Гўри Амир мақбараси Самарқанд шаҳрида жойлашган улуғвор тарихий ёдгорлик бўлиб, нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун ислом дунёси меъморий ёдгорликларининг ажралмас қисмидир. Мақбарада Амир Темур ва унинг авлодлари дафн этилган бўлиб, ноёб архитектура ва бадиий безаклари билан алоҳида аҳамиятга эга. Гўри Амир зиёратгоҳи нафақат тарихий, балки маданий ва диний жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга. Ушбу мақола Гўри Амир мақбараси тарихи, меъморий-руҳий аҳамияти ва замонавий даврдаги роли ҳақидаги таҳлилларни ўз ичига олади. Мазкур ёдгорлик ўзининг гўзал ва бетакрор архитектураси билан нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижий сайёҳларга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Ушбу мақолада Гўри Амир мақбарасининг яратилишидан тортиб, тарихий аҳамияти ва замонавий меросимизга таъсирига қадар бўлган жиҳатлар ёритилади.
Амир Темурнинг миллий давлатчилик сиёсати: тарих ва ҳозирги замон (2006). Ушбу илмий конференция материаллари Амир Темурнинг давлат қурилиши, сиёсати ва унинг Ўзбекистон тарихидаги ўрни ҳақида батафсил маълумот беради. Китобда Амир Темур даврининг сиёсий ва маданий ривожланиши, барпо этилган йирик иншоот ва зиёратгоҳларнинг меъморий ва сиёсий аҳамияти таҳлил қилинган. Гўри Амир мақбараси темурийлар даври маданий мероси доирасида ўрганилган.
Бердимуродов А. Гўри Амир мақбараси. Илмий-оммабоп рисола (1996). Ушбу рисолада Гўри Амир мақбарасининг меъморий хусусиятлари ва унинг тарихий аҳамияти оммабоп тилда баён этилган. Унда мақбаранинг ўзгача бадиий шакли ва темурийлар сағанасининг очилиш тарихи, ҳар бир қабрнинг ўрни, хусусияти ҳақида маълумот берилган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Бобурнома» (1960). Бобурнинг машҳур асари «Бобурнома»да Амир Темур ва унинг авлодлари ҳақида кўплаб маълумот берилган. Ушбу асарда Гўри Амир мақбараси ва унинг қурилиши ҳақида маълумот берилган.
Мўминов И. Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли (1993). И.Мўминов асарларида Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва ижтимоий-сиёсий тизимга қўшган ҳиссаси ҳақида маълумот берилган. Ушбу асарда Амир Темур томонидан барпо этилган меъморий ёдгорлик – Гўри Амир мақбарасига алоҳида эътибор берилган.
Жўраев Н., Файзуллаев Т. Мустақил Ўзбекистон тарихи (2000). Ушбу китоб Ўзбекистонда мустақиллик йўлида амалга оширилган ўзгаришлар ва унда тарихий ёдгорликларнинг ўрни ҳақида сўз юритилган. Ушбу асарда Гўри Амир мақбараси тарихий меросимизни мустаҳкамлашда муҳим омил экани ҳақида сўз юритилган.
Герасимова М., Герасимова К., Михаил Герасимов. Я ищу лица (2007). Герасимовлар асарлари илмий реставрация ва тарихий шахслар юзини тиклашга бағишланган. Ушбу асар Амир Темур ва унинг авлодлари юзини тиклаш ишлари ҳақида маълумот беради. Бу эса, Гўри Амир мақбарасидаги кўплаб археологик ва реставрация ишларини янада батафсил таҳлил қилиш имконини беради.
Гений научной реставрации. Памяти М.М.Герасимова (2020). Ушбу асар илмий реставрация аҳамияти ва тарихий обидалар билан ишлаш методикасига оид маълумот беради. Вақт ўтиши Гўри Амир мақбарасига етган зарар ва уларни тиклашга оид таҳлил ҳам мавжуд.
Юқоридаги асарлар Гўри Амир мақбарасининг тарихий, архитектура ва маданий аҳамиятини ўрганишда асосий ёрдамчи манбалар бўлиб, мақолада берилган маълумотларни чуқур илмий таҳлил қилиш учун зарурдир. Ҳар бир асарда мақбаранинг турли жиҳатлари – архитектураси, сиёсий аҳамияти, тарихий контексти ва замонавий ўрни ҳақида маълумот берилган.
Гўри Амир мақбарасини ўрганиш учун бир неча илмий метод ва ёндашувлар қўлланилди. Ушбу методлар тарихий ва маданий обидаларни чуқур таҳлил қилиш ва уларнинг аҳамиятини аниқлашга ёрдам беради. Қуйида асосий методлар ва ёндашувлар келтирилган:
Тарихий-методологик ёндашув усули орқали Гўри Амир мақбарасининг қурилиш тарихи ҳақида аниқ ва ишончли маълумот берилган. Ушбу метод ёрдамида мақбара қурилиши ва унинг ўзига хос жиҳатлари, шунингдек, обиданинг қачон, қандай ва ким томонидан қурилгани ҳақидаги маълумот тўпланади. Тарихий манбалар, жумладан, Амир Темур даврида ва ундан кейинги асрларда ёзилган асарлар мақбаранинг архитектура ва маданий аҳамиятини тушунишга ёрдам беради.
Мақолани тайёрлашда археологик методдан фойдаланилди. Маълумки, археологик қазишма ва тадқиқотлар Гўри Амир мақбарасининг ички ва ташқи қисмларини ўрганишда муҳим роль ўйнайди. Бу метод орқали мақбаранинг деворлари, пойдевор қолдиқлари, ички ва ташқи безаклар, шунингдек, обидага тегишли бошқа элементлар таҳлил қилинади. Қазишмалар натижасида топилган материаллар мақбаранинг асл ҳолати ҳақида маълумот беради ва уларни тиклаш учун зарур бўлган асосий элементларни аниқлашга ёрдам беради.
Гўри Амир мақбараси 1404 йилда Амир Темурнинг буйруғи билан қурила бошланган. Аслида бу мақбара Темурнинг севимли набираси Муҳаммад Султон учун қурилган, аммо кейинчалик Амир Темурнинг ўзи ҳам вафот этганидан сўнг Самарқандга, шу ерга дафн этилган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Бобурнома» асарида Гўри Амир мақбарасини ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олади. Бобурнинг ёзишича, бу мақбара Соҳибқирон Амир Темур ва унинг авлодлари учун яратилган улуғвор мақбарадир. У асарда қуйидаги маълумотни келтирган: «Темурбекнинг набираси, Жаҳонгир Мирзонинг ўғли Муҳаммад Султон Мирзога атаб қурилғон Самарқанднинг тош қўрғонида – чақарда бир мадраса солибтур. Темурбекнинг қабри ва авлодидин ҳар кимки Самарқандта подшоҳлиқ қилибтур аларнинг қабри ул мадрасададур» [3:105]. Шунингдек, мақбарада Темурийлар сулоласидан бўлган бошқа аъзолар, жумладан, Соҳибқироннинг ўғли Шоҳрух ва набираси Мирзо Улуғбек ҳам шу мақбарага қўйилган. Бу ҳақида М.М.Вахитов ва Ш.Р.Мирзаев томонидан ёзилган «Меъморчилик» номли дарсликда бу иншоотни 1404 йилда Амир Темур кўрсатмаси билан Кичик Осиёга юриш қилган вақтда (1403 йилда) вафот этган севимли набираси, тахт вориси Муҳаммад Султонга атаб қурдиргани, бироз вақт ўтгач, 1405 йил февраль ойида Хитойга юриш чоғида Соҳибқирон вафот этгандан сўнг, у ҳам шу ерга дафн қилингани ҳақида маълумот берилган [4:131].
Собиқ Иттифоқнинг мафкуравий таъсири остида тарихий ҳақиқатни айтиш катта жасорат талаб қилган мураккаб даврда йирик файласуф олим Иброҳим Мўминов ўзининг «Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли» номли асарида Амир Темур шахсияти ва унинг ворислик масалаларига доир муҳим жиҳатларни очиб берган. Олимнинг ёзишича, Соҳибқирон ўғли Жаҳонгир Мирзо вафотидан кейин энг севимли набираси Муҳаммад Султонни ворис сифатида белгилаган. Бу танлов, бир томондан, Амир Темурнинг ўз оиласига бўлган чуқур меҳр-муҳаббати ва инсоний ҳиссиётларини акс эттирса, бошқа томондан, унинг давлатни барқарор бошқариш учун узоқни кўзлаган сиёсий стратегиясини ҳам намоён этади [5:39].
И.Мўминовнинг бу каби жасоратли фикрлари ўша давр мафкураси қаршилигига қарамай, Амир Темур шахсининг тарихий аҳамиятини қайта кашф қилиш ва уни адолатли баҳолаш йўлидаги дадил қадам бўлди. Унинг илмий қарашлари нафақат Амир Темурнинг буюклик феноменини англашга, балки ўзбек халқи тарихий хотирасини сақлаб қолишга хизмат қилган. Шундай қилиб, Муҳаммад Султоннинг ворис сифатида эътироф этилиши, аммо бахтсиз ҳодиса туфайли унинг вафоти Темурийлар сулоласи оилавий сағанасининг барпо этилишига сабаб бўлди.
Амир Темур даврида қурилган машҳур тарихий обидалардан яна бири – Гўри Амир мақбара мажмуасидир. Аслида Амир Темур уни севимли набираси (Жаҳонгир Мирзонинг ўғли) Муҳаммад Султон учун қурдирган эди. У 19 ёшида турклар билан бўлган жангда ҳалок бўлган эди. Унинг жасади Самарқандга олиб келиниб, шу ерга дафн қилинади. Соҳибқирон 1404 йили ҳарбий юришдан қайтгач, Муҳаммад Султонга атаб шу мақбарани қурдиради. Мақбара тез фурсатда битказилган. Бу бетимсол ажойиб мақбарани қурган киши Усто Ибн Исфаҳоний эди. Амир Темур Хитой томон ҳарбий юриш вақтида касалланиб, вафот этгандан сўнг, унинг ўзи ҳам шу ерга дафн қилинди ва мақбара Амир Темур номини олди. Кейинчалик бу обида Темурийлар сулоласининг хилхонасига айланиб, бу ерга Муҳаммад Султон, Амир Темурдан ташқари унинг ўғиллари Умаршайх, Шоҳрух ва Мироншоҳ, набираси Мирзо Улуғбек ҳамда Амир Темурнинг пири Саид Бараканинг сағаналари қўйилган. Тарихдан маълумки, дафиналар устига мақбаралар қуриш ИХ асрдан бошлаб одат тусига айланган бўлиб, Темурийлар даврида бу соҳа янада ривожланди [1:26].
Самарқандда Ўрта асрларнинг йирик меъморий обидаси, ҳозирги кунга қадар зиёратгоҳ вазифасини бажариб келаётган Гўри Амир мақбараси ўзининг ноёб архитектураси ва нафис безаклари билан барча зиёратчилар диққатини тортиб келаётган мажмуадир. Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясида қайд этилишича, ХХ асрга келиб, Муҳаммад Султон мадрасаси ва хонақоҳи унутилгани сабабли, дастлабки тадқиқотчилар Самарқанд ёдгорликларининг жойлашув ўрнини аниқлай олмаган. Фақат ХХ аср ўрталаридан бошлаб, қадимий ёдгорликларни чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш имконияти юзага келган. Археологик қазишмалар натижасида, вайрон бўлган биноларнинг девор ва пойдевор қолдиқлари топилган. Тадқиқотлар жараёнида бино ўлчами, дизайни ва пардозлаш усуллари ҳақида аниқ маълумот олинган. Ушбу материаллар режалаштирилган реставрация ишлари учун асос сифатида хизмат қилган. Бутунлай вайрон бўлган ҳовли деворлари тикланиши натижасида, архитектура мажмуасининг бинолари қандай тартибда қулагани ҳақида илмий маълумот олиш мумкин бўлган. Шу билан бирга, қазишмалар ва реставрация ишлари тарихий обидаларни тиклаш ва сақлаб қолишдаги муҳим қадам сифатида кўрсатилган. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясида ушбу архитектура мажмуаси бўйича йиғилган материаллар нафақат тарихни қайта тиклаш, балки илмий изланишлар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланади [7-525].
Мақбаранинг ички меъморий безаклари ҳақида ҳам сўз юритиш мақсадга мувофиқдир. Мазкур бино марказида катта гумбаз мавжуд бўлиб, у мураккаб нақшлар билан безатилган. Гумбазининг мовий рангли ғиштлари ва уларнинг устига ишланган ўйма нақшлар унинг ажойиб кўринишига хосдир. Бинонинг ички қисмига ҳам мураккаб безаклар, оятлар ва рангли кошинлар билан бойитилган нақшлар туширилган. Айниқса, мақбара ичида жойлашган зиёратгоҳдаги оқ мармар қабр тошлари меъморчилик санъатининг юқори даражасини кўрсатади. «Мақбаранинг ташқи томони бунёд қилинганда унинг гумбазига катта аҳамият берилган. Гумбаз остки қисмининг айланаси 15 метр, баландлиги 12,5 метр бўлсада, унинг оғирлиги сезилмайди. Гумбазнинг ранг-баранг қилиб ишланиши катта аҳамиятга эга. Гумбазда ҳаво ранг кўпроқ ишлатилгани учун у гумбазнинг эгри чизиқли қобирғаларида товланиб, қуёшда чарақлаб, гўё осмонга қадалиб туради. Гумбазнинг усти сирли кошинлар билан қопланган. Шарафаларида ҳам шундай кошинлардан ҳажми бир-бирига мос қилиб ишланган чиройли жимжималар бор. Мақбаранинг ташқи гумбази ёдгорликнинг янада салобатли бўлиши учун устига иккинчи гумбаз ўрнатилган» [7:526]. Амир Темур мақбарасининг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, у Ўзбекистон ва Марказий Осиё тарихидаги энг муҳим маданий ёдгорликлардан биридир. Бу бино ХВ асрдан буён меъморий санъатнинг намунаси бўлиб келмоқда ва унинг тасвири Ўзбекистон миллий рамзларидан бирига айланган.
Мақбарага гумбазли шарқий пештоқдан кирилади. Унинг ичи жуда аниқ режаланган ва ғоят нафис безатилган. Деворнинг пастки қисми кўкимтир шаффоф оникс тошидан ишланган изора (безак)дир, унинг чоклари кўкимтир тошлар билан безатилган. Безак устига ишланган ранг-баранг лавҳалар худди зар аралаштириб тўқилган гиламга ўхшайди. Гумбазнинг ичи, кунжак яруслари ҳар турли шаклларда бир неча қават ипак қоғоздан бўрттириб ишланган. Уларга зарҳал берилган ва майда гуллар солиб нақшланган. Мақбара ичига рангдор ойнали ва панжарали тўрт дарчадан ёруғлик тушади. Мақбара ичининг баландлиги ва безакларининг бойлиги кишини ҳайратга солади. Мақбаранинг ўртасига ўрнатилган сағана тошларида ёзувлар бор. Булар орасида Амир Темур қабри устига қўйилган тўқ яшил рангли нефрит тоши диққатга сазовор. Амир Темур, унинг икки набираси Муҳаммад Султон ва Улуғбек, икки ўғли Шоҳруҳ, Мироншоҳ ва бошқаларнинг сағаналари мармар панжара билан ўралган [4:131].
Гўри Амир мақбарасининг ички меъморий услуби, тарихий аҳамияти ҳақида келтирилган маълумотларни жамлаб, умумий фикрларни баён этамиз. Хусусан, ҳозирда зиёратхона даражасидаги аҳамиятга эга ушбу даҳма мармар панжара билан ўралган мурабба хазира саҳнига қатор қабртошлар қўйилган. Энг аввало, зиёратхона жойлашуви ва тузилишини тасвирлаш мақсадга мувофиқ. Зиёратхонанинг ички юқори саҳнаси ўртасида мармар панжара мавжуд бўлиб, қабр тошлари тартиб билан жойлаштирилган. Шу ерда мурабба шаклидаги хазира саҳнининг таърифи жойнинг шаклини, тартибини ва дизайнини ёритади. Зиёратхона ҳақида сўз борганда, унинг бежиримлиги, шунингдек, зиёратгоҳдаги муҳим шахслар ҳақида қисқача маълумотлар ҳам аҳамиятлидир. Бу ерда Амир Темур ва унинг атрофидаги шахсларнинг қабрлари борлиги ёзилган. Юқориси (тўри)да Амир Темурнинг ҳарбий юришларида унга ҳамроҳ бўлган ва унинг юқори ҳурматини қозонган Мир Саййид Барака сағанаси жойлашган. Мир Саййид Барака қабрининг оёқ томонига Амир Темурнинг ўзи дафн қилинган. Сабаби, Амир Темурнинг ўз мақбарасининг Саййид Барака қабрига яқин жойлашгани зиёратгоҳдаги қабрларга нисбатан тарихий ва диний алоқаларни ва улкан ҳурмат маъносига эга хусусият мавжудлигини кўрсатади. Амир Темур сағанасига қўйилган кўк нефрит қабртошини Улуғбек Мўғулистонга қилган юриши вақтида олиб келган. Тошдаги лавҳада Соҳибқиронни улуғлайдиган сўзлар, унинг шажараси ҳамда марциялар ўймакор ёзувда битилган. Бу ерда тошдаги ёзувларнинг эстетик ва тарихий қиймати ҳақида сўз боради. Ёзувлар ва ўймакорлик санъати, зиёратгоҳнинг нафақат диний, балки маданий аҳамиятини ҳам кўрсатади. Бу ёзувлар Амир Темур шахсиятини, унинг тарихий ўрни ва муваффақиятини улуғлашга қаратилган [7:527].
Ўз вақтида ҳамма сағаналар Улуғбек томонидан яхлит ўйма мармар панжара билан ўралган. Унинг мақбара безакларидаги роли ва юксак санъат даражасида ишлангани алоҳида аҳамиятга эга. Зиёратхонанинг шарқий қисмидаги равоқдан зина орқали пастки қаватдаги гўрхонага тушиш мумкин. Гўрхона саккиз қиррали. Ундаги сағаналар юқоридаги қаватда қандай жойлашган бўлса, бу ерда ҳам шу тартибда жойлашган. Бу қисмда зиёратгоҳнинг ички тузилиши ва унинг қаватларидаги жойлашуви тасвирланади. Зиёратгоҳ архитектураси, структураси ва шакллари ҳам алоҳида хусусиятга эгадир [7:527].
Зиёратхонадаги қабртошларнинг ҳар бири юксак санъат асаридир. Бу сўзлар зиёратгоҳдаги қабртош ва безакларнинг санъат даражасида эканини кўрсатади. Зиёратгоҳнинг ҳар бир элементи санъат асари сифатида тасвирланади, бу эса унинг маданий аҳамиятини очиб беради. «Зиёратхона серҳашам безакларга бой, бўртма безак кундаллар заминига ложувард ранг гуллар билан ишланган. Изораси яшил тошдан гирих шаклида терилган. Зиёратгоҳнинг ташқи кўриниши ва унинг безакларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Замин безаклари ва ранглар, шунингдек, унинг санъати ва эстетик сифатлари ҳақида батафсил тасвирланган. Тўртта чуқур равоқлардаги дарчаларга ўша вақтда рангли ойна ўрнатилган. Олтин ва кумуш қандиллардаги шамлар ёнганда зиёратгоҳ ичкариси улуғвор ва афсонавий тус олган. Бу тасвир, зиёратгоҳнинг ёруғлик ва безаклар билан безатилганини, шунингдек, уни зиёрат қилишда ҳис қилинадиган улуғворликни кўрсатади. Шамлар ва рангли ойналар орқали зиёратгоҳдаги руҳий муҳит ва атмосферанинг нақшлари янада ойдинлашади. Ташқариси циркор ғиштчалар билан безатилган. Гумбаз ва унинг пойидаги безаклар, турли арабий ёзувлар алоҳида кўзга ташланади. Мақбара дарчаларида ёғочдан ишланган нафис панжаралар, эшикларида эса мураккаб қўш заминли ўймакор безаклар бўлган. Бу тасвир зиёратгоҳнинг ташқи кўриниши, унинг меъморчилиги ва ўймакорлик санъати ҳақида маълумот беради [7:527]. Арабий ёзув ва ёғочдан ишланган панжаралар мақбара безакларининг маънавий қийматини очиб беради.
Мақбаранинг ғарбий томонига баланд пештоқ ёндашган. Тахминларга кўра, бу пештоқ қолдиқлари ХВИИ асрга мансуб бўлиб, бу мақбаранинг ёши ва меъморчилик тарихини кўрсатади. Умуман олганда, ушбу меъморий дахма замонавий ва тарихий элементларни ўзида мужассам этган меъморчилик ёдгорликларининг тарихий аҳамиятини кўрсатади.
Гўри Амир мақбараси Амир Темур ва унинг авлодларини хотирлаш ва уларнинг бой меросини англашга ёрдам берувчи зиёратгоҳ ҳисобланади: «Юксак шаҳарсозлик усулларига эга, меъморий декор санъатига бой, кошинкорлик ишлари жуда ҳам сифатли, арка ва сферик гумбазларининг архитектуравий шакл ва пропорциялари уйғунлашган тарихий ёдгорликларга сероб Самарқандда яна бир янги услуб – рельефли безак қўлланган» [4:131]. Мақбара юксак меъморий санъат намунасидир. Самарқанднинг бошқа ёдгорликлари каби Гўри Амир ҳам Ўзбекистон меъморий ёдгорликларини дунёга танитишда катта роль ўйнайди.
Амир Темур мақбараси, яъни Гўри Амир мақбарасининг очилиши ва бу воқеа билан боғлиқ ҳодисалар тарихий ва маданий аҳамиятга эга бўлиб, ўзига хос эътиборни талаб қилади. 1930 йиллар охирларида Собиқ Иттифоқ даврида археологлар, жумладан, машҳур олим М.Герасимов бошчилигида Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасида қазишма ишларини ўтказиш режалаштирилган. Ушбу қазишмалар давомида Амир Темур ва унинг авлодлари, жумладан, Улуғбек, Шоҳруҳ ва бошқа темурийлар қабри очилган. Бу иш 1941 йил июнь ойида амалга оширилган бўлиб, илмий далиллар йиғишга қаратилган эди. Бу ҳақда баъзи манбаларда ҳам маълумот берилган: «1941-йил июнь ойида СССР ҳукумати Амир Темур ва унинг қариндошлари қабрини очишга қарор қилди» [8:37-38]. Экспедиция таркибига ЎзССР Халқ Комиссарлари Совети раиси ўринбосари, шунингдек, тарихчи ва мутахассис профессор Т.Н.Қори Ниёзий, ёзувчи Садриддин Айний, шарқшунос А.А.Семенов, ҳайкалтарош-антрополог М.Герасимов, археолог олим Э.Массон киритилган. Экспедиция аъзолари сифатида археологлар В.А.Шишкин ва Яҳё Ғуломов, адабиётшунос Ҳоди Зарипов, ёзувчи М.И.Шевердин, антрополог Л.В.Ошанин қатнашди. Қабрларни очиш жараёнини суратга олиш ёш оператор М.Қаюмовга топширилган [10].
Баъзи адабиётларда эса қуйидаги маълумот учрайди, яъни 1941 йилда Гўри Амир мақбараси яқинида Интурист меҳмонхонаси қурилиши муносабати билан қабристонни сув босган. Бу Темурийлар мақбараси қолдиқларини йўқ қилиши мумкин эди. Мақбарани вайрон бўлишини олдини олиш учун бир гуруҳ олимлар антрополог М.Герасимов бошчилигида қазиш ишларини бошлаган [11:61]. Т.Н.Қори Ниёзий томонидан тузилган ЎзССР Ҳукуматининг махсус экспедицияси қабрлар ҳақиқийлигини аниқлаш, дафн маросими, Амир Темур ва унинг авлодларини дафн этиш билан боғлиқ анъаналарни аниқлаш, шунингдек, чуқур антропологик ўрганиш ишларини амалга ошириш вазифасини бажарган [9].
Аммо мақбаранинг очилиши билан боғлиқ ҳолда халқ орасида турли афсоналар тарқалди. Мақбарани очишдан олдин маҳаллий аҳоли қариялари ва диний уламолари экспедиция аъзоларини бу ишни тўхтатиш ҳақида огоҳлантирган, чунки улар бундай амаллар фалокатларга олиб келиши мумкинлигига ишонган. Афсуски, бу огоҳлантириш инобатга олинмади, бу афсонага монанд гап экани аниқ. Бу воқеаларга бевосита дахлдор кинорежиссёр Малик Қаюмов «Ҳаётим – кинематография» номли китобида шундай ёзади: «Узоқ давом этган суратга олиш ишларидан сўнг, бир пиёла чой ичиш учун чойхонага кирдим. Қарасам, учта чол чой ичиб ўтирган экан. Қўлларида эса каттакон китоб бор эди. Улардан бири Темурнинг мақбарасини очилишига алоқам борми ёки йўқлигини суриштиришди. Ҳазиллашиб, «энг катта бошлиғиман», деб айтдим, чунки менинг буйруғим билан чироқлар ёқиларди. Шунда чол: «Темурнинг қабрини очмаслик керак, очилса – уруш руҳи чиқади», деб айтди. Бу гап ё 16 ёки 17 июнь 1941 йилда бўлган эди. «Бу нимадан маълум?» деб сўрадим мен. Чол китобдаги ёзувни кўрсатди ва кулиброқ, арабча ўқишни биласизми, деб сўради. Мен биламан деб жавоб бердим. Жавобим суҳбатдошларимни ажаблантирди, чунки биз бу вақтда кирилл имлосига ўтган эдик. Улар мендайин ёш йигит арабча ўқишни билмайди, деган фикрда эди. Мен ўз сўзимда қаттиқ туриб олгач, улар китобни кўрсатди ва мен ҳақиқатдан ҳам «Темур қабрини очиш мумкин эмас, очишса уруш руҳи чиқади ва қиёмат кунлар бошланади», деган сўзларни ўқидим» [2:6]. Бу сўзлар қабр очилишидан олдин айтилган ва қилинган башорат эди. Табиийки, бу сўзлар ўз исботини топди. Собиқ Иттифоққа фашистик Германя армияси 21 июндан 22 июнга ўтар кечаси кутилмаганда ҳужум қилди.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, миллий тарих, маданият ва буюк аждодлар меросини тиклашга катта эътибор қаратилди. Бу жараёнда Гўри Амир мақбарасининг ҳолати ва унинг миллий маданий меросдаги ўрни алоҳида ўрганилди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин Гўри Амир мақбарасида кенг кўламли реставрация ишлари амалга оширилди. 1996 йилда Амир Темурнинг 660 йиллигининг нишонланиши доирасида мақбара қайта таъмирланиб, унинг тарихий ва меъморий қиёфаси тикланди. Таъмирлаш ишлари замонавий технологиялар асосида олиб борилди ва мақбаранинг гўзаллиги ва мустаҳкамлиги аслига яқин ҳолатда қайта тикланди.
Мустақиллик йилларида Гўри Амир нафақат тарихий обида, балки халқаро миқёсда танилган сайёҳлик марказига айланди. Дунёнинг турли бурчакларидан келаётган сайёҳлар Амир Темур ва темурийлар даври мероси билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди. Мустақилликдан сўнг Гўри Амир миллий тарихий хотира ва фахр манбаи сифатида янгидан эътироф этила бошлади. Маҳаллий аҳоли ва зиёратчилар учун мақбара муқаддас маскан сифатида қадрланади. Бу ерда Амир Темур ва унинг авлодлари хотирасига ҳурмат бажо келтирилади. Ўзбекистон ҳукумати Амир Темур шахсиятини миллий ғурур ва давлат суверенитети рамзи сифатида улуғлади. 1996 йил Амир Темур йили деб эълон қилиниши ва Самарқанд шаҳрида Амир Темур халқаро жамғармаси ташкил қилиниши бу йўналишда амалга оширилган муҳим қадамлар эди [6:387-388]. Шу жараёнда Гўри Амир мақбараси мамлакатнинг тарихий-маданий меросини тарғиб қилишнинг марказий обидаларидан бирига айланди.
Бугунги кунда Гўри Амир мақбараси УНEСCОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанднинг қадимий обидаларидан бири сифатида халқаро эътиборни тортмоқда. Амир Темур ва темурийлар даври тарихини ўрганиш ва тарғиб қилиш учун муҳим тадбирлар, халқаро конференция ва тадқиқотлар маркази бўлиб хизмат қилмоқда. У Ўзбекистоннинг маданий туризмини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Гўри Амир мақбараси ҳозирга қадар нафақат моддий-маданий мерос сифатида роль ўйнаб, балки миллий ўзликни мустаҳкамлашнинг рамзига айланган тарихий обида ҳисобланади. Мазкур обида нафақат тарихий ҳақиқатни ёритишда, балки Ўзбекистоннинг бой маданий меросини авлодларга етказишда ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.
- «Амир Темурнинг миллий давлатчилик сиёсати: тарих ва ҳозирги замон» мавзусидаги Амир Темур таваллудининг 670 йиллигига бағишланган илмий конференция материаллари. – Т., 2006.
- Бердимуродов А. Гўри Амир мақбараси: илмий – оммабоп рисола / Т.Ширинов таҳрири остида. – Т.: А.Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1996.
- Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. – Т., 1960.
- Вахитов М.М., Мирзаев Ш.Р. Меъморчилик (дарслик). Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги. – Т.: Тафаккур, 2010.
- Мўминов И. Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси. – Т.: Фан, 1993.
- Жўраев Н., Файзуллаев Т. Мустақил Ўзбекистон тарихи. – Т.: Шарқ, 2000.
- OʻzME. Биринчи жилд. – Т., 2000.
- Герасимова М., Герасимова К., Михаил Герасимов: Я ищу лица. О восстановлении внешнего облика исторических лиц. – М.: Наука, 2007.
- Гений научной реставрации. Памяти М.М.Герасимова (110 лет со дня рождения) . Государственный Дарвиновский музей. www.дарwинмусеум.ру (2017 йил 21 сентябрь). 2020 йил 16 январда асл нусхадан arxivlangan. Қаралди: 2020 йил 3 январь.
- Милана Милана. Тайна гробницы Тимура проклятие Тамерлана. (ру).Ютубе. 2020 йил 18 январда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2020 йил 5 январь.
- Матюшин Г.Н. Археологический словарь. Учебное издание. – М.: Просвещение, 1996
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





