ТИЙНАТ
Одамлар гоҳо жамиятдаги ўзгаришлар ҳақида гапирар экан, “замон оғирлашиб кетди”, “одамлар аввалгидек эмас”, деган фикрларни кўп айтади. Лекин “мен ўзимчи, тўғри яшаяпманми”, деб ўзидан ҳеч сўрамайди. У битта оддий ҳақиқатни унутади: жамият – кимдир эмас, ўзимиз. Кунлик муносабатларимиз, ишимизга ёндашувимиз, ваъдамизга вафо қилишимиз – жамиятнинг ҳақиқий қиёфаси мана шу.
Жорий йилнинг мамлакатимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб белгиланиши ҳам ўзгариш юқоридан эмас, ҳаётнинг ичида, инсоннинг ўзида бошланишини англатади. Зеро, барқарор ва соғлом жамият катта майдонларда эмас, айнан кундалик ҳаётимизда шаклланади.
Аслида, жамият дегани осмондан тушган мавҳум тушунча эмас. У – бозордаги муомала, ишхонадаги муносабат, маҳалладаги оддий тартиб, оиладаги тарбия ва инсоннинг ўз виждони билан бўлган муносабатидир. Шунинг учун ҳам жамият барқарорлиги катта шиорлардан эмас, оддий одамларнинг ҳар кунги кичик, аммо ҳал қилувчи танловларидан бошланади.
Ҳалоллик – инсоннинг ички мезони. У назорат бор жойда эмас, назорат йўқ жойда ҳам инсонни тўғри йўлда ушлаб турадиган куч. Масалан, иш жойида раҳбар кўриб турганда ҳамма тартибли бўлади. Лекин раҳбар йўқ пайтда ҳам киши ўз вазифасини сидқидилдан бажараяптими – мана шу ерда ҳалолликнинг ҳақиқий қиймати кўринади. Кимдир омонатни ўз вақтида қайтаряптими ёки турли баҳоналар билан кечиктиряптими – бу ўринда эса инсоннинг ички тартиби намоён бўлади.
Ҳалоллик фақат молиявий масала эмас. Вақтга нисбатан ҳалоллик бор, сўзга нисбатан ҳалоллик, ишончга нисбатан ҳалоллик бор. Кимдир берган ваъдасига беписандлик қилса, у ҳам ҳалолликка путур етказган бўлади. Кимдир “бир мартадан нима ҳам бўларди” деб масъулиятдан қочса, у ҳам жамият пойдеворига кўринмас, аммо жиддий зарар етказади.
Шу ўринда муҳим бир жиҳатга эътибор қаратиш керак. Баъзан “ҳалоллик юқумли” деган ибора ишлатилади. Бу ерда гап ҳалолликнинг ёмон одатга айланишида эмас, балки муҳит масаласида. Агар муҳитда ҳалоллик қадрланса, ростгўйлик одат бўлса, одамлар бир-бирини қўллаб-қувватласа, у жойда ҳалол инсон ўзини эркин ҳис қилади. Агар аксинча, лоқайдлик, бепарволик, “ҳамма шундай қиляпти” деган қараш устун бўлса, ҳалоллик тўсиққа учрайди. Демак, гап фазилатнинг ўзгаришида эмас, муҳитнинг инсонга таъсирида.
Тарихга назар ташласак, барқарор жамият ҳар доим ҳалол меҳнатга таянган. Савдода тарозига тош қўйган одам жамоатдан истиҳола қилган. Чунки тарозидан уриш нафақат қонунбузарлик, балки умумий ахлоқодобга ҳам зид бўлиб, бошқаларнинг ҳаққига тажовуз сифатида қабул қилинган. Бугун ҳам шу қараш сақланиб қолса, иқтисодий муносабатлар ҳам, ижтимоий ишонч ҳам анча мустаҳкам бўларди.
Адолат масаласи ҳам шунга яқин. Ҳалоллик билан ёнма-ён турадиган бу мезонни фақат жазо ёки қатъий талаб билан боғлаш тўғри эмас. Адолат, бу – энг аввало, муносабат маданияти. Кимнингдир меҳнатига яраша баҳо бериш, кимнидир имконияти бўлмагани ёки нотаниш бўлгани учун четга сурмаслик, кимнингдир ҳаққини бошқалар ҳисобидан камайтирмаслик, мана шулар адолатнинг ҳаётий кўринишларидир.
Одамлар кўпинча адолатни ўзига нисбатан олиб ўлчашга мойил бўлади. Аслида эса адолат, бу – бошқаларга қандай муносабатда бўлаётганимизда ўзини намоён қиладиган мезон. Шу маънода у фақат давлат сиёсати эмас, балки шахсий маданият масаласи ҳамдир. Адолат йўқ жойда одамлар норози бўлиб, умидсизликка тушиб қолади. Умидсизлик эса жамият учун энг хавфли ҳолатлардан. Чунки умид йўқолган жойда ташаббус ҳам, иштиёқ ҳам сўнади. Шу боис адолат – жамиятни ҳаракатда ушлаб турадиган асосий омиллардан бири.
Бугунги кунда жамият ҳаётида кўп кузатилаётган ҳолатлардан бири – бепарволик, яъни “менга алоқаси йўқ”, “менга тегмаса бўлди” деган кайфият. Бундай ҳолатда на ҳалоллик ва на адолат қарор топади. Чунки барқарорлик бефарқликка эмас, умумий масъулият ҳиссига таянади.
Кўп қаватли уйда яшайдиганлар яхши билади: бир одамнинг бефарқлиги бутун уйга кириш йўлагидаги хонадонлар кайфиятини бузади. Йўлакка бир бор ташланган чиқинди – эртанги одатга айланади. Ёмон одатлар ҳам, яхши фазилатлар ҳам юқумли. Фақат фарқи шундаки, ҳалоллик тартиб яратади, бефарқлик эса тартибни емириб боради. Тозаликка бефарқлик – масъулиятга бефарқликнинг бошланиши. Масъулият сусайган жойда эса адолат ҳам, ишонч ҳам узоқ яшамайди.
Ёш авлод масаласи бу ўринда алоҳида аҳамиятга эга. Ёшлар тарбияни кўпроқ айтилган гапдан эмас, кўрган нарсасидан олади. Катталар ўз сўзига риоя этмаса, энг яхши таълим ва энг чиройли шиор ҳам таъсир қилмайди. Шу боис ҳалоллик ва адолат ҳақида гапиришдан олдин, уларни ҳаётда кўрсатиш муҳим. Шундай экан, ўзимизга тўғри савол қўйишимиз керак: “Мен ўзим ишимда, сўзимда, муносабатимда қай даражада тўғри йўл тутяпман?” Ана шу савол инсонни ички ўзгаришга етаклайди. Жамиятни яхшилаш истаги айнан шу ердан бошланади.
Барқарор жамият қуриш учун янги формулалар керак эмас. Асосий қоида азалдан маълум: ҳалол яшаш, адолатли муносабат ва масъулиятли позиция. Ҳар ким ўз ўрнида ҳалол бўлса, адолатли муносабатни меъёрга айлантирса, барқарорлик юқоридан тушмайди – пастдан, ҳаётнинг ўзида шаклланади.
Ҳалоллик ва адолат — жамиятнинг безаги эмас, пойдевори. Пойдевор қанчалик мустаҳкам бўлса, бинo шунчалик барқарор туради. Шунинг учун ҳар биримиз ўз ўрнимизда тўғриликни танласак, жамиятнинг эртаси ҳам чароғон бўлади. Кичик қадамлар катта барқарорликка олиб боради.
Шерзод МАМАТОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори маслаҳатчиси
Манба: «Маҳалла коʼзгуси» газетаси 2026 йил, № 2 сон
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





