Home / МАҚОЛА / «ЖИҲОД»НИНГ АСЛ МАЪНО МОҲИЯТИ

«ЖИҲОД»НИНГ АСЛ МАЪНО МОҲИЯТИ

“Жиҳод” сўзи шаръий истилоҳда “Аллоҳнинг хоҳишини бажаришга бор кучини сарфлаш, ҳаракат қилиш” маъносини билдиради. Бундан келиб чиқиб, “мужоҳид” деб Аллоҳнинг ҳукмларини амалга оширишда бор кучини сарфлайдиган кишига айтилади. Қўл жиҳоди – қонунбузарликни тўхтатишга қаратилган ҳаракат, қалб жиҳоди – ўз нафси билан курашиш, тил жиҳоди – яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтариш, сўз ёки қалам жиҳоди – диний тарғибот ва маърифат тарқатиш ҳаракати, динни турли ҳужумлардан сақлаш ва ҳоказо. Бу маънода жиҳод – мусулмоннинг барчага мумкин бўлган ва аҳдга вафо қилган, ўзи яшаб турган мамлакат қонунларига риоя қилган ҳолда бажариши лозим бўлган шахсий иши ва диний мажбуриятидир.

“Жиҳод” сўзи луғатда инсон томонидан жамики имкониятини ишга солиб, ҳаракат қилиш маъносини англатади. Шундан келиб чиққанда, мусулмон одам жиҳод қилмоқчи бўлса, ўзининг барча куч-қувват, ақл-заковати ва моддий имкониятини Аллоҳ йўлида, Унинг дини учун сарфлаши лозим. Алоҳида таъкидлаш лозимки, жиҳод сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Бу сўз араб тилида асосан “қитол” сўзи билан ифодаланади.

Ўз дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятини ишга солиб, ҳаракат қилаётган толиби илм мужтаҳид талаба деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод қиляпти, дейиш мумкин. Шаръий масалаларни ечишда бор имкониятини ишга солган йирик олимлар ҳам мужтаҳид дейилган.

Жиҳод сўзининг луғатдаги хусусиятидан келиб чиқиб, унинг тури ҳам кўпайган. Ўша сўзлар ичида душманга қарши жон-жаҳди билан жанг қилиш ҳам жиҳод дейилган. Аммо охирги маъно бошқаларидан устун келиб, жиҳод деганда фақат “қитол” сўзи тушуниладиган бўлиб қолган.

Аллоҳ таоло исломнинг дастлабки босқичида мушриклар билан ақидавий тортишув қилиб турган Ўз пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга Фурқон сурасида қуйидаги оятни нозил қилган: “Кофирларга итоат этма! Уларга қарши у (Қуръон) билан катта жиҳод қил!”

Демак, Қуръон билан катта жиҳод қилинган. Бунда уруш олиб бориш маъноси йўқлигини англаш қийин эмас. Исломда жиҳод, аввало, уруш эмас, балки Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган.

Имом Термизий, Ибн Ҳиббон ва Дайламий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таолонинг зотида ҳавои нафсингга қарши жиҳод қилмоғингдир”, деганлар.

“Жомеъул Аҳодис” китобида келтирилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичик жиҳоддан катта жиҳодга, банданинг ҳавои нафсига қарши қиладиган жиҳодига хуш келдингиз!” деганлар.

Бундан инсоннинг ҳавойи нафси айтганига кирмаслик, уни енгиб, шариатга мувофиқ яшаш учун жон-жаҳди билан қилган ҳаракати ҳам жиҳод экани келиб чиқади. Бундай жиҳод оддий эмас, балки афзал жиҳод ҳисобланади.

Имом Бухорий ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда қуйидагича келтирилган: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот унга: “Сенинг ота-онанг борми?” дедилар. “Ҳа”, деди. “Бас, икковлари (хизмати)да жиҳод қил!” дедилар”.

Демак, ота-онанинг хизмати ҳам жиҳод бўлиши мумкин экан.

Исломнинг дастлабки ўн уч йили давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари Маккаи мукаррамада юқорида зикр қилинган қитол, яъни уруш маъноси бўлмаган жиҳодни олиб бордилар.

Ўша даврда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор бир гуруҳ ёки фирқа доирасида уруш олиб бормаганлар. У зотга Маккада зулм қилган пайтда ҳам бирор маротаба саҳобаларига Макка мушриклари – шаҳар ҳокимларига қарши қуролли курашни бошлаш тўғрисида буйруқ бермаганлар. Ҳар ҳолда у зотнинг тарафдорлари етарли бўлиб, шаҳарни иккига бўлган ҳолда чегаралаб олишга ва шу мақсадда кураш бошлашга қурби етар эди.

Шунга қарамай Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам маънавий ҳақдор бўлсалар-да, исён кўтармай, Аллоҳ таолонинг буйруғига итоат этиб, шаҳарни тарк этишни афзал кўрганлар.

Мусулмонларнинг уруш қилишига мушриклар ва баъзи аҳли китобларнинг исломга қарши тажовузи сабаб бўлган. Шундай экан, исломдаги жиҳоднинг асосларига мурожаат қиламиз. Исломда дастлаб адолатсизлик ва зарарга қарши курашиш, шунингдек, Қурайш мушриклари мусулмонларни ўз уйидан қувиб чиқарганда ва Маккада Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларига тажовуз кучайганда уларни даф этиш учун урушга рухсат берилган эди. Мусулмонлар Маккадан мажбуран кўчгунига қадар уруш қилишга рухсат йўқ эди. Сўнг Аллоҳ таоло мўминларга тажовузни қайтариш ва ўзини ҳимоя қилиш учун жиҳод қилишга қуйидаги оятлар билан изн берди: “Ўзларига қарши уруш очганларга уларга зулм қилингани учун (урушга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга нусрат беришга қодирдир. Улар ноҳақдан, фақатгина “Роббимиз Аллоҳ” деганлари учун ўз диёрларидан чиқарилгандирлар. Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан даф қилиб турмаса, узлатгоҳлар, канисалар, ҳавралар ва Аллоҳнинг номи кўп зикр қилинадиган масжидлар вайрон қилинган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ Ўзига ёрдам берганларга ёрдам берур. Албатта, Аллоҳ кучли ва ғолибдир”[1].

Бу оятлар Ақаба байъатидан кейин, ҳижрати набавиянинг иккинчи санасидагина мусулмонлар ўзини мудофаа қилишга тайёрланиши учун изн сифатида нозил бўлган. Бундан олдин урушга рухсат берилмаган. Чунки Аллоҳ таоло: “Улар ноҳақдан, фақатгина “Роббимиз Аллоҳ” деганлари учун ўз диёрларидан чиқарилгандирлар”, демоқда. Бу хабар урушга берилган изн ортидан келган.

Бу оятларнинг нозил бўлиши ғайридинларга нисбатан тинчлик муносабатларини бекор қилгани йўқ. Орадаги тинч алоқалар давом этаверган. Фақат тажовузкор Қурайш кофирлари ва уларга ўхшаган қавмларга қарши кураш олиб борилган, холос. Тинчлик барча мусулмон бўлган ва бўлмаганларнинг барчаси билан муносабатларнинг асоси бўлиб қолаверган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кўчиб келганларидан кейин тарихда биринчи мусулмон давлатига асос солдилар. Мусулмонлар фақат ушбу давлатнинг доимий расмий армияси сифатида ўзига қарши зулм қилувчи душман қўшинига қарши жанг бошлади. Буни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина давлатининг ҳокимият раҳбари – олий уламоси ва олий қўмондони вазифасида бўлибгина эълон қилдилар. Шу билан бирга, у зот қаттиқ интизомни жорий этдилар. Агар бирор гуруҳ ёки фирқа мусулмон давлати раҳбари рухсатисиз жиҳод эълон қиладиган бўлса, уни қаттиқ жазо кутар эди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшинни жангга юбораётганларида, уларни фақат мусулмонларга қаршилик кўрсатаётган, қурол ушлаган душман билангина жанг қилиш лозимлиги тўғрисида огоҳлантирар эдилар. Динидан қатъи назар, душман заминида яшаётган тинч аҳолини ўлдириш ман қилинган эди. Шунингдек, ҳайвон, экин ва дарахтларга зиён етказмаслик буюрилар эди.

