Абу Бакр Зайнуддин Розийнинг нодир асарларидан бири “Туҳфату-л-мулук” (“Ҳукмдорларга совға”) асари бўлиб, уни ҳанафий мазҳаби йўналишда яратилган кенг қамровли манбалардан бири сифатида баҳолаш мумкин. Зеро, унда шариат аҳкомлари ёритилиши баробарида барча замонларда ҳам актуал бўлиб қолган муаммоли масалалар ечими келтирилиши жараёнида бу каби ҳолатларга ҳам муайян даражада баҳо берилган.
“Туҳфату-л-мулук” асари муаллифи Зайниддин ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Абдулқодир Розий бўлиб, унинг тўлиқ исми шарифи ҳақида ҳанафий уламолар ихтилоф қилишган. Жумладан, Абу-л-Вафо ва Ибн Қутлубаға унинг исми “Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Абдулмуҳсин” бўлган деб айтишган. Аммо Тошкубризода эса бу исмга бироз қўшимча киритиб, “Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Ҳасан” дейди. Ҳожи Халифанинг наздида эса, “Зайниддин ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Ҳасан Розий Ҳанафий”дир.
Зайнуддин ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Абдулқодир Розий афкор оммасига “Мухтору-с-сиҳоҳ”, яъни “Ишончли сўзлардан сайланмалар” асари билан танилган. Шунинг учун кўпчилик луғатшунос уламолар мазкур йўналишда амалга оширган улкан ишларини эътироф этиб, уни “Ишончли сўзлардан сайланмалар” соҳиби деган ниҳоятда улуғ лақаб билан атаганлар.
Таниқли араб олими Абдулло ибн Назир ибн Аҳмад бу ҳақда шундай дейди: “Зайниддин ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Абдулқодир Розийнинг ҳаёти ҳақида батафсил маълумотлар олиш учун кўплаб катта-катта китобларга мурожаат қилдим, аммо у ҳақда батафсил маълумотлар топа олмадим. Шунинг учун, уни туғилганлиги, ёшлиги, вояга етганлиги, таълим олганлиги, таълим берганлиги, шайхлари, устозлари, қачон вафот этганлиги ҳамда унинг шахсияти билан боғлиқ ҳеч қандай маълумотга эга эмасман”.
Абу Бакр Зайниддин ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Абдулқодир Розийнинг тил, адабиёт, тафсир ҳамда фиқҳ фанларига доир асарларининг дунёдаги аксар мўътабар кутубхоналарнинг нодир қўлёзмалар фондларида кўплаб қимматбаҳо илмий қўлёзма нусхалари сақланаётган бўлса-да, афсуски, улар ҳали-ҳануз тадқиқ этилиб, ўқувчилар эътиборига ҳавола этилган эмас.
Манбаларда Абу Бакр Зайнуддин Розий қаламига мансуб қуйидаги асарлар зикр этилади:
- Абу-л-Бақо Акбарий ҳошия ёзган “Қуръони карим оятларининг нозил бўлиш сабаблари” номли асар.
- Қуръони карим тафсири илмига тааллуқли “Аз-Заҳаб ал-ибриз” номли асари.
- “Асъила ва ажвиба” (“Оммабоп савол ва жавоб”) асари.
- “Туҳфату-л-мулук” (“Ҳукмдорларга совға”) асарининг тадқиқ қилинган ҳолати.
- “Ҳадоиқу-л-ҳақоиқ” яъни “Ҳақиқат боғлари” номли асари.
- “Равзату-л-фасоҳа фи илми-л-баён” яъни, “Балоғат илмида фасоҳат боғи” асари.
- “Зуҳрату-р-рабиъ мин рабии-л-аброр” (“Яхшилар баҳоридан баҳорий гуллар”) номли асари.
- “Шарҳу-л-мақомоти-л-Ҳаририя” (“Ҳаририянинг “Мақомот” асари шарҳи”) номли асари.
- “Канзу-л-ҳикма” яъни “Ҳикматлар кони” асари.
- “Мухтору-с-сиҳоҳ”[1] яъни “Ишончли сўзлардан сайланмалар” асари. Зайнуддин Розий ушбу асари билан ўз даври уламолари орасида шуҳрат қозонди. Чунки у мазкур асарига ишончли сўзларни тўплади ва инсонларнинг кундалик ҳаётида керакли бўлган масалаларга тааллуқли сўзларни жамлаб, ал-Азҳар университети шайхлари ва бошқа кўплаб фақиҳларнинг асарлари воситасида ҳар томонлама бойитиб, мухтасар ҳолда оммани эътиборига ҳавола қилди.
Абу Бакр Зайнуддин Розийнинг исми хусусида ихтилоф бўлгани каби унинг вафоти билан боғлиқ санада ҳам турли фикрлилик мавжуд.
Унинг вафот этган йили тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқлигига қарамасдан, тарихчи олимлар: “Зайнуддин ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Абдулқодир Розий 666 ҳижрий санада ҳаёт эди”, – деган маълумотни келтирадилар.
Абу Бакр Зайниддин ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Абдулқодир Розий ҳақда кўплаб уламолар ўз асарларида фикр юритган. Жумладан, Абу-л-Вафо Қураший айтади: “Зайнуддин Розийнинг “Туҳфату-л-мулук” асари бир мужаллад бўлиб, асар 9 бобга ажратилган. Авваламбор, таҳоратга оид масалалар, сўнг намоз ўқишга доир баҳслар, закотга тегишли аҳкомлар, рўза тутишга оид фиқҳий масалалар, ҳаж ибодати билан боғлиқ ҳукмлар, ов қилиш ва қурбонликка доир аҳкомлар, мерос ва унга тааллуқли бўлган масалалар ҳамда ҳалол еб, ҳалол ичиш, ҳалол кун кечириш, ҳалол касб қилишга боғлиқ масалалар ҳамда одоб ва гўзал хулқ ҳақида кетма-кетликда тадрижий равишда ёритилган.
“Туҳфату-л-мулук” асари шарҳловчиси Муҳаммад ибн Абдуллатиф ибн Молик айтади: “Бу асар мухтасар, кичик ҳажмли бўлишига қарамасдан, ундан мусулмонларнинг ижтимоий, сиёсий, маиший, диний-руҳий ҳаётида керакли бўлган кўп нарсалар ўрин олган. Асар шу жиҳати билан инсонлар руҳий ва маънавий ҳаётининг кун сари бойитиб борилишида алоҳида аҳамият касб этади”.
Шу билан бир қаторда, Ибн Қутлубаға шундай айтади: “Зайнуддин Розийнинг қаламига мансуб “Туҳфату-л-мулук” гўзал бир асар мавжуд бўлиб, у ибодат қилиш соҳасида энг мухтасар ҳамда оммабоп китоб эканлигига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ”.
Абу Бакр Зайнуддин ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Абдулқодир Розийнинг “Туҳфату-л-мулук” асари шу йўналишдаги бошқа нодир китоблардан бир қанча фарқли жиҳатларига эга. Улар:
- Муаллиф ўз асарида гўзал ва енгил услублардан унумли фойдаланган ҳолда кўзланган масалаларни омма онгига синдиришга ҳаракат қилган.
- Асарда оддий инсонлар – мусулмон учун кундалик ҳаётида доимий зарурати сезиладиган муҳим жиҳатлар ёритиб берилган.
- Унда инсон учун руҳий, маънавий озуқа ҳисобланган таҳорат, ибодат, намоз, рўза ва закот ҳамда кундалик яшаш ҳаётига тегишли бўлган ҳалол касб ўрганиш ва одоб-ахлоқ, ейиш, ичиш ва кийишга тегишли нарсалар, шунингдек, ов қилиш ва ҳалол-ҳаром ҳақда сўз юритилади.
- Бундан ташқари, асардан дин ва миллат душманлари хусусида фикр юритилиб, жумладан, бир-бирини кўролмаслик, гина-кудрат ҳамда қаҳр-ғазабу уруш-жанжални тинчлик йўли билан бартараф этишга боғлик масалалар ўрин олганки, бу ҳар замону ҳар макон учун ўзининг муҳим аҳамиятни ҳеч қачон йўқотмайди. Эътиборлиси, айни шу жиҳат бугунги кунда юртимиз раҳбарияти, хусусан, муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган бунёдкор ғояларга тўла мос келади.
- Шу билан бир қаторда, муаллиф меросга тегишли бўлган шартлар ҳақида батафсил тўхталиб, унинг учта шарти бор эканини айтади: а) мерос қолдирувчининг вафот этиши; б) муайян даражада мол-мулкнинг мавжуд бўлиши; в) мазкур меросига эгалик қиладиган меросхўрларнинг мавжудлиги. Юқоридаги ҳар учала шарт топилгачгина мерос шариат аҳкомларига мувофиқ меросхўрларга тақсимланиши мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлайди Зайнуддин Розий.
- Асар охирида Зайниддин Розий болалар таълим-тарбияси ҳамда одоб-ахлоқи тўғрисида махсус тўхталиб, уларнинг жамият равнақидаги ўрни беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлайди. Албатта, ёш болалар одобли, хушхулқли, ота-онаси, қолаверса, эл-юртига содиқ хизмат қиладиган имонли эътиқодли ва салоҳиятли фарзанд сифатида вояга етиши зарурлиги ҳақидаги қимматли фикрлар билан асарга якун ясалади.
Давоми бор…
[1] Қаранг: Абу Бакр Розий. Туҳфату-л-мулук. –Байрут – Лубнон: Дору-л-башоири-л-исломия, 1417/1997. –Б. 12.