Х асрда Бағдодда яшаб ижод қилган ва жуғрофия соҳасида катта олим саналган Абул Қосим ибн Ҳавқал ал-Маусилий ан-Насибий ўзидан аввалги сайёҳларнинг китобларини ўрганади ва 942 йил рамазон ойида саёҳатга чиқади. У Шимолий Африка, Испания, Сицилия, Месопотамия, Эрон ва Ҳиндистонда бўлади ва ўз кўрганларини китоб қилади.
Ибн Ҳавқал асарининг бизгача етиб келган бир неча қўлёзма нусхалари мавжуд бўлиб, улар Голландия, Туркия, Франция, Англия ва Германия сингари мамлакатларнинг кутубхоналарда сақланади. Шунингдек, асарнинг Истанбулдаги Тўпқапу саройи кутубхонасида ҳам бир нусхаси 3346-рақам билан сақланиб турибди. Ибн Ҳавқал асарининг айрим қисмлари рус тилига таржима қилинган. Жумладан, Е.К. Бетгер Самарқанд, Насаф, Кеш, Шош, Уструшана, Исбижоб ва Фарғона қисмларини (Тошкент-1957) рус тилига таржима қилган. Бундан ташқари, асарнинг “Мовароуннаҳр” қисми ҳам Ҳ. Мамадалиев ва Р. Худойберганов томонидан ўзбек тилига ўгирилган.
Ушбу «Китоб сурат ал-ард» (“Ернинг сурати китоби”) асари 977-978 йиллари ёзилган бўлиб, унда Самарқанд шаҳри ва музофоти тўғрисида кўп маълумотлар битилган.
Жумладан, асар ўттизинчи бобининг кириш қисмида Самарқанд шаҳри ҳақида шундай сўз боради: “Шаҳарнинг қайси ерига назар ташласанг, у албатта сенга ёқимли туюлади. Қайси нарсага боқсанг, уни албатта гўзал ва ўзига мафтун этувчи деб топасан. Майдонлар ажралиб турибди, шаҳарни безаб турган ҳашаматли бинолар қад кўтариб турибди. У ерда сарв дарахлари чиройли экилган бўлиб, уларнинг ёнида ҳар хил ҳайвонларнинг – филлар, туялар, ҳўкизлар ва бошқа ёввойи ҳайвонларнинг ғаройиб шакллари ясалган. Улар худди бир-бирига ҳужум қилаётгандек ва бир-бирини синовчан кузатаётгандек, гўё жангга ёки беллашувга ҳозирланаётгандек бир-бирларига қарама-қарши қилиб қўйилган.
Қандай ажойиб манзара, бунга қанча-қанча маблағлар сарф қилинган ва бу манзара одамларнинг қалбларини нақадар ҳайратга солади. Бу манзаралар бу ерлаги оқар сувларда ҳам акс этади ва жозибали ҳовузларнинг сатҳи тўхтамай тўлқинланиб туради. Албатта, бу оқилона фикр маҳсули! Шаҳарда қасрлар ва баланд қурилган бинолар зич жойлашган. Улар ҳашаматли турар жойлар ва муҳташам саройлардан иборат бўлиб, буларнинг ҳаммаси ўтмишда буюк ва шавкатли подшоҳлар ҳукм сурганлигидан далолат беради.
Самарқанд шаҳрини қалъа девори ўраб туради, унинг тўрт дарвозаси бор. Улардан бири шарқ томонга қараган дарвоза Боб ас-Син деб аталган бўлиб, баландликда жойлашган. Унинг ёнидан кўп сонли зиналар орқали пастга ас-Суғд дарёсининг олдига тушилади. Ғарб томонга чиқувчи дарвоза Боб ан-Навбаҳор деб аталади, у ҳам баландликда жойлашган. Шимолий дарвоза Боби Бухоро, жанубий дарвоза эса Боби Кеш деб аталади.
Самарқанд шаҳрида катта бозорлар ва барча катта шаҳарларда бўлганидек, маҳаллалар, ҳаммомлар, карвонсапройлар ва уйлар мавжуд. Самарқандда оқар сув мавжуд бўлиб, у шаҳарга бир қисми қўрғошиндан ясалган осма ариқ орқали кириб боради. Бу ариқни кўтариб ўтказиш учун тупроқдан баланд ғов бунёд этилган. Ас-Саёрифа маҳалласидаги бозорнинг ўртасида айрим ерларда тепаликнинг устига тошлар терилган бўлиб, унинг устидан сув ас-Саффорин маҳалласидан оқиб чиқади ва Боби Кеш дарвозаси орқали шаҳарга кириб боради. Бу осма ариқнинг сатҳи бутунлай қўрғошиндан ясалган. Гап шундаки, шаҳар атрофидан чуқур пастлик ўтган бўлиб, илгари ундан шаҳар деворининг қурилиши учун лой олинган. Натижада унинг ичидан қазиб олинган тупроқ ва лойнинг миқдорига яраша катта хандақ ҳосил бўлган.
Шу сабабли унинг устидан шаҳарга сув ўтказиш учун бу хандақ ичида баланд ғов қуриш зарур бўлган. Бу осма ариқ қадимий, исломдан олдинги вақтларда қурилган бўлиб, шаҳар бозорларининг ўртасидан, Расъ-ат-тоқ номли ердан, Самарқанднинг энг аҳолиси зич бўлган ердан ўтган. Бу осма ариқнинг икки томонида вақф ерлари жойлашган бўлиб, улардан олинадиган даромад уни таъмирлаш ва яхшилашга ишлатилган. Унга қишин-ёзин қараб туриш вазифаси оташпарастларга юклатилган бўлиб, махсус тузилган шартномага кўра, бунинг эвазига улардан ғазна учун жон бошидан олинадиган жизйа солиғи олинмаган”[1].
Бундан ташқари, ушбу тарихий манбанинг ўттизинчи бобида жумладан шундай дейилади: “Самарқанд тупроғи энг унумдор ва қуруқ тупроқлардан ҳисобланади, агар кўча ёқалардаги одамларнинг уйларидаги оқар сувлардан кўтариладиган буғланишлар ва улардаги зич ўсувчи тол дарахтлари кўп бўлмаганда, баъзи табибларнинг айтишича, ортиқча қуруқлик, албатта, уларга зарар келтирган бўлар эди. Бу ерда яшайдиганларнинг бинолари пахса ва ёғочдан қурилган.
Шаҳар аҳолиси ўзининг чиройи билан ажралиб туради. Улар сахийлик қилишда, ўзларига кўп харажат сарфлаш ва ғамхўрлик қилишда ортиқча ҳаракат қиладилар, бунда улар Хуросоннинг кўпчилик шаҳарларидан устун турадилар, шунинг учун ҳам бу ҳол уларнинг маблағларини камайтириб юборган. Самарқанд Мовароуннаҳр одамларининг тўпланиш еридир, Мовароуннаҳрдаги энг яхши одамлар Самарқандда тарбия олганлар.
Шаҳар билан энг яқин тоғлар орасидаги масофа бир енгил марҳалани ташкил қилади, фақат унга бевосита Кўҳак номли бир кичик тоғ туташган бўлиб, унинг этаги Самарқанд деворигача чўзилган. Унинг узунлиги бир милга тенг. Бу тоғдан шаҳар бинолари қурилиши учун тош ҳамда идишлар шунингдек, шиша идишлар ясаш учун ишлатиладиган лой ва оҳак қазиб олинади …”.
Шунингдек, ушбу тарихий китобнинг ўттиз биринчи боби Самарқанд атрофи ва ундаги ариқлар ҳақида бўлиб, унда қуйидагилар ёзилган:
“Уларнинг сувлари Суғд дарёсидан оқиб келади… Сув тоғлар орасидаги ноҳиядан оқиб чиқиб, Бунжикатга, кейин эса “Турон боши” маъносини англатадиган Варағсар номли бир ерга етиб боради. Бу ердан Самарқанд ариқлари ажралиб чиқади ва водийнинг ғарбий қисмида Самарқанд томондаги рустоқлар уларга бевосита туташади. Водийнинг шарқий қисмидаги ариқлар эса Варағсар қаршисидаги Ғубор номли ердан бошланади, чунки айнан шу ерда тоғлар айрилиб, экин экиш ва ариқ ўтказиш мумкин бўлган ерлар бошланади. Варағсардан Наҳри Барш, Наҳри Бормиш ва Наҳр Башмин номли ариқлар бошланади. Наҳри Барш Самарқанд шаҳрининг ғарбий қисмигача оқиб бориб, ундан шаҳар ариқлари ва бу ариқлар бўйлаб бошидан охиригача жойлашган қишлоқларнинг ариқлари сув олади. Наҳри Бормиш шу ариқдан кейин жануб томонда жойлашган бўлиб, унинг бўйларида бошидан охиригача бир кунлик йул масофада қишлоқлар жойлашган. Башмин ариғига келсак, у Бормиш ариғидан жануброқдан оқиб ўтади ва бошидан охиригача жойлашган кўп сонли қишлоқларни суғоради, лекин у юқорида зикр этилган иккала ариқдан олдинроқ тугайди.
