Home / МАҚОЛАЛАР / БАҲОУДДИН НАҚШБАНД РУБОИЙЛАРИДА ЎЗЛИКНИ АНГЛАШ МАСАЛАСИ

БАҲОУДДИН НАҚШБАНД РУБОИЙЛАРИДА ЎЗЛИКНИ АНГЛАШ МАСАЛАСИ

Инсон камолотининг асосий мезонларидан бири – унинг ўзлигини англашидир. Делфадаги Апполон ибодатхонаси деворларига ўйиб ёзилган ва анъана бўйича етти юнон донишмандларидан бири – Хилонга тегишли деб ҳисобланган «Ўзлигингни англа!» шиори қадимги антик давр фалсафасидан ҳозирги кунгача файласуфлар учун ўзак масала бўлиб келмоқда. Эрамиздан аввалги В асрда Протагор, «инсон барча нарсаларнинг ўлчовидир», деган фикрни илгари сурган бўлса, Суқрот учун «ўзлигингни англа» ҳикмати донишмандликнинг қоидасига айланди.

Сицерон «Фалсафа Фалесдан бошланади, у биринчи эди», деб таъкидлаган. Етти донишманднинг етакчиси бўлган Фалес «Энг қийин нарса нима?», деган саволга «Ўзни англаш» [27:10], деб жавоб берган. Файласуф Хилон, «Ўзингни билгил ва сен Худоларни ва коинотни билиб оласан» [24:29], деган.

Инсон руҳий қувватининг рамзига айланган Суқрот шундай деган: «Ким ўзини билса, унинг учун нима фойдали эканини билади, худди шунингдек, нимага қодир ва қодир эмаслигини тушунади. Биладиган нарсалари билан шуғулланиб, ўз эҳтиёжларини қондиради ва бахтиёр яшайди, билмаган нарсаларига қўл урмай, хатоларга йўл қўймайди ва бахтсизликларни четлаб ўтади. Шу туфайли у бошқа одамлар баҳосини ҳам билади ва уларга таяниб, фойда олади ва ўзини бебахтликлардан сақлайди» [24:62].

Исломда ҳам «Ким ўзлигини таниса, Роббини танийди» деган ҳадис мавжуд. Тасаввуф таълимоти «Худшуноси, худошуноси аст», яъни «Ўзликни таниш, англаш, Худони танишдир» деган тамойилга асосланади. Имом Ғаззолий «Аллоҳни англашдан аввал ўзликни англамоқ жоиз», деган. Шунингдек, у: «Афсуски, фақат инсонгина ўзи ҳақида ҳақиқий билимга эга эмас. Биз ўзимизни фақат сиртдан – у ёки бу қилмишимиз ва ташқи қиёфамиз орқали биламиз. Руҳий моҳиятимизни билишга уринмаймиз», деб таъкидланган. Башарият мутафаккири Жалолиддин Румий: «Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил», деб инсонни ўзлигини англашга чақирган.

Ўзликни билишнинг моҳияти нима? Масалан, ручка. Уни қўлга олиб ўрганиб, нимага лозимлигини биламиз. Унинг жойи ошхонада, пичоқ-қошиқлар ёнида эмас, столимиз устида қоғоз-қаламларимиз билан эканига ақлимиз етади. Ундан илм таҳсили, иш давомида ёзиш жараёни учун фойдаланамиз. Ручка ўз ўрнида турса, ўринли фойдаланилса, ўз қадр-қимматини топади. Кераксиз жойда бўлса, оёқ остига тушади ва болалар қўлида девор, эшик-ромларда ортиқча ва кераксиз чизиқларни пайдо қилади. Инсон ҳам ўзининг кимлиги, нима учун бу дунёга келгани, ўз имкониятларини билса, ўз қадр-қимматига муносиб иш қилади, манзил-макон топади, ўзгаларга фойдали ва керакли бўлади.

Инсоннинг ўз-ўзини таниши, англаши, энг аввало, инсон зотининг моҳиятини билишидир. Бу инсон маънавияти, шаъни, қадр-қиммати, обрў-эътибори, ор-номуси орқали намоён бўлади. Ўз-ўзини англаш инсонга ҳаётининг маъно-мазмуни, мақсадини тушунишга ёрдам беради. Инсон, энг аввало «Мен кимман?», «Бу ёруғ дунёга нима учун келдим?», «Менга ато этилган буюк неъмат –ҳаётимни нималарга сафарбар этмоғим лозим?» деган саволларга жавоб излаб, ўз-ўзини англаши ва жамиятда ўз ўрнини топиши лозим.

Ҳазрат Алишер Навоий: «Эл нетиб топқай мениким, мен ўзимни топмасам», «Ўз вужудингни тафаккур айлагил, ҳар не истарсен ўзингдан истағил», каби ўгитлари билан инсонни ўзлигини англашга чорлаган.

Ўз-ўзини англаш жараёнининг аввалида инсон ўзини ҳайвон эмас, ўсимлик эмас, тош-кесак, жонсиз маъдан эмас, балки Ҳазрати инсон эканини англаши лозим. Одам ҳайвонот оламидан онги, тафаккур қила олиши, нутқи, меҳнат қилиш ва меҳнат қуролларини ярата олиши, ижод қудрати билан ажралиб туради. Инсоннинг инсонлиги, унинг ҳайвондан туб фарқи айни ўз-ўзини англашдадир. Яъни ўзини кимлиги ёки нималиги, нималарга ва қандай ишларга қодирлигини била олишидан бошланади.

Ўз-ўзини англаш жараёнида инсон ўзини бутун борлиқдан ажратиб, унга «ўзга кўз» билан, четдан қарайди, ўзи қилаётган ҳар бир иши, ўтказган ҳар бир дамини сарҳисоб қилади. Ўз-ўзини англаш жараёнида инсон ўз қадр-қимматини билади, унда ўзига ишонч ҳосил бўлади, характери шаклланади. Инсон ўз-ўзини англаса, фаол бўлади, чунки у «ўз ўрнида» бўлади. Ўз-ўзини англаш жараёнида билиш объекти ҳам, субъекти ҳам инсоннинг ўзи бўлади. Инсон ўз-ўзини англаш жараёнининг қуйидаги шакллари мавжуд: Биринчи, дастлабки шакли – ўз-ўзини ҳис қилиш, яъни киши ўзини, ўз жисмини қуршаб турган дунёдаги предметлар, ҳодисалардан фарқини билади. Иккинчи шакли – одам жамиятдаги ўз ўрни, бу жамият аъзоси, аниқ фаолият эгаси, маълум ижтимоий гуруҳга мансублигини билишдир. Учинчи, юқори шакли – ўзини фуқаро сифатида англаши, ўз иши учун масъулиятни ҳис қилиши, ўз фаолиятини назорат қилиши, ўз-ўзига баҳо бера оладиган, ўз-ўзига ҳисоб бера оладиган шахс даражасига етишидир.

Ўз-ўзини нотўғри англаш инсонни, бир томондан, ўзига ортиқча баҳолаш ва кибру ҳавога берилишига олиб келса, иккинчи томондан, ўзига паст баҳолаш-ўзидаги иқтидор, истеъдодни оча олмай, фаоллиги етарли бўлмасликка, пассив, умидсиз, инқироз ҳолатига туширади. Бу икки ҳолат ҳам инсон камолотига ёмон таъсир этади. Шунинг учун ҳазрат Алишер Навоий айтган эдилар:

То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,
То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас.
То зулму ситам жонига бедод ўлмас,
Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.

