Home / МАҚОЛАЛАР / ЗИЁРАТГОҲЛАРДА СУВГА ТАНГА ТАШЛАШ ОДАТИ

ЗИЁРАТГОҲЛАРДА СУВГА ТАНГА ТАШЛАШ ОДАТИ

Ислом динида ҳар қандай амал Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз ҳадисларида келган кўрсатмалар асосида савоб ва гуноҳга ажратилади. Қайси бир ишга буюрилган ё тарғиб қилинган бўлса, ўша савоб деб қаралади, қайси биридан қайтарилган ёки  гуноҳ деб айтилган бўлса, ўша гуноҳ деб қаралади. Динимизда ҳар бир ибодат ва амалнинг ўз ўрни ва қоидаси бор.

Инсон наздида яхши иш, савобли амал деб кўрилган айрим нарсалар динимизда қайтарилган, гуноҳ амаллардан деб саналиши ҳам мумкин. Шундай ишлардан бири зиёратгоҳларда ҳовуз ё чашмалар сувига танга ташлаш одатидир.

Сувга танга ташлаш одатининг исломга алоқаси йўқ. Бу кўпроқ қадимги халқлар эътиқодига хос бўлиб, “ният амалга ошади”, “орзулар ушалади”, “омад келади” деган тушунчалар билан боғлиқдир. Ислом динида бундай ирим-сиримлар маъқулланмайди.

Зиёратгоҳлар (қабрлар, муқаддас жойлар)даги чашма ва ҳовузларга танга ташлаш ислом эътиқоди нуқтаи назаридан қайтарилган амаллардан саналади.

Аслида масжид ва зиёратгоҳлардаги бу ҳовузлар танга ташлаш учун эмас, балки ташриф буюрган инсонларнинг таҳорат қилиши учун барпо этилган. Исломда оқар сувга ундаги балиқларга озуқа бўлишга ярамайдиган нарсалар ташлаш ва сувни ифлослантиришдан қаттиқ қайтарилган. Афсуски, айрим инсонлар зиёратгоҳларга бориб, ўша жойдаги ҳовуз ё чашмага  “ниятим ушалсин”, “орзуйим амалга ошсин”, дея танга ташлайди.

Бундай амаллар ислом ақидасига мутлақо зид бўлиб, ширкка яқин катта гуноҳ ҳисобланади. Чунки, фойда ҳам, зарар ҳам фақат Аллоҳдандир. Нарсаларни мустақил таъсир кучига эга деб ишониш ва улардан ҳожатини сўраш нотўғри эътиқоддир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Юнус сурасининг 106-107-оятларида бундай деб огоҳлантиради: 

﴿وَلاَ تَدْعُ مِن دُونِ اللَّهِ مَا لاَ يَنفَعُكَ وَلاَ يَضُرُّكَ فَإِن فَعَلْتَ فَإِنَّكَ إِذًا مِّنَ الظَّالِمِينَ  (106) ﴿ وَإِن يَمْسَسْكَ اللَّهُ بِضُرٍّ فَلاَ كَاشِفَ لَهُ إِلاَّ هُوَ وَإِن يُرِدْكَ بِخَيْرٍ فَلاَ رَادَّ لِفَضْلِهِ يُصِيبُ بِهِ مَن يَشَاء مِنْ عِبَادِهِ وَهُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ (107)

“Аллоҳдан ўзгага асло дуо қилма, Аллоҳдан бошқаси сенга фойда ҳам, зарар ҳам бера олмайди. Агар уларга дуо қилсанг, ноҳақлик қилувчи — золимлардан бўласан. Агар Аллоҳ сенга бир зарар етказса, уни Ўзидан бошқа кетказувчи йўқ. Агар яхшилик ирода қилса, Унинг фазлини қайтарувчи йўқ.”

Аллоҳ таоло дунё ва охират ишларида фақат Ўзидан ёрдам сўрашга буюриб, Фотиҳа сурасида биз мусулмонларга бундай таълим беради: «“Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз”, деб айтинглар». Мусулмон киши эътиқоди мана шу мезон асосида бўлиши лозим.

Демак, сув, танга ва бошқа нарсалар инсон тақдирига мустақил таъсир қила олмайди. Бундай амаллар динда асоси йўқ, юқорида айтилганидек, исломга зид бўлган бидъат амалдир. Аксинча, бу каби амаллар инсонни ширкка етакловчи воситага айланиши мумкин.

Шу ўринда айтиш мумкинки, бу иш ҳеч қандай эътиқодсиз, шунчаки бажарилган бўлса, молни беҳудага сарф қилиш ҳисобланади.

Агар инсоннинг бирор орзуси бўлса, у Аллоҳга ихлос билан дуо қилсин,   садақа берсин, солиҳ амаллар билан машғул бўлсин. Бу эса динимизга мувофиқ тўғри йўлдир.

عن أبى هريرة : قال النبي ﷺ: »  ادْعُوا اللهَ وأنتمْ مُوقِنُونَ بالإجابةِ، واعلمُوا أنَّ اللهَ لا يَستجيبُ دُعاءً من قلْبٍ غافِلٍ لَاهٍ. هذا حديث صحيح رواه الترمذي (3479)،

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга дуо қилинглар, дуоларингиз ижобат бўлишига ишониб дуо қилинглар. Билингларки, албатта, Аллоҳ таоло ғофил бепарво қалбдан дуони қабул қилмайди”, деганлар. Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилиш одобига ишора қилмоқдалар. Яъни, инсон ихлос ва ишонч билан дуо қилиши керак. Шунда дуо ҳақиқий маънода қабулга яқин бўлади.

Бошқа бир ҳадисда бундай дейилади:

عن الحسن البصري مرسلا: حصنوا أموالكم بالزكاة، وداووا مرضاكم بالصدقة، واستقبلوا أمواج البلاء بالدعاء والتضرع.

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳдан мурсал ҳолда ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Молу давлатингизни закот билан ҳимоя қилинглар, беморларингизни садақа билан даволанглар. Балолар тўлқинини дуо ва тазарруъ (илтижо) билан қарши олинглар!”, дедилар. Ҳадисда садақа ва эҳсон қилиш ҳатто беморлар дардига даво бўлиши айтилмоқда. Шундай экан биз ўз маблағимизни юқорида айтилган бидъат амалларга эмас, балки бирор эҳтиёжмандга сарфласак мақсадга мувофиқдир. Ана шунда ниятлар амалга ошиб, орзулар ушалади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, зиёратгоҳларда сувга танга ташлаш одати исломда асоси мавжуд бўлмаган амал ҳисобланади. Ихлос билан қилинганда эса, инсон эътиқодига салбий таъсир қилувчи янада хатарли ишга айланади. Агар шунчаки қилинса ҳам бу нотўғри иш саналар экан. Чунки, инсон эҳтиёжи учун зарур бўлган ва моддий қийматга эга нарсаларни сувга ташлаш исроф саналади. 

Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЭЪТИРОФ (1-қисм)

Аллоҳ таоло инсон ҳаётини тартибга солиш учун жамиятда раҳбарлик тизимини жорий этган. Инсонлар бир жойда …