Home / ЯНГИЛИКЛАР / Америкалик олим, ватандошимиз Марказга 14 жилдлик Britannica энциклопедиясини тақдим этди

Америкалик олим, ватандошимиз Марказга 14 жилдлик Britannica энциклопедиясини тақдим этди

Одамлар бўладики, ҳақли равишда ҳам ўз юртида, ҳам хорижда обрў-эътибор топади. Бундай шахслар мамлакат учун ғурур ва нуфуз манбаи, халқлар учун ҳурмат-эътиборли намоянда саналади. Чунки Ватанига ҳам, бошқа давлатларга ҳам наф келтиради. Мамлакатнинг шон-шуҳрати айни мана шундай инсонлар туфайли юксалади.

Ph.D Акрам Ҳабибуллаев ҳозирги кунда Иллинойс университетининг (АҚШ) Яқин Шарқ тадқиқотлари бўйича адъюнкт-профессори бўлиб, айни пайтда Индиана университетида (АҚШ) Яқин Шарқ, Марказий-Евроосиё ва ислом тадқиқотлари бўйича библиограф лавозимида фаолият кўрсатади.

Олим кўплаб мамлакатларга илмий сафарларга боради, турли олий ўқув юртлари ва тадқиқот марказларида профессор-ўқитувчилар, “Шарқшунослик” йўналишида таҳсил олаётган магистрант ва талабалар олдида арабшунослик ва исломшунослик муаммолари бўйича маърузалар қилади.

Илмий ютуқларига келсак, Акрам Ҳабибуллаев 1984 йилда Тошкент давлат университетининг шарқшунослик факультетини тамомлаган. Филология ва манбашунослик бўйича Ph.D илмий даражасига Ўзбекистон Фанлар академиясида эришган. Шунингдек, Ратгерс университетида (Нью-Жерси, АҚШ) кутубхона-ахборот иши бўйича магистр даражасини олган. Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази (Буюк Британия), Пенсильвания университети (АҚШ), Принстон истиқболли тадқиқотлар институтида (АҚШ) илмий изланишлар ўтказган, Чикаго университетида (АҚШ) каталоглаштириш билан шуғулланган.

Олим Марказий-Евроосиё тадқиқотлари жамияти, Яқин Шарқ тадқиқотлари кутубхоначилари уюшмаси, АҚШ кутубхоначилари уюшмаси, Исломий қўлёзмалар уюшмаси каби тузилмалар аъзосидир.

Она тилидан ташқари рус, араб, инглиз, форс, қатор туркий тилларни билади.

Таржимонлик борасида яхши тажрибага эга (Яман ва Ливия).

Мана шу ажойиб ҳамюртимиз Индиана университетидан совға сифатида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига 14 жилдли Britannica энциклопедиясини («Британника») ҳадя қилди.

Britannica – бу АҚШнинг энг ёши улуғ универсал энциклопедиясидир. Унга шотландиялик маърифатчилар – ўймакор уста Эндрю Белл (1726-1809) ҳамда китоб савдоси ва нашр ишлари билан шуғулланувчи Колин Макфаркар (1745-1793) томонидан асос солинган. Уильям Смелли (1740-1795) таҳриридаги биринчи нашри 1768-1771 йилларда Эдинбургда чиққан. 1901 йилдан АҚШда чоп этилади (бош қароргоҳи Чикагода), мамлакатнинг йирик университетлари унинг маслаҳатчилари саналади.

Акрам Ҳабибуллаев ҳадяга қўшиб, Қуръони Каримнинг инглизча ва “Ал-Асмо Ал-Ҳусна” (“Яратганнинг гўзал исмлари”) китобининг немисча нашрларини ҳам тақдим этди.

ИБХИТМ
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …