекин унинг Муҳаммад Али Пошо томонидан Султон Маҳмуд II га юборилгани ҳақиқатлигини таъкидлаганлар[4].

Китоб аввалида “Усмон мусҳафи” ва араб ёзуви тарихига оид кўплаб қимматли маълумотлар берилган. Бугунги кундаги мавжуд мусҳафлардаги айрим фарқ қилувчи жиҳатлар сабаби очиқланган. Улар қиёсий ўрганилган.

Асар муқаддимасида ушбу тадқиқотдан мақсад каломи шарифнинг қадимги нусхалари билан танишиш имкониятини мусулмон оламига тақдим этиш ва шунинг билан бирга 14 асрдан бери Қуръоннинг бирорта ҳам ҳарфи ўзгармаганини, Аллоҳ ўзининг “Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз[5], деган ваъдасини амалга ошириб келаётганини дунё оммаси олдида яна бир карра исботлашдан иборатлиги таъкидланган.

“Тўпқопи мусҳафи” бугунги кунда деярли тўлиқ шаклда сақланган кам сонли энг қадимги нусхалардан биридир. Ундан атига икки саҳифа мавжуд эмас. Моида сурасининг 3-оятининг “الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ” [алява акмалту лакум дийнакум] (Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим), деган қисмидан 8-оятнинг “يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُونُوا قَوَّامِينَ لِلَّهِ” [я аййиҳал лазийна ааману кунуу қоввамийна лиллаҳ] (Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ учун (тўғриликда) собит турувчи), деган қисмигача, “Исро” сурасининг 17-33 оятлари йўқолган. Яна айрим жойларида варақларининг зарарланиши оқибатида баъзи оятлар ўчиб кетган. Китоб мақаддимасида ҳаммаси бўлиб 23 оят ўчиб кетгани айтилган. Бундай ноёб хазина бугунги кунда мусулмонлар қўлидаги замонавий “Усмон мусҳафи” билан солиштириш учун ва “Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз” ояти замонлар оша ўзининг исботини топиб келганини оламга эълон қилиш учун айни муддаодир.

Китоб-альбомда ушбу солиштирув гўзал услубда олиб борилган. Уни очганимизда ўнг тарафдаги варақда мусҳафнинг расми ўрнатилганини кўришимиз мумкин. Ёзувлар 18 қатордан иборат. Чап тарафдаги варақда эса замонавий, ўқиш осон бўлган араб ёзувида расмдаги оятлар қайта ёзиб чиқилган. Пастки ҳавола қисмида айрим сўзлар Қоҳирада, Санъода (Яман) ва Маккада сақланаётган қадимги мусҳафлар билан солиштирилган. Қиёсий таҳлил қилинган.

Солиштирув натижасида Аллоҳнинг мўжизаси, яъни ҳижрий 1 ёки 2 асрда ёзилган мусҳаф ҳижрий 14 асрда ҳам ўзгаришсиз келаётгани, бирор бир ҳарф тушуб ёки қўшилиб қолмаганини гувоҳи бўламиз. Бу эса илоҳий дастурнинг қиёматга қадар ўзгармай қолиши ҳақидаги имонимизни янада сайқаллайди.       

Яна китоб-альбомда “Усмон мусҳаф”нинг бугунги кунда мавжуд энг қадимги нусхаларидан намуналарни ҳам кўрамиз. Дастлаб Тошкентда сақланаётган мусҳафдан намуна келтирилган. Истанбулда, Қоҳирада, Лондонда, Парижда, Санк Петербургда, Берлинда, Санъода  сақланаётган мусҳафлардан намуналар берилган.

Салкам 13 асрлик тарихга эга ушбу мусҳафнинг альбом нусхаси бугун Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар фондини бойитиб турибди. Бу бизга Аллоҳнинг каломига доир қимматли бойлик бўлиш билан бир қаторда Қуръоннинг ноёб қўлёзмалари билан шуғулланишни мақсад қилган тадқиқотчилар учун муҳим манба вазифасини ўтаб беради.

Усмонхон Муҳаммадиев
Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари

        

[1] “Мусҳафи шариф” мансуб ила Усмон ибн Аффон / Доктор Тойёр Олти Қулоч таҳқиқи остида. -Истамбул. ИРСИКА. 2019. Ж.:1 -Б.:74. 
[2] Абул Асвад Дуалий, улуғ тобиъийнлардан, Исломнинг катта уламоси. Басрада қозилик қилган. Унинг икки иши тарихда қолган: наҳв (араб тили грамматикаси) илмига асос солган ҳамда аввал нуқталарсиз ва ҳаракатларсиз бўлган Қуръони карим ҳарфларига нуқталар қўйиб чиққан. Ҳижрий 67 (милодий 687) йили вафот этган.
[3] “Мусҳафи шариф” мансуб ила Усмон ибн Аффон / Доктор Тойёр Олти Қулоч таҳқиқи остида. -Истамбул. ИРСИКА. 2019. Ж.:1 -Б.:88.
[4] Ўша китоб. -Б.:73  
[5] “Ҳижр” сураси, 9 оят.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …