Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 28 апрель куни Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) билан ҳамкорликда “Марказий Осиё – Ислом маданияти ва санъати ўчоғи” илмий лойиҳаси доирасида навбатдаги онлайн семинар ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти докторанти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Насриддин Мирзаев “Аштархонийлар даврида ҳадис илмига доир манбалар талқини” мавзусида маъруза қилди.


Семинарда Марказ илмий ходимлари, IRCICA вакиллари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази, ЎзФА Шарқшунослик институти, Тошкент ислом институти олимлари, Ҳадис илми мактаби ўқитувчилари ва талабалари, шунингдек, Туркия ва Қозоғистондан тадқиқотчилар иштирок этди.
Анжуманда Аштархонийлар даврида Мовароуннаҳр илмий муҳитининг илгари жамоатчиликка кенг маълум бўлмаган жиҳатлари очиб берилди. Қайд этилганидек, у кезларда Бухоро илм-фани локал доирада чегараланиб қолмаган. Ўзбекистон Фанлар академияси фонди ва Ўзбекистон Мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган саксондан ортиқ нодир қўлёзма (хусусан, “Мишкотул масобиҳ” асари) географияси буни яққол исботлайди. Улар орасида Шоҳжаҳонобод, Лоҳур, Деҳли ва Кашмирда кўчирилиб, кейинчалик Бухорога келтирилган нусхалар талайгина. Бу эса ўша даврда Ўрта Осиё ва Ҳиндистон (Бобурийлар) ўртасида фаол илмий алмашув бўлганидан далолат беради.

Н.Мирзаев вақф ҳужжатларининг ўзига хос ҳуқуқий кучига алоҳида тўхталиб ўтди. Миракон ва Мирзо Улуғбек мадрасаларига оид вақфномаларда китобларни сақлаш ва улардан фойдаланиш шартлари қатъий белгилаб қўйилган.
Энг қизиқарлиси вақф даромадларининг тақсимланиш тизимидир. Масалан, Мавлоно хонақоҳи вақфномасига кўра, тушган маблағнинг бир қисми хатиб ва имомлардан ташқари, муҳтожлар учун бепул ош-овқат тайёрлаш (ижтимоий таъминот) ва ошпазлар хизмати учун ҳам ажратилган. Шунингдек, вақф мулкларини сақлашда қатъий антикоррупцион қоидалар амал қилган — дейлик, мутаваллиларга вақф ҳосилидан бирор баҳона билан қўшимча ҳақ олиш тақиқланган.
Семинарнинг яна бир диққатга сазовор қисми — ижоза анъанасининг талқини бўлди. 1088/1678 йилга оид нодир ижозанома мисолида ҳадис илмида устоз-шогирд муносабатлари ва маълумотнинг аниқлиги қандай таъминлангани кўрсатиб берилди. Шогирд устозининг дарсида қатнашиб, нафақат тинглаган, балки ўз қўлёзмасини устозининг асл нусхаси билан сўзма-сўз солиштириб борган (муқобала) ва пировардида тўлиқ тасдиқлатиб олган. Бу жараён илмий омонатдорликни, матннинг юқори даражадаги аниқлигини кафолатлаган.

Семинар якунида тадқиқотчи бундай хулосани баён этди: Аштархонийлар даври илмий муҳити ёпиқ бўлмаган, аксинча, у Рум (Анатолия), Эрон ва Марказий Осиёни боғлаган глобал тармоқнинг фаол маркази сифатида майдонга чиққан.
Иштирокчилар олимнинг маърузасида келтирилган маълумотларни юқори баҳолаб, бундай тадқиқотлар миллий ўзлигимизни англаш ва бой маънавий меросимизни дунёга танитишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





