Ислом дини таълимотида бола тарбияси, айниқса, қиз фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратилган. Чунки, қиз бола бу бизнинг волидамиз, опамиз, синглимиз қолаверса, келажак авлодни дунёга келтурувчи бўлажак онадир. Қиз бола ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом бўлсагина соғлом фарзанд дунёга келади. Шу боисдан ҳам қиз фарзанди бор ота-онанинг зиммасига катта масъулият юкланади. Улар зиммасидаги ушбу масъулиятни адо қилиш орқали буюк даража ва улкан савобга ҳам эга бўлади.
Уқба ибн Омирдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг учта қизи бўлса, уларни сабр билан ўстирса, топганидан уларни кийинтирса, улар у учун дўзахдан парда бўлади”, – дедилар.
Қиз фарзандларни вояга етказиб, жой-жойига қўйиш ва уларга исломий тарбия, гўзал одоб бериш, Яратган зотни танитиш ота-онадан улкан сабр-бардош талаб қилади. Шу боисдан ҳам ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг учта қизи бўлса, уларни сабр билан ўстирса”, – дея алоҳида такидламоқдалар.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг учта қизи бўлса, уларни ўз қўлида тарбиялаб, катта қилса, жаннатга кириши муқаррардир”, – дедилар. Шунда бир киши: “Ё Расулуллоҳ! Унинг қизи иккита бўлса-чи?” деб сўради. У зот: “Иккита бўлса ҳам”, – дедилар.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Бир куни менинг ҳузуримга иккита қизини етаклаб бир аёл тиланчилик қилиб кириб келди. Менинг ҳузуримда битта хурмодан бошқа нарса йўқ эди. Мен хурмони берсам, аёл уни иккига ажратди-да, икки қизига берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кирганларида бу ҳақда хабар бердим. У зот: “Ким мана шу каби қиз фарзанд билан имтиҳон қилинса, қизларини чиройли парвариш қилса, унинг учун жаҳаннамдан парда бўлади”, – дедилар.
Ушбу ҳадисларда қиз фарзандларга яхши қараш, уларни сабр билан ўстириш, едириб, кийинтириш орқали киши улкан савобга эга бўлиши ва жаннатилардан бўлиши айтилмоқда. Бу эса албатта, ҳар бир мўмининг энг буюк орзуси ҳисобланади.
Ота-боболаримиз қиз боланинг тарбияси, одоб-ахлоқи кўп жиҳатдан она тарбиясига боғлиқ эканлигини уқтиришган ва “қуш уясида кўрганини қилади”, – дея бежизга айтишмаган. Чунки, қиз бола уй-рўзғор ишларини бажаришни онасидан ўрганади. Ҳаётда ҳам унга ўхшашга ва унга ўхшаб муомала қилишга ҳаракат қилади. Шу боисдан қиз тарбия қилаётган она аввало қизига ўрнак бўладиган даражада – тарбияга, одоб-ахлоққа ва билимга эга бўлмоғи лозим. Она озода, саранжом-саришта, пазанда, парҳезкор, хушфеъл, хушмуомала, меҳмондўст, меҳрибон ва ор-номусли бўлса, қиз бола ҳам ундан ўрнак олиб, ҳамма ҳавас қиладиган даражада вояга етади. Ҳаётда она турмуш ўртоғига қандай муносабатда бўлса, қиз ҳам улғайгач, ўз турмуш ўртоғига шундай муносабатда бўлади. Қиз бола оилада яхши тарбия олса, келажакда у бир оиланинг яхши бекаси бўлиш билан бирга ота-онаси учун “ота-онанга раҳмат” деган мақтовни олиб беради. Аксинча бўлишдан эса Аллоҳнинг ўзи сақласин.