Инсонда ўз-ўзини англаш, ўз-ўзини назорат этиш, ўз-ўзидан ҳисоб олиш мунтазам давом этадиган жараён бўлганида инсон меъёрда яшайди. Чунки: «Одами нусхаи жомиъа турур, ондоғким, малакий сифатлари бор турур ва сабъий ва баҳимий сифатлардан ҳам холий эрмастур» [25:344]. Хожа Аҳрор Валий бу иборалари билан инсонда ҳам малакий, фаришталарга хос сифатлар мавжуд, шу билан бирга, йиртқич ва бошқа тўрт оёқли ҳайвонлар каби нафс иллатлари ҳам борлигини таъкидлаб, инсонни «нусхаи жамиʼ», яъни борлиқдаги бор нарсаларни ўзида жам этган нусха демоқда.

Баҳоуддин Нақшбандга оид бўлган асосий манба Абул Муҳсин Муҳаммад Боқир ибн Муҳаммад Алининг «Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд» асарида бу улуғ зотнинг қуйидаги рубоийлари келтирилган:

Ҳеч мо не ва ҳеч мо кам не,
Аз паи ҳеч ҳеч мо ғам не.
Жанда бар пушт, пушт гўристон,
Гар бимирем ҳеч мотам не [2:85].

Мазмуни:

Ҳеч нарсамиз, ҳеч нарсадан камимиз йўқ,
Ҳеч нарсанинг кетидан ғамимиз йўқ.
Орқада жандаю, гўристон ортда,
Гар ўлиб қолсак, ҳеч мотам ҳам йўқ.

Баҳоуддин Нақшбанднинг бу рубоийлари барча манбаларда тан олинган. Унинг фалсафий таҳлили инсонга оид қуйидаги қарашларни намоён этади, яъни рубоийда «ҳеч» деган сўз бир неча маротаба такрорланмоқда. Онтологик жиҳатдан таҳлил қилганимизда инсон борлиғи бутун коинот ва борлиқлар тизимида жуда кичик зарра бўлиб, ҳеч нарсадек кўринади. Шаклан қараганимизда мегаолам, галактика ва метагалактикага қиёслаганимизда инсон борлиғи кичик, жуда ҳам кичик заррадир. Аммо, суратда, шаклда, зоҳиран кичик олам бўлган инсон Баҳоуддин Нақшбанд таърифи билан ҳеч нарсадан кам эмас. Чунки инсон жам этувчи борлиқдир. Бутун илоҳий, руҳий, маънавий, моддий оламлар инсонда мужассамдир. Зоҳиран Кичик Олам бўлган инсон ботинан Катта Оламдир.

Баҳоуддин Нақшбанд таълимотини жаҳоний тариқатга айлантирган Хожа Аҳрор Валий ўзининг «Рисолайи Ҳавроия» ва «Фиқаротул орифийн» асарларида ёзилган қуйидаги рубоийсида инсонни мукаммал жам этувчи борлиқ эканини ёзган:

Эй нусхаи номаи илоҳи, ки туи,
Эй оинаи жамоли шоҳи, ки туи.
Берун зи ту нест ҳар чи дар олам ҳаст,
Дар худ биталаб ҳар он чи хоҳи, ки туи [26:24,69].

Мазмуни:

Эй илоҳий номанинг нусхаси сенсан,
Илоҳий жамолнинг кўзгуси сенсан.
Оламда мавжуд бўлган ҳамма нарса сенда бордир,
Нимани истасанг ўзингдан излагил.

Баҳоуддин Нақшбанд таълимотидаги «Сафар дар Ватан» – «Ватанда сафар» тамойилида инсон ботинига сафар қилиш ва ботинни поклаган инсонда бутун оламга таъсир этувчи қувват борлиги ҳақида фикр юритилади. Баҳоуддин Нақшбанднинг «Ҳеч мо не» дегани суратда биз ҳеч, яъни кичик бўлсакда, «Ҳеч мо кам не» – ҳеч нарсадан кам эмасмиз деганидир. Бу билан инсон ботинан Катта Олам экани ва борлиқдаги барча тизимлар моҳияти инсонда мавжудлиги тан олинган.

Баҳоуддин Нақшбанд рубоийсининг биринчи қатори кўпинча таржимада бизнинг ҳеч нимамиз йўқ, лекин биз ҳеч нимадан кам эмасмиз маъносида таҳлил этилган. Бу фалсафий таҳлил бизнинг фикримизча, анча тор маънони билдиради. Бу таҳлиллар рубоийнинг иккинчи қаторининг мазмунига анча яқиндир. Рубоийнинг иккинчи қаторида ҳеч нарса учун бизда ғам йўқ ибораси орқали Баҳоуддин Нақшбанд оламнинг фоний, яъни ўткинчи ва боқий, яъни абадий эканига ишора қилади. Ҳеч учун бизда ғам йўқ дейиш билан аллома моддий оламдаги мол-мулк, дунё, мансаб ва бойлик ўткинчи экани, улар учун ғам ейиш, умрни бахшида этиш арзимаслигини таъкидламоқда. Шунингдек, дунёпарастлик, мол-мулкка боғланиш, мансаб учун кураш инсоннинг охирати ва абадий ҳаёти учун фойда бермаслиги, кераксизлигини айтмоқда. Инсон ҳаётининг мазмуни дунёга боғланишда эмас, балки дунёдаги имкониятлардан эзгу амаллар қилиб, боқий ҳаётда абадий қолиш учун фойдаланиш тўғрилигини таъкидламоқда.

Баҳоуддин Нақшбанд рубоийсининг иккинчи қаторидан фалсафанинг борлиққа оид қарашларининг иккинчи томони маълум бўлади. Борлиқ фоний олам ва боқий оламдан иборатдир. Моддий олам фоний бўлиб, унинг имкониятлари эзгуликка сарфланса, боқийликка инсонни боғлайди. Баҳоуддин Нақшбанднинг бу фикрлари ҳам Жалолиддин Румийнинг «Девони Шамс» асаридаги қуйидаги мисралар билан уйғундир:

Зотеду, сифотеду, гаҳе Аршу, гаҳе фарш,
Дар асл бақоэду, муназзаҳ зи фаноэд.

Мазмуни:

Илоҳий зот, сифатларсиз, Аршсизу гоҳо фаршсиз,
Аслида боқий, абадийсизу фоний эмассиз.

Баҳоуддин Нақшбанд ҳам инсонни моддийликка боғланмасдан берилган ҳаётни, умрни эзгуликка сарфлаб, абадий яшашга ундамоқда.

Баҳоуддин Нақшбанд рубоийсининг учинчи қаторида жанда ортда ибораси орқали ўзида бор бўлган мол-мулк меҳри қалбида эмаслиги, унга боғланмаганини таъкидлаб, орқада қабристон борлигини айтмоқда. Бу мисра орқали инсон тана жиҳатидан ўлиши ва қиёматгача барзах олами бўлган қабрда қолишини тушунтириб, мол-мулк қабрда инсонга ҳамроҳ бўлмаслигини таъкидламоқда. Аммо ўлим ҳақ экани, тананинг фонийлиги, руҳнинг абадийлиги масаласига эътибор бериб, абадий ҳаёт учун зарур бўлган охират ғамини ейиш кераклигига инсоният диққатини қаратмоқда.

Рубоийнинг охирги тўртинчи қатори ўлим мотам эмаслиги, аксинча инсон танаси орқали руҳни тўсиб турган барча пардалар кўтарилиб, унинг бемалол парвозига ва илоҳий моҳият билан боғланишга имкон туғилиши масаласи эътиборга олинмоқда. Ўлим ва ҳаёт масаласи Баҳоуддин Нақшбанд фикрича, бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга кўчишдир. Ўлиш – бу риҳлат қилиш, яъни фоний оламдан боқий оламга ўтишдир. Инсон шараф билан бу фоний ҳаётдан боқий ҳаётга ўтиши учун танадаги, вужудидаги барча имкониятларини фақат эзгуликка сафарбар этган бўлиши лозим.

Баҳоуддин Нақшбанднинг рубоийлари жамланган манба «Рубоиёти Хожа Нақшбанд» асаридир. Бу асарда рубоийлар рақамлар билан белгиланган. Унда рубоийлар форс тилида араб графикасида ёзилган бўлиб, Муҳаммад Содиқ Қусурий томонидан урду тилида шарҳланган.

«Рубоиёти Хожа Нақшбанд» асарида 101-рақамли рубоийсида ҳам инсон ҳаётининг мазмуни «ҳеч» ибораси орқали қуйидагича тавсиф этилган:

دنیا چه بود کثیر مشوش بودن

و ز بهر دو روزه عمر ناخوش بودن

ما هیچ جهان هیچ و غم و شادی هیچ

خوش نیست برای هیچ ناخوش بودن

Дунё чи бувад? Касири машуш будан,
В-аз баҳри ду рўза умр нохуш будан.
Мо ҳеч, жаҳон ҳечу ғаму шоди ҳеч,
Хуш нест барои ҳеч нохуш будан [1:142].

Мазмуни:

Дунё недур? Кўп ташвишли бўлиш,
Икки кунлик умр учун хафа бўлиш.
Биз ҳечмизу, жаҳон ҳечу, ғам ва шодлик ҳеч,
Хуш эмасдир ҳеч учун хафа бўлиш.

Баҳоуддин Нақшбанднинг бу рубоийсидан маълум бўладики, инсон ҳаёти учун дунё, мол-мулк ва уларга боғланиш беҳуда ташвишдир. Чунки бу моддий оламда инсон қисқа муддатда яшайди. Моддий оламда яшаган давр бутун инсон ҳаётига нисбатан ҳеч нимадир. Бу жаҳон ва ундаги шодлигу ғам ҳам ўткинчидир. Шунинг учун Баҳоуддин Нақшбанд бу қисқа муддатли ҳаётда нохуш бўлишни қоралайди. У шукроналик ва эзгулик билан яшаш кераклигини таъкидлаб, бу олам охират учун зироат жойи эканини айтади.

Манбадаги 45-рақамли рубоийда Баҳоуддин Нақшбанд ўзини англашга ҳаракат қилганини қуйидагича тавсифлаган:

از هیچ کسی خویشتن بیخبرم

از هیچ سگی به نیم الا بترم

هرچند بحال خویش مینگرم

یک حبه نیرزد ز قدم تا بسرم

Аз ҳеч касии хештан бехабарам,
Аз ҳеч саге беҳ наям, илло бадтарам.
Ҳар чанд ба ҳоли хеш менигарам,
Як ҳабба наарзад зи қадам то ба сарам [1:86].

Мазмуни:

Ўзимни ҳеч ким эмаслигимдан бехабарман,
Ҳеч бир итдан яхши эмасман, илло ёмонроқман.
Қанча ўзимнинг ҳолимга қарасам,
Қадамимдан бошимгача бир ҳабга ҳам арзимасман.

Рубоий мазмунидан маълум бўладики, Баҳоуддин Нақшбанд камолотининг сири – у киши ҳамиша ўзини назорат қилганидадир. У киши бутун борлиққа ўзини қиёслаб, ҳар бир мавжудотнинг фойда келтиришини аниқлаган. Рубоийда ўзини итдан ҳам паст эканини таъкидлаган. Ҳазрат Алишер Навоий, бизнинг фикримизча, «Лисонут тайр» асарида фақру фано водийсини тавсифлаганида Баҳоуддин Нақшбанднинг ўзини итнинг оёқ изидан ҳам камтар тутганини ёзишда шу рубоийдан таъсирланган бўлиши мумкин.

Асардаги 51-рубоийда ўзликни англаш учун нақшбандларга хос талаблар қуйидагича ёритилган:

خودرا بشکن که بت شکستن این است

واز خود بگسیل که ز قید رستن این است

در گوشه خاطر عزیزان جا کن

در مذهب ما گوشه نشستن این است

Худро бишикан, ки бут шикастан ин аст,
В-аз худ бигусел, ки зи қайд растан ин аст.
Дар гӯшаӣ хотири азизон ҷо кун,
Дар мазҳаби мо гӯша нишастан ин аст [1:92].

Мазмуни:

Ўзингни синдиргин, бутни синдириш шудир,
Ва ўзингдан кечгин, камолнинг белгиси шудир.
Азизлар хотирининг бир гўшасидан жой ол,
Хилватнишинлик бизнинг мазҳабимизда шудир.

Рубоийда инсон нафсини Баҳоуддин Нақшбанд бутга тенглаштиряпти. Нафсига қул бўлган кишини бутпараст деяпти. Нафсидан кечган, аммора нафсининг устидан ғалаба қилган киши камолотга етган инсон ҳисобланишини тавсифламоқда. Рубоийдан маълум бўладики, инсон ўзлигини англаши учун ўз нафсини таниши лозим. Нафсини тарбиялаган кишилар эзгу ишлари билан яхшилар қалбидан жой олади. Нақшбандия таълимотида «Хилват дар анжуман» тамойили асосида холис «Дил ба Ёру даст ба кор» шиори асосида меҳнат қилиш лозим.

«Рубоиёти Хожа Нақшбанд» асаридаги 56-рақамли рубоийда нафсни синдириш, кибру ҳавони йўқотиш инсон ўзлигини англашининг асоси экани қуйидагича ёритилган:

تا از غمت دلتنگ داریم ای دوست

از غیر تو دربسته داریم ای دوست

گفتی که من با شکستگان نزدیکم

ما نیز دل شکسته داریم ای دوست

То аз ғамат дилтанг дорем, эй Дӯст,
Аз ғайри Ту дарбаста дорем, эй Дӯст.
Гуфти, ки ман бо шикастагон наздикам,
Мо низ дил шикаста дорем, эй Дӯст [1:97].

Мазмуни:

Сенинг ғамингдан дилда дардимиз бор, эй Дўст,
Сендан ўзга барча эшиклар боғлиқдир, эй Дўст.
Айтдиким мен цинганлар билан яқинман,
Биз ҳам синиқ қалб эгасимиз, эй Дўст.

