Home / МАҚОЛАЛАР / Дунёнинг энг яхши аёллари ҳақида 10 ҳадис

Дунёнинг энг яхши аёллари ҳақида 10 ҳадис

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Солиҳа аёл, яхшилик (хайрли амал) қилмайдиган минг кишидан яхшироқдир”.
  2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Жаннатга кирган аёллар ер юзида қилган яхши ишлари (хайрли амаллари) учун ҳурлардан устун ва чиройли бўладилар”.
  3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар аёл ҳар куни беш вақт намоз ўқиса, Рамазон ойида рўза тутса, ўзини бегоналардан сақласа ва эрига итоат этса, улар унга:“ Жаннатга хоҳлаган эшикдан киринг ”, дейилади”.
  4. Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: “Бир куни камбағал бир аёл қўлида икки қизи билан олдимга келиб, овқат сўради. Мен уларнинг ҳар бирига биттадан хурмо бердим. Хотин хурмони оғзига солмоқчи бўлганида ва болалар ундан ушбу хурмони сўрашди. Аёл уни иккига бўлиб, қизларига берди.

Мен бундан жуда ажабланиб, хурсанд бўлдим ва бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдим, у зот: “Албатта, Аллоҳ уни жаннатга киритади ва дўзахдан озод қилади”.

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Энг яхши аёллар бу – кўзларингизни қувонтирган, буйруқларингизга итоаткор бўлган ва сизнинг йўқлигингизда ўзларини ва мол-мулкингизни ҳимоя қиладиганларидир”.

Буни айтиб бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нисо” сурасининг 34-оятини ўқидилар: “Эркаклар хотинлари устида раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир. Бас, ибодатитоатли ва (эрлари) йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзу ҳимояси билан (эрларининг молмулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинларяхши хотинлардир. Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало, уларга панднасиҳат қилинглар, сўнг (насиҳатларинг кор қилмаса), уларни ётоқда тарк қилингиз (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг), сўнгра (яъни шунда ҳам сизларга бўйсунмасалар), уринглар! Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Албатта, Аллоҳ энг Юксак ва Буюк бўлган Зотдир.

Муқотил айтади: “Бу оят Саъд ибн Робиъ ҳақида нозил бўлган. У рашкчи эди. Хотини Хубайба бинти Зайд ибн Абу Ҳурайра бўлиб, иккаласи ҳам ансорлардан эди. У эрига бўйсунмади, эри урди. Отаси қизини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келди ва: “Саъдга қизимни ёстиқдош қилган эдим, уни урди”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эридан қасосини олсин”, дедилар. Аёл отаси билан қасос олиш учун кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайтинглар, менга Жаброил алайҳиссалом келди”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Биз бир ишни хоҳлагандик, Аллоҳ бошқа ишни хоҳлади. Аллоҳнинг хоҳлагани яхшироқдир, − дедилар ва қасос олишдан қайтардилар.

Шуҳаний айтади: “Бир киши хотинини урди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилди. Аҳли ҳам у билан бирга бориб: “Эй Расулуллоҳ, фалончи қизимизни урибди”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қасос, Қасос, дея бошладилар. Бу иш амалга ошмаган ҳам эдики, ушбу оят нозил бўлди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биз бир ишни хоҳлагандик, Аллоҳни бошқасини хоҳлади”,” дедилар.

  1. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан бир даврада ўтирганларида Язиднинг қизи Асмо у зотга мурожаат қилиб, шундай деди: “Сиз менга отам ва онамдексиз, мен сизларга барча аёлларнинг вакили сифатида келдим, сиз учун жонимни беришга ҳам тайёрман. Шарқдан Ғарбгача бўлган барча аёллар Аллоҳ таоло сизни барча эркак ва аёлларга ҳақ билан юборганлигига, сизга ва сизни юборган Раббингизга имон келтирамиз. Мен уйда ўтириб, сизларнинг хоҳишингизни бажо келтирадиган, болаларимизни ювиб-тарайдиган кўплаб аёллардан бириман. Сизлар эркаклар биздан кўра қадрлироқдирсиз, чунки сиз жума намозларига, жамоа намозларга, ҳар йили ҳажга боришингиз ва Аллоҳ йўлидаги курашда қатнашишингиз мумкин.

Сизлар Ҳаж сафари ёки бошқа сафарга борганингизда, биз ўзимиз ва мол-мулкимизни сақлаб қоламиз, кийимингизни тикамиз ва бу хайрли ишларда қатнаша олмаймиз, эй Расулуллоҳ!”

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига юзланиб: “Бир аёл дин ҳақида бундан ҳам гўзалроқ гапирганини эшитганмисиз?” деб сўрадилар. Сўнг унга ўгирилиб: “Ортингга қайтиб, бошқа аёлларга айт. Сизлардан энг яхшингиз эридан уни нима мамнун қилишини сўраб, у хоҳлаган нарсани қиладиган, унинг фикрини маъқуллайдиганларингиздир. Буларнинг барчасини бажариш, хотинлар иштирок этолмайдиган ҳаракатлардан эр оладиган мукофотга тенг бўлади” – дедилар. Буни эшитган аёл орқасига ўгирилиб, қувонч билан: “Ла илаҳа иллаллоҳ” ва “Аллоҳу акбар” деди.

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар яхши оиладан келиб чиққан ва гўзалликка эга бўлган аёл эрининг вафотидан кейин турмушга чиқмасдан, кўнгилхушлик қилмасдан ва безанмасдан, умрининг охиригача ўз фарзандларини чиройли тарбиялаб, вояга етказса, у мен билан бирга Жаннатда бирга бўлади” – деб марҳамат қилдилар.
  2. Бир киши деди: “Эй, Расулуллоҳ, менинг хотиним унинг олдига борганимда: “Хуш келибсиз ҳазратим ва бу хонадон аҳлининг хўжайини!” – деб қарши олади. Қайғуга ботганимни кўрганида: “Бу дунё сизни қайғуга солмасин, охиратда сизда абадий тинчлик бўлади” – деб кўнглимни кўтаради, деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Унга айтингларки, у Аллоҳнинг энг суюкли бандаларидандир ва унга Аллоҳ йўлида юрган жангчи мукофотининг ярми ёзилади”.

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Умматимнинг энг яхши аёллари – эрларига дўстона муносабатда бўлганлари ва катта маҳр сўрамаганларидир”.
  2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Хотинларингизнинг энг яхшиси – покиза ва эрларига итоаткор бўлганларидир”.

Отабек МУҲАММАДИЕВ,
Нашрлар бўлими бошлиғи

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …