Халқимиз азал-азалдан миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенглик, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш тамойилларига амал қилиб келган. Бугунги Ўзбекистон заминида асрлар давомида кўплаб дин вакиллари тинч-осуда истиқомат қилган ва ҳозир ҳам шундай.
Ўзбеклар ислом динига эътиқод қилади. Айни пайтда биз билан ёнма-ён яшаб келаётган славян юртдошларимизнинг ота-боболари минг йил олдин, балки ундан ҳам аввал насронийликни қабул қилган. Буддизм узоқ кушонлар даврида кенг ёйилган эди. Шунга қарамай, тарих бу ўлкада диний асосда бирор низо юз берганини қайд этган эмас. Ўзбекистонда бугунги авлод аждодларнинг ўтмишнинг неча-неча синовларидан ўтган ана шу асрий анъанасини муносиб тарзда давом эттирмоқда.
Тотувлик ва бағрикенглик замирида биринчи ўринда маърифат ётишини инобатга олиб айтадиган бўлсак, аллома аждодларимиз фақат эзгулик ғояларини тарғиб этган. Хусусан, Имом Мотуридий “Черков ва синагогаларни барбод қилиш тақиқланади, уламолар бу борада ҳамфикрдир, шу важдан мусулмон ўлкаларида уларга зиён-заҳмат етмайди” деган бўлса, Абу Лайс Самарқандий “Аллоҳ мусулмонларга дини туфайли улар билан уруш қилмаган ва диёридан қувмаган қавмларга нисбатан яхши ва одилона муомалада бўлишни ман этмас”лигини таъкидлаган. Бурҳониддин Марғиноний диний бағрикенгликни бундай ифода этган: “Мусулмон ўлкаларида черков ва ибодатхоналар бузилган бўлса, уларни тиклашга изн берилади”. Махдуми Аъзам эса, диний асосда келиб чиқиши мумкин бўлган ҳар қандай зиддият ва низонинг илдизига қуйидаги фикр билан болта урган: “Дунёда ҳар хил динга эътиқод қиладиган, турли миллатга мансуб инсонлар яшайди. Лекин бизга уларнинг қайси бири ҳақ ё ноҳақ эканини белгилаш ҳуқуқи берилмаган. Кимни мукофотлаш, кимни жазолашни Аллоҳнинг Ўзи билади. Шунинг учун бошқа одамларнинг урф-одатлари, анъаналари, эътиқодига бардошли бўлинг”.
Юртимизда 16 диний конфессияга мансуб 2 356 диний ташкилот фаолият кўрсатаётгани, уларнинг 197 таси ноисломий конфессияларга тааллуқли экани бу фикрнинг ёрқин далилидир. Бу заминда 130дан зиёд миллат ва элат вакиллари бақамти яшаб келяпти. Ҳаммасининг эътиқоди ҳар хил. Масжид ва мадрасалар, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази билан бир қаторда, православ ва протестантлик семинариялари, 165 насроний ташкилот, 8 яҳудийлик, 6 баҳаийлик, битта кришнаитлик жамоаси, бир буддавийлик ибодатхонаси фаолият кўрсатмоқда. Улар ўртасида турли даражада алоқалар қарор топган, пешволарнинг диний байрамларда бир-бирини табриклаши гўзал анъанага айланган.
Ўзбекистон дунёда диний экстремизм ва миллатпарастлик туфайли келиб чиқаётган низо ва зиддиятларни ҳисобга олган ҳолда, жамиятда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини қарор топтириш ва мустаҳкамлаш йўлидан бормоқда. Бу тинч ва осуда ҳаётни таъминлашга, диний эътиқоди ва миллатидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда. Аслида тараққиётнинг асоси ҳам жамиятнинг осойишидир. Бунга эса биринчи навбатда бағрикенглик орқали эришилади.
Мамлакатимиз Президентининг “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони биринчи навбатда ана шу эзгу мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатлар кўлами ва самарадорлигини янада оширишга қаратилган.
Бағрикенглик маърифатдан келиб чиқишини инобатга олган ҳолда, Фармонда дастлаб диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Булар жамиятда диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни янада мустаҳкамлашга оид илғор механизмларни жорий этиш, жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимиз маънавий-фалсафий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, одамлар орасида аҳиллик ва бирдамлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳини кучайтириш, мустаҳкамлаш, диний-маърифий соҳада халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш кабилардан иборат.
