Home / МАҚОЛАЛАР / ТАЪЛИМ ОЛИШ ФАРЗ АМАЛЛАРИДАНДИР

ТАЪЛИМ ОЛИШ ФАРЗ АМАЛЛАРИДАНДИР

Илм олиш динимизда улуғ ибодатлардан саналади. Илк нозил бўлган ваҳийнинг “Ўқи” деб бошланиши сўзимизнинг ёрқин далилидир. Шунинг учун ҳам мўътабар манбаларда илм тарғиб қилинган ва илм соҳиби учун баланд даражалар ваъда қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
“Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”[1] деган. Аллоҳ таоло яна: “Айтинг: Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!”[2] ва “Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар”[3], деган.
Аллоҳ таоло бу оятларда илмни неъмат ўлароқ зикр қилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб, шундай гувоҳлик берди: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир”, фаришталар ва илм эгалари ҳам. (Албатта), Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли) дир”[4], деган. Бу оятда Аллоҳ таоло аввал ўзини, кейин фаришталарни, сўнгра илм аҳлини зикр этди. Мана шунинг ўзи илмнинг шарафли, фазилатли ва улуғ эканини англатади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Олимлар даражаси илм олмаган мўминлар даражасидан етти юз даража юқоридир. Ҳар даражанинг ораси беш юз йиллик йўлга тенгдир”, деган. Али розияллоҳу анҳу илм ҳақида: “Илм пастда турганларни юқори даражага кўтаради. Билимсизлик эса тепада турганларни пастга туширади. Илм мол-давлатдан устундир, чунки бойликни сен қўриқлайсан. Илм эса сени қўриқлайди”, деган. Демак, мазкур оят ва ҳадиси шарифда илм олишга тарғиб этилган.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётлари ва айтган сўзлари ҳам илмга даъват билан тўладир. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм талаб қилиш йўлида юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди”, деганлар” (Абу Довуд ва Термизий ривояти)[5].

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимга Аллоҳ яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди ва унга тўғри йўлни кўрсатади”, деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: “Олимлар Пайғамбарларнинг ворислари (меросхўрлари)дир”, деб марҳамат қилганлар. Маълумки, Пайғамбарлик рутбасидан устунроқ ҳеч бир рутба йўқ ва бу рутбага меросхўр бўлиш олий шарафдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимга ердаги ва осмондаги барча нарсалар истиғфор айтади”, деганлар. Ердаги жонзотлар ва осмонлардаги фаришталар истиғфор айтиб турувчи кишиларнинг мансабидан зиёда мансаб борми?!

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: “Ҳикмат шарафли кишининг шарафини зиёда этади ва қулни подшоҳлар даражасигача кўтаради”, деганлар. Бу ҳадисда илмнинг дунёдаги самараси баён қилинмоқда. Аммо охиратдаги меваси ундан-да хайрли ва абадийдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни олимлар қаламининг сиёҳи шаҳидлар қони билан ўлчанади”, деганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимдан ким қирқ ҳадисни одамларга таълим бериш учун ёдласа, мен қиёмат куни унга шафоатчи ва гувоҳ бўламан”, деб марҳамат қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илмнинг шаҳидлик ва обидликдан афзаллиги ҳақида: “Олимнинг обиддан афзаллиги менинг қуйи даражадаги саҳобийдан афзаллигим кабидир”, деганлар.

Қарангки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам илмни набийлик даражасига яқин қўйиб, илмсиз қилинган амалдан устун кўрдилар. Агар обид қилаётган ибодати ҳақида илмга эга бўлмаганида, ибодати давомли бўлмас эди.

Илмга тарғиб ва унинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидан баъзи мисоллар келтирамиз. Бадр деган жойда мушриклар билан урушдан сўнг Муҳаммад алайҳиссалом ҳар бир асирга озод бўлиши учун ўнта мусулмонга ўқиш, ёзишни ўргатиб қўйишни шарт қилганлар. Ўша ўринда пул, мол ёки хоҳлаган бошқа нарса сўралиши мумкин эди. Лекин илм ҳамма нарсадан устун тургани учун шу сўралган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон киши ва муслима аёлга фарздир”, деганлар. Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, ислом дини аёл кишига ҳам илм талаб қилишни фарз қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамизга уйланмоқчи бўлганларида Ҳазрати Умар ислом умматига юксак бир фазилатни кўрсатди. У ҳам бўлса, оталик масъулиятини ҳис қилган ҳолда қизлари Ҳафсани турмушга бериш олдидан унга ўқиш, ёзиш ва динга доир илмларни берди. Ҳаттоки, қизларига ўқиш ва ёзишдан таълим бериш учун Бани Адий қабиласидан бир аёлни ёллади. Ҳафса онамиз ҳалиги аёлдан етарлича илм олганидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқди. Тўйдан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Умардан ҳалиги аёл келиб Ҳафсага қолган илмлардан ҳам дарсни давом эттиришини айтдилар. Ҳазрати Умар: “Эй Расулуллоҳ! Ҳафса илмни яхши эгаллаб олди”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳафса илмни мукаммалроқ эгаллашини хоҳлайман”, дедилар[6].

Ислом илм талаб қилишни ибодат даражасига кўтаради. Уламоларнинг сиёҳини шаҳидларнинг қонига тенглаштирди. Ҳадиси шарифда: “Кимки дунёни хоҳласа, илм олсин, кимки охиратни хоҳласа ҳам, илм олсин”, деб айтилган.

Ҳасан Басрий: “Олимлар қаламининг сиёҳи шаҳидлар қони билан ўлчанади. Шунда олимлар қаламининг сиёҳи шаҳидлар қонидан оғир келади”, деган.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Илм кўтарилмасидан уни ўрганинглар. Илм олимларнинг вафоти туфайли кўтарилади. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ йўлида шаҳид бўлган кишилар (қиёмат кунида) олимларга берилган каромат-даражаларни кўриб: “Кошки бизни ҳам Аллоҳ олим қилиб тирилтирса”, деб орзу қилади. Зеро, ҳеч ким олим бўлиб туғилмайди. Илм ўрганиш таълим олиш билан эгалланади”, деган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Кечанинг бир қисмида илм музокараси билан машғул бўлиш менга кечани бутунлай бедор ўтказишдан яхшироқдир”, деган.

Али розияллоҳу анҳу: “Олим киши кечалари қойим, кундузлари рўзадор мужоҳиддан афзалдир. Олим вафот этса, исломда бир ёриқ пайдо бўлади. У ёриқни фақат олимнинг ўринбосаригина тўлдиради”, деган. Сўнг Али розияллоҳу анҳу қуйидаги шеърни ўқиди:

Илм аҳли шарафли, ҳидоят
истаганларга йўл кўрсатгай,
Ҳар кишининг қадри,
билки, қилган иши-ла ўлчангай.
Жоҳил – олим душмани,
лек канда қилма илм излашни,
Илм бирла умр боқий,
илмсизлар ҳаётдан эрта кетгай.

Илм – ҳикмат, поклик рамзи, илмсизлик эса жоҳилликдир. Илм диннинг асоси, устунидир. Илм ҳикмат, фазилат бўлиб, диннинг ривожи ва ёйилишини таъминлайди. Илмни ўқиш, такрорлаш, ёзиш билан мустаҳкамлаш лозим. Илмга амал қилинмаса, фойдасиз бўлиб қолади.

Исломда илм-фанни эгаллаш, маърифатли бўлиш жуда савобли иш. Ҳадисларда: “Садақанинг энг афзали илм ўрганиб, сўнг уни бошқаларга ўргатишдир”,дейилади.

