Home / МАҚОЛАЛАР / ТУРКИСТОНДА ЕР ВА ДАВЛАТ МУЛКИ БОШҚАРМАСИ ҲАМДА УНИНГ САМАРҚАНД ВИЛОЯТИДАГИ ФАОЛИЯТИ

ТУРКИСТОНДА ЕР ВА ДАВЛАТ МУЛКИ БОШҚАРМАСИ ҲАМДА УНИНГ САМАРҚАНД ВИЛОЯТИДАГИ ФАОЛИЯТИ

Бугунги кунда тарих соҳасини ривожлантиришга ҳар қачонгидан кўра кўпроқ эътибор берилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев: «Миллий тарихни миллий руҳ билан яратиш керак. Акс ҳолда, унинг тарбиявий таъсири бўлмайди. Биз ёшларимизни тарихдан сабоқ олиш, хулоса чиқаришга ўргатишимиз, уларни тарих илми, тарихий тафаккур билан қуроллантиришимиз зарур», дея ҳақ фикрни илгари сурган.  Миллий тарих миллий руҳ билан яратилса, унинг келажак учун ҳам ижобий таъсири кучли бўлади.

1897-1917 йилларда мамлакатимиз ҳудудида фаолият олиб борган Туркистонда ер ва давлат мулки бошқармаси тарихи ҳақида комплекс тадқиқотлар бугунги кунга қадар жуда кам олиб борилган. Бу бошқарма тарихини ўрганишнинг долзарблиги шундаки, бошқарма фаолияти даврида Туркистон ҳудудидаги табиий ресурсларнинг барчасини ушбу ташкилот назорат қилган. Пахта сиёсати шу ташкилот фаолиятининг асоси ҳисобланади. Янги ерларни ўзлаштириш борасидаги ишлар, суғориш масаласини ҳал қилиш ҳам шу ташкилот томонидан назорат қилинган. Бошқа фаолият турлари ҳам ҳисобга олинса, бу ташкилот тарихшунослиги ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.

Мақолани тайёрлаш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви И-7 фонди бўйича иш олиб борилди. Ушбу фондда айнан Туркистонда ер ва давлат мулки бошқармаси фаолияти жамланган бўлиб, бошқарманинг ташкил топиши,  фаолият жараёни ҳақида батафсил маълумот беради. Ундан ташқари, Самарқанд вилояти тарихига оид йилма йил шарҳлар ва Самарқанд вилояти маълумотномалар китоби ушбу мақолани яратишдаги яна бир муҳим манба ҳисобланади. Шунингдек, Я.Демидов, С.Конопка, Г.Гинс каби ўша давр  мутахассисларининг манбаларида ҳам ушбу бошқарма фаолияти ҳақида маълумотлар ёритилган. 1981 йил архив манбалари асосида тузилган «Голодной степ» китоби ҳам Туркистонни тафтиш қилиш учун келган К.Паленнинг тўплаган материаллари, «Туркестанские ведомости» газетасида, «Деҳқон» журналидаги маълумотлар ҳам тадқиқотда асосий роль ўйнайди. Ундан ташқари, Ҳ.Зиёев, Д.Алимова, Н.Қурбонова, Б.Эшов, Н.Абдурахимова, Ф.Эргашев, Н.Касимов, Ҳ.Тошев, Б.Эргашев, Ш.Ғаффаров, Ф.Исхаков, Т.Саиткулов, С.Тиллабоев, Б.Назиров, Д.Яқубова, О.Ирисқулов, Г.Нормуродова, У.Жумаев кабилар ўз тадқиқотларида бошқарма фаолият юритган давр воқеликлари ҳақида маълумотлар бериб ўтган. М.Жумаев, А.Мирзаев, Б.Иминовлар ўз мақоласида, М.Шушкова диссертациясида бошқарма фаолиятининг айрим жиҳатларини ёритиб берган. Лекин Туркистонда ер ва давлат мулки бошқармаси, унинг Самарқанд вилоятидаги фаолиятига оид комплекс тадқиқотлар олиб борилмаганлиги боис ушбу мавзу устида ишланди.

Тадқиқот жараёнида умумлаштириш, таққослаш, тарихийлик, микротарихий, қиёсий таҳлил, тарихий-генетик методлардан фойдаланилди.

