Home / ЯНГИЛИКЛАР / БИЗ БУГУН КЕЧАГИДАН КУЧЛИМИЗ Эртага бундан ҳам кучли бўламиз

БИЗ БУГУН КЕЧАГИДАН КУЧЛИМИЗ Эртага бундан ҳам кучли бўламиз

Истиқлол неъмати туфайли юртимизда нафақат давлат ва жамият ҳаётида улкан ўзгаришлар рўё берди, балки халқимизнинг маънавий дунёси, миллий ва диний қадриятларига муносабатида ҳам янги давр бошланди.

Мустақилликнинг 35 йиллиги халқимизнинг истиқлол йилларидаги фидокоро-на меҳнати, улкан иродаси ва бунёдкорлик салоҳияти билан босиб ўтилган мураккаб ва шарафли тараққиёт йўлини сарҳисоб қилиш, эришилган натижаларни янада чуқур англаш ва келгуси марраларни белгилаш учун муҳим тарихий палладир.

Зеро, мустақиллик бизга, аввало, ўзлигимизни англаш, миллий ғуруримизни тиклаш, шону -шарафимизни юксалтириш, динимиз, она тилимиз ва асрий қадриятларимизни эъзозлаш имконини берди. Бугунги кунда эса биз айнан эркин ва фаровон ҳаёт, тинчлик ва осойишталик, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, виждон эркинлиги ҳамда диний бағрикенглик каби юксак қадриятларни янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим асослари сифатида кўрмоқдамиз.

Инсон қадри улуғланган юрт

Президентимиз таъкидлаганидек, мустақилликнинг буюк аҳамияти, аввало, инсон қадри ва эркин ҳаётида намоён бўлади. Шу маънода, сўнгги йиллардаги ислоҳотларнинг бош мақсади инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар яратишга қаратилмоқда.

“Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя давлат сиёсатининг марказига чиқарилди. Илгари одамларни йиллар давомида қийнаб келган қатор муаммоларга барҳам берилди.

Энг муҳими, жамиятда ишонч ва хотиржамлик устуворлик касб этмоқда. Бу эса инсон қадрини улуғлашга асосланган янги Ўзбекистон ғоясининг амалий ифодасидир.

Истиқлол йилларидаги иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар натижасида аҳоли турмуш даражаси яхшиланмоқда, замонавий уй­жойлар қурилмоқда, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб­қувватлашнинг манзилли механизмлари жорий этилмоқда.

Бу жараёнлар диний­маърифий соҳадаги ислоҳотлар билан ҳам узвий боғлиқ. Чунки инсон қадрини улуғлаш, унинг эътиқодига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, виждон эркинлигини таъминлаш ва турли қарашларга бағрикенглик билан ёндашиш барқарор ва адолатли жамиятнинг муҳим шартларидир.

 Виждон эркинлиги —  мустақилликнинг улуғ неъмати

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, виждон эркинлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Кейинчалик мазкур қонун янги таҳрирда қабул қилиниши билан бу кафолатлар замон талаблари асосида янада такомиллаштирилди.

Бугун мамлакатимизда виждон эркинлиги конституциявий ҳуқуқ сифатида мустаҳкам кафолатланган. Диний соҳада дав-лат сиёсатининг ҳуқуқий ва институционал асослари такомиллаштирилиб, фуқаролар диний эҳтиёжларини қонуний ва эркин амалга ошириши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Бу мустақилликнинг инсон ҳаётидаги энг муҳим маънавий самараларидан бири-дир. Зеро, халқнинг эркинлиги фақат унинг сиёсий ва иқтисодий имкониятларида эмас, балки ўз маънавий дунёси, эътиқоди ва қадриятларини англаш, уларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш имкониятида ҳам кўринади. Мустақиллик бизга ана шу имкониятни берди.

Маърифат — тараққиёт пойдевори

Ўзбекистоннинг буюк тарихида илм­фан ва маърифат доимо юксак ўрин тутган. Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида башарият тафаккури хазинасини бойитган буюк алломаларимизнинг диний­маърифий меро-си ана шу улкан цивилизациянинг ажралмас қисмидир.

Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд каби аждодларимизнинг илмий­маънавий мероси халқимизнинг бебаҳо бойлигидир. Уларнинг асарларида илм, ақл, маърифат, эзгулик, инсонпарварлик, бағрикенглик ва маънавий камолот ғоялари мужассам.

Президентимиз ташаббуси билан Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий­тадқиқот марказлари ташкил этилгани, Баҳоуддин Нақшбанд илмий­тадқиқот маркази фаолияти йўлга қўйилгани ана шу бебаҳо меросни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизация-си маркази очилиши эса бу йўналишдаги ишлар янги босқичга кўтарилганининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Самарқанд заминида Имом Бухорий мажмуасининг қайтадан бунёд этилгани ҳам халқимизнинг буюк муҳаддис меросига юк-сак эҳтиромини ифодалайди.

Бу даргоҳлар фақат зиёрат масканлари эмас. Улар илм­маърифат, тарихий хотира, миллий ўзлик ва эзгулик ғояларини уйғунлаштирувчи маънавий марказлар сифатида ҳам катта аҳамиятга эга.

Учинчи Ренессанс асоси — билимли ва маърифатли ёшлар

Бугун Ўзбекистон тараққиётининг янги даврига қадам қўймоқда. Келгуси ўн йиллик миллий юксалиш даври бўлиши белгиланмоқда. Бу буюк мақсадга эришишда таълим, илм­фан ва маърифат ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Шу боис, келгуси йилларда билим ва малакани тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантириш устувор вазифа сифатида белгиланмоқда. Болаларни мактабга тайёрлаш, таълим сифатини халқаро мезонлар асосида ошириш, техникумларда юқори даромадли касбларга ўқитиш, мамлакатимиз университетларини дунёнинг энг нуфузли олий таълим муассасалари қаторига олиб чиқиш каби вазифалар қўйилгани бежиз эмас. Чунки Учинчи Ренессанс, аввало, билимли, мустақил фикрлайдиган, юксак маънавиятли авлодни тарбиялашни талаб этади.

Мазкур жараёнда ёшларимизга миллий ва диний қадриятларнинг инсонпарварлик моҳиятини тўғри англатиш, уларни илм ва маърифатга, ватанпарварлик ва эзгуликка йўналтириш, турли бузғунчи ғоялардан асраш бугунги даврнинг муҳим вазифаларидан биридир.

Айниқса, АТ, сунъий интеллект, замонавий технологиялар ва креатив иқтисоди-ёт каби соҳалар жадал ривожланаётган бир пайтда ёш авлоднинг рақамли дунёда муносиб ўрин эгаллаши билан бирга маънавий илдизларига, қадриятларига ҳамоҳанг тарзда фаолият юритиши жуда муҳим. Президентимиз таъкидлаганидек, ўзбек тили рақамли дунёда илм ва технология яратиладиган тил бўлиши лозим. Зеро, билим, маънавият ва қадрият уйғунлиги баркамол инсоннинг энг муҳим белгисидир.

Бағрикенглик — халқимизнинг бебаҳо бойлиги

Ўзбекистон азалдан турли миллат ва дин вакиллари тинч­тотув ва ҳамжиҳат яшаб келган заминдир. Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия аъзолари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшамоқда.

Нотинчлик ва қарама­қаршиликлар кучайиб бораётган бугунги мураккаб дунёда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик халқимизнинг бебаҳо бойлигидир.

Диний конфессиялар вакилларининг ўз диний анъана ва маросимларини амалга ошириши учун зарур шароитлар яратилгани, конфессиялараро мулоқот ва ҳамкорлик ривожланиб бораётгани юртимизда қарор топган бағрикенглик муҳитининг амалий ифодасидир.

2023 йилда “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони таъсис этилгани ҳам бу қадриятни рағбатлантиришга эътиборнинг ёрқин намунаси. Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари расмий байрам сифатида нишонланиши эса элимизнинг асрий диний ва миллий қадриятларига давлат даражасида юксак эҳти-ром кўрсатилаётганини кўрсатади.

Бу қутлуғ айёмлар меҳр­оқибат, саховат, кечиримлилик, ҳамжиҳатлик ва инсонпарварлик каби фазилатларни янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Меҳр-оқибат ва инсонпарварлик — миллий қадриятимиз

Инсон қадрини улуғлаш ғояси жамиятимизда меҳр­оқибат ва саховат муҳитини янада кучайтирмоқда. Эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб­қувватлаш, кам таъминланган оилаларга, муҳтож ва бемор инсонларга ёрдам кўрсатиш, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ғамхўрлик қилиш борасидаги ишлар тобора кенгаймоқда.

Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган бир қатор хайрли ташаббуслар ҳам истиқлол байрами шукуҳини ҳар бир хонадонга етказишга хизмат қилди.

Бу ишлар замирида халқимизнинг азалий фазилатлари — меҳр­оқибат, саховат, ҳиммат ва ҳамжиҳатлик мужассам.

Бугун маҳалла нафақат ижтимоий ҳаётнинг муҳим бўғини, балки инсонлар ўртасидаги меҳр­оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайдиган маънавий мактаб ҳамдир.

Одамларнинг кайфияти, оилаларнинг фаровонлиги, ёшларнинг орзу­ истаклари, тадбиркорларнинг ташаббуслари, энг аввало, маҳаллада намоён бўлади.

Маҳаллада турли миллат вакиллари, турли диний қарашларга эга инсонлар бир оиладек яшайди. Шу маънода, маҳалла бағрикенглик ва тотувликнинг энг муҳим ҳаётий мактабидир.

Тараққиёт кафолати

Инсон қадри улуғланган, қонун устувор бўлган ва жамиятда ўзаро ҳурмат қарор топган юртда иқтисодий тараққиёт ҳам, ижтимоий ишонч ҳам юксалади.