Имом Абу Юсуф: “Фарзандим вафот этди. Ўша куни Абу Ҳанифани дарси бор эди. Дарсига қатнаша олмасликдан қўрқиб, ўғлимнинг дафн маросимини бошқа одамга топширдим”, деган. Имом Абу Юсуфнинг бу гапи илм олиш ва устозининг дарсида бардавом бўлиш нақадар муҳим эканини англатади. Шунингдек, бу мактаб ва олий ўқув юртларида ҳам устозларининг дарсларини сабабсиз қолдирмасликка чорлайди.

Илм олиш борасида юртимизда ибрат бўларли алломалар жуда ҳам кўп. Нафақат юртимизда, балки бутун оламга машҳур бўлган Имом Бухорий шулар жумласидандир. У киши ҳақида Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма бундай деган: “Бу дунёда ҳадис илмида Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра билувчироқ ва ёд олувчироқ бирор кишини кўрмадим”.

Имом Бухорий: “Юз минг саҳиҳ, икки юз минг саҳиҳ бўлмаган ҳадисни ёд олдим. Саҳиҳ китобимга бир ҳадисни ёзишдан олдин ғусл қилиб, икки ракат намоз ўқирдим. У саҳиҳ ҳадисларни олти юз минг ҳадислар орасидан танлаб олдим ва уни ўн олти йилда ёзиб тугатдим. Сўнгра уни ўзим билан Роббим ўртасида ҳужжат қилдим”, деган. Алломанинг бу сўзларини эшитган инсонда илм олишга рағбат ва иштиёқ пайдо бўлади.

Демак, маърифатни жам қилган илмларни эгаллаган кишининг икки дунёси обод бўлади.

Илм – ҳаёт ва турмушда орттирилган тажрибаларнинг амалий ва назарий натижаси. Инсон илм туфайли ҳар қандай қийинчиликдан осон чиқиб кетиши мумкин.

Ёшларни дунёвий илмлар соҳиби ва ҳунарли бўлишга тарғиб қилиш ҳам энг муҳим масалалардан саналади. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ҳар бир даврда ўзига хос бўлган илмларни ўрганишга ишора қилиб: “Болаларингизга ўзлари яшаётган давр илмларини ўргатинг, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келган”, деган. Инсоннинг келажакда солиҳ ва баркамол бўлиши, ёшлигида олган одоб-ахлоқи ва илм-маърифатига боғлиқдир.

Немис шарқшунос олимаси Зингфрид Хенка “Араб қуёши Ғарбга зиё сочади” номли йирик асарида бу масалани атрофлича ёритган. Хусусан, китобнинг “Мадрасага қатнаётган халқ” деб аталувчи бобида Ғарб аҳолисининг 95 фоизи саводсиз бўлган, буюк Шарл қариган чоғида ўқиш, ёзишни қийналиб ўрганаётган, ҳатто, ибодатхоналарда қалам тутишни биладиганлар нодир бўлган IX-XII асрларда ислом оламининг шаҳару қишлоқларидаги минглаб мадрасалар миллионлаб ўғил-қизларни кутиб олаётгани, улар ислом талабига асосан илмни рағбат билан ўргатаётгани ҳақида ҳикоя қилинади. Бу маълумотлардан ислом динининг илмга тарғиб қилишини билиб олишимиз мумкин. Ислом дини ҳамиша инсониятни илмга чорлаб келган. Қуръони каримда “илм” сўзи турли ҳолларда 765 марта такрорланган. Бу ҳам ислом динида илмнинг муҳимлигидандир.

[1] Мужодала сураси, 11-оят.
[2] Зумар сураси, 9-оят.
[3] Фотир сураси, 28-оят.
[4] Оли Имрон сураси, 18-оят.
[5] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт. 3-жуз. – Б. 103.
[6] Муҳаммад Мутавалли Шаъровий. Мусулмон аёл фиқҳи. – Б.15.
Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Рамазон раҳмат, мағфират ва нажот ойи

Рамазон – шунчаки рўза тутадиган ой эмас. Бу ниятлар тўғриланиб, қалб покланадиган, инсон ўзини қайта …