Ўзликни англаш, энг аввало, ўтмишни ўрганиш ва тарихни билишдан бошланади. Узоқ ўтмишга эга Ватанимиз турли замонларда ҳар хил ном билан атаб келингани, шунингдек, унинг чегаралари ҳам муайян даврларда ўзгариб тургани тарихий манбалардан маълум. Ҳамма даврларда юртимиз улуғ зотлар, азиз авлиёлар ватани сифатида довруқ қозонган. Бундай шахслар фаолияти ҳақидаги маълумотларни ёшлар онгига сингдириш уларда ватанпарварлик туйғусининг шаклланишига катта ёрдам беради. Бу ҳақда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам қуйидаги фикрларни билдирган эди: “Диний уламоларимиз ҳам мактабларда маърифат, бағрикенглик, одоб ва ахлоқ илмларини, Имом Бухорий, Абу Исо Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби улуғ аждодларимиз маънавий меросини ўргатиши мақсадга мувофиқ” [1:148].
ХVII аср охири – ХVIII аср бошлари Марказий Осиё тарихида ижтимоий-сиёсий, маънавий соҳада муҳим ўзгаришлар бўлган давр ҳисобланади. Бу вақтга келиб, Марказий Осиёнинг катта қисмида бир асрдан кўпроқ ҳукмронлик қилган Аштархонийлар сулоласи (1601–1757) заифлашиб, таназзулга юз тутди. Унинг сўнгги вакили Абулфайзхон (1711–1747) салтанатининг парчаланиш жараёнлари манбаларда акс этган. Хусусан, тарихнавис Жумақули Ургутий Хумулий бу хусусда шундай баён қилади:
اما ابو الفیض خان پادشاهی بود ملایم طینت و بی آزار، زیاده از مرسوم از فقرا چیزی نمیخواست طبعش از محاربه و پرخاش متنفر و جانش از تحمل میثاق متفرر مشعوف عيش و طرب تارك طیش و غضب بود از آنجهت فتوری عظیم و ضعف جسیم در قواعد سلطنتش راه یافت قبایل اوزبکیه بیقاعدگی ها برپا کردند. هر کرا اندك قومي بود دعوی سرداری داشت و هر کدام را دستی بود از راه اعتدال پای بیرونگذاشت. از توهمی که در مزاجش طاری گشته بود چند دفعه
امرا و سرداران اوزبکیه را ببهانه مشورت جمع کرده جمعی را قتل .نمود ایلات از وی نفور نموده، اینمعنی علاوه ضعف
و باعث وهن او گردید
Маъноси: “Абулфайзхон мулойим тийнатли, беозор бир подшоҳ эди. Фуқародан белгилангандан ортиқ ҳеч нарса олмас, табиати жангу жадални ёқтирмас, айшу тарабга берилган, жунбуш ва ғазабни тарк қилган киши эди. Шу сабабли салтанатига катта путур етди ва кучсизланиб қолди. Ўзбек қабилалари орасида тартибсизлик рўй бериб, озгина қавми бўлган ҳар бир кимса сардорлик даъвосини қилар, ҳар қайсиси адолат йўлидан четга чиқиш имкониятига эга эди. Бундан ташвишга тушган хон ўзбек амирлари ва саркардаларини кенгаш баҳонаси билан тўплаб, уларнинг барчасини қатл қилди. Натижада, элатлар ундан юз ўгирди, ҳокимияти заифлашди” [4:192a].
Шу аснода алоҳида ўзларини мустақил деб эълон қилган амир ва саркардалар ўртасида ҳокимиятни эгаллаш учун урушлар бошланди.
1709 йилда Фарғона вилояти Бухородан сиёсий жиҳатдан мустақил деб эълон қилинди ва Қўқон хонлигига асос солинди, Туркистон ва Тошкент вилоятлари эса қозоқ хонлигига бўйсундирилди. Айни пайтда Эрон шоҳи Нодиршоҳнинг Марказий Осиёга қилган юриши Аштархонийлар давлатининг буткул емирилишига олиб келди. Нодиршоҳ Аштархонийлар сулоласининг охирги вакили Абулфайзхонни ўзининг Мовароуннаҳрдаги ноиби қилиб тайинлади. Нодиршоҳ ҳузурида ҳарбий лашкарбоши сифатида хизматга олинган Муҳаммад Раҳим Манғитнинг ҳукумат ишларида таъсири кучлироқ эди. 1747 йили Нодиршоҳнинг ўлимидан сўнг Муҳаммад Раҳим Манғит Бухорода Манғитлар сулоласига (1753–1920) асос солди.
Нодиршоҳ вафот этмасдан бир неча муддат аввал Муҳаммад Раҳимни ҳузурига чорлайди ва ёрлиқ бериб, уни Бухорога жўнатади. Ёрлиқда Абулфайзхонни Маккага – Ҳаж зиёратига юбориш, унинг ўрнига ҳали ёш бўлган ўғли Убайдуллахонни тахтга ўтказиш, Муҳаммад Раҳимни эса вазир ва оталиқ вазифасига тайинлаш кўрсатилган эди. Муҳаммад Раҳим шитоб билан келиб, Бухорони эгаллади. Абулфайзхон эса Мир Араб мадрасасининг ҳужраларидан бирида қатл этилди. Убайдуллахон тахтга ўтирганидан бир неча кун ўтгач, арк деворидан қулаб, ҳалок бўлади ва Муҳаммад Раҳим расман ҳукумат бошқарувини қўлга киритади. Бу воқеалар манбада шундай тасвирланади:
اول پادشاهی که از جماعه منغیت بر اورنگ پادشاهی نشست محمد رحیم خان بود که بعد از شهادت ابو الفيض خان برعاية رسوم اوزبکیه که از زمان ظهور دولت چنگیزخانی تا این زمان آن بود که بغیر از اولاد چنگیزخان بکسی بیعت نمیکردند. بنابرین پسر خان شهید عبید الله خانرا که قریب ببلاغت رسیده بود بخانی برداشته خود بدستور اتالیقی قیام نمود و لشکر را مواجب و احسان آنمقدار بجای آورد که همه از وی راضی شدند. علما و سادات را تعظیم و توقیر بحد کمال ،نموده فقرا و رعیت از استمالت او شاکر گشتند. رسوم و آداب سلطنت و جهانداری را از نادرشاه آموخته بود قواعد پسندیده در ملك نصب نموده، نظام عسکریه که از بی پروایی (193) خان شهید برهم خورده بود، از سر تازگی یافت و صلبيه محترمه خود را در عقد نکاح خانزاده عبید الله درآورد در ایام کورونش اورا بر تخت خانی نشانیده خود بر کرسی وزیری و اتالیقی مینشست و خطبه و سکه را بنام عبید الله خان موشح و مذیل گردانید اکثر امراء قبائل اوزبك منقاد او گردیدند، بعد از ایامی چند عبید الله خان ببالای حصار ارك بخارا باطفال بازی میکرد. ناگاه از شعبده بازی ایام بتماشای چرخ فلک که در آن وقت بنا نموده، ببالا آب از وی می برآوردند، رفته در اثنای تماشا پایش لغزیده از بالای قلعه بزیر افتاده بهلاکت رسید. محمد رحیم خان برسوم عزا و قاعده سوگداری او چنانچه قاعده پادشاهان عظام است قیام نموده، بدخمه آبا و اجدادش بخاک سپارید دُودَۀ چنگیز شاه و پیضه جوجی تباه گردیده دفتر اعتبار آن خاندان مختوم گردید ابو الفیض خان دیگر پسرانش را بدست خود هلاك كرده بود غیر از عبید الله فرزند پسرینه نداشت و شامت فعل فرزندکشی را در خاندان خود بعين اعتبار مشاهده ،نموده نسل آن خاندان از اولاد ذکور منقطع گردید.
Маъноси: “Манғитлар сулоласидан биринчи бўлиб тахтга ўтирган Муҳаммад Раҳимхон эди. Абулфайзхоннинг вафотидан кейин Чингизхон давридан шу кунга урф бўлиб келаётган ўзбек урф-одатларига риоя қилиб, унинг балоғат ёшига етай деб қолган ўғли Убайдуллахонни тахтга ўтқазиб, ўзи Оталиқ вазифасини олди. Вазифасидан келиб чиқиб, лашкарни тартибга солди, барча ундан рози эди. Уламо ва саййидзодаларни имкон қадар улуғлади, шунингдек, фуқаро ҳам унинг тадбирларидан миннатдор эди… Ўзининг пушти камаридан бўлган қизини хонзода Убайдуллахонга никоҳлаб қўйди, ўзи вазирлик лавозимига ўтирди. Хутба айтиш ва пул зарб қилиш Убайдуллахон номига бўлди. Кўплаб ўзбек амир ва бекларини ўзига бўйсундирди. Бир неча вақтдан сўнг Убайдуллахон болалар билан ўйнаб юриб, Аркнинг тепасига ўрнатилган чархпалакни томоша қиламан, деб пастга қулаб тушди ва ҳалок бўлди. Муҳаммад Раҳимхон барча расм-русумлар билан унинг танини ота-боболари ёнига қўйди. Абулфайзхоннинг бошқа ўғил фарзанди қолмагани сабабли у хонадоннинг насли узилди” [4: 186б-193а].
Муҳаммад Раҳим уч йилга яқин ҳукмронлик қилди. Бу даврда у кўп жанглар ўтказди. Қундуздан Қавадиёнгача бўлган Ҳисор, Кўлоб, Бадахшон, Ҳиндувон ерларини ўзига бўйсундирди. Унинг исми тангаларга зарб қилиниб, номи хутбага қўшиб айтиладиган бўлди.
Айрим тарихнавислар Абулфайзхоннинг ўлимида айнан Муҳаммад Раҳимбийнинг қўли бор, деб хабар беради. Саййид Насриддинхон ал-Бухорий ҳам ўзининг “Туҳфат аз-зоирин” асарида: “Абулфайзхон 1747 йили Муҳаммад Раҳимбий бошчилигида уюштирилган фитнанинг қурбони бўлди” [11], деб қайд этади. Хумулий “Тарихи Хумулий”да Муҳаммад Раҳимбий Эрондан қайтиб келганида Абулфайзхоннинг ўлдирилганини, сўнг уни шоҳларга хос иззат-икром билан дафн этиб, ўрнига балоғат ёшига етай деб қолган ўғли Убайдуллахонни (1747-1753) хон қилиб кўтарганини таъкидлайди. Кейинроқ Муҳаммад Раҳимхон унга ўз қизини никоҳлаб беради. Убайдуллахон ўн беш ёшида Бухоро арки қалъасида болалар билан ўйнаб туриб, йиқилиб ўлади ва Муҳаммад Раҳим Оталиқ тахтга ўтиради [4: 189б-192б]. Хумулий балки Манғитлар сулоласидан кўплаб илтифотлар кўргани сабаблидир, Муҳаммад Раҳимхон номини қора қилишни истамайди. Бошқа тарафдан, Абулфайзхоннинг ўлими мантиқан Манғитлар фойдасига хизмат қилган бўлса-да, Муҳаммад Раҳимхоннинг ўзи шахсан бу фитнада иштирок этмаган бўлиши мумкин.
Муҳаммад Раҳимхон Чингизхон насли бўлмагани учун ўша давр одатига кўра хон бўла олмасди. Шу туфайли у Абулфайзхоннинг қизига уйланади. 1757-1758 йилларда уни тан олмаган вилоятларга босқин қилиб, кўплаб қирғин уюштирди ва марказлашган Бухоро давлатини тузди. Муҳаммад Раҳимбий 1758 йил 24 мартда вафот этди.
“Тарихи Хумулий” асарида Хумулий Муҳаммад Раҳимхоннинг давлат бошқарувини ўз қўлига олишидан то унинг қўшни вилоятларга, жумладан, Балх, Бадахшон, Ҳисор, Хазлон ва Қундузга қилган зафарли юришлари, шу билан бирга, унинг Ўратепага юришидаги талафоти ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд [4:192б-200а].
Муҳаммад Раҳимбий вафотидан сўнг Манғитлар унинг ўрнига амакиси Дониёлбийни тахтга ўтқазади. Раҳимбий вафотидан сўнг қатор минтақаларда қўзғолонлар бошланиб кетди. Бу тартибсизликлар тезда бостирилди. Дониёлбий тахтга Раҳимбийнинг невараси Фозилтўрани ўтқазиб, амалда ўзи давлатни бошқаришда давом этди. Лекин унинг ҳукмронлиги бошдан-охир ички қўзғолонларга тўла бўлди. Шунингдек, бухороликлар 1782 йили Хоразмга босқинчилик юриши уюштирди. Бухорода 1784 йили бошланган қўзғолон Дониёлбийни тахтдан воз кечишга мажбур қилди. У ўз ўрнига ўғли Шоҳмуродни тахтга чиқарди.
