Қариндошлик риштаси – бу инсонларни бир-бирига яқин қилиб турадиган, уларни бир оила, бир жамоа қилиб бирлаштирадиган муҳим воситадир. Унинг аҳамияти беқиёс бўлиб, инсон ҳаётида муҳим ўрин тутади. Шахсий, ижтимоий ва маънавий ривожланишига катта таъсир кўрсатади.
Қариндошлар деганда, авваламбор, ота-она, фарзандлар, ака-укалар, опа-сингиллар ва бошқа яқин хеш-ақрабо тушунилади. Ислом динининг аввалидан қариндошлар билан яхши муомала қилишга ундалган. Ҳатто улар билан борди-келди қилиб туриш, ришталарни боғлаш ибодат даражасига кўтарилган.
“Силаи раҳм” арабча сўз бирикмаси бўлиб, “сила” – боғламоқ, “раҳм” – қариндошлик, яъни “қариндош уруғлари билан алоқаларни боғлаш” деган маънони билдиради.
Силаи раҳм ўзгаларга нисбатан қариндошларига ғамхўрроқ ва муҳаббатлироқ бўлиш, уларнинг ҳолидан хабар олиб, моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб туришдир.
Силаи раҳм динимиз моҳиятини кўрсатиб берувчи буюк ибодатдир. Унинг олий намунаси, яқинлари билан чиройли муомала қилиш, имкон топса, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишдир. Қуйи даражаси эса, ҳеч бўлмаганда учрашган пайтида салом-алик қилиб туришдир. Муқаддас динимизда ўзига тўқ инсон ночор қолган яқин қариндошларига моддий ёрдам кўрсатиши вожиб амал саналади.
Ушбу амал мўмин-мусулмонлар ҳаётида ғоят аҳамиятли бўлгани учун Қуръони карим оятларида қайта-қайта такрорланади. Жумладан, Нисо сурасининг 36-оятида бундай марҳамат қилинган: “Аллоҳга ибодат қилинглар. Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар. Ота-онангизга ва яқин қариндошларга … яхшилик қилинг”.
Мазкур оятда Аллоҳ таоло аввал ўзигагина ибодат қилишга, сўнг ота-онага ва қариндошларга яхшилик қилишга буюрмоқда. Қариндошларга яхшилик қилиш борасида Бақара сурасининг 215-оятида бундай марҳамат қилинган: «Сиздан (эй Муҳаммад), нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Қандай яхшилик қилсангиз, ота-онага, қариндошуруққа, етим-мискинларга ва йўловчи-мусофирларга қилингиз. Қандай яхшилик қилсангиз, шубҳасиз, Аллоҳ уни билгувчидир”».
Мазкур оятда эҳсон ва нафақага лойиқ инсонлар орасида бекорга биринчи бўлиб ота-она зикр қилинаётгани йўқ. Инсон табиати шуни тақозо қилади. Ўзидан кейинги биринчи ҳақдор ота-онаси бўлади. Ота-онасини муҳтож қўйиб, улардан бошқага нафақа қилишдан нима манфаат бор? Шунингдек, қариндош-уруғлар ҳақдорлик жиҳатидан бошқалардан устундир ва ҳоказо.
Имом Бухорийнинг “Адабул муфрад” китобидаги кўплаб ҳадислар айнан силаи раҳмнинг тартиб-одоби ва фазилати ҳақида бўлиб, уларда бундай марҳамат қилинган:
Кулайб ибн Манфаъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бобом: “Эй Расулуллоҳ, кимга яхшилик қилай?” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онангга, отангга, опа-синглингга, ака-укангга ва улардан кейин келадиган мавлоларинг (яқинларинг)га бу (яхшилик қилмоқ) вожиб ҳақдир ва силаи раҳмдир”, дедилар”.
Ушбу ҳадисда яхшиликни кимдан бошлаб, қандай тартибда давом эттириш кераклиги баён қилинмоқда.
Демак, ҳар бир мўмин-мусулмон ота-она, ака-ука, опа-сингил ва бошқа қариндошлар билан силаи раҳмни мустаҳкамлаши, уларга яхшилик қилиши, муҳтож бўлса, моддий ёрдам бериши ва ҳожатини чиқариши лозим экан.
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир аъробий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сафарларидан бирида у зотнинг йўлларини тўсиб: “Менга жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг!” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга ибодат қиласан, унга ҳеч бир нарсада ширк келтирмайсан, намозни ўз вақтида қоим қиласан, закот берасан ва силаи раҳм қиласан”, дедилар”.
Бу ҳадиси шарифда силаи раҳм қилиш – қариндошлик алоқаларини яхшилаш исломнинг имон, намоз ва закот каби асосий рукнлари билан бир даражага қўйилмоқда. Бу амал бандани жаннатга киритадиган ва дўзахдан қутқарадиган амаллар рўйхатига киритилмоқда. Силаи раҳм қанчалар аҳамиятли амал эканини шундан ҳам англаб олиш мумкин.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ризқининг кенг ва фаровон бўлиши ва орқасидан асари кўп қолишини (умри узун бўлишни) яхши кўрса (хоҳласа), силаи раҳм қилсин (қариндошлари билан ришталарни боғласин)”, дедилар”.
Демак, Аллоҳ таоло силаи раҳм қилган, қариндош-уруғларига яхшилик қилган, ёрдам берган, хайр-эҳсон қилган одамнинг ризқини кенгайтириб, бойлигини зиёда қилиб, умрини узайтириб, унданяхши хотира, эсдалик қолишини таъминлар экан.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан қўрқса, силаи раҳм қилса, унинг ажали орқага сурилади, моли кўпаяди, аҳли уни яхши кўради”, дедилар”.
Бу ҳадисда силаи раҳм қилган одамга нафақат у дунёда, балки бу дунёнинг ўзида ҳам яхшиликлар бўлиши таъкидланмоқда.
Қариндошлик риштасининг аҳамияти қуйидагиларда намоён бўлади: Маънавий қўллаб-қувватлашда. Қариндошлар бир-бирини қўллаб-қувватлайди, қийинчиликни енгишга ёрдам беради ва хурсандчилик кунларида бирга бўлади. Бу унинг руҳий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатади ва ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлайди.
Маънавий ёрдам кўрсатишда. Қариндошлар қийин вазиятга тушиб қолганда уларга тўғри маслаҳат бериб, муаммоларини ҳал қилишда ёрдам беради ва қўллаб-қувватлайди. Бундай ёрдам, айниқса, қийин вазиятга тушиб қолган, ёлғиз қолган ёки руҳий тушкунликка учраган қариндошлар учун жуда муҳимдир.
Моддий ёрдам кўрсатишда. Ўзига тўқ инсон ночор, қийин аҳволда қолган қариндошларига моддий – пул, озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон ва бошқа турдаги зарур нарсалар билан беғараз ёрдам беради. Бундай ёрдам қариндошлик ришталарини мустаҳкамлайди, бир-бирига бўлган ишонч ҳиссини кучайтиради, қариндошлар ўртасидаги меҳр-муҳаббатни оширади.
Таълим ва тарбияда қўллаб-қувватлашда. Қариндошлар ўз яқинларининг таълим ва тарбияси учун қулай шароит яратиб, уларга иқтисодий кўмак, керакли китоб, ўқув қуролларни олиб беради.
Шу билан бирга, уларнинг озиқ-овқат, ётоқхона, шартнома ва йўл пулларини тўлашда амалий ёрдам беради. Таълим ва тарбия масалалари билан қизиқиб, назорат қилиб туради. Бу уларнинг маънавий ва ижодий қобилиятини ривожлантиришга, жамиятда ўз ўрнини топишига ва келажакда комил инсон бўлиб вояга етишига ёрдам беради.
Улуғларимизнинг айтишларича, силаи раҳмда бир нечта мақталган хислат бор экан.
Булар:
– силаи раҳмда Аллоҳ таолонинг розилиги бор;
– силаи раҳм сабабли Аллоҳнинг раҳмати нозил бўлади.
– у (мўмин)ларга хурсандчилик етказиш бор, чунки улар силаи раҳм билан қувонади;
– силаи раҳмда фаришталарнинг ҳам хурсандчилиги бор, чунки улар ҳам силаи раҳмга гувоҳ бўлган онлари қувонади;
– силаи раҳмда мусулмонлар шаънига яхши мақтовлар бор;
– силаи раҳмда иблисга ғам етказиш бор;
– умрнинг зиёда бўлишида силаи раҳмнинг ўрни беқиёсдир;
– ризқнинг баракали бўлишини силаи раҳмсиз тасаввур қилиш қийин.
Силаи раҳм исломнинг гўзал фазилатларидан бўлиб, динимиз доим уни одамлар қалбига сингдирган ва шу хислат билан тарбиялаб келган.
Ҳадиси шарифларда қариндошлик риштасини узишнинг салий оқибатлари ҳам баён қилинган.
Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, орасида қариндошлик риштасини узувчи киши бўлган қавмга Аллоҳ таолонинг раҳмати нозил бўлмайди”, дедилар”.
Демак, бир одам туфайли бошқалар ҳам Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлиб қолиши ҳеч гап эмас экан. Шунинг учун ҳар бир жамоа, ҳар бир маҳалла аъзолари доимо бир-биридан хабардор бўлиб, “орамизда шунақалар пайдо бўлиб қолмасин, ҳаммамиз у сабабли балога йўлиқмайлик”, деб ўзаро силаи раҳмга ундаб туриши лозим.
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитган экан: «Аллоҳ азза ва жалла: “Мен Раҳмонман. Раҳмни Мен яратганман ва унга Ўз исмимдан исм қўйганман. Ким уни боғласа, боғлайман. Ким уни кесса, кесаман”, деган».
Бу ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг силаи раҳм қилишнинг аҳамияти ва қариндошлик ришталарини кесишнинг салбий оқибатлари ҳақида айтган сўзларини баён қилиб берганлар.
Аллоҳ таоло ким алоқаларни боғласа, яъни силаи раҳм қилса, мен ҳам уни боғлайман, яъни, Ўзимга яқин тутиб, раҳматимга сазовор қиламан. Ким уни кесса, мен ҳам уни кесаман, яъни, уни Ўзимдан йироқ қилиб, ундан раҳматимни узиб қўяман, демоқда.
Ислом динида қариндошлик риштасини узиш гуноҳи кабирадир. Ким силаи раҳмни узса, унинг жазоси жуда қаттиқ бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни бундай гуноҳлардан асрасин ва қариндошлик ришталаримизни мустаҳкам қилиб, жаннатга киришимизда мададкор бўлсин.
Жубайр ибн Мутъимдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қариндошлик алоқасини узганодам жаннатга кирмайди”, дедилар.
Ислом динида қариндошлик алоқаларини узиш, уларга душманлик қилиш ва зарар етказиш қаттиқ қораланади. Қариндошлар ўртасидаги меҳр-оқибат, ёрдам ва ҳамжиҳатликка катта аҳамият берилади.
Қариндошлик алоқалари жамиятнинг асосий бўғини бўлган оиланинг асосини ташкил этади. Уларнинг узилиши оилавий қадриятларнинг заифлашувига, оила аъзолари ўртасидаги ишонч ва ҳурматнинг йўқолишига олиб келади. Бу эса қўшнилар, қариндошлар ва бутун жамият аъзолари ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир қилади. Шунинг учун силаи раҳмга эътиборли бўлиш, қариндошлар билан мунтазам алоқани йўлга қўйиш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, қариндошлар ўртасидаги илиқ муносабатларни сақлаш, яқин ва узоқ қариндошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаб, муносабатларни ривожлантириш жамият барқарорлиги ва фаровонлиги учун ўта муҳим омилдир.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





