Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Илм-фан ва инновациялар интеграцияси йўлида янги босқич

Илм-фан ва инновациялар интеграцияси йўлида янги босқич

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида илмий изланишлар кўламини кенгайтириш ва замонавий таълим муассасалари билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасида навбатдаги муҳим қадам қўйилди. Марказ билан Навоий инновациялар университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Марказ директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов ва Навоий инновациялар университети ректори, профессор Жўрабек Мавлонов иштирок этиб, илм-фан соҳасидаги истиқболли режаларни муҳокама қилди.

Мазкур ҳужжат икки муассаса ўртасидаги муносабатларни янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган бўлиб, ҳадис илмини ўрганиш, илмий интеграция, лойиҳавий ҳамкорлик, тажриба алмашуви каби муҳим йўналишларни ўз ичига олади. Унга кўра, Имом Бухорийнинг бой илмий мероси ва ҳадисшунослик йўналишида қўшма тадқиқотларни йўлга қўйиш, университет талаба ва тадқиқотчилари учун Марказнинг бой кутубхона фондларидан фойдаланиш имкониятини яратиш, грант лойиҳалари, халқаро конференция ва семинарлар ташкил этиш ҳамда Марказ муассислигидаги илмий журналларда мақолалар чоп этиш, илмий-тадқиқот ишларига раҳбарлик қилиш ва методологик ёрдам кўрсатиш борасида доимий мулоқотни таъминлаш имкониятлари яратилади. Мазкур келишув кадрлар ва илмий материаллар алмашуви учун ҳам мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади.

Таъкидланганидек, имзоланган меморандум шунчаки расмий ҳужжат эмас, балки амалий натижаларга қаратилган “йўл харитаси” бўлиб хизмат қилади. Айниқса, таълим муассасалари ва илмий марказлар ўртасидаги бевосита алоқалар ёш тадқиқотчиларнинг илмий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва аждодларимиз меросини халқаро миқёсда тарғиб қилишда муҳим ўрин тутади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Қалам аҳлининг галдаги ташрифи

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўзининг 9 йиллик фаолияти давомида нафақат илмий тадқиқотлар, балки жамоатчилик …