Home / АЛЛОМАЛАР / ФАЗЛУЛЛОҲ АБУЛЛАЙСИЙ CАМАРҚАНДИЙ

ФАЗЛУЛЛОҲ АБУЛЛАЙСИЙ CАМАРҚАНДИЙ

Фазлуллоҳ Абуллайсий буюк фақиҳ Абу Лайс авлодидан бўлиб, унинг тўлиқ исми Хожа Жалолиддин Фазлуллоҳ Абулайсий (Фазлуллоҳ ибн Абдулвоҳид ибн Абулайс Самарқандий). Аллома Темурийлар даврида фаолият олиб борган машҳур кишилардан ҳисобланган. Алломанинг қачон туғилган санаси ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Тахминан 1470 йил атрофида вафот этган. Аллома фалсафа, фиқҳ ва араб тили борасида ўша пайтда Самарқанд олимларининг пешқадами ҳисобланган. Аллома ўша даврнинг энг машхур олимлари Али Қушчи, Саъдуддин Тафтазоний, Мирзо Улуғбек билан бирга мадрасаларда толиби илмларга дарс берган ва илмий тадқиқотлар олиб борган.

Алишер Навоийнинг Самарқанддаги ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз кетганда, хусусан, Абуллайсийлар хонадонининг эътибори ва аҳамияти алоҳида таъкидланади. Чунки Навоийнинг ўзи ҳам асарларида бу хонадоннинг забардаст вакили Фазлуллоҳ Абуллайсийни, унинг фарзандлари Хожа Хованд Абуллайсий, Хожа Абулқосим Абуллайсийларни ниҳоятда ҳурмат билан эслайди. Алишер Навоий ўз асарларида эътироф этишича Самарқандда Муҳаммад Олим Самарқандий, Хожа Ҳусрав, Алои Шоший каби олимларнинг суҳбатидан ташқари кўпроқ вақтини Фазлуллоҳ Абуллайсий оиласида ва унинг мадрасасида ўтказган. Манбаларда қайд этилишича, Самарқанддаги ҳозирги Фақиҳ Абуллайс масжиди ҳудудида у зотнинг хоноқоҳ-мадрасаси бўлган. Буюк адиб ва давлат арбоби Алишер Навоий 1465-1469 йилларда шу ерда яшаб, мавлоно Фазлуллоҳ Абуллайсийдан тафсир, ҳадис, фиқҳ араб тили ва шериятдан дарс олган. Навоийнинг ўзи “Мажолис ан-нафоис”да, Хондамир ва Мирхонд асарларида ушбу маълумотларни келтирган. Бу маълумотлардан билиш мумкинки, устоз ва шогирд ўртасида жуда яқин муносабат бўлган. Кейинчалик Алишер Навоий устоз мени фарзандим дер эдилар, деб фахр билан эслайди. Унинг мадрасасида фақат Алишер Навоий эмас, балки Юсуф Андижоний, Юсуф Сафоий, Ҳаримий Қаландар , марвлик Нодир, хоразмлик Бақоий, қундузлик Муҳаммад Бадахший каби неча ўнлаб шогирдлари бўлган. Фазлуллоҳ Абуллайсийлар хонадонининг Шарқда шуҳратланиши фақиҳ Абуллайс ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Самарқандийдан бошланган эди. Фазлуллоҳ Абуллайсий яшаган давр Ўрта Осиё халқларининг қадимий маданияти устига жаҳон маданий бойликларининг Самарқанд ҳамда Бухорода тўплаган вақтидурки, Фазлуллоҳ Абуллайс бу адабий-маданий хазиналаридан ўз даврига кўра тўла фойдалана олган киши бўлган.

Алишер Навоийнинг Самарқандда Фазлуллоҳ Абуллайс даргоҳини маъқул кўриши, у даргоҳга қараб интилишининг бош сабаби ҳам шунда эдики, фақиҳ Абуллайс авлодларининг маданий анъаналарини темурийлар даврида ҳам давом эттирган кишилардан бири Самарқанднинг “аъламу-л-уламо” (олимлар олими) Фазлуллоҳ Абулайсий эди. Унинг кутубхонасида бой маданий ва адабий мероснинг дурдоналари кўп бўлганидек, шахсан ўзи ҳам XV – асрнинг 60-70 йилларида Самарқанд олимлари ўртасида катта обрўга эга олим инсон бўлган.

Алишер Навоий Фазлуллоҳ Абуллайсийни Самарқанднинг энг катта олими эди, деб ёзади. Хондамир эса Мавлоно Фазлуллоҳ Абуллайсий зўр олимлиги ва донишмандлиги сабабли иккинчи Сино лақабини олган эди, дейди. Икки аллома ҳам устозининг ислом ҳуқуқшунослиги ва араб грамматикасида моҳир ва тенгсиз эканлигини таъкидлашади. Алишер Навоий “Мажолисун нафоис”, асарида бир қатор олимлар билан биргаликда  Фазлуллоҳ Абуллайсийнинг маданий савияси ва олимлар ўртасидаги мавқеи ҳақида ҳам муҳим маълумотлар келтирган. Сайид Шариф Журжоний тарбиясида етишиб, ундан “дарс айтурға ижозатнома” олган мударрис Фазлуллоҳ Абуллайсийнинг ҳуқуқшуносликда – Абу Ҳанифа соний ва араб тилини билишда Ибн Ҳожиб билан тенг даражадаги билимдон киши бўлганини Алишер Навоий мазкур асарида қуйидагича келтиради: “Фиқҳда ани Абу Ҳанифа соний дерлар эрди ва арабиятда Ибн Ҳожиб каффасида тутар эрдилар”[1].

Навоийнинг ёзишича, Фазлуллоҳ Абуллайсий Самарқандда вафот этган ва ўзининг улуғ бобокалони Абуллайс Самарқандий ёнига, унинг мақбарасида дафн этилган. Ҳозирда ушбу мақбара сақланиб қолмаган. Етмишинчи йилларда маҳалла аҳли қабрлар устига мўъжазгина айвонча қуришган. Самария, Қандия каби тарихий асарларда ёзилишича, Фақиҳ Абуллайс Чокардиза боғини эгаси бўлган. Кейинчалик боғ қабристонга айлантирилган. Фақиҳнинг ўзи қабристоннинг жанубий ғарбида дафн этилган. Ҳозирда бу жой Самарқанд шаҳри Дари занжир маҳлласи Вобкент кўчаси 82-уйда жойлашган. Фақиҳ Абу Лайс масжиди ҳудуди ҳисобланади. Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсийнинг қабри ҳозирги кунда Самарқандда халқ зиёратгоҳи бўлиб келмоқда.

Шунингдек, Фазлуллоҳ Абуллайсий масжид хонақоси ўрнидаги бугунги кунда Фақиҳ Абулайсий масжиди Марказий Осёдаги Алишер Навоий шахсиятига боғлиқ ягона нуқта ҳисобланади. Масжид қадимий 16 аср вақф ҳужжатларида 19 аср рус колониал архивларида ва бошқа тарихий ҳужжатларда ушбу қабр Фақиҳ Абуллайс мақбараси деб келтирилади. Қабр ёнидаги масжид фаолият кўрсатмоқда ва ҳозир ободонлаштирилмоқда. Мақбара сақланмаган. Бу ерда бошқа Абуллайсийлар ҳам дафн этилишган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, аллома ўз даврининг энг машхур илм соҳибларидан ҳисобланган.

Машраб Хидиров
Калом ва фиқҳшунослик шўъбаси илмий ходими
[1] Ўрта аср шарқ алломалари энциклопедияси. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти. Самарқанд 2016 й. Б – 410.

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …