Самарқанд ва унга ёндош минтақаларда кўплаб олимлар яшаб, ижод қилган. Уларнинг аксарияти маҳаллий аҳоли орасидан етишиб чиққан. Бошқа минтақалардан илм талабида келганлар ҳам Самарқанддаги илмий муҳитнинг янада ривожланишига муносиб ҳисса қўшган. Шу боис уларнинг меросини ўрганиш ҳозирги кундаги долзарб масалалардан биридир.
Самарқанд илмий мактабининг ёрқин вакилларидан бири Носируддин Самарқандийдир. Аллома Қорахонийлар давлатининг етук олимидир. XI аср охири, XII аср биринчи ярмида яшаган. Умрининг аксариятини Самарқандда ўтказган. Замондошлари орасида ақида олими, фақиҳ, тарихнавис, мутасаввиф сифатида машҳур бўлган.
Манбаларда Самарқандийнинг 17 та асари ҳақида маълумот мавжуд. Уларнинг 10 таси фиқҳга доирдир. Шунинг учун ҳам олим кўпроқ фақиҳ сифатида тилга олинади. Бундан ташқари, ақида, тарих, ахлоқ илми бўйича ҳам асарлар ёзган. Мазкур асарлардан 6 таси бугунги кунгача етиб келган. Уларнинг учтаси устида тадқиқотлар олиб борилган ва нашр қилинган.
Олимнинг фиқҳий қарашларини “Китаб ал-мултақот”, “Ал-Фиқҳун нафеъ”, “Жоми ал-фатово” номли асарлари орқали ўрганишимиз мумкин. Ақидавий қарашлари ҳақида эса “Фатҳ ал-ғолақ фит тавҳид” асариди маълумот берилади. Мазкур асарларда олимнинг чуқур билим соҳиби экани, айниқса, ўзи яшаб турган минтақа дунёқарашидан келиб чиқиб, фатво берганини кўрамиз. Хусусан, “Китаб ал-мултақот” асарида Самарқанд урфига катта эътибор қаратган. Оила, савдо сингари масалаларда аҳоли ишлатадиган маҳаллий ибораларнинг шаръий ҳукмларини очиб берган. Мовароуннаҳр уламоларидан жуда кўплаб иқтибос келтирилгани ҳам аллома асарларининг ўзига хос жиҳатидир.
Аллома қарашлари ҳақида Олим ибн Алонинг “Ал-Фатово Татархония”, Ибн Обидиннинг “Раддул мухтор”, Ибн Нужаймнинг “Ал-Баҳрур роиқ”, Али ибн Усмон Ўшийнинг “Ал-Фатово Сирожия”, Бобоқушчи Абдураҳмон Афандининг “Бўстануш шақоиқун нўъмон”, Дада Халифанинг “Рисала фи амвали байтил мал” асарида ҳам тўхтаб ўтилган.
Тадқиқотда тизимлилик, назарий-дедуктив хулоса чиқариш, анализ ва синтез, тарихийлик ва мантиқийлик ҳамда қиёсий таҳлил каби методлардан фойдаланилган.
Носируддин Самарқандийнинг тўлиқ исми Абулқосим Носируддин Муҳаммад ибн Юсуф ибн Али Алавий Ҳусайний (Ҳасаний) Маданий Самарқандийдир [2:1813]. Манбаларда олимнинг куняси Абулқосим, баъзи ўринларда эса Абулқутун тарзида келтирилган [14:113]. Насаби Имом Ҳусайн ёки Имом Ҳасанга бориб тақалгани учун Ҳусайний ёки Ҳасаний нисбасини ҳам олган [16:17]. Маданий нисбаси олимнинг узоқ муддат Мадинада яшагани билан боғлиқ [16:18]. Самарқандий нисбаси унинг туғилиб, вояга етган, таълим олган ва буюк уламо сифатида етишиб чиқишига сабаб бўлган Самарқанд шаҳри учун берилган. Манбаларда “У Самарқанд аҳлидан” [15:409] деган қайд тез-тез учраб туради.
Носируддин Самарқандийнинг ҳаёти ҳақида маълумотлар етарли эмас. Ўзининг асарлари, табақот ва тарожим китобларидаги маълумотларга кўра, олим Самарқандда туғилган, шу ерда таълим олган ва шу шаҳарда вафот этган.
Алломанинг вафот тарихи манбаларда турлича кўрсатилган. Самарқандий қаламига мансуб “Китаб ал-мултақот”, “Жоми ал-фатово”, “Фатҳ ал-ғалақ” каби асарларда ва таржимаи ҳол ҳақидаги бошқа китобларда алломанинг 1161 йилда вафот этгани қайд этилган.
Ҳожи Халифа “Кашфуз зунун”да олимнинг “Масобиҳ ас-субул”, “Ал-Фиқҳун нофиъ” номли асарлари ҳақида маълумот берган ҳолда уни 1258 йилда вафот этганини ёзган.
Бошқа асарлари ҳақидаги маълумотларда эса 1161 йилни кўрсатган. Шу ва бошқа аксар манбалардаги маълумотга таянган ҳолда олим 1161 йилда оламдан ўтганини хулоса қилиш мумкин [2:361].
Манбаларда қайд этилишича, Носируддин Самарқандий зиндонда вафот этган ва бунга унинг мағрур феъли, ҳақиқат олдида ҳеч кимни аямаслиги сабаб қилиб кўрсатилган. Жойи келганда султонга ҳам ўз фикрини дадил билдиргани, олимларни қаттиқ танқид қилгани учун ҳибсга олинган Самарқандий зиндонда вафот этади. Лакнавий унинг қатл қилинганини айтган [2:361]. Шу сабабли айрим манбаларда олимнинг номига “шаҳид” атамаси қўшилганини кўриш мумкин [15:409].
Алломанинг ҳаёти сиёсий беқарор даврга тўғри келган. XI-XII асрларда Мовароуннаҳр шиддатли муҳорабалар, сиёсий зиддиятлар қаршисида қолган эди. Бу вақтга келиб 840 йилда ташкил топган Қорахонийлар давлати ўта кучсизланган, Шарқий Қорахонийлар давлати ва Ғарбий Қорахонийлар давлатига бўлиб кетган эди [16:135]. Айни дамда тез суръатда юксалиб келаётган Салжуқийлар давлати билан қорахонийлар ўртасида ихтилоф ортган эди.
1089 йил икки турк давлати ўртасидаги жангда Салжуқийлар султони Султон Санжар Қорахонийлар қўшинини енгиб, Ғарбий Қорахонийлар давлати ортидан Шарқий Қорахонийлар давлатини ўз ҳукми остига олади. Бироз ўтиб, ҳали бу можаролар совиб улгурмасдан Мовароуннаҳр қорахитойлар ҳужумига учрайди. 1137 йилдаги Хўжанд атрофида бўлиб ўтган жангда салжуқийларга тобе Қорахонийлар давлати тор-мор этилади ва минтақа қорахитойлар тасарруфига ўтади. 1141 йилда душманга қарши бирлашган салжуқийлар-қорахонийлар қўшини ҳам енгилади [9:86].
Носируддин Самарқандийнинг ҳаёти минтақани аввал қорахонийлар, кейин салжуқийлар, ундан кейин қорахитойлар идора этган даврга тўғри келган. Бироқ салжуқийлар ҳам, қорахитойлар ҳам Қорахонийлар давлатини тугатмаган, балки ўзига тобе давлат сифатида қолдирган.
1143 йил қорахитойлар подшоси вафот этиши билан минтақа яна салжуқийлар тасарруфига ўтади. Самарқандий ҳаётининг сўнгги даврларида эса минтақани хоразмшоҳлар эгаллайди.
Давр сиёсий жиҳатдан беқарор бўлса-да, илмий-маданий жиҳатдан аҳвол ёмон бўлмаган. Илм-маърифат ривожланишда давом этган, Бухоро ва Самарқанд ислом оламининг илмий маркази даражасини ҳамон сақлаб келаётганди.
Самарқандийнинг устоз ва шогирдлари ҳақида таржима ҳол китобларда айтарли маълумот учрамайди. Бу ҳақда олимнинг ўзи ёзган китоблардан, устоз ва шогирдларининг асарларидан айрим хулосаларни чиқариш мумкин.
Муаллиф “Ал-Мултақот” асарида тўқсонга яқин уламодан иқтибос келтирган. Уларнинг ичида ўзига замондош жуда кўплаб фақиҳнинг исми ўрин олган. Шамсулаимма Сарахсий (ваф.1090), Абул Юср Паздавий (ваф. 1100), Нажмиддин Умар Насафий сингари замондош олимлар ичидан фақат уч кишини “шайхим” деб атаган. “Шайх” термини кўпинча устозга нисбатан қўллангани боис, қуйида номлари зикр этиладиган фақиҳларни Самарқандийнинг устози бўлганини тахмин қилиш мумкин.
Маҳмуд ибн Абдулазиз Ўзкандий (ваф. XII аср боши). Олим Шамсулаимма Сарахсийнинг шогирди, машҳур ҳанафий фақиҳи Қозихон Ўзкандийнинг (ваф. 1196) бобосидир [2:342]. Манбалардан унинг “Ал-Фаваид фи фуруил ҳанафия” номли асар ёзгани маълум [23:1301]. Самарқандий “Ал-Мултақотда”: “Шайхимиз Қози Маҳмуд ибн Абдулазиз мана шундай фатво берди”, деб унинг устози эканига ишора қилган [18:454].
Самарқандий “шайхим” деб атаган фақиҳлардан яна бири Алоуддин Маҳмуд ибн Масъуд Марғинонийдир [18:180]. Абдулқодир Қураший “Жаваҳирул музия”да аллома “Ал-Фатово” номли асар ёзганини қайд этган [15:451].
Олим “Ал-Мултақот”да “Шайхимиз Алоуддин Маҳмуд ибн Масъуд Марғиноний шундай деди”, деганига кўра, у Марғинонийнинг фатвосини бевосита эшитган ва бу икки олим ўртасида устоз-шогирд муносабати бўлган.
“Ал-Мултақот”да аллома “шайхим” деб атаган фақиҳларнинг учинчиси Шайхулислом Али ибн Муҳаммад Исбижобийдир (ваф.1140). Самарқанд муфтийси ва шаҳарнинг пешқадам уламоси бўлган Исбижобий ўз замонида ҳанафий фиқҳининг энг билимдони сифатида танилган эди. Унинг шогирдлари орасида “Ҳидоя” муаллифи Бурҳониддин Марғиноний ҳам борлиги аҳамиятга молик. Олимнинг “Шарҳул мухтасарит таҳовия” [10:213], “Китабуз зад” [11:697], “Ал-Мабсут” [2:209] сингари асарлари маълум.
Манбаларда Носируддин Самарқандийнинг шогирди сифатида ягона ном учрайди. Сирожиддин Али ибн Усмон Ўший ўзининг “Ал-Фатавоус Сирожия” ва “Нисабул ахбар” номли асарида Самарқандийни ўзининг устози сифатида зикр қилган. “Нисабул ахбар”да ёзишига кўра, у устозидан Зиндовастининг “Равзатул уламо”, Қосим ибн Саломнинг “Ғорибу Абу Убайда”, Муҳаммад ибн Аҳмад Марвазийнинг “Ал-Иқно” асаридан дарс олган.
Номлари зикр этилган буюк устозлардан таълим олган Самарқандий ўз ортидан номига хос катта илмий мерос қолдирган. Аллома ҳақида маълумот берилган адабиётларда унинг 20 га яқин асар ёзгани қайд этилган. Эътиборлиси, уларнинг 11 таси ҳанафий фиқҳига оиддир.
Мазкур асарлардан 6 таси бугунги кунгача етиб келган:
- Китаб ал-мултақот ёки Ал-Мултақот фил фатавал ҳанафия. Асарда алломанинг сараланган фатволари жамланган бўлиб, бир жилддан иборат [18:487].
- Ал-Фиқҳун нафеъ. Фуруул фиқҳга доир кенг қамровли бу асар фақиҳлар томонидан эътироф этилган, доимий мурожаат қилинган қимматли китоблардан биридир. Асар Иброҳим Аббуд томонидан таҳқиқ этилиб, олти жилдда нашр қилинган [17].
Асарга Абу Баракот Насафий “Ал-Мустасфо” номли шарҳ ёзган ва бу шарҳ ҳам бизнинг давримизга қадар етиб келган. Унинг замонавий нашри мавжуд [3].
- Ал-Жомиул кабир фил фатово. Манбаларда асарнинг номи “Жоми ал-фатово” шаклида ҳам келган [22:565]. Асарнинг қўлёзма нусхаси Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги Малик Сауд университети кутубхонасида №.1827 рақам билан сақланмоқда [9].
- Фатҳ ал-ғолақ фит тавҳид. Калом илмига доир бу асар бугунги кунгача сақланиб қолган. Қўлёзма нусхаси Туркиядаги Сулаймония кутубхонасида №.3142 рақами остида сақланади.
Муташобиҳ оятлар талқинига бағишланган асар ўз моҳиятига кўра айни мавзуда ҳозирги кунгача етиб келган ягона асардир. Асар Ўзкан Шимшак ва Юсуф Ариканер томонидан ўрганилган ва нашр этилган [21:1340].
- Китабул иҳқоф (иҳқоқ). Асар Қуръон илмларига бағишланган [23:1386]. Самарқандийнинг “Ал-Фиқҳун нафеъ” асари тадқиқотчиси Аббуд Броккелмандан ҳавола келтириб, бу асарнинг қўлёзма нусхаси Германиядаги Берлин кутубхонасида №.728 рақами остида сақланишини таъкидлаган [17:17].
- Риёзул ахлоқ. Манбалар бу асарнинг одоб-ахлоқ ва тасаввуф масаласига доир эканини ёзади [22:938]. Асарнинг иккита қўлёзма нусхаси маълум. Биринчиси, Саудия Арабистонидаги Малик Муҳаммад Ҳасан ибн Ҳамза Зоҳир шахсий кутубхонасида, иккинчиси Суриядаги “Зоҳирия” кутубхонасида 11139 рақами остида сақланади [13:37].