Амир Шоҳмурод манғитлар сулоласига мансуб барча ҳукмдорлардан тубдан фарқ қилади. У зулм ва истибдодга қарши бўлиб, адолатсизликка тоқат қилмасди. Унинг ҳукмронлиги даврида Бухоро амирлиги ҳақиқий марказлашган давлатга айланди. 1786-1790 йилларда Марвни эгаллаш якунланди. Ўша замонда Чингизхон авлоди бўлган кимсалар номи жума намози хутбаларида ўқиларди. Узоқ давом этган мўғуллар истилоси халқнинг онгини заҳарлашга улгурганди. Амир Шоҳмурод даврида ҳам мўғул Донишмандчи ва Абулғозий номи жума ва ҳайит хутбаларида масжид минбарларида янграрди ва улар номидан танга зарб этиларди.
Дониёлбий олий ҳукмдор бўлгач, ўғли Шоҳмуродни Самарқандга ҳоким этиб тайинлаган эди. У Самарқандга келганида шаҳар хароба аҳволда эди. Ижтимоий шароитнинг оғирлигидан аҳоли ниҳоятда камайиб, шаҳар қишлоқ даражасига тушиб қолган. Унинг фидойилиги ва жонбозлиги туфайли Самарқандга қайтадан файз кирди. У турли жойлардан аҳолини кўчириб келиб, шаҳар гавжумлашади, иқтисодий ва маданий аҳвол анча тикланади. Шоҳмурод айниқса, илм-фанга жиддий эътибор қаратади. Хароба ҳолига тушиб қолган Шайбонийхон ва Хожа Аҳрор Валий мадрасаларини қайта тиклайди. Манбаларда айтилишича, Амир Дониёл 75 йил умр кўрди. Амир Дониёл Баҳоуддин Нақшбанд мозори ёнидаги “Даҳмайи шоҳон” (“Шоҳлар даҳмаси”)да дафн этилган. Унинг ўн икки ўғил фарзанди бўлиб, ҳаммасидан Амир Шоҳмурод фаросатли, ақлли ва тақводор бўлган. Дониёлбийнинг катта ўғли Шоҳмурод манбаларда Амири Кабир, Амири Маъсум, Амири Ғозий, Амири Жаннатмакон, Амири Валий ва Иккинчи Умар каби номлар билан улуғланган.
Манғитлар сулоласининг йирик вакилларидан бири саналган амир Шоҳмурод ҳокимият тепасига келгач, ўзидан олдинги сохта хон ва хон унвонини бекор қилиб, ўзини “Амир” деб эълон қилади [5]. Шоҳмурод давлат бошлиғи – амирлик унвонини таъсис этар экан, ушбу унвоннинг ўзбек ва мўғул уруғлари анъаналари билан эмас, балки шариат қоидалари асосида юзага келганини асослаб беради ва шу даврдан бошлаб мамлакат расман Бухоро амирлиги деб атала бошланади.
Ёшлигидан художўй, порсо бўлиб ўсган, мадрасани битириб, тариқат йўлига кирган Шоҳмурод шахсиятида ҳукмдор ва сўфий сифатлари мужассам. Муаррихлар таъбири билан айтганда, у “сўфийталъат, дарвешсурат” киши эди. Бизнингча, у Самарқанд ҳокимлиги мансабида узоқ вақт турмаган бўлса керак. Чунки баъзи тарихий манбаларда ҳаммоллик билан кун кечиргани ёзиб қолдирилган.
“Тарихи Хумулий”да Амир Шоҳмурод Маъсум фаолияти кенгроқ ёритилган. Бунга қатор сабаблар бор: биринчидан, Хумулий айнан шу ҳукмдор замонида яшаган бўлса, иккинчидан, улар бир тариқат, яъни Нақшбандия-Мужаддидияга мансуб бўлган. Хумулий маълумотларига кўра, ҳатто Муҳаммад Дониёл тахтда ўтирган пайтда ҳам ҳукумат ишлари Шоҳмуроднинг маслаҳати ёки бевосита ижроси билан амалга оширилар эди[1]. Амир Дониёлнинг Кармана, Миёнқол, Қарши, Китоб, Шаҳрисабз, Кешга қилган юришларида лашкарни айнан Шоҳмурод бошқарган. Бу ҳақда Хумулий шундай дейди: “Амир Дониёл давлати мустаҳкамлангач, мамлакатни бошқаришдаги барча ишларни суюкли ўғли амир Маъсумга топширди” [4:201а-208б].
ذکر جلوس سعادت مانوس سلطان السلاطین برهان الخواقین مجدد الملة محيى السنة، ماحى البدعة و الضلالة و حامي الشريعة و الهداية، نور الخلفاء شمس العرفاء ، حجة الرحمان، رحمت المنان فاروق الزمان، مهدی ،دوران مصباح الطريقة، منهاج الشريعة، ظهير المسلمين مغيث المساكين ملاذ الامم ملجأ العالم فخر الاوتاد نجم الافراد اعنى جامع الخلافة الحقيقى و المجازی امیر المؤمنين المعصوم شاه مراد الغازی انار الله تعالی برهانه
Маъноси: “Бахт чароғи, султонлар султони, хоқонлар ҳужжати, дин мужаддиди ва суннат тирилтирувчиси, бидъат ва залолатни йўқ қилувчи, шариат ва ҳидоят ҳимоячиси, халифалар нури, орифлар қуёши, Раҳмоннинг ҳужжати, Манноннинг раҳмати, замонанинг Умар ибн Хаттоби, Маҳдий, тариқат чироғининг даврони, шариат дастури, мусулмонлар суянчиғи, мискинлар ёрдамчиси, оламнинг қуввати, раҳбарларнинг фахри, инсонларнинг юлдузи, назарда тутганим ҳақиқий ва рамзий халифалик жамловчиси, мўминлар амири Шоҳмурод Ғозий Маъсумдир [4:213б].
ХVII-ХVIII асрлар Мовароуннаҳр ижтимоий-фалсафий фикр тарихида муҳим давр эканини таъкидлаб, бу даврда адабиёт, санъат, меъморчилик, шеърият, тарих, фалсафа билан бир қаторда тасаввуф ҳам ривож топди.
Аштархонийлар даврида Ўрта аср анъанавий тарихнавислиги давом эттирилиб, кўпгина тарихий адабиётлар яратилди. Улар ичида Маҳмуд ибн Валининг ХVII аср охири – ХVIII аср бошларидаги Хуросон ва Мовароуннаҳр тарихига оид “Бахр ал-асрор” [6:412], Муҳаммад Юсуф Муншийнинг “Тарихи Муқимхоний” [9:210], Самандар Термизийнинг “Дастур ал-мулук” [12:435], Мир Муҳаммад Амин Бухорийнинг “Убайдулланома” [7:305], Абдураҳмон Давлат (Толеъ)нинг “Тарихи Абулфайзхон” [2] каби асарлар алоҳида ўринга эгадир. Бу асарларда ХVII – ХVIII асрдаги ижтимоий, сиёсий, маданий, иқтисодий муаммолар ҳақида маълумот берилган.
Самарқандлик яна бир шоир Муҳаммад Бадеъ Самарқандий (1641-1692) қаламига мансуб 200 га яқин ижодкор ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот берувчи “Музаккирул асҳоб” [10:217] асари шу давр маҳсулидир. Бу мажмуадаги маълумотлар ХVII-ХVIII асрлар ижтимоий-маданий ҳаёти ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилишга имкон беради. Ижтимоий-иқтисодий жараёнлар ривожига ўз таъсирини ўтказган. Бу даврда Турди Фароғий (ваф.1700), Сўфи Оллоёр (1644-1724), Бобораҳим Машраб (1657-1711), Абдулазиз Мажзуб Намангоний (XVIII аср охири – XIX аср 1-ярми), Мусохонхожа Даҳбедий каби буюк ижодкорларнинг ижодий фаолияти жамият ҳаётида адолат устунлик қилиши учун курашнинг ўзига хос ифодасидир.
Хумулий келтирилган воқеа-ҳодисаларнинг кўпчилигида шахсан иштирок этган бўлиб, ўзи кўрган ва эшитганларини ҳаққонийлик ва холислик тамойилларига асосланган ҳолда баён этади. Шунингдек, у тарихий маълумотларни тўплаш ва ўзига номаълум бўлган воқеаларни ойдинлаштириш мақсадида ўзидан олдин ўтган халқ оммаси ҳамда зиёлилар доирасида мўътабар ҳисобланган тарихий манбаларни ҳам синчиклаб ўрганади. Жумладан, Аштархонийлар сулоласининг таназзулга юз тутиши ҳамда Мовароуннаҳрда бу сулола ҳукмронлигига асос солинишига оид воқеалар тафсилотини “Туҳфат ал-хоний”дан [8] олганини муаллиф алоҳида зикр этади [4: 183б].
