۱٠ – باب من أدرك والديه فلم يدخل الجنة
10-боб. Ота-онасини топиб жаннатга кира олмаган киши ҳақида
٢۱ – حدثنا خالد بن مخلد قال: حدثنا سليمان بن بلال قال: حدثنا سهيل عن أبيه عن أبى هريرة عن النبي صلى الله عليه و سلم قال: «رغم أنفه رغم أنفه رغم أنفه» قالوا: «يا رسول الله من» قال: «من أدرك والديه عنده الكبر أو أحدهما فدخل النار». أخرجه مسلم فى البر و الصلة (٨), و الترمذى فى الدعوات (٣٥٤٥).
- 21. Бизга Холид ибн Мухаллид ҳадис айтди, – деди. У: Бизга Сулаймон ибн Билол ҳадис айтди, – деди. У: Бизга Суҳайл отасидан у эса Абу Ҳурайрадан ҳадис айтди, – деди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин!” – дедилар. Шунда (саҳобийлар): “Ё Расулуллоҳ, кимни?” – деб сўрашди. (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ота-онасини ёки улардан биттасини катта ёшлиги (кексайиб қолган вақти)да топиб (уларни рози қилиб, дуосини олмай) дўзахга кирган кишини”, – дедилар.[1]
Ҳадиснинг умумий маъноси:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин!” – дедилар.”
Яъни, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам бу сўзларни “хор бўлсин, хор бўлсин” деган маънода айтдилар. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи валлам одатда ҳеч кимни ёмон дуо қилмас, қарғамас эдилар. У зотнинг муборак оғизларидан бундай сўзларни эшитиш саҳобаларни мутлақ диққатини тортди.
“Шунда (саҳобийлар): “Ё Расулуллоҳ, кимни?” – деб сўрашди.” (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ота-онасини ёки улардан биттасини катта ёшлиги (кексайиб қолган вақти)да топиб (уларни рози қилиб, дуосини олмай) дўзахга кирган кишини”, – дедилар.
Ота-она хизматини қилиб, уларнинг дуоларини олиш ҳар бир инсоннинг фарзандлик бурчидир. Ислом динида бу амал тавҳиддан кейин турадиган энг савобли ибодат даражасига кўтарилган. Бақара сурасининг 83-ояти, Исро сурасининг 23-ояти, Нисо сурасининг 36-ояти, Анъом сурасининг 151-ояти, Аҳқоф сурасининг15-ояти бунинг мисолидир.
Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларидан ҳам ота-онанинг фарзандидан хурсанд бўлиб унинг ҳаққига қилган дуолари фарзанднинг дунё ва охиратига нечоғлик фойдали эканлигини ушбу ҳадисдан ҳам билса бўлади. Ота-она доим фарзандининг камолини орзу қилади, ҳаётда ўзлари етолмаган муваффақиятларга фарзандлари эришишларини истаб яшайдилар. Фарзандлар ҳам ота-оналарининг ушбу покиза ниятларига муносиб тарзда уларнинг хизматларини қилиб, дуоларини олиш ҳаракатида бўлиши лозим ва фарз амаллардан бири ҳисобланади.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
- Ота-она кексайган вақтларида уларнинг хизматига эътиборли бўлиш.
- Уларнинг хизматидан бўйин товлаш Аллоҳ ва расулига нисбатан исён эканлиги.
- Ота-она хизматидан бўйин товлаган киши Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу дуоибадларига дохил бўлиши.
- Уларнинг хизматини қилиш билан Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг дуои хайрларига ҳамда Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш мумкинлиги.
- Ота-онасининг хизматидан бўйин тоблаган кишини охиратдаги борар манзили дўзах эканлиги
[1] Имом Бухорий. Ал-Адаб ал-муфрад. 10-боб, 21-ҳадис.