Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлаш доирасида мамлакатимизда бой тарихий-маънавий меросни ўрганиш ва уни жаҳон миқёсида тарғиб этишга қаратилган халқаро илмий мулоқотлар изчил давом этмоқда.

Қутлуғ айём арафасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Мовароуннаҳрлик алломалар илмий мероси: Тадқиқот ва ҳамкорлик” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Истиқлол йилларида миллий-маънавий қадриятларимизни тиклаш ва буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур тадқиқ этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бугун бутун жаҳон илмий жамоатчилигининг эътиборини тортмоқда. Япониянинг Токио, Киото, Тюо ва Тояма университетларидан ташриф буюрган етакчи шарқшунос олимлар – Яйои Каваҳара, Тацуя Наканиши, Шинмэн Ясуши ва Савада Минорунинг иштироки бунинг ёрқин исботи бўлди. Анжуманда Марказ илмий ходимлари билан бирга индонезиялик тадқиқотчи-стипендиатлар ҳам фаол қатнашди.

Конференцияда япон олимлари Мовароуннаҳр алломаларининг Марказий Осиё ва қўшни ҳудудлар, хусусан, Шарқий Туркистон ва Мўғулистон хонликлари маънавий-маданий ҳаётида тутган ўрни, Хожа Исҳоқ Валий ва унинг авлодларига оид янги манбалар, шажара ҳужжатлари ҳамда Қўқон хонлиги даврига оид камёб қўлёзмалар бўйича олиб борилган изланишлар натижаларини тақдим этди.


Шунингдек, маърузаларда Туюқхўжа қабристонининг тарихий силсиласи, минтақадаги зиёратгоҳлар ҳамда Хитой мусулмонлари (Хуэй) жамоасида Марказий Осиё мутафаккирлари, жумладан, Азиз Насафий ва Абдураҳмон Жомий асарларининг таржима қилиниши ва талқин этилиши масалалари хариталар ва тарихий фактлар асосида атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, анжуманда Индонезиянинг “Калимантан пост” газетаси муҳаррири Эка Триятна Шанти, Жакарта Қуръон илмлари институти профессорлари Шамсул Арияди, Аҳмад Ҳаваси Маҳфуз Саин, Матарама давлат университети профессори Лалу Муҳаммад Фазлурраҳман, Буюк Британиядаги Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази тадқиқотчиси Ноҳа Одил ҳам муҳокама жараёнида фаол иштирок этди.
Анжуман истиқлол тантаналари арафасида Ўзбекистон жаҳон академик майдонида илмий очиқлик ва маърифий ҳамкорлик масканига айланиб бораётганини яна бир бор намоён этди. Тадбир якунида томонлар ўртасида қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ва манбашунослик соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