Жиҳод ҳақидаги оятлардан маълум бўладики, исломда жиҳод ҳукми шароитга қараб ўзгариб туради. Жиҳод икки қисмдан иборат: талаб ва мудофаа. Талаб жиҳоди ҳозир йўқлигига уламолар ижмоъ қилган. Чунки ҳозирги кунда ҳамма давлатлар урушмасликка келишган ва ўзаро алоқа ўрнатиб, элчихоналар очган.

Мудофаа жиҳоди душман мусулмонлар юртига бостириб кирса, ҳимоя учун амалга оширилади. Ташқаридан ҳужум, босқинчилик ва қароқчилик юз берганда ўзини ҳимоя қилиш ва мудофаа уруши – жиҳод дейилади. Яъни ўзи, бутун жамият ва халқнинг диний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, Ватани, қариндошлари, оиласи ва мулкини ҳимоя қилиш ҳуқуқи – шахсий ҳуқуқдир. Лекин жиҳод олиб бориш вазифаси фақат мамлакат ҳукумати ёки мусулмонларнинг маълум қисми томонидан (фарзи кифоя) ёки алоҳида лозим бўлган ҳолатларда ҳар бир мусулмон томонидан (фарзи айн) мажбурий вазифадир. Ислом уламолари фатвосига мувофиқ жиҳод эълон қилиш ҳуқуқи фақат давлат раҳбарига тегишли бўлиб, бу, ўз навбатида, мамлакатнинг юқори даражадаги олимлари билан маслаҳатлашган ҳолда амалга оширилади.

Ҳозирги кунда жиҳодга чақираётганларнинг чақириғини ҳеч қандай асосга эга эмаслигини англаб олиш лозим. Зеро, мен жиҳод қиламан деб ўзга юртларда бегуноҳ инсонларга қарши қурол кўтариб, уларнинг тинчлигига рахна солса ва қотиллик қилиб, ҳалок бўлса, шаҳид эмас, балки, жоҳилият ўлимига гирифтор бўлади. Жиҳодга тарғиб қилаётган гуруҳлар ва уларга эргашаётганлар кимга хизмат қилаётганини ўзи ҳам билмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким номаълум байроқ остида жанг қилса ва бу йўлда ўлдирилса, демак, у жоҳилият ўлимини топибди”, деб айтганлар. Яъни кимнинг қўлида эканини, мақсади қандайлигини билмай жанг қилса ва бу йўлда ҳалок бўлса, у жоҳилиятда ўлгандек бўлар экан.

Жиҳодга чақираётганларнинг аксарияти халқи мусулмон бўлган ўлкаларда бегуноҳ инсонларнинг ўлдирилаётгани ҳолатига шаръан рухсат кўзи билан қарамоқда. Бу эса, жуда ачинарли ҳолдир. Аллоҳ таоло бир мўмин кишини қасддан ўлдирганлар жаҳаннам азобига дучор бўлиши ҳақида хабар берган. “Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” *[2]. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда “Дунёнинг йўқ бўлиб кетиши Аллоҳ наздида бир мўминнинг ноҳақ ўлдирилишидан кўра енгилроқдир”, деб бу жиноятнинг оқибати қанчалар ёмон эканига ишора қилмоқдалар.

Хулоса қилиб айтганда, фитнага олиб борувчи нотўғри фикрлар тарқалишининг олдини олишимиз лозим. Уламолар дан сўраб ўрганмасдан ҳар кимга ишониб қолмаслигимиз керак. Фитна эшигини ёпадиган ҳам, улардан чиқиш калитини топадиган ҳам уламолардир. Шунинг учун аҳли сунна вал жамоа уламолари атрофида бирлашиш лозим. Мусулмонлар жамоаси билан бирга бўлгандагина фитналар зарар қилмаслиги мумкин. Чунки бўри ҳам подадан айрилган қўйга ҳужум қилганидек, шайтон ҳам мусулмон жамоасидан ажралган кишиларни фитна домига тортади.

[1] Ҳаж сураси, 39-40-оятлар мазмуни
[2] Нисо сураси, 93-оят
Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Ҳалолликнинг қудрати

Бир сафар аэропортдан меҳмонхонага такси олдим. Машина тоза, ҳайдовчи хушмуомала эди. Ўзини Аҳмад деб таништириб, …