Самарқандийнинг аксар асарлари, афсуски, бизгача етиб келмаган. Бинобарин, ёзма манбаларда қуйидаги асарлар ҳам олимга мансуб деб келтирилган:
- Ал-Мисдоқ. Калом илми ҳақида ёзилган бу асар ҳақида Ҳусамиддин Сиғноқийнинг “Ат-Тасдид фи шарҳит Тамҳид” номли асарида маълумот берилган ҳамда жуда кўп иқтибос келтирилган [24:64].
- 2. Шарҳун нафиъ. Аллома Али Қори Самарқандийнинг шундай асари бўлганини ва бу асарни муаллиф ўзининг “Ал-Фиқҳун нафеъ” асари шарҳига бағишлаганини ёзган [4:638].
- Масобиҳус субул. Икки жилдли фиқҳ илмига доир асар [10:229].
- Қонун фил фуруъ. У ҳам фиқҳ илмига оид асарлардан биридир [23:1313].
- Ан-Маншур фил фуруъ. Бу ҳам фиқҳга доир асардир [23:1861].
- Мабсут. Ибн Обидин “Уқуду расмил муфтий” асарида ҳанафий мазҳаби асосида ёзилган мабсут асарларни санаш баробарида: “Улардан бири саййидимиз Носируддин Самарқандийнинг мабсутидир”, деган ва уни Имом Муҳаммад, Журжоний, Ҳалвоний, Сарахсийнинг мабсути сингари мўътабар китоблар билан бирга зикр қилган. Бу эса асарнинг аҳамиятига ишорадир [14:113].
- Хуласатул муфтий фил фуруъ. Ҳожи Халифа Носуриддин Самарқандийнинг фиқҳ илмига оид шу номли асари борлигини қайд этган [22:717].
- Китабул вофий. Носуриддин Самарқандий бу асари ҳақида ўзининг “Ал-Фиқҳун нафиъ” асарида маълумот берган. Асарнинг “Даъво” бобида эр-хотин масалаларига доир ҳукмларни очиқлар экан: “Бу ҳақда “Вофий”да батафсил баён қилганмиз”, деб ёзади. Бу эса, олимнинг шу номдаги асари бўлганини билдиради [17:1212].
- Булуғул эъроб мин таҳқиқи истиаратил араб. Бу асар араб тили ва балоғати ҳақидадир [11:194].
- Тариху Балх. Самарқандийнинг тарих ҳақидаги мазкур асари бўлганини “Ал-Фиқҳун нафиъ”ни таҳқиқ қилган Иброҳим Аббуд ва бу асарнинг шарҳи бўлган “Ал-Мустасфа”ни таҳқиқ қилган Ғомидий “Машайиху Балх минал ҳанафия” номли асарга таяниб маълум қилган [3:20].
- Китабул иҳсаф. Бу асар ҳақида биргина Лакнавий “Ал-Фаваидул баҳия”да сўз юритган бўлиб, мазмун-моҳияти, қайси фанга доир экани хусусида маълум қилмаган [2:360]. Тадқиқотчи Б.Мухтаров мазкур асарни “Китабул иҳқоф”нинг бошқача номланиши, яъни иккиси битта асар эканини ёзган [13:39].
- Асъила ва ажвиба. Савол-жавоб жанрида асар ёзган кўплаб олимлар қаторида Носируддин Самарқандийнинг ҳам номи мавжуд [13:46].
Самарқандийнинг бугунгача етиб келган асарларидан бири “Китаб ал-мултақот” мазҳаб доирасида муҳим аҳамиятга эга фатво асаридир. “Маол ал-фатово” номи билан ҳам аталган бу асар Самарқандийнинг “Ал-Жомиул кабир фил фатово” номли бошқа бир китобидан қисқартириб олинган.
“Ал-Мултақот” (الملتقط) “лақота” (لقط) ўзагидан келиб чиққан бўлиб, “топиш”, “ҳар ердан, турли жойлардан тўплаш” деган маънони билдиради. Бунга кўра асарни “Ҳанафий мазҳабидаги сараланган фатволар” шаклида таржима қилиш мақсадга мувофиқ.
Асар бугунги кунда у қадар машҳур бўлмаса-да, ўз даврида анчайин шуҳрат қозонган ва унга фақиҳлар кўп мурожаат этган. Носируддин Самарқандийдан кейин яшаган уламолар ўз асарларида “Ал-Мултақот”дан кўплаб иқтибос келтирган. Масалан, Олим ибн Ало (ваф.1384) “Ал-Фатово Татархония”да [20:174], Ибн Обидин (ваф.1836) “Раддул мухтор”да, Ибн Нужайм (ваф.1563) “Ал-Баҳрур роиқ”да [5:480], Али ибн Усмон Ўший “Ал-Фатово Сирожия”да [8:19], Бобоқушчи Абдураҳмон Афанди (ваф.1576) “Бўстануш шақоиқун нўъмон”да [6:1786], Дада Халифа (ваф.1567) “Рисала фи амвали байтил мал”да [1:298] Носируддин Самарқандийнинг фатволарига ўрин берган.