Ўзбекистоннинг очиқ, прагматик ва тинчликпарвар ташқи сиёсати ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Марказий Осиёда аҳил қўшничилик, стратегик шериклик ва дўстлик муносабатларининг янги босқичга кўтарилгани нафақат минтақавий барқарорлик, балки халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва бағрикенгликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.

Жаҳоннинг турли минтақалари билан ҳамкорлик кенгайиши, халқаро нуфузи ортиб бораётгани Ўзбекистоннинг тинчликсевар ва конструктив давлат сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамламоқда.

Биз учун тинчлик шунчаки сиёсий ту-шунча эмас. Тинчлик инсоннинг хотиржам ҳаёти, фарзандлар келажаги, оила фаровонлиги, илм ва маърифат равнақи, диний эътиқод эркинлиги ҳамда жамият тараққиётининг энг муҳим шартидир.

Ўтган 35 йиллик тараққиёт йўлимиз бизга бир ҳақиқатни яна бир бор англатмоқда: халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашиб, астойдил ҳаракат қилса, забт этиб бўлмайдиган марранинг ўзи йўқ.

Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакатимиз тараққиётнинг мутлақо янги даврига қадам қўймоқда. Келгуси ўн йиллик биз учун миллий юксалиш даври бўлади.

Бу борада белгиланган етти миллий дастур ҳаётимизнинг энг муҳим соҳаларини қамраб олгани билан алоҳида аҳамиятга эга.

Уларнинг ҳар бири моҳиятан инсон қадрини янада юксалтиришга қаратилган.

Айниқса, юртимизни тинчлик ва дўстлик диёри, бағрикенг ўлка сифатидаги нуфузини оширишга қаратилган вазифалар диний­маърифий соҳа учун ҳам катта масъулият юклайди.

Бағрикенгликни фақат қонунлар билан эмас, аввало, инсонларнинг қалби ва онгида қарор топтириш зарур. Бунинг учун илм, маърифат, соғлом эътиқод ва ўзаро ҳурмат муҳитини янада кучайтиришимиз керак.

Ўтган ўттиз беш йил давомида диний­маърифий соҳада кечган ислоҳотлар ва эришилган натижаларга назар ташлар эканмиз, бир ҳақиқат янада аён бўлади: истиқлол халқимизга нафақат давлат мустақиллигини, балки ўз тарихи, маънавияти, эътиқоди ва қадриятларини англаш имконини ҳам берди.

Бугун юртимизда виждон эркинлиги ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкам кафолатланган, турли дин ва конфессия вакиллари тинч ва ҳамжиҳат ҳаёт кечирмоқда. Буюк аждодларимиз меросини ўрганиш ва уни кенг тарғиб этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Зиёратлар учун кенг имкониятлар яратилди. Диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик эса халқимизни бирлаштирувчи, жамиятимиз тинчлиги ва барқарорлигини мустаҳкамловчи муҳим қадрият сифатида қарор топмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар истиқлолнинг эзгу мақсадларини янги мазмун билан бойитмоқда. Инсон қадрини улуғлаш, ҳуқуқ ва эркинликларни ишончли ҳимоя қилиш, таълим ва илм­фанни ривожлантириш, маънавий­маърифий муҳитни юксалтириш, жамиятда тинчлик, тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш тараққиётимизнинг муҳим мезонларига айланмоқда.

Шу боис, мустақилликнинг 35 йиллиги биз учун нафақат ўтган йилларни сарҳисоб қилиш, балки эртанги кун ҳақида янада чуқур мулоҳаза юритиш, янги Ўзбекистоннинг янги тараққиёт марралари сари дадил интилиш учун ҳам муҳим фурсатдир. Зеро, истиқлолнинг қадри фақат эришилган ютуқлар билан эмас, уни асраш, бу неъматни қадрлаш ва келажак авлодларга муносиб ҳолда етказиш масъулияти билан ҳам белгиланади.

Бу улуғ қадриятнинг мазмунини янада бойитиш ҳар бир авлоднинг муқаддас бурчидир.

Тинчлик ва осойишталикни асраш, инсон қадрини улуғлаш, виждон эркинлигини таъминлаш, илм­маърифатни юксалтириш, ёшларни эзгу мақсадлар сари йўналтириш, миллий ва диний қадриятларимизни асраб­ авайлаш, турли миллат ва конфессия вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш янги Ўзбекистоннинг ёруғ келажагини бунёд этиш йўлидаги энг муҳим вазифаларимиздир.

Президентимиз таъбири билан айтганда: “Биз бугун кечагидан кучлимиз. Насиб этса, эртага бундан ҳам кучли бўламиз”.

Содиқ ТОШБОЕВ,
Дин ишлари бўйича қўмита раиси
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2026 йил 9 сентябрь, №186 (1785)

Check Also

КEЧА МEРОС, БУГУН МАСЪУЛИЯТ, ЭРТАГА ТАРАҚҚИЁТ

Миллатнинг ўзлигини англаши фақат ўз тарихини билишдан бошланмайди. Аслида, тарихга қандай муносабатда бўлиш миллатнинг бугуни …