Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАЛОЛЛИК – ЖАМИЯТ БАРҚАРОРЛИГИНИНГ АСОСИ

ҲАЛОЛЛИК – ЖАМИЯТ БАРҚАРОРЛИГИНИНГ АСОСИ

Ҳалоллик имоннинг қуввати ва жамиятнинг мустаҳкам таянчидир. Бу тушунча нафақат моддий бойлик топишнинг ўзи, балки ўша унинг манбаи, йўллари ва сарфланиши ҳам пок бўлиши лозимлигини англатади. Инсоният тарихига назар ташласак, қайси жамиятда ҳалоллик ва диёнат устувор бўлган бўлса, ўша ерда тинчлик, барака ва тараққиёт ҳукм сурганини кўрамиз. Аксинча, ҳаром луқма, зулм ва хиёнат авж олган жамиятларда маънавий инқироз, ижтимоий парокандалик, иқтисодий тушкунлик юзага келган.

Ҳалол ризқ аввало инсоннинг қалбини поклайди. Пок қалб эса тўғри фикр, соғлом эътиқод ва гўзал хулқ-атвор манбаидир. Ҳаром ризқ қалбни қорайтиради, инсонни гуноҳга мойил қилади ва жамиятда турли иллатлар кўпайишига бўлишига сабаб бўлади. Бу борада Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ҳалол ризқ излаш ҳар бир мусулмон учун вожибдир” (Имом Табароний ривояти).

Мазкур ҳадис ҳалол меҳнат ва покиза ризқ шунчаки дунёвий зарурат эмас, балки ибодат даражасидаги масъулият эканини англатади. Ҳалол ризқнинг баракаси, айниқса, оила ва фарзандлар тарбиясида яққол намоён бўлади. Ота оила аъзоларига олиб келган ҳар бир луқмаси учун масъулдир. Ҳалол насиба билан вояга етган фарзанднинг қалби пок бўлади. Қадимда солиҳ аёллар эрларини ишга кузатаётиб: “Очликка чидаймиз, аммо ҳаром луқма билан бизни дўзахга бошламанг (у азобга дош беролмаймиз)”, дер экан.

Ҳаром луқма ҳар томонлама зарардир. У ҳатто дуоларнинг ижобат бўлишига ҳам тўсқинлик қилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Бир киши узоқ сафар қилади, сочи тўзиб, уст-боши чанг бўлади. Қўлларини осмонга чўзиб: “Эй Раббим, эй Раббим”, дейди. Ҳолбуки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаромдан озиқланган. Хўш, унинг дуоси қандай ҳам ижобат бўлсин!” (Имом Муслим ривояти). Бу огоҳлантириш ҳар бир мўминни сергаклантириши керак.

Ҳалоллик ҳукмрон бўлган жамиятда иқтисодиёт соғлом ривожланади, ижтимоий адолат қарор топади, бой билан камбағал ўртасидаги тафовут, яъни адоватга олиб борадиган кескин фарқлар камаяди. Бу эса давлат қудрати ва халқ фаровонлигининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Исломда меҳнат улуғланган. Рифоа ибн Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Қайси касб энг ҳалол?” деб сўрашди”. У зот (жавоб бериб): “Кишининг ўз қўли (меҳнати) билан ишлаши ҳамда ҳалол савдо”, дедилар” (Баззор ва Ҳоким ривоят қилган). Ҳалол меҳнат нафақат шахсни фаровонликка, балки жамиятни тараққиётга етаклайди.

Жамият барқарорлиги иқтисодий муносабатлардаги ҳалолликка бевосита боғлиқ. Сотувчи тарозидан урмаса, тадбиркор шеригини алдамаса, ишчи ўз вазифасини сидқидилдан бажарса, жамиятда ўзаро ишонч муҳити мустаҳкам бўлади. Коррупция, порахўрлик, фирибгарлик ва зулм каби иллатларнинг илдизида айнан ҳалол ризқ тушунчасининг унутилиши ётади.

Аллоҳ таоло айтади: “Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ – ҳаром йўллар билан еманг!” (Бақара сураси, 188-оят). Яъни, бир-бирингизни алдаманг, бир-бирингизнинг молингизни ноҳақ йўллар билан ўзлаштирманг. У зўравонлик бўлсин, алдов-найранг бўлсин, фириб бўлсин, қатъий назар.

Тиланчилик, ўғрилик, порахўрлик, қиморбозлик, фирибгарлик, фоҳишалик ва фолбинлик каби иллатлар жамиятни ичидан емиради. Айниқса, одамнинг онгли равишда шундай йўлларга кириши катта фожиадир. Бу иллатларнинг илдизи кўпинча ёшликда илм ва ҳунар ўрганилмаслик бўлиб чиқади. Шу боис фарзандларни ҳалол меҳнат ва касб-ҳунарга ўргатиш ҳар бир ота-онанинг муҳим вазифасидир.

Ҳалол ризқ – икки дунё орасидаги нажот кўприги. У жамиятни емирувчи иллатлардан ҳимоя қилувчи қалқон бўлади. Ким ризқини ҳалол меҳнат, тўғрилик ва омонатдорлик билан топса, у нафақат ўзини, балки жамиятни ҳам ислоҳ қилади.

Ҳалоллик бор жойда барака бор, барака бор жойда эса саодат. Ҳалол ризқ – бу шунчаки луқма эмас, балки покиза ҳаёт тарзи, соғлом жамият ва мустаҳкам келажак гаровидир.

Баҳодир МИРЗАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Сукут сақлашнинг 702 та энг муҳим фойдаси (3-қисм)

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:  СУКУТ сақлашнинг 702 та энг муҳим ХИСЛАТИ (фақат АСОСИЙЛАРИ) Сукут — АҚЛ ВА …