“Китаб ал-мултақот”нинг қўлёзма нусхалари у қадар кўп эмас. Аниқланган маълумотларга кўра, мавжуд қўлёзмалар Туркиянинг Истанбул шаҳридаги “Сулаймония” кутубхонасида №.575, “Домадзода” кутубхонасида №.1056-1057 рақам остида сақланади.
Асарнинг замонавий нашри Саййид Юсуф Аҳмад ва Маҳмуд Нассор томонидан 2000 йил Байрутда чоп этилган.
“Ал-Мултақот” “китоб” номи берилган 40 бўлим ва “матлаб” номи берилган 315 бобдан ташкил топган бир жилдли фатво асаридир. Асарнинг бошқа фатво китоблари билан таққосланганда нисбатан қисқа экани кўзга ташланади.
Муаллиф мавзуларни баён қилишда ўзига хос услуб танлаган. Китобни ўқиш давомида асарда одамлар берган саволларга қисқа жавоблар тўпланган ёки бошқа асарлардаги камчиликларни тўлдириш мақсадида ёзилган, деб хулоса қилиш мумкин. Негаки:
– Фатволар жуда қисқа ва аксарият ўринларда ҳукмлар орасида боғлиқлик йўқ.
– Муаллиф китоб ёки боб аввалида мазкур китоб ёки бобга таъриф бермаган, мавзуга доир кириш қилмаган, тўғридан тўғри ҳукмларни баён қилган.
– Ҳукмлар батафсил, тартибли баён қилинмаган.
– Баъзан бир мавзу ичида унга алоқаси бўлмаган бошқа бир мавзуни кўриш мумкин.
Эҳтимол, шу сабабдан асар 1207-1219 йиллар давомида Маждуддин Уструшаний (ваф. 1240 йилдан кейин) томонидан тартибланган бўлиши мумкин. Уструшаний асарнинг тарқоқ мавзуларини тартибга келтириб, “Тажнису масаил ал-мултақот” ёки “Тартиб ал/мултақот” деб атаган. Мазкур асар қўлёзмаси Ўзбекистон халқаро ислом академияси Манбалар хазинасида №.283 рақами остида сақланмоқда [13:46].
Араб тилида ёзилган асарнинг кўплаб ўринларида форсча калималар қўлланган. “Никоҳ” китобидан бошлаб, “талоқ”, “қасам”, “савдо”, “сияр”, “ҳиба”, “садақа”, “иқрор”, “васият” китобида кўплаб форсча жумлаларни учратиш мумкин. Муаллиф форсийзабонлар ҳам яшайдиган Самарқанд шаҳри урфидан келиб чиқиб, шундай услуб танлаган бўлиши мумкин.
“Ал-Мултақот” ҳукмлар қисқа шаклда баён қилинган фатво асар экани сабаб унда баён қилинган аксар масалаларнинг манбаси зикр этилмаган. Бу эса айрим манбаларда “Ал-Мултақот”да далилларга ўрин берилмагани зикр қилинади [5:480]. Аслида, бир неча ўринда Қуръон, суннат, қиёс, истиҳсон, урф ва саҳобалар воситасидаги далиллар алоҳида келтирилган.
Муаллиф Қуръондан далил келтирар экан, сўзини “ли қавлиҳи таала” деб бошлайди ва оятнинг фақат масалага тегишли қисмини келтиради. Асарда жами 15 та оят далил қилинган.
Асарда далил қилинган ҳадисларда баъзи истиснолардан ташқари уларнинг санади йўқ. Айрим ўринларда ҳадиснинг маъноси ривоят қилинган.
Асардаги 10 та ўринда “қиёсан” термини ишлатилган ва ҳукмлар шунга ўхшаш бошқа бир ҳукмга муқояса қилинган.
Шунингдек, истиҳсон далили 41 ўринда келган. Оз бўлса-да, “саҳоба” сўзи ва урф далиллари ҳам мавжуд.
Бир мазҳаб ёки фақиҳнинг фиқҳини тушуниш учун у қўллаган истилоҳларни яхши таниб олиш лозим. Айниқса, таржиҳ ва фатвога оид сўзлар мутлақо ажратиб олиниши керак. Акс ҳолда, рожиҳ ҳукм ўрнига маржуҳни, фатво берилган ҳукм ўрнига рад этилганни олиш хавфи пайдо бўлади [7:107].
Носируддин Самарқандий ҳам “Ал-Мултақот”да бир қанча фиқҳий терминлардан фойдаланган. Уларнинг бир қисми мазҳаб имомларига доир истилоҳлар, қолгани “фатво белгилари” деб номланувчи таржиҳ (афзал кўрилган) лафзлардир. Мазҳаб имомларига тегишли истилоҳлар қуйидагилардан иборат:
- асҳабуна /أصحابنا, (мазҳабимиз пешволари);
- машоих /مشايخ, (шайхлар, устозлар);
- машоиху Балх مشايخ بلخ/, (Балх устозлари);
- аҳли Самарқанд /أهل سمرقند, (Самарқанд аҳли);
- уламои Самарқанд /علماء سمرقند, (Самарқанд уламолари);
- мутақоддиминالمتقدمون/, (илк давр уламолари);
- мутааххиринالمتأخرون/ (кейинги давр уламолари).
“Фатво белгилари” деб номланувчи таржиҳ лафзлари эса қуйидагилардир:
- ҳаза инданаهذا عندنا/, (бу бизнинг наздимизга кўрадир);
- биҳи нақулبه نقول/, (биз буни айтамиз);
- алайҳил фатвоعليه الفتوى/, (фатво шунга берилган);
- қавлу асҳабинаقول أصحابنا/, (пешволаримизнинг қараши);
- касирун мин машаихинаكثير من مشايخنا/, (устозларимизнинг аксари);
- биҳи ахозаبه أخذ/, (шуни олган);
- биҳи наъхузуبه نأخذ/, (биз ҳам шуни оламиз);
- ҳаза аҳсану ма самиънаهذا أحسن ما سمعنا/
(бу эшитганларимизнинг энг сараси).
Санаб ўтилган истилоҳларнинг ҳар бири ўзига хос маънони англатади.
Таржиҳ лафзлари қўлланилмаган, фатволар тартибланмаган ўринларда Носируддин Самарқандий қуйидаги ўзига хос услубдан фойдаланган:
– Мазҳаб имомларидан кимнинг фатвосини олган бўлса, фақат унинг исмини зикр этган, бошқа қараш ва ихтилофларни келтирмаган.
– Биринчи Абу Ҳанифа, кейин Абу Юсуф, ундан сўнг Имом Муҳаммаднинг фатволари сингари илмий тартибга риоя қилмаган.
– Айрим ўринларда Зуфар ибн Ҳузайл, Ҳасан ибн Зиёд қарашларини келтирган.
- Баъзи ҳукмларни баён қилганидан кейин ортидан “хилофан” лафзини келтириш орқали, масала ихтилофли экани, иккинчи тарафнинг фарқли қарашлари борлигини эслатиб ўтган.
Асарда оз бўлса-да, бошқа мазҳаб, хусусан, моликийлик ва шофеийлик фатволарини кўриш мумкин. Ҳанбалийлик мазҳаби фатволари эса учрамайди.
Носируддин Самарқандий баъзи ҳукмлар устида баҳс юритгандан кейин моликий ва шофеийларнинг фатволарини [18:40] мисол тариқасида санаб ўтади.
Муаллиф асарда мазҳаб имомлари ва кейинги давр уламоларидан иқтибос келтириш билан бирга, ўз қарашларини алоҳида ифодалаган. Фатволарини баён қилишда “қолал абд” [18:34] (“ожиз банда деди”) терминини қўллаган. Мазкур термин китобнинг 49 ерида учрайди.
Муаллиф ўзининг фатволарини баён қилишда ўзига хос одобга риоя қилган. Биринчи мазҳаб имомларининг ёки улардан кейинги давр уламоларининг қарашларини келтириб, ундан кейин ўзи тўғри деб билган ҳукмларни очиқлаган.
Носируддин Самарқандий “Ал-Мултақот”да ўндан зиёд фиқҳий асарлардан иқтибос келтирган ва бир қанча фақиҳлар қарашига ўрин берган.
Иқтибос келтирилган асарлар орасида Имом Абу Юсуфнинг “Китабул жавомиъ”и, Имом Муҳаммаднинг ҳадис илмига оид “Китабул осор”, зоҳирур ривоя типидаги асарларидан “Мабсут”, “Жомиус сағир”, “Сиярул кабир”, “Зиёдот”, нодирур ривоя типидаги “Кайсониёт”, Хассофнинг “Махорижул Хассоф”, Абу Зайд Шурутийнинг “Аш-Шурут”, Ҳишом ибн Убайдуллоҳнинг “Наводирул Ҳишом”, Абу Бакр ибн Ёқубнинг “Ихтилафул фуқаҳо”, Фақиҳ Абу Лайс Самарқандийнинг “Навозил”, Ҳилол ибн Яҳёнинг “Аҳкомул вақф” асари кабилар бор.
Иқтибос келтирилган олимлар сирасига тобеин табақасидан бошлаб, XII асрга қадар яшаган 80 га яқин фақиҳ жой олган.