Бу анҳорларнинг энг каттаси Барш, кейин Бормишдир. Уларнинг иккаласида кийиклар юради. Бу ариқлардан кичикроқ ариқлар ажралиб чиққан бўлиб, уларнинг сони жуда ҳам кўп, шу туфайли улар ёрдамида қишлоқлар ва экинзорлар гуллаб яшнайди. Варағсардан катта ариқ охиригача майдонни Дарғам номли рустоқ эгаллайди унинг узунлиги 10 фарсах, эни эса тахминан тўрт ўлчовдан бир ўлчовгача. Бу ерда жойлашган рустоқлар Варағсар, Моймурғ, Санжарфағн ва Дарғам деб аталади. Ғубор ариғидан оқиб чиқадиган ариқлар қуйидагилардир, яъни: Наҳри Иштихон, Наҳри Синовоб ва Наҳри Бузможан”.
Ушбу китобда Иштихон тўғрисида шундай дейилади:
“Синовоб ариғи Бузможан ариғининг орқасидан оқиб ўтиб, Видор рустоқига етиб боргунча бир неча қишлоқларни суғоради, сўнгра ундан ўтгандан кейин Иштихон туманининг охиригача оқиб боради ва бошидан охиригача тахминан икки марҳала масофада гўё бир яхлит қароғни ташкил қилади. Бузможан ариғи ундан пастроқда, шаҳар томонда жойлашган бўлиб, Бузможан номли рустоқни суғоради. Иштихон ариғининг бошидан тахминан тўрт фарсах масофагача унинг сувидан фойдаланилмайди, кейин у кичик ариқларга бўлинади. Иштихон шаҳрига етиб боргунча тўққиз фарсах майдонни суғоради. Кейин у Иштихон шаҳрини ва унинг рустоқларини суғоради. У мазкур ариқларнинг энг йириги ҳисобланади.
Бу ариқларнинг ҳаммаси Суғд дарёсидан ажралиб чиқадиган бошланғич ариқлардир. Дарёнинг ғарбий томонида то Самарқанддан ўтмагунча ундан бирорта ҳам ариқ ажралиб чиқмайди. Дарёнинг бошидан Самарқанд шаҳрига етгунча бўлган масофа йигирма фарсахдан кўпроқдир”.
Китобда Пай ариғи тўғрисида жумладан шундай дейилган:
“Дарё Самарқанддан тахминан икки кунлик йўл масофа бўйлаб оққанидан кейин ундан Пай номли ариқ ажралиб чиқади. Бутун Суғдда бошқа бундай ариқ йўқки, унинг бўйларида ишлов берилган ерларнинг майдони, аҳолининг зичлиги, деҳқонларнинг бойлиги, қасрларининг муҳташамлиги, қишлоқларининг гуллаб яшнаши ва истеҳкомларининг сони Пайникидан кўпроқ бўлса, у бутун Суғднинг юрагидир. Пай ариғидан кўплаб ариқчалар оқиб чиқади, лекин мен улар ҳақида аниқ маълумотга эга бўла олмадим. Бу ариқ икки кунлик йўлдан ортиқ майдонни суғоради”.
Кўриниб турибдики. Ибн Хавқал воқеликни имкон қадар холис ёритишга ҳаракат қилган. Ўтмишда ҳам Самарқанд ва унинг музофоти ҳақиқатда жуда чиройли, улуғвор, чинакам маънода жаннатмакон маскан бўлган.