Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан шу номда маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Анжуманни Марказ директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев очиб, жамоада фаолият юритаётган хотин-қизларни барча ходимлар номидан ушбу айём билан самимий табриклади.

Тадбир давомида юртимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, илм-фан ва маънавият соҳаларидаги фаоллигини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар алоҳида эътироф этилди. Айниқса, Янги Ўзбекистон аёллари жамият тараққиёти, маънавий муҳит барқарорлиги ҳамда ёш авлод тарбиясида муҳим ўрин тутиши қайд этилди.

Шунингдек, тадбирда аёл зотининг меҳр-муҳаббати, сабр-тоқати ва фидойилиги туфайли оила мустаҳкамлиги, жамиятдаги эзгу қадриятлар бардавомлиги таъминланиши таъкидланди.

Тадбир сўнгида Марказда фаолият юритаётган барча хотин-қизларга касаба уюшмаси ва раҳбарият номидан байрам совғалари тантанали равишда топширилди.

Самимий руҳда ўтган тадбир барча иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлаб, аёлларга юксак эҳтиром ва эътиборнинг яна бир ёрқин ва рангин ифодаси бўлди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





