Ватан – муқаддас макон. Уни ёмон кўзлардан асраш, тинчлиги ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Муқаддас динимиз таълимотида Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон берган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши айтилган. Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир”, деганлар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Дарҳақиқат, бундай кишига шаҳидлик мартабаси берилиши бежиз эмас. Чунки у инсон учун энг азиз бўлган нарсани ҳимоя қилишга бел боғлаган. Акс ҳолда, унинг шаъни ва ғурури топталар эди. Ҳадисда санаб ўтилган мол, жон, дин ва оила инсон ҳаётининг мазмуни – унинг Ватанини ифода этади.
Мусулмон мутафаккири ва тарихчи олим Ибн Халдун: “Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғидир”, деб таърифлаган.
Ватан ҳимоячиси бўлиш энг шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган, ёшлиги кечган беғубор дамларни ўз ичига олган муқаддас Ватанни, шу мустақил юртнинг бир қарич тупроғини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласи, шаъни, ор-номуси ва имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидойи инсон юксак мақомга етиши, улкан савобга эга бўлиши ҳақида кўплаб ҳадислар мавжуд.
Юқорида айтилганидек, муқаддас динимизда Ватанни ҳимоя қилиш ўта шарафли бурч бўлиб, бунинг учун жуда катта мукофотлар ваъда қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Яна бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кун муробата (Ватанни ҳимоя) қилиш дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир”, деганлар.
Аллоҳ таоло инсонни яратиб, унинг фитратига ер, замин ва она тупроққа муҳаббатни қориштирди. Имом Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсон ўз ерига, гарчи у гиёҳ унмас саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат Ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлганда соғинч, ҳужум бўлганда ҳимоя ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”.
Ватаннинг тупроғи ёки обрўсига қилинган ҳар қандай фикрий ёки ҳарбий ҳужумга қарши туриш муқаддас бурч саналади. Ватанни севиш ва ватанпарварлик ибодат даражасига кўтарилган соф ва асл исломий қадриятдир. Бундай сифатга эга бўлиш мўминнинг асосий хусусиятларидан биридир.
Муқаддас ислом дини Ватан ҳимоясига камарбаста бўлган мард ўғлонларни алоҳида қадрлайди. Уларнинг беқиёс хизмати эвазига улкан ажр-савобларни ваъда қилади. Бу юртимиз чегараларида хизмат қилаётган ҳар бир Ватан ҳимоячисига тегишлидир. Демак, Ватанни қўриқлаш жуда қийин ва масъулиятли вазифа бўлиши билан бир қаторда, ўзига яраша катта ажр-савобли ҳамдир.
Ҳакимлар: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”, деган. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги Ватанни ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси билан ўлчанади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