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Жумақули Ургутий Хумулий ўз асарида келтирилган ва бошқа манбаларда учрамайдиган маълумотлар бизга ўша даврдаги диний, сиёсий ва ижтимоий вазият ҳақида аниқроқ тасаввурга эга бўлиш имконини беради. Шунинг баробарида Мусохон Даҳбедий ҳақида батафсил маълумот берувчи ушбу нодир манба унинг шахси орқали Нақшбандия – Мужаддидия тариқати тарихини ўрганиш, илмий таҳлил қилишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Муаллифнинг бевосита ушбу тариқатга мансублиги, воқеа-ҳодисаларни шахсан ўзи изчиллик билан кузатиши, текшириши, мўътабар манбаларга асосланиб баён қилиши келтирилган маълумотларнинг ишончли эканини кўрсатади.
ХVIII аср охири – ХIХ аср 1-ярмида яшаб ижод этган шоир ва Нақшбандия тариқатининг таниқли вакилларидан яна бири Мажзубнинг “Тазкирайи Мажзуби Намангоний” номли насрий асари бўлиб, у “Тазкират ал-авлиё” деб ҳам аталади. ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида мазкур асарнинг учта нусхаси сақланади [3:374]. Асар VII асрдаги ижтимоий-сиёсий, диний-маданий вазият ҳақидаги қизиқарли ва муҳим маълумотларни ўзида жамлагани билан қимматлидир. Унда, айниқса, ўша давр етук диний арбобларининг фаолияти батафсил ёритилган. Хусусан, Мусохон Даҳбедий ва унинг издошлари ҳаёти ва фаолияти ҳақида қимматли асар ҳисобланади.
Бухоро амирлигини Манғитлар сулоласидан Шоҳмурод 1785-1800 йилларда бошқарган. У манбаларда Мужаддидия вакили сифатида тилга олинади. Унинг ҳукмронлиги даврида у бошқарган ҳудудларда Нақшбандия-Мужаддидия тариқатининг кенг қулоч ёйган ва гуллаган бир палла бўлди. Унинг даврида мужаддидий шайхлар давлатнинг асосий таянчи эди. Амир Шоҳмуроддан сўнг унинг ўғли Амир Ҳайдар 1800-1826 йилларда Бухорони бошқарди. У ҳам отасининг сиёсатини давом эттириб, Мужаддидия тариқати тарафдорларини ўз ҳимоясига олди.
- Мирзиёев Ш.М. Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари. – Т.: Ўзбекистон, 2020.
- Абдураҳмон Толеъ. Тарихи Абулфайзхон. ЎзРФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди. Инв. № XI.
- Асар нусхалари ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар асосий фондида 2662/II, 1337, 10169 тартиб рақамлари остида сақланади. Яна қ: СВР, III.
- Жумақули Хумулий. Тарихи Хумулий. ЎзРФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди. – Инв. № 37/VI.
- Замонов А., Эгамбердиев А. Бухоро амирлиги тарихи (XVIII аср ўрталари – XIX аср ўрталари). – Т., 2022.
- Маҳмуд ибн Вали. Баҳр ал-асрор. ЎзРФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди. Инв. № 82372.
- Мир Муҳаммад Амин Бухорий. Убайдулланома. – Т.: Фан, 1957.
- Мир Муҳаммад Вафойи Карминагий. Туҳфат ал-Хоний. ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди. Инв. № 4263.
- Муҳаммад Юсуф Мунший. Тарихи Муқимхоний. – Т., 1956.
- Муҳаммад Бадеъ ибн Муҳаммад Шариф Самарқандий. Музаккир ул-асҳоб. – Самарқанд, 1891. 217 в.
- Саййид Носириддинхон тўра Абулфайзхоннинг ўғлининг исмини Абдулмўминхон деб келтиради ва уни 10 йил ҳукмронлик қилган ва қатл қилинган, дейди. Батафсил маълумот учун қ.: Саййид Носириддинхон Тўра. Туҳфат аз-зоирин. ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди. – Инв. № 2193.
- Хожа Самандар Термизий. Дастур ал-мулук (Ҳукмдорлар дастури) / тарж. Маҳмуд Ҳасаний. – Т., 2016.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