Муаллиф Абу Ҳанифа, Абу Юсуф, Имом Муҳаммад, Имом Зуфар, Ҳасан ибн Зиёддан ташқари, Куфа, Ироқ Хуросон ва Мовароуннаҳр олимларидан нақл қилган.
Асарда Имрон ибн Ҳусайн, Қози Шурайҳ, Саид ибн Мусаййиб сингари тобеинлар;
Нуҳ ибн Марям, Абдуллоҳ ибн Муборак, Абу Муқотил Самарқандий сингари Абу Ҳанифанинг шогирдлари;
Абу Сулаймон Жузжоний, Халаф бин Айюб, Абу Ҳафс Кабир сингари Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммаднинг шогирдлари;
Абу Жаъфар Таҳовий, Абулқосим Саффор, Абулҳасан Кархий, Абу Лайс Самарқандий, Ҳалвоний, Сарахсий, Паздавий сингари буюк фақиҳлар фатволари нақл қилинган.
Мазкур фақиҳлар ичида энг кўп Абу Жаъфар Ҳиндувонийнинг қарашларига ўрин берилган бўлиб, олимнинг исми 80 марта зикр этилган.
Иккинчи ўринда Абулқосим Саффорнинг қарашлари 42 марта тилга олинган.
Учинчи ўринда 33 фатво билан Муҳаммад ибн Салама жой олган. Абу Лайс Самарқандийнинг эса 30 та фатвоси санаб ўтилган.
Асарда номи зикр этилган 82 олимнинг 66 нафари ҳақида манбаларда аниқ маълумот мавжуд. Мазкур 66 олимнинг 7 таси Куфа, 11 таси Бағдод, 22 таси Хуросон, 26 таси Мовароуннаҳр уламоларидир.
Носируддин Самарқандий илмий мероси бугунги кун учун нисбатан янги ном. Илмий жамоатчилик бу ном билан том маънода ўтган асрнинг сўнгги йилларида танишишни бошлаган, унгача унинг номини айрим мақолалардагина учратиш мумкин эди.
Алломага мансуб асарлар илк бор 2000 йилда нашр этилган. Мазкур йилда унинг “Китаб ал-мултақот” ва “Ал-Фиқҳун нафеъ” асарининг замонавий-танқидий нашрлари дунё юзини кўрган.
“Фатҳул ғолақ фит тавҳид” асари 2020 йилда чоп қилинган. “Жомиул фатово”, “Китабул иҳқоф”, “Риёзул ахлоқ” ҳануз қўлёзма ҳолатида қолмоқда.
Таъкидлаш лозимки, олимнинг бизгача етиб келган асарлари жуда қимматлидир. “Китаб ал-мултақот” бошқа фатво асарларида учрамайдиган айрим ҳукмларга жавоб берилгани, хусусан, Самарқанд урфига кўпроқ урғу қаратилгани билан ўзига хос ҳисобланади.
“Ал-Фиқҳун нафиъ” кенг қамровли, равон тилли фуруул фиқҳ асаридир. “Фатҳул ғолақ фит тавҳид” эса ҳозирча муташобиҳ оятлар талқинига оид бизга маълум ягона асар бўлиб турибди. Айни шу жиҳатдан қўлёзма ҳолида қолаётган мазкур асарларнинг нашр этилиши аллома илмий мероси қадрини янада оширади.
Ўзбекистонда аллома меросини ўрганишга аллақачон қўл урилган. Унинг илмий мероси ҳақида тизимли ўрганиш тадқиқотчи Бекзодбек Мухтаров томонидан амалга оширилган. Тадқиқотчи “Носируддин Самарқандийнинг “Ал-Фиқҳун нофиъ” асари ҳанафий фиқҳига оид муҳим манба” мавзусида диссертация ҳимоя қилган ва “Носируддин Самарқандий ва “Ал-Фиқҳун нофиъ” асари” номли рисола нашр этган.
“Китаб ал-мултақот” бошқа фатво асарларига нисбатан мўъжаз бўлиб, бир қанча мавзулар ёритилмай қолдирилгани маълум. Бундан ташқари, асарда одатда эътиборни тортмайдиган ҳукмларга ҳам алоҳида аҳамият қаратилган.
Муаллиф ўзи истиқомат қилган ҳудуд урфига жиддий эътиборли бўлган. Бу унинг ўз асарида бир қанча форсий иборалардан фойдалангани билан изоҳланади. Аллома ҳанафийлик мазҳаби асосини ташкил этган Имом Муҳаммаднинг зоҳирур ривоя типидаги асарларидан иқтибослар келтиргани, Абу Сулаймон Жузжоний, Халаф бин Айюб, Абу Ҳафс Кабир сингари Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммаднинг шогирдлари, Абу Жаъфар Таҳовий, Абулқосим Саффор, Абулҳасан Кархий, Абу Лайс Самарқандий, Ҳалвоний, Сарахсий, Паздавий сингари буюк фақиҳлар фатволарига ўрин бергани асарнинг илмий қимматини янада оширади.
Буюк фақиҳ Абу Жаъфар Ҳиндувонийнинг фиқҳий қарашларига катта ўрин ажратилгани китобни мазҳаб доирасида янада муҳим даражага кўтарган. Асар устида тадқиқот олиб бориш ва уни илмий муомалага киритиш ҳанафий мазҳаби манбалар доирасининг кенгайишига хизмат қилади.
- Абдулхолиқ Уйғур. Дада Халифанинг “Рисала фи амвали байтил мал” асарининг таҳқиқи ва таҳлили. // Таҳқиқ исломий билимлар тадқиқот ва нашр журнали, 2022. – Ж. 5/1.
- Абдулҳай Лакнавий. Ал-Фавоидул баҳия фи тарожимил ҳанафия. – Байрут: Дорул арқам, 1998.
- Абу Баракот Ҳофизуддин Абдуллоҳ ибн Аҳмад Насафий. Ал-Мустасфо. – Ар-Риёд: Уммул қуро, 2011.
- Абулҳасан Нуриддин ибн Али ибн Султон Муҳаммад Қори. Ал-Асмарул жания фи асмаил ҳанафия. – Ироқ: Марказул буҳус вал дирасатул илмия, 2009. – Ж 2.
- Аҳмет Ўзал. Самарқандий, Муҳаммад ибн Юсуф. Туркия диёнат вақфи ислом энциклопедияси. – Ж. 36. – Истанбул: ТДВ, 2009.
- Аҳмет Фурат. Кўзга ташланмаган бир фатво мажмуаси: // Бўстону шақоиқун Нўъмон. Жумҳурият илоҳиёт журнали, 2017. – Ж. 21/3.
- Аҳмет Яман. Фатво усули ва одоби. – Истанбул: М.У. ИФАВ, 2019.
- Заркунбаи Сабитов. Ал-Фатовос Сирожия номли асари мисолида Али ибн Усмон Ушийнинг фиқҳ илмида тутган ўрни. – Истанбул: Мармара университети, 2015.
- Зиядулла Муқимов. Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи тарихи. – Т.: Адолат, 2003.
- Ибн Қутлубуғо. Тожут тарожим. – Дамашқ: Дорул қалам, 1992.
- Исмоил Пошо Боғдодли. Изаҳул макнун физ зайли ала Кашфуз зунун ан асмаил кутуб вал фунун. – Ж.1. – Байрут: Дару иҳяит туросил арабия.
- Исмоил Пошо Боғдодли. Изаҳул макнун физ зайли ала Кашфуз зунун ан асмаил кутуб вал фунун. – Ж.2. – Байрут: Дару иҳяит туросил арабия.
- Мухтаров Б. Носируддин Самарқандийнинг “Ал-Фиқҳун нофиъ” асари – ҳанафий фиқҳига доир муҳим манба. – Т.: Ўзбекистон халқаро ислом академияси, 2021.
- Муҳаммад Амин ибн Обидин. Уқуду расмил муфтий. – Қоҳира: Дорул иҳсон, 2018.
- Муҳйиддин Абу Муҳаммад Абдулқодир ибн Муҳаммад Абулвафо Қураший Ҳанафий. Жавоҳирул музия фи табақотил ҳанафия. – Ж.3. – Ар-Риёд: Дорул улум, 1993.
- Насими Ёзичи. Илк турк-ислом давлатлари. – Анқара: ТДВ нашри, 2020.
- Носируддин Абул Қосим Муҳаммад ибн Юсуф Самарқандий. Ал-Фиқҳун нафиъ. – Ар-Риёд: Мактабатул Убайкан, 2000.
- Носируддин Самарқандий. Ал-Мултақот фил фатавал ҳанафия. – Байрут: Дарул кутубил илмия, 2000.
- Носуриддин Самарқандий. Ал-Жомиул кабир фил фатово. – САП, Малик Сауд университети кутубхонаси.
- Олим бин Ало. Ал-Фатово Татархония. – Ж.1. – Девбанд: Мактабату Закариё, 2010.
- Ҳожи Халифа Мустафо ибн Абдуллоҳ. Кашфуз зунун ан асмаил кутуб вал фунун. – Ж.1. – Истанбул: Роғиб Пошо, 1941.
- Ҳожи Халифа Мустафо ибн Абдуллоҳ. Кашфуз зунун ан асмаил кутуб вал фунун. – Ж.2. – Истанбул: Роғиб Пошо, 1941.
- Ҳусомиддин Сиғноқий. А-Тасдид фи шарҳит Тамҳид. – Истанбул: Мармара университети, 2016.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





