Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари учун ташкил этилган махсус ўқув курси доирасида навбатдаги машғулот бўлиб ўтди. Унда Марказ катта илмий ходими Мехрожиддин Амонов “Имом Бухорий мажмуаси: кеча ва бугун” мавзусида маъруза қилди.

Тадқиқотчи муқаддас қадамжонинг тарихий шаклланиш босқичлари, мустақиллик йилларидаги илк тикланиш даври ва айниқса сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мажмуада амалга оширилган кенг кўламли қайта қуриш ва ободонлаштириш ишларининг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталди. Таъкидланганидек, мажмуа нафақат меъморий обида, балки ислом оламининг йирик маърифат ва маънавият марказларидан бири сифатида дунё ҳамжамияти диққат марказида турибди. Мажмуа тарихи ва бугунги юксак мақомини чуқур билиш хизмат ҳудудида фаолият олиб бораётган ходимлар учун юксак масъулият бағишлайди.

Тингловчилар қадамжонинг диний-маърифий соҳадаги ўрни ва зиёрат туризмини ривожлантиришдаги аҳамияти хусусида батафсил маълумотга эга бўлди.
Машғулот якунида мавзу юзасидан фикр алмашилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





