Home / МАҚОЛАЛАР / ЭЪТИРОФ (1-қисм)

ЭЪТИРОФ (1-қисм)

Аллоҳ таоло инсон ҳаётини тартибга солиш учун жамиятда раҳбарлик тизимини жорий этган. Инсонлар бир жойда жам бўлиб яшар экан, уларнинг ишини тартибга соладиган, адолатни таъминлайдиган ва жамиятни тўғри йўлга бошлайдиган раҳбарга эҳтиёж пайдо бўлади. Шу боис ислом таълимотида раҳбарлик масаласи жуда муҳим ўрин тутади.

Аммо юрт бошига келадиган раҳбарлар салоҳияти ҳам турлича бўлиши тарихдан маълум. Аллоҳ таоло қайси бир халққа яхшилик истаса, унинг устига эртани кўра оладиган, тадбирли, доно, оқил, юртини ислоҳ қиладиган, халқига ғамхўр ва адолатли одамни раҳбар қилиб қўяр экан. Бундай раҳбар халқни тараққиёт, тинчлик ва барқарорликка етаклайди. Ислом уламолари ҳам бундай раҳбарни катта неъмат деб таъкидлаган. Чунки бундай сифатга эга раҳбар:

  • халқ манфаатларини ҳимоя қилади;
  • зулм ва тартибсизликнинг олдини олади;
  • жамиятни тараққиёт сари етаклайди;
  • жамиятда тинчлик ва барқарорликни таъминлайди.

Бу жиҳатдан қараганда Ўзбекистон ҳам Аллоҳнинг назари тушган юрт ҳисобланади. Бундай раҳбар халқни тўғри йўлга бошлайди, унинг фаровонлиги учун хизмат қилади. Шу билан бирга, бу ҳолат халқ учун ҳам юксак масъулият юклайди. Бутун бир халқ ягона куч бўлиб юрт раҳбарига камарбаста бўлиши керак.

Маълумки, Ўзбекистон мустақиллик йилларида ўз тараққиёт йўлини белгилаб, турли сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширди. Айниқса, 2016 йилдан бошлаб мамлакатимизда Шавкат Мирзиёев бошчилигида янги давр бошланди. Мазкур даврда барча соҳалар қатори диний-маърифий соҳада ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилди. Президентимиз нафақат сиёсий раҳбар, балки миллий-диний қадриятларни тиклаш ва ривожлантириш борасида ҳақиқий диний раҳнамо сифатида майдонга чиқди. Давлат сиёсатида дин ва виждон эркинлиги, диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик тамойиллари устувор тамойилга айланиб, мамлакатда диний таълимни ривожлантириш, ушбу соҳани олий малакали кадрлар билан таъминлаш, миллий исломий меросни қайта тиклашга катта эътибор қаратилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий муҳитни соғломлаштириш, виждон эркинлигини таъминлаш ва ислом динининг ҳақиқий инсонпарвар моҳиятини очиб бериш борасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Аммо, радикал оқимдаги адашган кимсалар томонидан бундай ислоҳотлар нотўғри талқин қилинмоқда. Улар томонидан  Ўзбекистонда диний эркинлик таҳдид остида экани тўғрисидаги асоссиз даъволар илгари сурилмоқда ва уни кенг жамоатчиликка тарқатишга уринмоқда.

Шу сабабли мазкур мақолада Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширган ишлар, хусусан, БМТ минбаридаги нутқлари, “Меҳр” операцияси, мазкур соҳага ихтисослашган илмий-тадқиқот марказлар фаолияти, алломалар илмий меросига эътибор ва бошқа шу каби муҳим ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди. Давлатимиз раҳбарининг Ислом цивилизацияси меросини тиклашга қаратилган ташаббуслари, диний таълимни ривожлантириш, имом-хатибларга эътибор ва уламоларга яратиб бераётган имкониятлари ҳамда халқаро майдонда ислом динининг инсонпарвар моҳиятини тарғиб этиш борасидаги фаолияти “Ўзбекистон – диний соҳадаги ислоҳотлар” мавзуси остида таҳлил қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида “Янги Ўзбекистон” ғояси асосида жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилган кенг миқёсдаги ислоҳотлар ҳақида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков қуйидаги фикрларни билдирган:

– 2016 йилнинг охирларидан бошлаб Ўзбекистоннинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётида бошланган ислоҳотлар қисқа вақт ичида жаҳон ҳамжамияти эътиборига тушди. Ташқи дунё учун узоқ йиллар давомида ёпиқлигича қолиб келган мамлакатда бирданига бошланган очиқлик ва шаффофликка таянган прагматик сиёсат ҳамда ривожланиш векторининг мутлақо янги тенденциялар орқали ўзгаришини халқаро жамоатчилик катта умид ва ишонч билан қарши олди.

  • Президент Шавкат Мирзиёев 25 йилдан ортиқ давр мобайнида амалда бўлиб келган бошқарув усулидан воз кечиб, Ўзбекистон тараққиётини таъминлашга йўналтирилган 5 йиллик истиқбол дастури – “Ҳаракатлар стратегиясини” тақдим этди. Мазкур ҳужжатда режалаштирилган ислоҳотларни амалга ошириш учун аввало аҳоли муаммоларига қулоқ тутиш, одамларни тинглаш, йиллар давомида ҳал этилмай келинаётган масалаларга ечим топиш, фуқаролик жамияти институтлари билан самарали мулоқот ўрнатиш, шунингдек, ташқи сиёсат соҳасида хориж давлатлари ҳамда халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик ва стратегик шерикликнинг мувозанатланган тизимини шакллантиришга аҳамият қаратилган.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

САМАРҚАНДДАГИ ГЎРИ АМИР МАҚБАРАСИНИНГ ТАРИХИЙ ЗИЁРАТГОҲ СИФАТИДАГИ ЎРНИ

Гўри Амир мақбараси Самарқанд шаҳрида жойлашган улуғвор тарихий ёдгорлик бўлиб, нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун ислом …