Бу йўналишлар бўйича белгиланган вазифаларни самарали тарзда ҳаётга татбиқ этиш учун “Бағрикенг жамият – барқарор давлат” тамойили асосида Дин ишлари бўйича қўмита билан Маҳаллалар уюшмаси, Ички ишлар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ўртасида янгича ҳамкорлик тизими ишлаб чиқилади ва йўлга қўйилади. Бунда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, асосий вазифалари ва принципларини изчил амалга оширишда давлат ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш, фуқароларнинг виждон эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини таъминлаш, жамиятда турли диний конфессиялар вакилларининг ўзаро аҳил-иноқ ва ҳамжиҳат ҳаёт кечиришини қўллаб-қувватлаш, динга мансублик асосида устунлик бериш ё камситишнинг, виждон эркинлиги кафолатларини бошқа ҳар қандай шаклда бузишнинг олдини олиш назарда тутилади. Яъни, бу ишлар эндиликда маҳалла фаоллари, ҳуқуқ-тартибот органлари, хотин-қизлар ва ёшлар ташкилотлари жалб этилган ҳолда амалга оширилади.
Фармонда шу мақсадда диний-маърифий соҳанинг институционал асосларини такомиллаштириш ҳам кўзда тутилган. Унга биноан, Дин ишлари бўйича қўмита ва Рақамли технологиялар вазирлиги фуқароларнинг ибодатлар ва диний расм-русумларни амалга ошириши учун қўшимча қулайликлар яратиш, ҳаж ва умра зиёратларига бориши билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш жараёнида ортиқча бюрократик тартиботларни бартараф этиш учун “Ҳаж ва Умра ягона портали” ва унинг мобил иловасини ишлаб чиқади. Ушбу портал ҳажга борувчиларнинг ягона электрон навбати ва умрага кетадиган зиёратчиларнинг электрон рўйхати шакллантириладиган тизимга айланади. Унда вазирлик ва идоралар ахборот тизимлари интеграция қилинган ва мазкур бу икки зиёрат тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва расмийлаштириш билан боғлиқ жараёнлар рақамлаштирилган бўлади.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясини Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси этиб қайта номлаш ҳам Фармонда белгиланган муҳим қарорлардандир. Исломшунослик, диншунослик, дин психологияси, ислом иқтисодиёти, манбашунослик, халқаро муносабатлар ва эҳтиёж мавжуд бўлган бошқа соҳалар бўйича кадрлар тайёрлайдиган бу даргоҳ таълим жараёнига илғор педагогик технологияларни, илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини, етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида ишлаб чиқилган таълим дастурларини жорий этади. У ерда амалга ошириладиган илмий-тадқиқот ишларида виждон эркинлиги ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш, радикаллашув, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосларига алоҳида эътибор берилади. Ўз навбатида диний-маърифий йўналишда илмий, илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш, интернет тармоғида таълим ресурсларини жойлаштириш ва мунтазам янгилаб бориш, талабаларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, мамлакатимизда ва хорижда диний соҳада фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик изчил давом эттирилади. Ёш авлодда Ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш доимо давлатнинг диққат марказида бўлади.
Шу муносабат билан, Академияга ўқув-илмий жараёнларга жалб этилган юқори малакали хорижий мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб белгилаш, малака ошириш ва тажриба орттириш учун ўз вакилларини бошқа мамлакатлардаги хорижий илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига юбориш, чет элдан малакали мутахассисларни жалб қилиш, ўз грифи асосида дарсликлар, бошқа ўқув ва илмий адабиётларни тайёрлаш ва нашр этиш ҳуқуқлари берилмоқда.
Фармонда кўзда тутилган яна бир муҳим тадбир Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этишдир. Бу муассаса буюк аждодимиз ва у асос солган тариқат алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш, тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, Етти пир ва азиз-авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш, нақшбандийликнинг эзгу ғояларини тадқиқ этиш учун илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган анжуман, конференция, кўргазма, семинар-тренинг, танловлар ва бошқа турдаги маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш, тасаввуф таълимотининг илмий асосланган ғояларини тарғиб қилиш ва айни пайтда сохта тариқатчиликнинг олдини олиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш каби вазифалар билан шуғулланади.
Шу тариқа соф тариқат билан сохтакорлар ўртасидаги барча фарқ ва тафовутлар очилиб, кенг жамоатчилик ҳақиқат билан ботилликни ажратишда ўз билим ва малакасини янада оширишига имконият яратилади. Ақида, диний мафкура борасида бузғунчи кучларга қай тарзда раддиялар берилиб, маърифат билан курашилаётган бўлса, энди соф тариқатни бузиб кўрсатадиган, ундан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланишга уринадиган тоифаларга ҳам залворли зарба берилади.
Жорий йилнинг апрель ойида Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланди. Президент ташаббуси билан қадим Самарқандда “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди. Энди янги Фармон билан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказига Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги муассаса мақоми берилгани аллома бобокалонимиз руҳини шод этадиган яна бир эзгу қарор бўлди.
