Home / МАҚОЛАЛАР / Исломда бағрикенглик тамойиллари

Исломда бағрикенглик тамойиллари

Аллоҳ таоло ер юзида турли миллат ва элатларни, турли хил тилларда сўзлашувчи халқларни яратишининг ҳикматларидан бирини бундай баён этади: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво) дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат) лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”[1].

Аллоҳ мазкур оятда “Эй, инсонлар!” дея бутун инсониятга мурожаат қилиб, “Сизларнинг ота-онангиз бир” – яъни барчангиз Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалгансизлар. Шундай бўлсада, сизларни турли миллат, элат, халқ ва қабилаларга ажратиб қўйдик деб марҳамат қилди.

Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро иттифоқликда, аҳилликда, тинчлик-омонликда яшашга даъват этган. Муқаддас самовий китобларга назар соладиган бўлсак, унинг бирортаси урушни тарғиб қилмаган, аксинча, тинчлик, омонлик ва сулҳни илгари сурган. Қуръони карим эса уруш чиқариш йўлидаги фитнани қотилликдан ҳам ёмон жиноят ҳисоблаган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай амр қилади: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз! Бас, агар улардан бири, иккинчисининг устига тажовузкорлик қилса, бас, то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича, сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушингиз! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан тузатиб қўйинглар ва адолатли бўлингиз! Зеро, Аллоҳ адолатлиларни севар”[2].

Демак, халқларнинг, элат ва қабилаларнинг ҳар хиллиги урушиш, жанжаллашиш учун эмас, балки бир-бирлари билан топишиб-танишишлари, битта замин устида аҳил-иноқ бўлиб яшашлари учун экан. Бинобарин, бир ота ва бир онадан тарқалган инсониятнинг бир-бири билан Аллоҳ тақиқлаган ишлар туфайли урушиб-талашиб юриши Ислом динига ҳам, давлатимиз сиёсатига ҳам хилофдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кўплаб ҳадисларида бу ғояни илгари суриб, охирги (Вадо) ҳажларида: “Бир-бирингизнинг қонингиз ва обрўйингизни тўкишингиз, мол-мулкингизга тажовуз қилишингиз барчаларингизга ҳаромдир”[3], – деганлар.

Ислом динида бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенглик тамойиллари белгилаб берилган, унга кўра, инсон дини, ирқи, миллатидан қатъий назар мукаррам қилиб яратилган. Бу ҳақда Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик”[4], дейилган.

Ушбу мукаррамлик ҳар бир инсонни инсонлиги учун ҳам ҳурмат қилиш ҳаққини келтириб чиқаради. Исломда ҳар бир тирик жоннинг ҳурмати ва ўрни бор. Инсонларни турли эътиқодда бўлишлари Аллоҳнинг ҳоҳшига кўра бўлган ишдир. Аллоҳ инсонларга танлаш эркинлигини берган. Ҳар бир инсон Аллоҳнинг иши беҳикмат эмаслигини яхши билиши керак.

Муқаддас ҳадисларда миллатлараро можаролар, қонли тўқнашувлар қораланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким бекордан-бекорга муоҳид (исломни қабул қилмасдан ислом диёрида келишув асосида яшовчи одам)ни ўлдирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади”, – деб марҳамат қилганлар.

Ҳар хил миллат вакиллари гарчи динлари ва диний эътиқодлари ўзаро фарқ қилсада, бир-бирларининг тиллари, тарихлари, маданиятлари, миллий урф-одатлари ва қадриятларини билиш ва ҳурматлашга, ўзаро тотув бўлиб яшашга даъват этилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида дини бошқа бўлган қўшнига ҳам инсонийлик юзасидан яхши ва чиройли муомалада бўлишга буюрганлар.

Диний бағрикенглик – бу турли эътиқодларга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир Ватанда олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор, ҳамжиҳат бўлиб яшашини ифодалайди.

Диний бағрикенглик маданияти – шахснинг диний қадриятларни ҳурмат қилиши, бошқа динлар, урф-одатлар, диний урф-одатлар, ўзга диний қадриятлар, эътиқодлар ва турмуш тарзига нисбатан сабр-бардошлик, чидамлилик, виждон поклиги ҳамда руҳий покланишдир.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, инсоният тарихига назар ташласак, қайси жамиятларда аҳиллик, биродарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик жорий бўлса, тараққиёт, равнақ ва эл осойишталиги-ю халқ фаровонлиги ҳукм сурган. Аксинча, қай бир жамиятда муросасизлик, ўзаро хусумат кучайса, бундай жамиятларда уруш ва можаролар авж олган, юрт вайрон, эл пароканда бўлган. Аллоҳ таоло бандаларини урушишга, бир-бирларининг қонини тўкишга, можаролар чиқаришга эмас, қандай дин ва эътиқодда бўлишдан қатъий назар аҳилликда, бир-бирларига бағрикенгликда, ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурматлаган ҳолда яшашга буюрган. Халқимиз қон-қонига сингиб кетган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик мустақиллик йилларида янада ривожланди ва унинг ҳуқуқий асослари яратилиб, миллий сиёсатда мустаҳкам ўрнини топди. Бу сиёсатга ҳамда миллий ғоя негизига бир жамиятда яшаб, ягона мақсад йўлида меҳнат қилаётган 130 дан зиёд турли миллат ва элатларга мансуб кишилар ҳамда 16 конфессияда мужассам бўлган эътиқод аҳллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг мустаҳкам пойдевори асос қилиб олинган.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

  1. Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. “Тошкент ислом университети”. Т.: – 2004.
  2. Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари.
  3. Доктор Муҳаммад ибн Абду-р-Раҳмон Хумаййис. Усулу-д-дин инда-л-имам Аби Ҳанифа. -Ар-Риёз: Дору-с-самъий ли-н-нашр ва-т-тавзийъ, 1428/2007.
  4. Саҳиҳул Муслим асари.
  5. Мифтаҳу-с-саодат. Ж. 2.
  6. Имом ал-Бухорий сабоқлари. Журнал. 2006/3.
Абдуҳалим Муҳиддинов,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Калом ва фиқҳшунослик шўъбаси катта илмий ходими
[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Ҳужурот сураси 13-оят.
[2] Ҳужурот сураси, 9-оят. –Б. 516.
[3] Имом Муслим ривояти.
[4] Исро сураси 70-оят.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …