Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Зиёрат туризми ривожига илмий ёндашув: Гидларнинг малакаси оширилмоқда

Зиёрат туризми ривожига илмий ёндашув: Гидларнинг малакаси оширилмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган гид-экскурсоводларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув семинари доирасида машғулот ташкил этилди. Самарқанд вилояти Туризм бош бошқармаси ҳамда “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур ўқувдан кўзланган асосий мақсад туризм соҳасида хизмат кўрсатаётган гидларнинг билимларини бойитиш ва касбий кўникмаларини янада мустаҳкамлаш, уларни Имом Бухорий ҳаёти ва бой илмий мероси билан яқиндан таништиришдан иборат.

Марказда ўтказилган машғулот давомида иштирокчилар учун Имом Бухорийнинг ҳаёти, илмий фаолияти ва ҳадис илми ривожига қўшган беқиёс ҳиссасига бағишланган маърузалар тақдим этилди. Хусусан, Марказ директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев “Қомусий олимнинг Ислом тамаддунида тутган ўрни” номли маърузасида буюк муҳаддиснинг туғилган жойи, оиласи ва тарбияси, илмий шаклланиш жараёни, устозлари ва илм талабида амалга оширган сафарлари ҳақида атрофлича маълумотлар берди.

Шунингдек, ҳадис илмига бағишланган дарсда Марказ катта илмий ходими Шукурилло Умаров ҳадис тушунчаси, унинг турлари ва аҳамияти, ҳадисларни тўплаш ва таснифлаш усуллари, ривоятларнинг ишончлилик даражалари – саҳиҳ, ҳасан ва заиф каби тоифалар ҳақида сўзлади.

Машғулот давомида “Саҳиҳул Бухорий” асарининг яратилиш тарихи, унинг ислом илм-фанидаги ўрни, китобнинг тузилиши ҳамда ҳадисларни танлашда қўлланган илмий мезонлар ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этилди.

Машғулот жараёнида гид-экскурсоводларнинг сайёҳларга Имом Бухорий меросини илмий асосда ва тўғри тақдим этиши, аниқ ва ишончли маълумот етказиши билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Ўзаро ҳамкорлик сари муҳим қадам

17 февраль куни онлайн мулоқот шаклида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Туркиянинг Нажмиддин Эрбақан …