Шу муносабат билан Марказ зиммасига Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби буюк аллома аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш, жаҳон илм-фани ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси билан жамоатчиликни таништириш, асарларининг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, Биринчи ва Иккинчи Ренессанснинг илмий-назарий асосларини тадқиқ этиш, Янги Ўзбекистон тараққиётининг маънавий пойдеворини яратишда иштирок этиш, ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказиш, илмий-тадқиқот ва ўқув-услубий масалаларда, педагог кадрлар ва диний ходимларнинг малакасини оширишда диний таълим муассасаларига амалий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асрашга қаратилган стратегик аҳамиятга эга лойиҳа ва ташаббусларни ишлаб чиқиш каби қўшимча вазифалар юкланяпти.
Фармондаги бошқа бир янгилик диний-маърифий соҳадаги ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида доимий асосда фаолият кўрсатувчи Диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқотга оид фаолиятни мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилишидир. Диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқот ишларининг барча жараёнларини мувофиқлаштириш масалаларига масъул маслаҳат органи ҳисобланадиган ушбу Кенгаш Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Халқаро исломшунослик академияси ва бошқа диний-маърифий муассасаларнинг таълим ва илмий-тадқиқотга оид фаолиятини мувофиқлаштиради. Унинг асосий вазифалари сирасига “Учинчи ренессанс – Янги Ўзбекистон” ғояси асосида буюк аждодларимиз илмий меросида улуғланган ватанпарварлик, бағрикенглик каби умуминсоний ғояларни аҳоли орасида кенг тарғиб этиш йўналишларини белгилаш, диний-маърифий соҳадаги муассасалар фаолиятини чуқур ўрганиб бориш, ўқув-тарбия жараёнига илғор ахборот-коммуникация ва педагогик технологиялар, инновацион ишланмаларни татбиқ этиш, илмий ва услубий фаолиятини мувофиқлаштириш, соҳа ташкилотларида тўпланган илмий-услубий ишланмалар ва тажрибани таҳлил этиш асосида улардаги таълим мазмунини такомиллаштириш ва мувофиқлаштириш, ўқув режа ва фан дастурларини ишлаб чиқишда узвийлик тамойилларини таъминлаш, барча таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида бажариладиган диний мавзудаги тадқиқотлар мавзу ва йўналишларининг аҳамияти, долзарблиги юзасидан тегишли тавсияларни бериш кабилар киритилади.
Фармоннинг якуний қисми энг муҳим ва долзарб масалалардан бирига – юртимизда конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга қаратилган. Шу мақсадда Дин ишлари бўйича қўмитанинг Конфессиялар ишлари бўйича кенгаши фаолиятини такомиллаштиришга қарор қилинди. Бунда аввало Кенгаш таркибига сиёсий арбоблар, жамоатчилик фаоллари, диншунос олим ва мутахассисларни кузатувчи сифатида киритиш назарда тутилмоқда. Шу тариқа унинг фаолияти билан жамоатчиликни янада кенг таништириш, илгари сураётган ғояларини одамлар онгига чуқурроқ сингдириш, саъй-ҳаракатларига ҳамюртларимизни кўпроқ жалб этиш, хайрихоҳ инсонлар сафини кенгайтириш имкониятлари юзага чиқади.
Кенгашга диний конфессияларнинг муаммолари бўйича давлат органлари ва нодавлат ташкилотларга сўров, мурожаат ва тавсиялар юбориш ҳуқуқи ҳам бериляптики, бу фақат унинг фаолияти самарадорлигини оширишга, кун тартибидаги масалаларга тезкор ечим топишнинг йўлга қўйилишига хизмат қилади. Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Фарғона вилоятларида ҳудудий кенгашлар ташкил этилиши юзага келадиган муаммоларга жойида ечим топиш, масалаларни имкон қадар қисқа муддатларда ҳал қилиш имконини беради.
Албатта, бу борада “халқ дипломатияси”дан фойдаланиш ҳам назарда тутилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Одамларнинг бошини қовуштириш, жипслиги ва бирдамлигини ошириш, бир-бирини яхшироқ таниши, билиши, шу орқали ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлашини таъминлашда шахслараро, жамоалараро муносабатлар муҳим аҳамиятга эга. Шуни инобатга олган ҳолда, Кенгаш томонидан турли конфессияларга оид диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари ўртасида спорт мусобақалари, интеллектуал ўйинлар, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш мўлжалланмоқда. Бунинг самараси ўзини узоқ куттирмаслиги аниқ.
Шундай қилиб, Президентимизнинг мазкур Фармони Ўзбекистонда тотувлик ва бағрикенглик, илм-маърифат ва бунёдкорлик ғоялари асосида олиб борилаётган кенг кўламли маънавий ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб беради, деб айтиш учун барча асослар етарлидир.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