Бу рубоийда инсонни ўзлигини англаши учун манманлик, кибру ҳаво каби иллатлардан қутулиш лозимлиги  таъкидланмоқда. Чунки кибру ҳаво илоҳий нур ва файз эшикларини боғлайди. Нафс истаклари устидан ғолиб чиққан қалби синиқ киши ўзлигини англай олади. Нақшбандия таълимотидаги 11 тамойил бу мақсадга эришишда ёрдам беради.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. رباعیات خواجه نقشبند مرتب و شارح محمد قصوری اردوبازار لاهور الدینیة پیلیکیشنز ۱۹۹۸ ۱۸۴ صحیفه
  2. Абул Муҳсин Муҳаммад Боқир ибн Муҳаммад Али. Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд. – Т.: Ўзбекистон, 2019. – 335 б.
  3. Баҳоуддин Нақшбанд. Рубоийлар. – Бухоро: «Дурдона» нашриёти, 2023 – 84 б.
  4. Баҳоуддин Нақшбанд. (Манбалар таҳлили). – Т.: Сано стандарт, 2019. – 256 б.
  5. Баҳоуддин Нақшбанд. Ҳикматли сўзлар. Баҳоуддин Накшбанд. Wордс оф wисдом. – Бухоро: «Дурдона» нашриёти, 2020. – 52 б.
  6. Донишмандлар туҳфаси. Рубоийлар. – Т.: Ўзбекистон, 2009. – Б.277-278.
  7. Наврўзова Г.Н. Нақшбандия тасаввуфий таълимоти ва баркамол инсон тарбияси. – Т.: Фан, 2005. – 233 б.
  8. Наврўзова Г.Н. Нақшбандия – камолот йўли. – Т.: Фан, 2007. – 189 б.
  9. Наврўзова Г.Н. Баҳоуддин Нақшбанд. (Рисола). – Т.: «Абу матбуот-консалт» нашриёти, 2011. – 24 б.
  10. Наврўзова Г.Н. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёти ва маънавий мероси. – Т.: Фан, 2021. – 244 б.
  11. Наврузова Г.Н. Баҳауддин Нақшбанд – тҳе севентҳ пир оф Букҳараи Шариф (Нобле Букҳара). Ислом тафаккури (Махсус сон), 2020. – Б.5-8.
  12. Наврўзова Г.Н. Шукроналик – инсон камолотининг асоси. //Имом Бухорий сабоқлари. 2023 йил 3-сон. – Б.121-123.
  13. Наврўзова Г.Н. Нақшбандия таълимотида ризо тушунчаси. // Ислом тафаккури. 2022 йил 2-сон. – Б.39-46.
  14. Наврўзова Г.Н. Бухорои шарифнинг етти пири ҳалол тушунчаси хусусида. // Имом Бухорий сабоқлари. 2022 йил 4-сон. – Б.51-52.
  15. Наврўзова Г.Н. Баҳоуддин Нақшбанд рубоийларида инсоннинг руҳий мувозанати масаласи. Интерпретатион анд ресеарчес. Волуме 1 иссуэ 22. 30.12.2023. – П.171-176.
  16. Наврўзова Г.Н. Баҳоуддин Нақшбанд таълимотида суҳбат тушунчаси. Интерпретатион анд ресеарчес. Волуме 2 иссуэ 1(23). 30.01.2024. – П.19-22.
  17. Наврўзова Г.Н. Нақшбандия: Нақшдан бенақш сари йўл. Интерпретатион анд ресеарчес. Волуме 2 иссуэ 8(30). 10.05.2024. – П.219-225.
  18. Наврўзова Г.Н. Баҳоуддин Нақшбанд маънавий меросининг янги қирраси. // Ислом тафаккури. 2024 йил 1-сон. – Б.3-7.
  19. Наврўзова Г.Н. Баҳоуддин Нақшбанд рубоийларидаги инсон тушунчасининг фалсафий таҳлили. // Ислом тафаккури. 2024 йил 2-махсус сон. – Б.49-53.
  20. Наврўзова Г.Н. Нақшбандия – ҳушёрлик йўли. – Т.: Фан, 2024. – 184 б.
  21. Рисолаҳои пирон ва пайравони тариқати Нақшбандия. – Душанбе, 2017. – 456 б.
  22. Сайфиддин Сайфуллоҳ. Ҳазрати Нақшбанд рубоийлари. – Т.: Тошкент ислом университети. 2009. – 20 б.
  23. Салоҳиддин ибн Муборак ал-Бухорий.(1410) Анис ат-толибин ва уддат ас-соликин. Бухоро музейи 27772/11 қўлёзма, 168 в.
  24. Сержило тафаккур дурдоналаридан. – Т.: Наврўз, 2003. – 320 б.
  25. Фахруддин Али Сафий. Рашаҳоту айнил ҳаёт (Обиҳаёт томчилари). – Т.: Абу Али ибн Сино, 2004. – 536
  26. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор. Табаррук рисолалар. – Т.: Адолат, 2004. – 385 б.
  27. Ҳақиқат манзаралари. 96 мумтоз файласуф. – Т.: Янги аср авлоди, 2007. – 372 б.

Гулчеҳра НАВРЎЗОВА
Бухоро муҳандислик-технология институти «Ижтимоий фанлар»

кафедраси профессори, фалсафа фанлари доктори

Check Also

САЛАВОТ айтишнинг 40 та ФОЙДАСИ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм САЛАВОТ айтишнинг 40 та ФОЙДАСИни УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:  КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА …