Home / МАҚОЛАЛАР / ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ – ИЖТИМОИЙ ҲОДИСА

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ – ИЖТИМОИЙ ҲОДИСА

Муқаддас динимиз таълимотида фарзанд Аллоҳ таоло инсонга берган энг улуғ неъматлардан бўлиши баробарида, у омонат ҳамдир. Бу буюк неъматга сазовор бўлган отаоналар унинг қадрига етиши, шукр қилиб, фарзанд олдидаги ота-оналик масъулиятини пухта адо этиши лозим. Ҳар неъматнинг ўз шукри бор. Фарзанд неъматининг шукри унга чиройли тарбия беришдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ота-она ўз фарзандига чиройли хулқдан афзалроқ нарсани бера олмайди»[1], деганлар.

Тарбия сўзини тор доирада тасаввур қилмаслик лозим. Ота-она зиммасидаги бурч фарзандга фақат чиройли одоб-ахлоқ ўргатишдан иборат эмас, уни турли мафкура ва ғайриинсоний ғоялардан сақлаш ҳам керак. Эътиқоди соғлом, мафкураси тўғри бўлган фарзандгина ота-онага
меҳрибон, эл-юртига садоқатли фидойи инсон бўлиб вояга етади.

Ота-оналарнинг тарбиядаги лоқайдлиги туфайли оилаларда турли муаммо ва зиддиятлар юзага келиши, фарзанднинг билиб-билмай турли оқимларга қўшилиб қолиш ҳолатлари учраб турибди. Оқибатда улар қилган хато туфайли ота-она, маҳалла-кўй, қавму қариндошнинг боши эгилиб қолмоқда.

Инсон ҳаётининг ҳар бир босқичи муҳим. Ёшлик даври эса энг нозик, ҳаёт йўлларининг чорраҳасидир. Шу чорраҳада турган ёшларнинг илмга йўналтирилиши ёки бирор касб-ҳунар эгаллашига ота-она, маҳалла, жамият кўмаклашса, улар ҳаётда ўз ўрнини топиб кетади.

Ота-онанинг фарзанд олдидаги мажбурияти, аввало, тарбияга масъулият билан ёндашиб, гўдаклигидан ахлоқ ва одобга ўргатишдир.

Ота-она фарзандини комил инсон бўлиб вояга етишиши учун динимизда бир қанча кўрсатмалар мавжуд. Жумладан:

  1. Фарзандингизга гўзал хулқли она танланг. Ҳар бир инсон оила қуриш ва солиҳ фарзандлар кўришни орзу қилади. Фарзанднинг яхши, одобли, меҳнатсевар, соғлом бўлиб ўсиши кўп жиҳатдан онасига боғлиқ бўлади. Шунинг учун динимиз кўрсатмаларида бўлғуси келинни танлашга алоҳида эътибор қилинади. Келажакда туғилажак фарзандларга муносиб она танлаш ҳақида фарзанд ҳали туғилмасидан қайғурилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фарзандларингизга муносиб онани ихтиёр қилинглар», деганлар.

Келин танлашда унинг солиҳа, диёнатли, яхши хулқли бўлиши асосий мезон саналади. Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу тавсияларида улкан ҳақиқат мавжуд.

  1. Фарзанд дунёга келганда. Оилада фарзанд туғилса хурсандчилик қилиш лозим. Айниқса, қиз бола туғилганида кўпроқ хурсанд бўлиш керак. Чунки қиз фарзанд ўша хонадонга яхшилик ва шодлик олиб келади, хотиннинг баракотлиси биринчи фарзанди қиз бўлганидир. Баъзилар фақат ўғил кўришни истайди, қиз бола туғилганида эса севиниш ўрнига ҳафсаласи пир бўлиб, ҳатто аёлини айблашгача боради. Бу мутлақо нотўғридир. Аксинча, агар қиз фарзанд туғилса, ота-она зиёдароқ хурсанд бўлиши зарур. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: «У Зот хоҳлаган кишига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишига ўғилларни ҳадя этур»[2]. Қуръони каримда қиз боланинг ўғил боладан олдин зикр этилиши ҳам қиз фарзанднинг ўғилга нисбатан баракали ва фазилатли эканига ишорадир. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Биринчи фарзанди қиз бола бўлгани аёлнинг баракотли, бахтли ва шарофатли эканига далолатдир».
  2. Фарзанд дунёга келганда унга чиройли исм қўйиш. Фарзанд туғилгандан кейин биринчи масъулият ва тарбиялардан бири унга чиройли исм қўйишдир. Зеро, исм эгасининг хулқ-атворига, ҳатто тақдирига ҳам таъсир қилади. Қиёмат кунида ҳам инсонлар исми билан чақирилади. Амр ибн Шуайб отасидан, бобосидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган чақалоққа еттинчи куни исм беришга, киндигини узишга ва ақиқа қилишга буюрдилар», деди[3]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Пайғамбарларнинг исмларини қўйинглар. Исмларнинг Аллоҳ таолога яхшироғи Абдуллоҳ ва Абдурраҳмондир. Исмларнинг чиройлиси Ҳорис ва Ҳаммомдир. Исмларнинг хунуги эса Ҳарб ва Муррадир», ‒ деганлар[4].

