Home / МАҚОЛАЛАР / Одамларнинг ўзаро муносабати

Одамларнинг ўзаро муносабати

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا

Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли. Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир” (Нисо, 29-оят).

Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар” яъни, Аллоҳ таоло мўмин бандаларининг ўзаро, шариатда ҳаром қилинган ўғрилик, қароқчилик, зўравонлик, судхўрлик, порахўрлик, қимор каби йўл билан топилган молларини емасликка ва ишлатмасликка амр қилган. Ибн Абу Ҳотим: “Абдуллоҳ ибн Масъуд бу оятни “ҳукм ояти, насх қилинмаган, қиёмат кунигача насх қилинмайди” деганини”, айтган. Ибн Аббос: “Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар” ояти нозил бўлганида, одамлар: “Аллоҳ бир-биримизнинг молларимизни ейишдан қайтарди. Молларнинг афзали таом бўлади. Энди биз бирор кишининг таомидан ея олмаймиз, одамларга энди қандай бўлади?”, – дейишди. Шунда Аллоҳ таоло:

وَلَا عَلَىٰ أَنفُسِكُمْ أَن تَأْكُلُوا مِن بُيُوتِكُمْ أَوْ بُيُوتِ آبَائِكُمْ أَوْ بُيُوتِ أُمَّهَاتِكُمْ أَوْ بُيُوتِ إِخْوَانِكُمْ أَوْ بُيُوتِ أَخَوَاتِكُمْ أَوْ بُيُوتِ أَعْمَامِكُمْ أَوْ بُيُوتِ عَمَّاتِكُمْ أَوْ بُيُوتِ أَخْوَالِكُمْ أَوْ بُيُوتِ خَالَاتِكُمْ أَوْ مَا مَلَكْتُم مَّفَاتِحَهُ أَوْ صَدِيقِكُمْ لَيْسَ عَلَيْكُمْ جُنَاحٌ أَن تَأْكُلُوا جَمِيعًا أَوْ أَشْتَاتًا…

“…Сизнинг ўзингизга ҳам ўз уйингиздан ё оталарингизнинг уйларидан ё оналарингизнинг уйларидан ё ака-укаларингизнинг уйларидан ё опа-сингилларингизнинг уйларидан ё амакиларингизнинг уйларидан ё аммаларингизнинг уйларидан ё тоғаларингизнинг уйларидан ё холаларингизнинг уйларидан ё сиз калитига молик бўлган ёки дўстингиз (уйидан) емоқлигингизда (гуноҳ-танглик) йўқдир…” (Нур, 61-оят) оятини нозил қилди”, деди.

Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли” яъни, моллар тижорат йўли билан содир бўлган бўлиб, ўшанда ҳам ўзаро қалбдан розилик бўлса, ундан ейиш ҳалол бўлади. Молларни касб қилишда ҳаром қиладиган сабаблардан йироқ бўлиш лозим. Шаръий савдо сотувчи ва харидорнинг розилигидан келиб чиқади. Молларни ҳосил қилишда шунга эътибор қилиш керак. Маймун ибн Маҳрондан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Савдо икки томоннинг розилигидан келиб чиқади. Ихтиёр қилиш эса, келишувидан кейин бўлади. Мусулмон киши биродарини алдаши ҳаром ишдир”, – деганлар”[1], деди (Мурсал ҳадис). Имом Бухорий ва Муслимнинг ҳадисларида келгани каби, розилик бир мажлисдаги ихтиёрда бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Савдолашаётган икки киши, улардан ҳар бири савдолашиб турган жойини тарк қилгунга қадар иккинчисига молнинг ўзи хоҳлаган нархини таклиф қилиши ва иккаласи муайян бир нархга келишиб, савдони битиришса бўлади…”[2], – деганлар. Бухорийнинг лафзида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар икки киши бирор мол хусусида ўзаро савдолашса, улардан ҳар бири савдолашиб турган жойини тарк қилгунга қадар иккинчисига молнинг ўзи хоҳлаган нархини таклиф қилиши ва иккаласи муайян бир нархга келишиб, савдони битиришса бўлади…”[3], – деганлар.

Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир” яъни, дунё ёки охиратини ҳалок бўлишига сабаб бўладиган, Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишларни қилиб, гуноҳкор бўлиб, ўзингизни ўлдирманг. Аллоҳ сизларга буюрган ва сизларни қайтарган амалларда раҳмдилдир.

Бу борада уламолар турли хил фикрга келган. Баъзилар: “Мўминлар бир-бирини ўлдирмаслиги” деб таъвил қилишади. Бир-бирини ўлдиришлари муболаға қилиб қараганда, ўзларини ўлдиришга киради. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминлар бир нафс эгасидек бўлади”, – деганлар.

Баъзиларнинг фикрича: “Одам ўзини ўзи ўлдириши” деб таъвил қилишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзини темир (тиғ) билан ўлдирган киши, жаҳаннамда ўша темири қўлида бўлиб, темир билан қорнига оғриқ берилиб азобланади, у дўзахда абадий шу ҳолатда қолади. Заҳар ичиб ўзини ўлдирган киши, жаҳаннам оловида унга заҳарни мажбурлаб ичирилади. Тоғдан ўзини улоқтириб ўлдирган киши, жаҳаннам оловига улоқтирилади, у дўзахда абадий шу ҳолатда қолади”, – дедилар[4]. Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу дунёда ўзини бирор нарса билан ўлдирган бўлса, қиёматда ўша нарса билан азоб берилади”, – дедилар[5]. Ўзини осиб ўлдиришми, ўзини бирон бир улов остига ташлашми, ўзини портлатишми ва бошқа қандай йўл билан ўз жонига қасд қилиши шариатимизда ҳаром қилинган ишлар сирасига кириб, ундан жуда эҳтиёт бўлишга буюрилади.

Баъзилар: “Аллоҳ қайтарган гуноҳ ишларни қилиб баъзингиз баъзингизни молларини еб ўзингизни ўлдирманг” деб таъвил қилишади. Бу иш одамнинг инсонийлик фазилатини кетказади, ишларини бузади ва хотиржамлигини кетказади”, – дейшади. Ал-Қутбий: “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг” оятининг маъноси, “Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон! Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар ўзлари золимлардир(Ҳужурот сураси, 11) ояти каби, ботил йўл билан бир киши бошқа бир кишининг молини емасин, бир киши бошқа бир одамни ўлдирмасин”, – дейди. Яна бошқалар “Ўзингизни дангасалик ва бахиллик қилиб ўлдирмангиз”, – дейишади.

Ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирлари билан қандай муносабатда бўлишларини кўрсатмоқда. Шунингдек, бозордаги турли хил муносабатлар, порахўрлик, судхўрлик, гуёҳванд, ўз жонига қасд қилиш ва бошқа кўнгилни хира қиладиган муаммоларни шариатимизда нақадар ёмон иш эканини баён қилиб берган. Демак, ҳар биримиз бундай иллатлардан холи бўлишга ҳаракат қилиб, оиламизни, жамиятимизни, қолаверса, инсониятни тинч-тотувлигини таъминлашимиз зарур. Ислом дини доимо жамиятнинг мустаҳкам бўлиши учун қайғуради.

Оят шарҳи Муҳаллий ва Суютийнинг “Тафсирул жалолайн”, Муҳаммад Саййид Тантовийнинг “Ат-Тафсирул васит”, Абу Лайс Самарқандийнинг “Баҳрул улум”, Ибн Касирнинг “Тафсирул Қуръонил азим” асарлари асосида тайёрланди.

Қ. Маҳмудов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Куфий. Ал-Мусаннаф фил аҳодис вал осор. Ж. 4. –Риёз. Мактабатур рушд, 1988. –Б. 490.
[2] Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳи Муслим. Ж. 5. –Байрут. Дорул офоқил жадида. –Б. 10.
[3] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. Ж. 1. –Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” 2008. -Б. 347.
[4] Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳи Муслим. Ж. 1. –Байрут. Дорул офоқил жадида. –Б. 72.
[5] Абу Наим Аҳмад ибн Абдуллоҳ Асбаҳоний. Ал-Муснадул мустахраж ала саҳиҳи Муслим. –Байрут. Дорул кутубил илмийя, 1996. –Б. 180.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …