Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 16 апрель куни “Ўрта Осиё қўлёзмалари кодикологияси элементлари” мавзусида навбатдаги ўқув семинар-тренинг старт олди. Унда мамлакатимиз олимлари, тадқиқотчилар, реставраторлар, шунингдек, Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия совриндорлари иштирок этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, мазкур илмий тадбир анъанавий характерга эга бўлиб, ўтган йили ўтказилган семинарнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Ушбу лойиҳа Марказ томонидан Франциянинг “College de Franсe” олий ўқув муассасаси ва Тиллар ва цивилизациялар университети кутубхонаси (BULAC) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Семинарнинг очилиш маросимида Марказ директори Шовосил Зиёдов иштирокчиларни қутлаб, бундай машғулотлар қўлёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш соҳаси мутахассисларининг малакасини оширишда, шунингдек, ўзбек ва француз шарқшунослик мактаблари ўртасидаги ўзаро тажриба алмашувини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этди.

Тадбирнинг илк кунида франциялик таниқли олимлар – Мари Эфтимию ва Франс Жан-Огюст Ришар томонидан назарий машғулот ўтказилди.

Маърузалар давомида Марказий Осиёда битилган қўлёзмаларнинг ўзига хос хусусиятлари, кодикологик тадқиқотларнинг замонавий усуллари ва қадимий матнлар билан ишлашнинг ўзига хос жиҳатлари батафсил кўриб чиқилди. Мутахассислар иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтариб, мавзу юзасидан фикр алмашди.

Куннинг иккинчи ярмида семинар иштирокчилари учун Самарқанднинг қадимий қоғозчилик саноати анъаналари билан танишиш мақсадида Конигил туризм қишлоғидаги қоғоз ишлаб чиқариш корхонасига сафар ташкил этилди. Бу қисқа, лекин ғоят сермазмун саёҳат назарий билимларни амалий таассуротлар билан бойитишга хизмат қилди.
Халқаро семинар 17 апрель куни ишини давом эттиради. Энди асосий эътибор амалий машқлар ва иштирокчиларнинг тақдимотларига қаратилади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