Фарзандларимизга Пайғамбарларнинг исмларини қўйиш афзал экан. Пайғамбарларни Аллоҳ таоло одамлар орасидан танлаб олган, агарда уларнинг исмлари Аллоҳга ёқмаганида эди, уларни ўзгартиришга буюрган бўлар эди. Шунинг учун ҳар бир мусулмон ота-она бу муҳим ишга алоҳида эътибор билан ёндашиши лозим. Фарзанд катта бўлиб, оқ-қорани таниганда ўз исмидан уяладиган бўлмасин, балки исми унга зийнат бўлиб турсин.

  1. Фарзанд туғилганда унга ақиқа қилиш. Ақиқа ҳам боланинг ота-онадаги ҳақи саналади. Жонлиқ сўйиб зиёфат қилинганда, қариндошлар ва оиланинг энг яқинлари жам бўлади. Борди-келди ришталари мустаҳкамланади. Фарзанд ҳақига дуолар қилинади. Ақиқани фарзанд туғилганининг етти, ўн тўрт ва йигирма биринчи кунлари қилингани мустаҳабдир. Имкони бўлмаса, кечиктириш ҳам мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Янги туғилган болага ақиқа қилинглар, қон оқизиб, азиятларини даф қилинглар», деганлар. (Имом Бухорий ривояти).

Туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон ва чап қулоғига такбир айтиш суннатдир. Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима (розияллоҳу анҳо) нинг туққан боласи Ҳасан ибн Алининг қулоғига азон айтаётганларини кўрдим» (Абу Довуд ва Термизий).

Ушбу ҳадиси шарифга биноан, янги туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат айтмоқ мандубдир. Аллоҳнинг зикри янги туғилган боланинг қулоғига кирган биринчи садо бўлиши қандай ҳам яхши. Албатта, бу улуғ амалнинг ўзига яраша баракаси бўлади.

  1. Фарзанд тарбиясига эътибор қилиш. Фарзанд Аллоҳ таолонинг инсонга берган олий неъматларидан бири бўлиб, ота-она ҳаётининг давомчиси ҳисобланади. Ҳар неъматнинг ўз шукри бор, фарзанд неъматининг шукри унга чиройли тарбия беришдир.

Валид ибн Нумайр ибн Авсдан ривоят қилинади: У отасининг «Солиҳлик Аллоҳдан, одоб – оталардан дейишарди», деганини эшитган экан.

Солиҳлик – луғавий жиҳатдан «олийжаноблик», маъносини англатиб, у кишидаги ахлоқий сифатлардан бири саналади. Одоб – «тарбиялилик», «хушмуомала» ва «назокатли» маъноларини англатиб, гўзал фазилатлардан иборат мақтовга сазовор иш ва сўзга нисбатан ишлатиладиган атамадир. Инсон бунга фақат тарбия орқали эришади[5].

Тарбия сўзини тор доирада тасаввур қилмаслик лозим, ота-она зиммасидаги бурч фарзандга фақат чиройли одоб-ахлоқ ўргатишдан иборат эмас, балки уни турли хил мафкура ва ғайри инсоний ёт ғоялардан сақлаш ҳам ота-онанинг бурчларидан саналади. Чунки эътиқоди соғлом, мафкураси тўғри бўлган фарзанд ота-онага меҳрибон, эл-юртига садоқатли фидойи инсон бўлиб вояга етади.

  1. Фарзанд тарбиясидаги нозик нуқталар. Фарзандларнинг келажакда гўзал ахлоқли ва чиройли тарбияли бўлишида ота-она фарзанди ҳақига қиладиган хайрли дуоларнинг ўрни беқиёсдир. Чунки дуо ибодат мақомида. Аллоҳ таоло ҳар бир ишда Ўзидан ёрдам сўрашимизни яхши кўради. Бундан ташқари, ота-онанинг фарзанди ҳақига қилган дуоси мустажобдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч кишининг дуоси қабулдир: отанинг фарзандига қилган дуоси, мазлумнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси», деганлар. Ота-она бундай неъмат ва имкониятдан унумли фойдаланиши ва фарзандларининг келажакда солиҳ ва тарбияли инсон бўлиб камол топишини Аллоҳдан сўраши лозим.

Фарзанднинг ёт ғояларга учиб, нотўғри йўлларга кириб қолмаслигида асосий воситачи ота-она ҳисобланади. Афсуски, ҳозир баъзи бир оилаларда фарзандга тарбия бериш керак деган тушунча умуман йўқолиб кетган. Уни доим эркалайди, мактабни битирмасидан ўзи ҳам ишлатмаган қиммат телефонни (қарзга бўлса ҳам) олиб беради, ошна-оғайниси кимлар экани ҳақида сўраб-суриштирмайди, интернетни кўраётгани билан қизиқмайди, китоб ўқитмайди. Оқибатда, фарзанд секин-аста кўрганлари таъсирига тушади, миллийликни йўқотиб, ўзида Ғарб «маданияти»ни шакллантира бошлайди.

Ота-оналар ҳар куни фарзанд тарбияси билан ярим соат шуғулланса, уларга одоб-ахлоққа оид ҳадису шарифлар, ҳикоятлар, ҳаётий воқеаларни айтиб берса, мақсадлари билан қизиқса, бундай ёшлар сира ҳам ёмон йўлга кирмайди.

Улуғ мутафаккирлар ўз асарларида инсонни ёшлигидан ақлий ва жисмоний жиҳатдан тарбияли, сабот-матонатли, аждодлар анъанасига содиқ, ахлоқан пок, эзгу ниятли, баркамол бўлишига алоҳида эътибор берган. Хусусан, Абдулла Авлоний: «Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур» деган.

Тарбиянинг ўчоғи бўлган оила – ҳар бир халқ, миллат ҳаётининг давомийлигини сақловчи, миллий қадриятлар ривожини таъминловчи, маънан ва жисмонан баркамол авлодни дунёга келтириб, тарбиялаб, ватанпарвар юрт ҳимоячиларини вояга етказувчи муқаддас макондир6.

Илк тарбия, самимий муносабат, гўзал муомала оилада ота-онанинг намунаси орқали шаклланади. Ота-она нимада ибрат бўлса, фарзанд шу йўлдан кетади.

Абу Наср Форобийнинг: «Инсон ўз бахтига эришишда гўзалликни кўриши ва ҳис қилишининг ўзи етарли эмас, бунинг учун гўзалликни ярата олиши муҳимдир», деган фикрида ота-она намуна бўлган ҳолда оилада, рўзғор ишларида, уй тутишда, ўзаро муносабатларда, юриш-туришда, кийинишда, саломатликни сақлашда, фарзанд тарбиясида гўзалликни ярата олишлари зарур, деган ғоя ўз аксини топган.

Абдулла Авлоний ўзининг «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» асарида бола тарбиясини «Тарбиянинг замони», «Бадан тарбияси», «Фикр тарбияси», «Ахлоқ тарбияси» каби бўлимларга ажратган ҳолда тадқиқ этади. «Тарбиянинг замони» бўлимида тарбияни бола туғилган кунданоқ бошлаш кераклигини таъкидлайди. «Тарбияни кимлар қилур?», «Қандай қилинур?» деган саволларни ўртага ташлайди ва уларга жавоб қидиради. «Биринчи – уй тарбияси. Бу она вазифасидур. Иккинчи – мактаб ва мадраса тарбияси. Бу ота, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидур», деб тарбияга ҳамма – отаона, муаллим, ҳукумат ва бошқаларнинг масъул эканини таъкидлайди. Мамлакат тараққиёти, давлатнинг қудратли бўлиши ёш авлод тарбиясига ҳар жиҳатдан боғлиқ, деб ҳисоблаган олим тарбия хусусий эмас, умуммиллий, ижтимоий ишдир, деган тўхтамга келади.

Бинобарин, фарзанд ота-онанинг бахти бўлса, тарбия фарзанднинг бугуни, эртаси ва келажагидир, деган хулосага келамиз.

Ҳа, тарбия – ижтимоий ҳодиса. Тарбия кишилик жамияти пайдо бўлган даврлардан буён мавжуд. Негаки, инсон ер юзидаги энг мукамма           л жонзот бўлиши учун, аввало, тарбияланиши зарур. Халқимиз орасидаги «Тарбиячи, аввало, ўзи тарбия кўрган бўлиши керак», деган нақл бежиз айтилмаган. Ибн Сино тарбия берувчиларга қарата:«Кимга қандай панду насиҳат қилсанг, унга, аввало, ўзинг амал қил», дейди.

Фарзанд тарбиясида, унинг маънавий дунёқарашини кенгайтириш ва бойитишда мутафаккирларнинг фикр-мулоҳазалари, панд-насиҳатлари, ҳикматларидан фойдаланиш ва баркамол инсонни вояга етказиш барчамизнинг бурчимиздир.

[1] Абу Исо Термизий. Сунани Термизий. Ж. 4. 1952-ҳадис. – Байрут. Дор иҳёут туросил арабий, 1990. – Б.338.
[2] Шуро сураси, 49-оят.
[3] Исо Термизий. Сунани Термизий. Ж.5. – Байрут. Дор иҳёут туросил арабий. 2832-ҳадис. –Б.132.
[4] Абу Довуд. Сунани Абу Довуд.Ж.4.–Байрут. Дорул китобил арабий. 4952-ҳадис. –Б.443.
[5] Олимхон Исахон ўғли. Одоблар дурдонаси. – С.: Имом Бухорий халқаро маркази, 2015. – Б. 127

Машраб ХИДИРОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЯХШИДАН БОҒ ҚОЛАДИ

Бу машҳур ибора халқимизнинг асрлар давомида шаклланган ҳаётий, миллий ва диний қадриятларини ўзида мужассам этган. …