Туркистонда мустамлака тизими фаолиятининг асосий йўналиши табиий бойликлардан унумли фойдаланишга қаратилган. Табиий манбалар устидан умумий назоратни 1897 йилда тузилган Деҳқончилик ва давлат мулклари бошқаруви амалга оширар эди. У ирригация, ўрмон хўжалиги, тажриба қидирув ишлари билан шуғулланарди. Шунингдек, ушбу бошқарув қишлоқ хўжалиги ўқув юртлари-гидротехника ва гидрометрия мактаблари, боғдорчилик, узумчилик мактаблари фаолиятини ҳам назорат қиларди. Унинг пахтачиликка доир маълумотлари, пахта экилувчи умумий майдонлар ҳисоби, экинлар аҳволи, пахта тозалаш ва ёғ заводлари, пахта толаси нархлари тўғрисида маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш борасидаги фаолияти жиддий аҳамиятга эга эди [1:104-105].

Ушбу ташкилотнинг номланиши ўзбек тилида чоп этилган турли адабиётларда турли номлар билан аталади. Кўпчилик тарихчилар бу ташкилотни «Туркистонда деҳқончилик ва давлат мулки» бошқармаси кўринишида атаса, айрим тарихчилар бу ташкилотнинг номини «Туркистон зироатчилик ва давлат мулки» бошқармаси деб атайди. Айрим манбаларда эса «Туркистон қишлоқ хўжалиги ва давлат мулки» бошқармаси деб аталади. Уни «Туркистонда ер ва давлат мулки» бошқармаси деб атаган тарихчилар ҳам талайгина. Аслида бу каби номлар билан аташнинг барчаси бир маънони англатади.

Ушбу ташкилот Туркистон ўлкасида давлат мулкини бошқариш бўйича олий органни шакллантириш мақсадида 1897 йил 2 июнда тасдиқланган режа негизида ташкил этилган. Бошқарма ўз вазифаларини ҳудудий кенгашлар, шунингдек, туман бошлиқлари ва қишлоқ хўжалигида ер тузиш бўлимининг мансабдор шахслари орқали амалга оширган. Ташкилот томонидан суғориш ишларига техник назорат, қишлоқ хўжалиги муассасалари ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини назорат қилиш, ўрмончилик ишлари ва қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши кураш, фойдали қазилмаларни қидириш учун рухсатномалар бериш жорий этилган.

Туркистонда ер ва давлат мулки бошқармаси Туркистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги халқ комиссарлигининг 1917 йил 23 ноябрдаги Туркистон Республикаси Марказий Ижроия Қўмитасининг қарори тузилгач тугатилган [10:116-117].

Туркистон заминида давлат мулклари ва ерга доир деярли барча масалаларни ҳал этиш билан шуғулланган ушбу ташкилот 20 йилдан ортиқроқ вақт давомида фаолият юритган. Бу давр мобайнида янги ерларни ўзлаштириш (масалан, Мирзачўл ҳудудини ўзлаштиришнинг кенгайиши), қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги соҳасини техникалар билан таъминлаш, пахтачилик, деҳқончиликнинг бошқа тармоқлари каби ўнлаб соҳаларни ўз ичига олган вазифаларни амалга ошириб борган.

Туркистонда ер ва давлат мулки бошқармасининг Самарқанд вилоятидаги фаолияти ҳам муҳим аҳамиятга эга. Тарихий нуқтаи назардан, Самарқанд заминига империя кучларининг кириб келиши XIX асрнинг иккинчи ярмига тўғри келади.

 Руслар 1865 йилда Туркистон вилоятини тузди. Худди шу йили улар Тошкентни эгаллаб олишди. 1867 йилда улар Туркистон генерал-губернаторлигини тузди, унинг пойтахти Тошкент ҳисобланади. 1868 йилда империя Самарқанд ва Бухорони эгаллаб, Бухоро амирлигини Россия протекторатига айлантирдилар [4:77].

Туркистон генерал-губернаторлиги таркибидаги Самарқанд вилояти ҳудудининг умумий майдони ҳақида маълумотлар 1912 йилга тегишли. Вилоят ҳудуди 60597,6 квадрат метрни ташкил этади. Вилоят маъмурий жиҳатдан тўрт уездга бўлинган: Самарқанд – майдони 7751,3 кв.м. верст. Каттақўрғон – майдони 6997,6 кв. верст, Жиззах – майдони 25812 кв. верст. Хўжанд – майдони 20036.7 кв. верст. Вилоятнинг асосий сув манбаларига қуйидаги дарёлар киради: Сирдарё, Зарафшон, Сангзор [5:116].

Вилоят аҳолиси 1907 йил 1 январь ҳолатига кўра 1 046 135 кишини ташкил этди; шундан 166 819 киши, яъни 16% шаҳарликлар ва 879 316 киши, яъни  84% қишлоқ аҳолиси [9:66].

Самарқанд вилоятида ҳам бошқарма кенг кўламли тарзда фаолият олиб борган. Жумладан, янги ерларни ўзлаштиришда режали ишлар олиб борган. Хусусан, 1912 йилда Самарқанд вилоятининг бўш ерларидан хабардор бўлиш учун 1913-1915 йилларга мўлжалланган иш дастури режалаштирилган. Шу вақт ичида вилоятнинг марказий қисмида жойлашган барча бўш ер майдонлари ҳисобга олинади, деган тахмин бор эди. Ушбу тахминларга кўра, ўрганилиши керак бўлган умумий майдон 1 100 000 десятина бўлиб, улардан худди шу тахминларга кўра, 1915 йилда 300 000 десятинагача текширилиши керак эди. Бироқ кейин маълум бўлдики, бу беҳисоб ҳудудга қўшимча равишда, илгари кўчманчи минтақада жойлашган деб ҳисобланган яна 386 та ўлчамли ер майдонини ўрганиш керак эди [11:7].

Минтақа ҳудудида ҳосилдор ерлар бўлиши ва янги ерлар ўзлаштирилиши амалга ошаётганига қарамасдан маҳаллий аҳоли ерлари жуда кам эди.

К.К.Паленнинг маълумотларига кўра, туб аҳолининг жон бошига тўғри келувчи суғориладиган ер миқдори қуйидагича: Андижон уездида 0,7 десятина, Марғилон уездида 0,65 десятина, Наманган уездида 0,5 десятина, Қўқон уездида 0,5 десятина. Худди шу маълумотларга кўра, аҳоли жон бошига: Тошкент уездида 1,1 десятина, Хўжанд уездида 1,1 десятина, Самарқанд уездида 0,9 десятина, Каттақўрғон, Жиззах ва Ўш уездларида 0,6 десятина ер тўғри келади [1:107].

Бошқарма фаолияти даврида Самарқанд вилоятида, айниқса, деҳқончилик соҳасида табиий шароит билан боғлиқ бир қанча муаммоларга ҳам дуч келган.

Масалан, 1899 йил сўнги ўн йил ичида умуман қишлоқ хўжалиги ва деҳқончилик учун жуда оғир йил бўлди. 1899 йилнинг қуруқ ва оғир қиши, иссиқ ва кам ёмғирли баҳори, тоғ дарёларининг кеч ёки арзимас сув билан таъминланиши, тоғларда етарли миқдорда қорларнинг йўқлиги ва чигиртка офати, табиийки, буларнинг барчаси тайёргарлик жараёнига ҳам салбий таъсир кўрсатдим [7:1].

Ундан ташқари,  вилоятда етиштирилаётган пахта миқдори, пахта навлари ва табиат ҳодисалари билан боғлиқ жараёнлар ҳам айнан ушбу бошқарма фаолияти таркибига киради. Хусусан, уездлар мисолида оладиган бўлсак, Каттақўрғон уездида 1909 йил 13255 десятина майдонга пахта экилган бўлса, 1910 йилга келиб бу майдон 13601 десятинани ташкил қилди. Хўжанд уездида эса 1909 йилда 6637 десятина ерга пахта экилган бўлса, 1910 йилга келиб бу кўрсаткич бироз пастлади, яъни 6571 десятинани ташкил қилди. Самарқанд уездида 1909 йилда 9901 десятина майдонга пахта экилган бўлса, 1910 йилга келиб ушбу кўрсаткичда сезиларли камайиш рўй берди. Бу йилда уезд далаларига 4542 десятина майдонга пахта чигити қадалди. Жиззах уездида 1909 йилда 476 десятина пахта майдони мавжуд бўлган бўлса, кейинги йилда бу майдонлар миқдори 510 десятинани ташкил қилган. Умумий ҳисобда Самарқанд вилояти пахта далаларига 1909 йилда 30269 десятина майдонга чигит қадалган бўлса, 1910 йилга келиб бу кўрсаткич 25224 десятинани ташкил қилган. Шу билан бирга, пахта етиштируви ҳам ушбу йиллар солиштирмасида қуйидагича ифодаланади: Каттақўрғон уездида 1909 йил 803948 пудни кўрсатса, 1910 йилга келиб бу рақамлар 1562832 пудни ташкил қилди. Хўжанд уездида эса 1909 йилда 360225 пуд пахта етиштирилган бўлса, 1910 йилга келиб бу кўрсаткич 424705 пудни ташкил қилди. Самарқанд уездида 1909 йилда 119260 пуд  пахта майдонлардан териб олинган бўлса, 1910 йилга келиб бу кўрсаткичда сезиларли кўтарилиш рўй берди. Бу йилда уезд далаларидан 173660 пуд пахта йиғиштириб олинди. Жиззах уездида 1909 йилда 18185 пуд пахта ҳосили олинган бўлса, кейинги йили 17486 пуд пахта уезд далаларидан териб олиниб, пахта хирмони ташкил қилинди. Умумий ҳисобда Самарқанд вилояти пахта далаларидан 1909 йилда 1301618 пуд, 1910 йилга келиб эса 2178683 пуд пахта ҳосили йиғиштириб олинганлиги манбалардан маълум бўлади [8:15].

Бундай йилма йил фарқли ҳолатлар кўпроқ табиат инжиқликлари, чигиртка галаларининг пахта ҳосилига қаттиқ зарба бергани билан изоҳланади. 

Туркистонда ер давлат мулки бошқармасининг яна бир йирик вазифаларидан бири суғориш масаласи эди. Бу жараёнга жуда катта эътибор қаратилган.  Ҳали бошқарма ташкил этилмасдан олдин, Қишлоқ хўжалиги ва давлат мулки вазирлигидан Самарқанд вилоятида 1895 йилдан буён уч нафар техник ходимдан иборат тадқиқот гуруҳи ишлаган. Улар янги ерларни суғориш бўйича тадқиқот ишларини олиб борган. 1897 йилда бу партиянинг икки техник ходими Мирзачўлни текислаш ишларини олиб борди, учинчиси эса Хўжанд туманидаги Хўжабоқирғон, Оқсув ва Шаҳристон дарёлари ҳудудларида, бир вақтлар сунъий иншоотлар излари сақланиб қолган  дарёларда, сув омборлари қуриш мақсадида ишлади [2:58]. Мазкур маълумот суғориш тизими янги ерларни ўзлаштириш билан биргаликда изчил амалга ошириб борилган.

Й.П.Демидов янги ерларни суғориш тизими ҳақидаги нуқтаи назарида қуйидаги фикрларни келтириб ўтади: «Янги ерларни суғоришнинг замонавий муаммоси, айниқса, муҳим ва жуда мураккаб бўлиб бормоқда. Сўнгги амалиёт бизга берадиган барча тажрибани ҳисобга олиш учун унга жуда кенг ёндашиш керак.

Тажриба шуни кўрсатадики, янги ерларни суғориш муҳандислик санъати доирасидан ташқарига чиқади ва вазифага айланади, уни тўғри ҳал қилиш учун тупроқшунос, иқтисодчи ва статистик мутахассисларни жалб қилиш керак. Тажриба шуни кўрсатадики, суғориш қурилиши бошланиши керак. Фақат тупроқнинг барча кимёвий, физик ва биологик хоссалари тўлиқ ўрганилганда, бўлажак тажрибали кўчманчилар контингенти тайёрланганда, қурувчи дренаж тармоқлари схемасини охиригача ва барча деталларда ишлаб чиққанда, сунъий сув ҳавзалари ҳосил бўлиши натижасида ер ости сувларида юзага келиши мумкин бўлган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда ва ҳоказо.

Миср тажрибаси шуни кўрсатадики, агар дренаж тизими ёмон ёки етарли бўлмаса, суғориш миллий иқтисодиёт учун қимматга тушади. Мирзачўл ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин» [3:24-25]. Бошқарма ҳам буни тўғри англаган ҳолда суғориш масаласига жиддий ёндашган.

Шу билан бир қаторда мустамлакачиларнинг кириб келиши натижасида йирик пахта плантациялари пайдо бўла бошлади. Самарқандда шундай плантация эгаларидан бири Маеркорт бўлиб, унинг ер майдони 200 гектарни ташкил қилган. Суғориладиган ернинг бир бўлаги топилган жойга ҳам пахта экилган [3:42]. Демак, Туркистонда ер ва давлат мулки бошқармаси катта саъй-ҳаракатлар асосида минтақа ҳудудларини эгаллаш ва фойдаланишга қаратилган чора-тадбирларни дастур асосида амалга оширган. Аммо бу жараёнда жуда кўп хато ва камчиликларга ҳам йўл қўйган.

Тадқиқот натижасида 1897 йилда ташкил топган Туркистонда ер ва давлат мулки бошқармаси, унинг Самарқанд вилоятидаги фаолияти ўрганилди. Бу ташкилот мавжуд бўлган давр оралиғида Самарқанд вилояти ҳудудида янги ерларни ўзлаштиришга катта эътибор қаратилди. Масалан, 1912 йилда вилоятда 1 100 000 десятина бўш ерлар мавжудлигини тахмин қилинган бўлиб, уларни ўрганишнинг кейинги йиллардаги режалари ишлаб чиқилган эди. Ёки пахта экспорти миқдори солиштирилганда, Туркистондан Россияга экспорт қилинаётган толанинг миқдори ҳам тобора ортди. Агар 1888 йилда Россияга 873 минг пуд пахта толаси экспорт қилинган бўлса, 1913 йилга келиб бу 697 000 пудга етди [6:549]. Демак, ушбу бошқарма бу борада фаолликни оширганлигини манбалардан кўришимиз мумкин.

Бу даврда пахта сиёсатининг қўлланилиши оқибатида маҳаллий аҳолига нисбатан босим ва зўравонлик ҳолатлари ҳар доимгидан ҳам юқори бўлган. Маҳаллий аҳолининг миллий манфаатлари ҳисобга олинмаган. Янги ерларни ўзлаштириш ва кўчириб келтирилганларга ер ажратиш масаласида ҳам шундай камчиликларга йўл қўйилган.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР: 
  1. Абдурахимова Н.А, Эргашев Ф.Р. Туркистонда Чор мустамлака тизими. – Т.: Академия, 2002.
  2. Голодний степь. (История края в документах). – Москва: Наука, 1981.
  3. Демидов Я.П. Экономические очерки хлопководства, хлопковой торговли и умышленности в Туркестане. – Москва: Новая Деревня, 1928.
  4. Hasan Ali Karasar. National identity and regional integration in Central Asia: Turkestan Reunion. Dissertation. Ankara Institute of Economics and Social Sciences Bilkent University, 2002.
  5. Конопка С. Г. Туркестанский край. – Т., 1912.
  6. Ляшенко П.И. История народного хозяйства СССР. – Москва. Т-2, 4-изд, 1956.
  7. Обзор Самаркандской области за 1899 годъ. – Самарканд: Товариществa, 1900.
  8. Обзор Самаркандской области за 1910 год. – Самарканд: Б.Газаров, К.Слёжнов. 1912.
  9. Пален К.К. Областное управление. – С.Петербург. Сенатская типография, 1910.
  10. Путоводитель. – Ташкент: Ташкентская типография, 1948.
  11. Ўз.РМДА: 7-фонд, 1-рўйхат, 8909-иш.
Отабек АЛЛАЯРОВ,
ISFT (International school of finance technology and science) институти
Самарқанд филиали ассистенти

Check Also

Меҳнат — ибодат: саҳобалар ҳаётидан ибрат

Касб-ҳунар бобида саҳобалар ҳаёти биз учун энг гўзал намунадир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларининг ҳаммаси …