Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Имом Бухорий илм сафарида бўлган юртлар кўргазмаси ўтказилди

Имом Бухорий илм сафарида бўлган юртлар кўргазмаси ўтказилди

Жорий йилнинг 19 июль куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг таваллудига бағишлаб, “Саҳиҳ ал-Бухорий асарининг қўлёзма нусхалари” кўргазмаси ташкил этилди. Унда муҳаддиснинг шоҳ асари “Саҳиҳ ал-Бухорий”нинг энг қадимги нусхалари кўргазмаси ўтказилди. Шу билан бирга иккинчи яна аҳамиятли кўргазма “Дунё ислом шаҳарлари” номли ислом олами шаҳарларининг фото кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди.

Фотокўргазма Бухоро, Кеш, Хива, Макка, Мадина, Басра, Куфа, Бағдод, Дамашқ, Қайсария, Асқалон, Балх, Марв, Найсабур, Исфаҳон, Қазвин ва Эъзоб  каби шаҳарларнинг тарихий суратлари асосида ташкил этилди. Айнан бу шаҳарлар Имом Бухорийнинг илм сафари харитаси асосида жойлаштирилди. Кўргазма иштирокчилари бу тадбирда “Саҳиҳ ал-Бухорий”нинг қўлёзма нусхалари билан танишиш билан бирга буюк муҳаддис Имом Бухорий илм сафарида бўлган шаҳарларнинг тарихий сурати билан ҳам бевосита танишдилар.

Тадбирда Марказ директори ўринбосари тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Ш.Умаров сўзга чиқиб, “Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси” мавзусидаги маърузасида Имом Бухорий 40 йил давомида илм сафарида бўлиб, 600 минг ҳадис тўплаган шундан 200 минг ғойри саҳиҳ ва 100 минг саҳиҳ бўлган ҳадисларни ёд олганлиги ҳамда муҳаддис илм сафарида бўлган шаҳарлар ҳақида батафсил тарихий маълумотлар бериб ўтди.

Шунингдек, бугунги кунда дунёнинг қўлёзма фондларида энг кўп қўлёзма асарлар бу шубҳасиз, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асари эканлиги таъкидланди.  Имом Бухорий  халқаро илмий-тадқиқот маркази фондида ҳам 140 та  муҳаддиснинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асари нусхалари мавжудлиги тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

 “Дунё ислом шаҳарлари” халқаро фотокўргазмаси муаллифи Туркиялик машҳур фотогроф Орҳан Дургут ҳар бир сурат ҳақида тадбир иштирокчиларининг қизиқтирган саволларига жавоб берди. Муаллиф ўз асарларида дунёнинг 60 та Ислом шаҳарларида мавжуд бўлган тарихий бино ва муқаддас қадамжоларни акс эттирганлигини таъкидлаб, барча шаҳарлар фотосини Марказга туҳфа этишлигини билдирди.

Ўтказилган кўргазма барча учун қизиқарли бўлди ва айнан бу тадбир Имом Бухорийнинг таваллуд этиш ойи муносаати билан ўтказилганлиги ҳам катта аҳамият касб этди.

ИБХИТМ матбуот хизмати

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …