Ҳалоллик – бу фақат бировнинг ҳаққига хиёнат қилмаслик ё кўз олайтирмаслик эмас, балки виждон олдида пок яшашдир. Инсоннинг асл бойлиги унинг моли ё мансаби эмас, балки қалбининг тозалигидадир.
Катта мол-давлат орттирмаган, баланд мартабага эришмаган одамлар кўп. Улар қўли калта бўлса ҳам жаннатда ўзларига қасрлар қурмоқда, боғлар барпо этмоқда. Қандай қилиб, дейсизми?! Бир тасбеҳ билан, бир истиғфор билан, бир садақа билан, бир яхшилик билан, бир оғиз илиқ сўз ё табассум билан.
Виждони пок инсон эваз кутиб яхшилик қилмайди. Яхшилик қилганга яхшилик қилиш вафо бўлса, яхшилик қилмаганга яхшилик қилиш карамдир. Ёмонлик қилганга яхшилик билан жавоб қайтара олиш эса, қалбнинг юксаклиги, имоннинг гўзаллигидан далолат бўлади.
Ҳалол инсон яширин саховатли амалларни кўпайтиради. Чунки одамлар кўришини эмас, Аллоҳ билишини истайди. Куни келиб, айни шу пинҳона яхшиликлар унинг нажотига айланади.
Шунинг учун қалбимизни адоватдан, амалимизни риёдан, ниятимизни манфаатдан поклайлик, ҳалол яшайлик. Виждонимиз олдида уялмайдиган ҳаёт энг катта саодатдир. Бинобарин, ёмонлик ҳам, яхшилик ҳам доим эгасига қайтишини унутмай яшамоқ керак. Сиз қайси бири ўзингизга қайтишини истар эдингиз?!
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





