Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказда талабаларнинг малакавий ўқув амалиёти якунланди

Марказда талабаларнинг малакавий ўқув амалиёти якунланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳамда Урганч давлат университетининг 17 нафар талабаси бир ойлик малакавий ўқув амалиётини ўтади.

Амалиёт давомида устоз-шогирд анъанасига мувофиқ талабаларга Марказнинг етакчи илмий ходимлари бириктирилиб, уларнинг назарий билимлари амалий кўникмалар билан уйғунлаштирилди.

Ўқув дастури давомида амалиётчилар Марказ фаолияти, иш тизими, кутубхона фонди ҳамда музей экспозициялари билан яқиндан танишиб, аллома ҳаёти ва илмий меросига оид билимларини бойитди.

Амалиёт жараёнида талабаларнинг илмий ва маърифий йўналишдаги кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Марказ катта илмий ходими Мехрожиддин Амонов раҳбарлигида амалиётчиларга қўлёзмаларни каталоглаштириш ва улар устида ишлаш методикаси ўргатилди, илмий мақола ёзиш бўйича ҳам зарур тавсиялар берилди. Диний-маърифий тадбирлар бўлимида эса ёшлар ўртасида тарғибот ишларини тизимли ташкил этиш ва глобал ахборот маконидаги таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашга қаратилган амалий-методик кўникмалар ҳосил қилинди.

Малакавий амалиёт якуни муносабати билан талабалар иштирокида “Таълим, тадқиқот ва амалиёт” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Марказ илмий ходимлари Тоҳир Эвадуллаев ва Нодир Қобилов бугунги кунда мамлакатимизда соҳа олимлари ва ёш изланувчилар учун яратилаётган кенг имкониятлар, илмий изланишларда изчиллик ва холислик тамойилларига риоя этишнинг аҳамияти хусусида атрофлича фикр юритди.

Мулоқот давомида соф диний ва дунёвий билимларнинг уйғунлиги жамият барқарорлиги ва маънавий тараққиётини таъминловчи муҳим омил экани, аждодлар меросини чуқур ўрганиш орқали турли ёт мафкураларга қарши соғлом эътиқод муҳитини шакллантириш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Изланувчилар бир ойлик жараёнда орттирган амалий тажрибалари, қўлёзма манбалар билан ишлаш жараёнидаги илмий таассуротлари ва Марказда ёшлар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар ҳақида сўз юритиб, бу каби амалий машғулотлар келгусидаги илмий фаолиятларида муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилишини алоҳида эътироф этди.

Учрашув якунида амалиёт давомида орттирилган тажрибалар сарҳисоб қилиниб, талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Илм ва маърифат йўлидаги инновацион ҳамкорликнинг янги босқичи

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида таълим, амалиёт ва илмий-тадқиқот йўналишларида инновацион алоқаларни йўлга қўйиш ва …